ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

 

 

АССАССИН

 

Тарихий-

Замонавий Роман

Вашингтон׃ 2005-2006

 

 

ЎН БИРИНЧИ БОБ

 

1999 йил Феврал

 

Вазирлар маҳкамасининг мажлиси 15 Феврал кунига белгиланган эди. Амалиёт ҳам шу кунга тайёрланганди. Аммо бирданига Каримов мажлисни 16 Феврал кунига қолдириши ҳаммани шошилтириб қўйди.

 

Рустам, Отабек ва Қорабой ака ёнма-ён хоналарда ётардилар. Деворлари бир эди, аммо ёнма-ёна эканликларини билмасдилар. Уларга ҳаётнинг қизиғи қолмаган ва фақат интиқом ҳисси билан яшардилар. Қорабой ака йўқ бўлган оиласи ҳаққи қасос олиш умида тонгни кутаётганди. Рустам ҳам ухламаётган ва тезроқ бу зулматли тун битишини истаётганди. Отабек эса “Эшик очилиши билан биринчи бўлиб югуриб чиқаман ва портлатгичлар солинган машинани ўзим бошқариб бориб ҳукуматнинг биносига ураман” деб ўйларди.

 

Уларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа белгиланган ва алоҳида гуруҳларга киритилган эдилар. Улар билан алоқа қилган кишилар амалиётнинг барча нуқталаридан хабардор қилар эдилар.

 

Бу аввалига бироз шубҳа уйғотган бўлса-да, лекин кейинчалик улар Каримов ва унинг ҳукуматини йўқотиш учун жуда жиддий иш бораётгани ва бунда ўзлари ҳам муҳим вазифа олганларига чин дилдан ишониб қолгандилар.

 

Кечалари уларни олиб чиқиб, Мустақиллик майдони, Миллий банк ва бошқа жойларни кўрсатишар, қаёқдан келиб, қаерга ҳужум қилишни айтишар ва қуроллардан қандай фойдаланишни ўргатишарди. Кейин хариталарни келтириб, синовлар ўтказишарди. Бир марта Рустамни ҳатто чет элдан қайтган йигит билан учраштиришди. Унинг исми Зайниддин экан.

 

Зайниддин билан эски шаҳардаги бир мачитда учрашдилар. Яна бир неча киши бор эди. Зайниддин уларга хориждаги биродарлар бу режимни ағдариб, Оллоҳ буюрган ҳокимиятни ўрнатишга тайёр эканликларини ва улардан ишора кутаётганларини айтди.

 

Рустам ва Бобур деган йигитни бирга олиб боришганди. Бобур бир йил олдин қамалган экан. Хориждан ушлаб келишган. Энди амалиётнинг асосий раҳнамоларидан бири эди. Улар биргаликда хуфтон намозини қилиб, тонгга қадар гаплашдилар. Вақтларининг анчагина қисмини курашга бошлайдиган оятлар ва ҳадисларни ўқишга қаратдилар.

 

Рустамни ҳайртага солган нарса Зайниддиннинг нотиқлиги бўлди. Ҳар калимани теран-теран қилиб айтар ва сўзларини тарихий воқеалар, ҳикоятлар билан мустаҳкамлар эди. У айтиб берган ҳикоятлардан бири Рустамга қаттиқ таъсир қилди.

 

-Сиз биродарлар мана бу ҳикоятдан хабарингиз борми? Буни қулоғингизга қуйиб олинг,-дея уларга мурожаат қилганди Зайниддин,-Искандар дейилган зот Машриққа келганда, қараса, одамлар одамларга ўхшамас эдилар. Уларнинг кўзлари, бурунлари жойида эмас. Кимнингдир кўзи битта бўлса, яна кимнингдир оғзи иккита. Шундай ёмон касалликлар тарқалган экан-ки нафас олсанг, албатта битта касал юқадиган жой экан. Болалар туғилганидан бошлаб букри, ё жуда ҳам озғин ёки жуда ҳам семиз бўлиб ўсар эканлар. Улар туну кун ингранар, қийноқда азобланар эканлар. Кексалар судралиб қолишган. Ҳеч ким ўлолмас экан. Худди қурт каби ўрмалаб юрганлар, илон мисол вишшиллаганлар, қурбақадек сакраганларнинг сон-саноғи йўқ экан.

 

Искандар бу аҳволни кўриб жуда ҳам ҳайратга тушибди ва Оллоҳга мурожаат қилиб бу бандаларини нега бу куйга солганини сўрабди. Унинг рўёсида маълум бўлибди-ки, бу ерда яшаганлар Иблисни ўзларига раҳнамо қилиб олибдилар. Иблисни мақтаб, иблисга сиғинибдилар. Ҳатто фарзандларининг исмини Иблис деб қўйганлари бўлибди. Шоирлари Иблис ҳақида достонлар ёзсалар, носирлари китоблар битибдилар. Болалари Иблисни ота десалар, оталари Иблисга нафақат ўзларини, балки оналари, қизларини инъом этар эканлар. Нега?

 

Иблис уларга нима берди ёки нима қилдики, улар унинг қулига айландилар? Иблиснинг қилган иши битта экан, у ҳам бўлса уларнинг дилига қўрқув солган экан. Улар Оллоҳдан эмас, иблисдан қўрққанлари учун яратувчи уларга ишоралар юборибди. Кимнидир қийноққа дучор этса, кимнидир айрилиқ азобига солибди, кимнидир хасталикка йўлиқтирса, яна кимни шармандликка рўбарў қилибди.

 

Аммо улар ўзларига келмабдилар. Ишорани сезмабдилар. Шунда уларга ибрат бўлсин деб қўшни мамлакатдагиларга шодликлар улашибди. Улар қўшниларидаги бу шодликларни бахтсизлик деб билибдилар. Иблисдан келган қурқувни эса шу қадар ўзларига сингдирибдиларки, ҳатто ўлаётганда ҳам Иблисга сиғиниб ўла бошлабдилар. Шунда яратувчи уларни ўлолмайдиган қилиб қўйибди. Азобларнинг энг катталарини юбораверибди ва уларни Иблисни танишга ундабди. Лекин бир марта Иблиснинг домига тушганлар қайтиб чиқа олмабдилар. Дунёда эркинлик борлигини унутибдилар ва Оллоҳ ҳам уларни унутиб, улардан воз кечибди.

 

Искандар ўзига воқиф бўлган бу хабардан кейин қиличини яланғочлаб Иблиснинг ёнига борибди. Иблис уни катта тантана билан кутиб олибди ва׃

-Майли мени ўлдир, ўзим ҳам бу бадбахт халқдан чарчадим, аммо бир кун изн берсанг мен ўзимда айб йўқлигини сенга кўрсатаман,-дебди.

 

Искандар “Хўп” деб қараб турибди. Иблис халққа׃

-Мени мақтаманглар,-дебди.

Аммо маддоҳлар мақтайверибдилар.

 

-Менга бир тийинларингиз керак эмас,-дебди Иблис.

Қараса, энг камбағаллар ҳам бор бутларини сотиб, халта-халта пул олиб келаётган эмишлар.

 

-Сайлов қиламиз, мени сайламанглар,-дея ёлворибди Иблис.  Искандар қараб турса, ҳамма Иблисга овоз бераётган эмиш. Шунда у жаҳли чиқиб “Бу халқ эмас, булар қурт қумурсқалар”, деб уларни қириб ташлабди.

 

Яна тушида унга маълум бўлибдики, агар у Иблисни ўлдирганда балки бу жонзотлар қурт-қумурсқалар ҳолидан яна одамлар ҳолига қайтишлари мумкин бўлар экан. Аммо иш ишдан ўтган, ғишт қолипдан кўчган эди.

 

Искандар йўлга чиққанда эса, Иблис унга ҳужум қилибди. Аммо у орқасига қарамай кетиб қолибди. Унинг орқасидан қувиб борган Иблис унга ханжар урибди. Шунда Искандар орқасига ўгирилган экан Иблис унга׃

 

-Сен ярадор эмассан, сен буюксан, сен ўлмассан,-дебди.

 

Ўшанда Искандар, Иблис ҳамма нарсанинг тескарисини гапириши ва халқ ҳам шунга ўрганиб қолганини, англабди. Ҳақиқатни англаб қиличини қинидан чиқараман деса, қон йўқотишдан ҳолсизланиб саҳрога тиз чўкиб қолибди. Иблис эса хахолаганча турган эмиш. Шунда Искандар “Авлодларим, бу хатони мен қилдим, сиз қилманг”, дея авлодларга  илтижо қилган экан. Бугун бизнинг хато қилмайдиган кунимиз бўлиши керак!...

 

Рустам охирги кеча Зайнидиннинг бу ҳикоятини қайта-қайта эслаб чиқди. Лекин неча йилдан бери қийноқлар ва азоблар гирдобида эзилгани бир томон бўлди ва амалиётни 16 Февралга кечиктирганлари бир томон.

 

Инсон бир нарсага ўзини тайёрлаши жуда қийин кечади. Ўзини ўлимга таёрлаш эса ундан ҳам қийин. Лекин Қорабой ака ва фарзандлари Рустам ҳамда Отабекнинг умрлари бир кунга узайди. Бу уларни шод этмади, балки изтиробга солди. Чунки улар қасос кунини, қасос соатини шодлик дақиқаси деб билардилар. Ана шу дақиқада бошларига тушган барча азоблардан халос бўлишларини ва интиқом ҳиссида қоврилишларини ўйлардилар.

 

Каримов мажлисни бир кун орқага олиши уларнинг нафратини янада кучайтирди. Интиқом ҳиссисга куч берди. Охирги лаҳзаларда ҳам бизни қийнамоқда деб ўйлашди.

 

Бир кун минг йилга айланди. Улар бутун изтиробларни қайта яшаб чиқдилар ва ниҳоят амалиёт дақиқаси етиб келганда, машиналарга қушдек учиб миндилар.

 

Қорабой ака машинага минар экан, сал нарида ўғлига ўшаган бир йигитни кўрди. У ҳам унга қараб турарди. Ертўладан ташқарига чиқиб, кўзимга сароб кўринмоқда деб ўйлади. Ҳалиги йигит ҳам унга қараб-қараб машинага минди.

 

Орқасидан бошқа машинага минаётган яна бир йигитни кўрди. Буни Отабекка ўхшатди ва ўлимнинг олдидан Худо фарзандларимни кўзимга кўрсатмоқда деб ўйлади. Худди ана шундай ҳис Рустам ва Отабекда ҳам бор эди. Улар гўё мўъжиза олдида лол эдилар.

 

Амалиётни режалаган одам эса отаси ва фарзандларини узоқдан бўлса-да охирги маротаба бир-бирларига кўрсатиб, ўз кўнглини роҳатламоқчи эдими? Йўқ.  Балки бу томони ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ва бир-бирини олисдан кўриб қолиш шунчаки тасодифмиди? Йўқ. Режа тузилганда бу нарса алоҳида ўйланган ва уларни охирги лаҳза ҳам интиқом ҳисси билан суғориш  планли тарзда амалга оширилганди. Бу шайх Ҳасан даврининг бугунги кундаги инъикоси эди…

 

Каримов шу куни ишга эрта келди ва сейфни очиб дасталаб қўйилган мактублардан бирини олди. У ўзининг номига келган мактубларни деярли ўқимасди. Аммо турли тасодифлар туфайли баъзи мактублар қўлига етиб қолса,  ўқиб ё йиртиб ташларди ё отиб юборарди. Аммо камдан камларини олиб қўярди.  Мана бу мактубни ва уни берган одамни эса яхши эслайди.

 

Ўшанда қизини турмушга чиқаргани учун Дархонда наҳор оши берди. Қудаси билан ташқарида туриб, келган-кетган билан салом-алик қилиб туришди. Ош еб чиққан бир нотаниш одам унинг қўлига бир конверт тутқазди. Тўёна бўлса керак деб олиб қўйди. Аммо кейин қараса, жуда чиройли ҳуснихатда ёзилган мактуб экан. Негадир бу хат унга қаттиқ таъсир қилди. Мана саккиз йилдир-ки бу хат сейфда. Фақат нусхасини маслаҳатчиси Алимовга берганди.

 

Каримов худди яқинда ёзилгандек, махсус сейфда сарғаймай турган бу хатни яна бир бор ўқий бошлади׃

 

…Пахта иши деб кўп одамлар қамалиб кетди. Агар бу адолат учун бошланган ҳаракат бўлганда, биринчи бўлиб сиз қамалишингиз керак эди. Чунки сиз бу ишларнинг бошида тургансиз. Қўшиб ёзиш бошланадиган жойнинг номи Госплан эди. Сиз умрингизни қарийб йигирма йилини шу идорада ўтқаздингиз. Қўшиб ёзишнинг барча маханизмлари шу идорада кашф этилганини ахмоқ ҳам билади. Минг-минг одамларни қамашди, аммо сизга ҳеч нарса дейишмади.

 

Сиз бир неча йил Молия вазири бўлдингиз. Қўшиб ёзиш, пахта ишининг барча пуллари сизнинг қўл остингиздан чиққан. Чунки ўртада бир-икки сўм эмас, миллионлар, миллиардлар айланган ва бу қадар маблағ Молия вазирининг хабарисиз айланмасди. Аммо сизга индашмади.

 

Сиз вилоятда партия комитетининг биринчи котиби бўлдингиз. Бу пайтда қўшиб ёзиш энг авжига чиққан эди. Сизни обкомнинг биринчи секретари дейишарди. Вилоятда биринчи секретарнинг изни бўлмасдан бир иш қилинмасди. Шунинг учун ҳам барча обком секретарларини қамашди. Аммо сизга индашмади.

 

Чунки сиз уларнинг ўз одами эдингиз. Чунки уларнинг мақсади ҳокимиятни сизга олиб бериш эди. Шу йўл билан бизни мустамлака остида сақламоқчи эди улар. Ўшанда мустақиллик ҳаракатлари кучайганди. Бу жуда катта тўлқин. Дарёга айланганди. Унга очиқ қарши чиққан одамни ва одамларни оқизиб кетарди бу дарё. Шунинг учун ҳам бу қудратли тўлқинга панд бериш учун сизни топишди.

 

Сиз ҳамма томонлама уларга мос келдингиз. Умр йўлдошингиз улардан ва зеҳниятингиз ҳам уларга яқинлашиб қолган. Мен кўп эътибор қилдим. Бизнинг тилимизда гаплашганда жуда қийналасиз ва уларнинг тилида гаплашганда роҳат қиласиз. Инсон қайси тилда роҳат гаплашса, бутун қалбидагини ҳеч бир тўсиқларсиз ифодаласа, демак бу тил унинг она тилидир. Сиз турли гаплар ва ҳаракатлар билан бизни алдашингиз мумкин, аммо юрак юракдан улар билан, улар билан биргасиз. Яна ҳам очиқ айтсам, сиз улардан бирисиз. Сиз бизга бегонасиз. Ўзимиздан чиққан бегона!

 

Эсингиздами, депуталаримиз мустақиллик эълон қилганларида қарши чиққан эдингиз. Орадан бир йил ўтиб, қамалиш хавфи билан юзма-юз келиб қолдингиз ва дарров мустақиллик эълон қилдингиз.

 

Бу халқимизнинг фожеаси. Бу халқимизнинг Худо ургани деганлар кўп. Аммо барибир ҳамма нарса Худонинг ҳам эмас, сизнинг қўлингизда. Бугун тарихий зарурат туфайли катта имкониятга эгасиз. Мустақиллик эълон қилиб, ўзингизни қутқарган каби энди бутун халқни ҳам қутқариб қолиш имконига эгасиз.

 

Сиз ҳам эркаксиз, хотинингиз бор. Сиз ҳам отасиз. Фарзандларингиз бор. Ҳеч бўлмаса шуларни ўйланг. Агар сиз ҳозиргидек гапда бошқа ва амалда бошқа бўлсангиз улар ҳам бахтсиз бўладилар. Бутун халқ, умр йўлдошларимиз, фарзандларимиз бахтсиз бўладилар.

 

Сиз ҳақингизда эшитдим.  Йўлига тўсиқ бўлгани учун отасини уриб, оғзини қонга ботирган ва оқ қилиниб, уйдан ҳайдалган кимса, дейишди. Биринчи хотини ва ўғлини кўча-куйда дарбадар қилиб қўйган номард, дейишди. Наҳотки, Худо шундай одамни бизнинг бошимизга юборди? Демак, бу ишнинг Худога алоқаси йўқ. Телевизорга чиқиб, сизни Худонинг ердаги сояси, деган муфти ҳам сизга ўхшаган мунофиқдир.

 

Сизда ана шуларнинг ҳаммасидан қутилиш имкони бор. Бу эса оқил ва одил инсонларга қулоқ тутиб, халққа хизмат қилишдир. Аммо сизни бу масалада ҳам бадбахт дейишди. Оқил одамларни оёқ ости қилиб, ахмоқларни қўллайдиган киши дейишди. Отасини ўлдириб, онасини хотин қилган бадбахт ҳам сизни мақтаса унга мансаб бериб, уни ёнингизда олиб юрасиз, деб эшитдим. Наҳотки?! Наҳотки бу халқнинг шўри қуриган?!

 

Шундай экан, сизга мактуб ёзиш ҳам ахмоқлик эмас-ми? Мен ачиқ-ачиқ сўзларни танладим ва сизни инсофга чорламоқчи бўлдим. Пахта иши давом этган кунларда “Литературная газаета”да Расул Ғуломов деган одам ҳақида ёзишди. У Рашидовга мен сизга ёзганимдан ҳам юз маротаба ҳақоратли мактуб ёзган экан. Мен мухолифатдаги оддий фаолман. У эса, Рашидовнинг ёнидаги катта мулозим экан. Шунга қарамай, Рашидов ўзини онангни, хотинингни деб сўккан бу одамни  йўқотиб юбормаган экан.  Ҳатто “текширинглар у ҳақдур, уни шу қадар аччиқ гапларни айтишга ундаган нарса адолатсизлик бўлса керак”, деб мактубнинг теппасига ёзиб қўйган экан. Шу хатни нусхасини ҳам чоп этишибди. Ана шу нарса мени ҳам сизга мактуб ёзишга ундади. Балки сизни инсофга чақира олараман, балки тош юрагингизни жунбушга келтирарман, деб ўйладим.

 

Унутманг, сиз ёмонлик қилсангиз ҳам, яхшилик қилсангиз ҳам узоқ вақт тахтда қоласиз. Чунки сизни ер ости кучлари қўлламқода, чунки сизни зимдан урус оғаларингиз қўллаб турибди ва энг асосийси сизни ўзингиз мансуби бўлган махфий хизматлар дастакламоқда. Ёмонлик қилиб ўтсангиз ҳам сизни кўп гапирадилар ва яхшилик қилиб ўтсангиз ҳам.

 

Биласизми, сизнинг юзингизда нур йўқ, меҳр йўқ. Қўрқинчли юзингиз бор. Кўзингизда шўъла йўқ, совуқлик ёғилмоқда. Қарашларингизда ғаззаб ва нафрат қоришиқ. Гапларингизда таҳлика ва зулм бор. Булар битта халқ учун жуда ҳам оғирга тушадиган нарсалар.

 

Худойим шайтонни, яъни иблисни йўлдан қайтара олмаган деган гап бор. Аммо шайтонга унинг шайтонлигини айтгани учун у ўзини панага олган экан. Сизни мен ва мен кабилар йўлдан қайтара оламизми йўқми билмайман, бизда Худонинг қудратидан зарра қадари ҳам йўқ, аммо сизга кимлигингзини айтишимиз керак. Балки бизнинг гапларимиз сизни жиноятлардан, бу халқни оёқ ости қилишдан сақлаб қолса…”

 

Шу пайтда кучли портлаш садоси эшитилди. Каримов ўрнидан туриб, дераза ёнига келди. Ҳукумат биноси томондан кўкка тутун ўрлаётган эди. У қабулхона эшигини очди. Алматов ва бошқалар шу ерда эдилар.

 

-Форманг жуда ярашибди,-деди унга Каримов. Алматов деярли форма киймас эди. Аммо бугун Каримовнинг талаби билан кириб келганди. Улар биргаликда ҳукумат биноси ёнига келганларида ҳамма ёқ  остин-устун эди. Кимдир қичқирган, кимдир йиғлаган. Кимдир ярадор, кимдир эсанкираб қолган…

 

-Ўзимизникилардан ҳеч кимга ҳеч нарса бўлмадими?-деди Каримов Алматовга Вазирлар маҳкамаси мажлисига деб бу ерга тўпланган вазирларни назарда тутиб.

 

-Йўқ, ўзимизникилар эсон-омон!-деди Алматов ўзимизникиларкалимасига урғу бериб.