Жаҳонгир Маматов



 

ҚОРА
КИТОБ

 

 

Салай Мадаминов таҳрири ва раҳбарлиги, ҳомийлиги ва заҳматлари эвазиги чоп этилиб, тарқатилган “Нариги дунё дарчаси олдида” китоби қамоқхона ҳақидагина бўлганда балки фойдаси бўлар эди. Аммо китоб 223 саҳифадан иборат бўлса, шунинг тенг ярми Абдураҳим Пўлатов ҳақида ёки унга тош отишга қаратилган.

 

Шунингдек, Абдуманноб Пўлатов, Шукрулла Мирсаидовга махсус саҳифалар ажратилган. Ёдгор Обид, Васила Иноятова ва бошқалар “таланган”. Китобни варақлаган киши Сафар Бекжоновни Каримов ҳукумати эмас. Пўлатов қамаган экан-ми, деб ўйланиб қолади.

 

Китобнинг сўз бошисида, “Китоб парча-парча, ҳар хил ерларда ёзилди. Лекин унинг асосий қисми Ўзбекистон жазо колонияларида 1993-1996 йилларда қоғозга тушган”, дейилса-да, китобнинг бир неча жойида қамоқхона ертўлаларида кундалик ёзиш у ёқда турсин, икки энлик мактуб ёзишга изин берилмагани ва ҳар оқшом тинтув ўтказишгани эътироф этилади.

 

Биз Сафар Бекжоновни Ўзбекистон тарихига оид қимматбаҳо тангани ростдан ҳам ўғирлагани ва “бўлажак президент” ҳавосидаги С.Мадаминовга ҳадя этганини кейинчалик эшитдик. Лекин бошига пашша қўнса, йиқилиб кетиб, бир жойини синдириши мумкин бўлган бу одамни қамоқхонада ўлдириб қўйишмасин, дея овозимизни чиқармадик. Зотан мухолифат “ит-мушук” бўлиб юрган пайт эди. Бунга бизнинг сасимиз қўшилишини истамадик. Аслида хато қилган эканмиз - андишанинг отини қўрқоқ, дейдилар.

 

Бироқ қимматбаҳо танганинг Салай Мадаминовда эканлигини билиб қолгач, унга бу тарихий ашёни мамлакатга қайтариш учун босим кўрсатдик. (Бу пайтда С.Мадаминов Истанбулда бўлган, - Тах.).  Ҳатто партиядан истеъфо этиш масаласини ўртага қўйдик. Кўп ўтмай Салай Мадаминов самарқандлик дўсти (илгари КГБда ишлаган, кейинчалик “Эрк” газетасини олиб бориб, Мамадали Маҳмудовнинг уйига ташлаб кетган ва ўша куниёқ Маҳмудов қамоққа олинганда ҳам кимлигидан Салай Мадаминов шубҳа қилмаган) Адҳам Розиқов орқали тангани бериб юборгани ва Дилором Исҳоқова уни Сафар Бекжоновнинг оқловчисига олиб бориб берганини айтди.

 

 Бу воқеа бизнинг ўртамиздаги самимиятга дарз етказди.

 

Камина Салай Мадаминов гуруҳини тарк этганим боис, қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидек бу каби қилмишларининг пардаси кўтарилиб қолмасин, деб улар тўҳматга эрк бердилар.

 Китобда ёзилишича, гуё 1994 йил Қаршидаги УЯ 64-49 қамоқхонасида Парда Аҳадов Сафар Бекжоновга шундай деганмиш:

 “1964 йилда Самарқанд шаҳрида туғилганман, Самарқанд Савдо институтини тамомладим. Олдинига Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасида эллик минг доллар пора бериб, омбор мудири бўлдим. Кейин юз минг доллар пора бериб, Самарканд тери заводига директор бўлдим. Тошкентдаги мафия кучлари даромадимнинг тўқсон фоизини олиб кетишарди. Ўртада келишмовчилик бошланди. Биз, тўртта ака-ука қуролланган гуруҳ туздик. Олдинига Самарқандни қўлга олдик. Ҳатто вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов ҳам мендан қўрқарди. Чунки унинг ўзи ҳам порахўр одам.  

 

1991 йил Жаҳонгир Маматов деган журналист, депутат менинг устимдан маълумот тўплаганини айтди. Ўртага Булунғур тумани ҳокимини қўйиб, журналистни тинчитдим. Унга анча пул бердим ва бир ой ичида данғиллама уй қуриб бердим. Журналист Маматов мен қурдириб берган уйда бемалол яшамоқчи эди, аммо чучварани хом санаган эди.

Ўзбекистонда пора олмайдиган раҳбар йўқ. Шу жумладан, Тоштурма бошлиғи ҳам пора олади. Бир куни мен Тоштурмадан чиқиб, тўғри Самарқандга кетдим. Журналист уйида йўқ экан. Уйни ёқтириб юбордим ва одамларимга ўзини топиб, йўқ қилишни буюрдим. Тонгда Тоштурмага етиб келолмадим.”

 

Аввало Парда Аҳадов деган одам борми йўқми бу Аллоҳга ҳавола. Агар у бор бўлса ва китобда ёзилганидек 1964 йилда тўғилган булса, 1991 йилга келиб 27 ёшга кирган бўлади. Йигирма етти ёшга етгунга қадар ҳам Савдо институтини битириб, ҳам эллик минг доллар пул топиб, ҳам чой қадоқлаш фабрикасига омбор мудири бўлиб, ундан кейин юз минг доллар пул топиб, Самарқанд тери заводига директор бўлганига авом бири ишонар, лекин ақли ҳуши жойида бўлган кишини ишонтириш қийин.

 

У пайтда Самарқанд тери заводида пул бериб бировни ишлата олмас эдингиз. Чунки сифатсиз терилар кўплигидан завод бўҳронга учраганди. Ўшанда заводга директор қидиришгани карга ҳам сўқирга ҳам аён эди.

 

Не эмиш, фельетон ёзаман дея колхоз раисларидан пора олган эканман. Бу ифтирони бир пайтлар Исмат Хушев ўртага отган ва ҳаққини олганди. Энди эса бу “латта” акасига қолибди.

 

1991 йилда мен Тошкентда яшардим, ўша пайтлари мен ҳеч қандай уй қурмаганимни наҳотки ҳофизаи сабил бу қадар тез унутди. Қолаверса, ота-онамдан қолган уй 1991 йилда эмас, 1984 йилнинг 1-декабрида ёниб кетганди.

 

Дарвоқе, китобдаги хотира қамоқдаги бир одамнинг номидан келтирилган. Шунга ҳам ота гўри қозихона-ми дейишингиз мумкин?  Лекин китобда муаллифнинг алоҳида изоҳига алоҳида ер берилган. Унда шундай дейилади:

 

“..Жаҳонгир Маматов - журналист, собиқ депутат. 80-чи йиллар сўнгида Самарқанд вилояти “Ленин йули” газетасида ишлаган. Фельетон ёзаман, деб шантаж қилиб, кўпгина колхоз раисларидан пора олганлиги маълум. 1992 йил охирида депутатликдан ҳайдалиш ҳавфи туғилганда, “Эрк” партиясидан “бошпана” сўраб, унга аъзо бўлган. 1993 йил баҳорида Муҳаммад Солиҳга эргашиб, Туркияга келган. 1994 йил Каримов ҳукумати бир гуруҳ “Эрк”чиларни қамоққа олганда, Жаҳонгир Маматов “Эрк” дан чиққан. Бугун у Истанбулда А. Пўлатов билан ҳамкорликда “Эрк” партиясига қарши ташвиқот ишларини олиб бормоқда”.

 

Мана энди гап нимадалигини англаб олдингиз. Аввало изоҳнинг ўзи изоҳталаб, яъни камина 80-чи йилларнинг сўнгида (86-90) “Совет Ўзбекистони” - “Ўзбекистон Овози” газетасида ишладим. “Эрк” партиясига бошпана сўраб борганим йўқ, балки секретарлари, фаоллари бирин-кетин қамалаётган оғир
кунларида номзодимни партия секретарлигига кўрсатишганида ва “Эрк” партияси газетасининг Бош муҳаррирлигини таклиф қилишганида рад этмадим. Партия Марказий кенгашида бир овоздан сайланганман. Чунки партия секретари Отаназар Орипов қамоқда, “Эрк” газетаси Бош редактори ва ходимлари судга тортилганди. Жонини асраган инсон шундай оловнинг ичига ўзини уради-ми?

 

Мен “Эрк” партиясига келганимдан кейин партиянинг янги даври бошланди. Бугунгача баъзилар “сиёсий багаж” сифатида фойдаланиб юргани Ўзбекистон демократик кучлар форуми каминанинг ташаббуси билан туғилди. Ўша пайтда мен партия раисига ҳукумат қаршисида икки юзламачиликни тугатишни шарт қилиб қўйдим. Чунки ҳукумат таркибида уч ой ишлаб истеъфо этгандим ва унинг билан такрор бир йўлга кириш мумкин эмаслиги идрокида эдим.

 

1993 йилнинг баҳорида Туркияга келган пайтимда Ўзбекистонда Мадаминов Салайни қамашди. Абдураҳим Пўлатов ва бошқа муҳолифат аъзолари билан Анталияда Турк дунёси қурултойига келгандик. М. Солихни озод қилиш учун Туркия ва халқаро жамоатчиликка мурожаатлар қилдик.

 

Мен Туркиядан қайтиб кетганимдан кейин 1994 йилнинг охирида яна келдим. “Эрк’ газетасининг 15-та сонини тайёрладим.

 

Биз демократия, сўз эркинлиги, инсон ҳақлари таъминоти, ҳаққоният тарафдоримиз. Бу боис ҳам Каримов ҳукуматига қарши курашаяпмиз. Бу курашдан қайтадиган ниятимиз йўқ.  Лекин йўлимизда иккинчи, учинчи Каримовлар пайдо бўлар экан, уларга қарши мужодаламизни ҳам тўхтатмаймиз, уларнинг қора китоблари ёки укалари, “дўстлари” орқали телефон пўписалари, бошқаларнинг номидан бизга қарши мақолалар уюштиришлари мужодаламизни асло ва асло кучсизлантирмайди. Балки яна ҳам ҳушёрроқ курашга ундайди.

 

Китобнинг 145-саҳифасида шундай сатрлар бор: “Қорақалпоғистон мухтор жумхурияти аҳолисининг тенг ярми ўзбеклардан иборат бўлишига карамай, марказ Нукус раҳбариятида ўзбек йўқ” дейилади. Бугун Туркияда ҳар куни “Биз туркчи, биз бир миллат” деб ваъз айтиб юрган одамнинг икки юзини ўртага қўяди бу.

 

Бирга йўлга чиққан йўлдошлари Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Дадахон Ҳасан, Содиқ Йигитали, Шоди Карим, Иброҳим Ҳаққул, Абдулҳай Абдумавлон, Самад Мурод ва бошқа намоёндалар нега уни тарк этишди, нега баъзилари бошқа йўлларни афзал деб билишди?! Салай Мадаминов бу хусусда ҳеч ўйлаб кўрди-ми? Атрофида ким қолди? Бундан уч йил олдин укаси Мақсуд Бекжон унга ёзган очиқ хатида боши берк кўчага кириб бораётганини эслатганди. Бир кун келиб ёлғизланиб қолажагига шама этганди.

 

Салай Мадаминов ва ҳамқалам хонадони ўзининг “Нариги дунё дарчаси олдида” турганини ҳис этаётган бўлса, бошқаларнинг ҳам қўлидан тортиб кетаман, деб кўп уринмасин. Аллоҳдан қўрқсин!  Ҳали ҳам кеч эмас, эс-ҳушини йиғиб олсин, хатоларига иқрор бўлсин ва бу чиркин йўлдан қайтсин! Аллоҳ кечирувчандир!  Салай Мадаминов хатоларини тан олса, биз ҳам ўшанда уни кечиришимиз мумкин. Ўшанда ёлғизлик азобидан қутилиб сафимизга қўшилишга ва такрор Муҳаммад Солиҳ бўлиш имконига қовушади. “Нариги дунё дарчаси олдида” ифтиро ихтиро қилиш ҳеч кимга обрў келтирмаган ва келтирмайди ҳам. Фитнанинг маҳсули фисқу фасоддир!

 

Фаолиятимни танқид килишсин, марҳамат, раҳмат айтаман, лекин безбетларча тўҳмат билан тошбўронга тутишмасин!

 

 Хуллас, булар хамир учидан патир! “Норин”, “Манти”нинг эса вақти эмас. Аммо кўнгиллари жуда истаса, иштаҳалари босилмаса, уни ҳам оладилар.

 

АЛ-ҚИССА:
Сен шайтонга топиндинг, мен эса Раҳмонга, курашимиз битмасдир!                                

12 октябрь 1997 йил.