БАХТИЁР ҲАМРОГА׃

Бахтсиз бахтиёрлармамлакатида яшаш қанчалик оғир

 

 

 

Кимдир таниш-билишликни дўстлик деб атайди. Ким учундир сирдошлик дўстликнинг тамали. Яна биров оғир кунларда ёнида турган одамни дўст деб билади. Менинг дўстларим орасида бири борки, мен у билан ҳаётда юзма-юз келиб суҳбатлашган, дардлашган ёки оғир-енгил кунларида ёнида турганим йўқ. Мен уни қидириб топганим эмас, у ҳам мени қидириб топгани йўқ. Дўст бўламиз, деб бир-биримизга сўз ҳам берганимиз йўқ. 

 

Бизни дўстлаштирган туйғу - битта нарса ҳақида ўйлашимиз. У ҳам бўлса бир миллатнинг кечаги, бугунги дарди ва эртанги куни қандай бўлиши ҳақидаги ташвиш. Яъни дунёга бефарқ бўла олмаганимиз бизни дўстлаштирган. Ҳа, гап Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги улкан чинор, Демократик Ўзбекистон Конгрессининг аъзоси Бахтиёр Ҳамро ҳақида.

 

Бахтиёр Ҳамро ҳақида ёзмаса ҳам унинг жасорату матонатидан ҳамма хабардор.  Лекин ёзгим келди. Юрагим оғриганидан, бағрим эзилганидан ёзгим келди. Юрагимни эзиб юборгани эса икки ҳолдир. Бугун унинг туғилган куни, 52 га кирди. Кеча эса Жиззах прокурори унинг арслоним деган ўғли Ихтиёрга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 277 модда, 3 –қисми, “Г” банди билан устидан иш қўзғатиш ҳақида қарор чиқарди. Бу қаттол режимнинг адолат ҳимоячисига  “Суянганим деган болангни уч йилга қамайман, уни синдираман, келажагини оёқ ости қиламан” деган “ҳадя” - муштидир.

 

Бу тасодиф эмас. Тасодифлар бир, икки, боринг-ки ўн марта бўлсин. Аммо бундай иш услуби Каримов режимининг жазоловчи мантиғидан келиб чиқади. Бировнинг бахтини топташ, тўйини бузиш, боласини, ота-онасини қамаш… каби тажрибага айланган бу услубни бугун Бахтиёр Ҳамрога қўллашди.

 

Бу не разолат? Нима, у президент бўламан, деганмиди? Йўқ. Менга ўхшаб у ҳам президентлик-жаллодлик мансабидан ҳазар қилади. У президентни ўлдираман, деганмиди. Йўқ, менга ўхшаб у курашнинг мутлоқ демократик, тинч йўлини танлаган. Нима, у исломий давлат қураман, деб жар солмоқдами? Йўқ, у демократик давлат тарафдори. У одамлар эмин-эркин нафас оладиган озод давлат тарафдори. Қилган иши ана шу гапини баралла айтгани ва одамларга ўз ҳуқуқларини англатишга журъат этганидир.

 

Унинг ана шу жасоратидан қўрқдилар ва жазолашга қарор бердилар. Уларни қўрқитган яна бир нарса шуки, у хўрланиш, калтакланиш ва пўписалардан қўрқиб четга чиқиб кетмади. Мана шу собитлик Тошкент ва Жиззах корчалонларини ухлатмаяпти. Шунинг учун атайлабдан унинг туғилган кунида, бахтиёр кунини зулматга қориштирдирлар. Бундай услубга ва уни ўйлаб топганларга Тангрининг лаънати бўлсин!

 

Энди Бахтиёр ака, бевосита сизга икки калима сўзим бор. Мендан 25 кунга  каттасиз, изнингизла дўстим, дейман.

 

Дўстим, ўксинманг, Ўзбекистонда номи бахтиёр, аммо ўзи бахтсиз бўлган 26 миллион бечоранинг овозисиз. Мана шунинг ўзи бахт!

 

Сизнинг инсонлар дилидаги мавқеингиз Каримов, Мирзиёев, Ёмонқулов каби бадбахтларникидан минг карра баланддир. Лекин буни тан олишга, айтишга қўрқадилар.  Аммо шундай кун келадики, бу гап барибир баралла айтилади ва сизнинг таваллуд кунингиз пойтахтнинг ҳашаматли саройларида ифтихор билан айтилади. Ўшанда яна айтиладики,  Бахтиёр Ҳамро адолатсизлик, ноҳақлик, зулм булутларининг остида кўкка бош кўтараган азим чинордир!

 

Бугун корчалонлар сизни ўша кунларга етиб боришингиздан чўчишмоқда. Аммо сиз кураш фарзандисиз, бу миллатнинг даҳшатли дардларини елкангизда ташиб келаётган азаматсиз ва бундай кунлардан қаддингизни эгмай ўтасиз ва ўша залворли кунга етиб борасиз, деб жуда ишонаман. Чунки ўша кунга яқин қолди. Ва яна ишонаманки, ўша куни Ихтиёр ҳам сизнинг ёнингизда бўлади.

 

Зотан, Бахтиёр Ҳамролари бўлган миллат бу зулм остида умрбод қололмайди!

 

Дўстим, туғилган кунингиз билан!!!

 Жаҳонгир Муҳаммад.