“Ўзбекистон овози” 1991 йил 5 ноябр сонида “Нуқтаи назар” рубрикаси остида чиққан мақола.
КУНДАГА
ҚЎЙИЛГАН БОШ
ёки мустақилликнинг
машаққатли йўллари хусусида сўз
МОЗИЙГА МУРОЖААТ
Сайхун ва Жайхун ўраб турган бу заминнинг “пешонаси шўр” экан. Нега дейсизми? Ахир қайси юрт бу қадар кўп азият чеккан, бу қадар кўп талофат берган, бу қадар кўп қони тўкилган? Уч карра тили, етмиш етти марта қўли кесилган бу юртнинг тақдири ҳақида ҳали ҳеч ким аниқ тасаввурга эга эмас ва ҳали бери бу қусур барҳам топмаслиги аниқ.
Кимлар босиб олишни орзу қилмади ва кимлар босиб олмади? Жангу жадалсиз ўтган йили борми бу юртнинг?
Гоҳида Машриқ тарафдан, гоҳида Мағриб ёндан отлар дупури келиб турди, ўқлар ёғилди бошига. Баъзан Спитамен бўлиб кўкдан ёғилган ўққа кўксини қалқон қилди ўғлонлари. Баъзан Муқанно бўлиб ловуллаган оловга кирди жигарбандалари. Темур Малик бўлиб ёғийга ёпирилди. Жалолиддин Мангуберди бўлиб саманда сакради саркардалари. Соҳибқирон Темур ҳазратнинг ҳам кўксига қонли из бўлди ёвнинг шум ниятлари.
Бироқ олов ичида, жанг қуршовида, ўқлар остида юксалишдан тўхтамади бу юрт. Улуғ Сино бўлиб кўкарди, Беруний, Ал-Хоразмий бўлиб тафаккур дарахтига айланди, Ал-Фароб, Фарғоний ва Мирзо Улуғбеклар бўлиб дунё илмхонасига йўл солди, Мир Алишер, Заҳириддин Бобур бўлиб куйлади, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Ат-Термизий, Хўжа Аҳрори вали бўлиб одоб - аҳлиқ салтанатини устувор этди. Чўлпону Усмон, Фитрату Қодирий бўлиб жонини жабборга берди бу юрт.
Нева соҳилида уйғонган Пётрнинг тушларига бу юртнинг олтинлари кирди. Екатеринадан тортиб, инқилоб қиличидан йиқилган Романовларга қадар ва сўнг Брежневгача ҳам, бу юртнинг тиллолари, бойликлари, маҳнат учун яралган “олтин қўллари” тинчлик бермади.
Биз бугун мустақиллик ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало, юртимизни кимлар ва нима учун босиб олишганини англаб етишимиз керак. Таассуфки, ҳали болаларимиз “ихтиёрий қўшилганмиз” дея сабоқ олишмоқда. Ҳали генерал губернатор Кауфманнинг “Элни тиз чўктириш учун унинг маданиятини яксон қилиш керак” деган “пурҳикмат” сўзларини фарзандларимиз билишмайди. Скоблев, Черняев деган зотларнинг қиличидан оққан қон доғлари тарихимизнинг чанг босган саҳифаларида кўринмасдан қолаётир. Регистон мадрасасида отиб ташланган талабалар руҳи қарийб бир асирдирки, осмонимиз узра чирқиллаб юрибди.
Эндигина Қодирий дафтарини очдик. Усмон мустақиллик учун занжирланганини билдик, холос. Бироқ, мозий узоқ ва яқин ўтмиш ҳали қоронғулик ичра мағлуб бўлиб турибди. Ҳали нур ёритган эмас бу кенгликни.
Мустақил жумҳуриятнинг фозилу-фузалолари илм нури ила бу оламни ёритажакларига ишончим комил. Шу боис ўзим “тишим ўтадиган” кунлардан сўз очмоқчиман. Зеро, бугун тўла мустақиллик ўзи келмаслигини ҳар биримиз идрок этишимиз ва ҳар биримиз у ҳақда ўз сўзимизни айтишимиз шарт.
ДОҲИЙ ДАҲОСИ
Кимки оламдан ўтмасин, уни ерга топширар эканмиз, қабристонда “У қандай одам эди?” деган савол берилади. Ҳамма “яхши эди” дейди. Бу улуғ ҳикмат. Чунки у дорил фанодан дорул бақога кетди. Энди уни қайтариб ололмайсиз. Уни ҳақорат қилсангиз бошингизга кулфат ёғилади. Уни сўроққа тутаман десангиз тилингиз тошга айланади. Аммо “Доҳий тирик!” деган гап қонимизга сингиб кетган. Қолаверса, жасадини ҳали ҳач ким ерга топширган эмас.