
Тан оласизми йўқми, ютиши учун имкон бўлган ҳолда мухолифат Каримов режимига
ютқазди. Ҳар қандай ютқазишнинг жиддий сабаблари бўлади. Аммо орадан 15 йил ўтиб
ҳам мухолифат бу ютқазиш сабабларини таҳлил қилиб, хулоса чиқариб
ололмади. Бунинг ўрнига тарихни бузиб кўрсатиш ва инқироз илдизларини яширишга
уринилмоқда.
Бугун мухолифат ва унинг тарихи ҳақида бу ҳаракатнинг фаоллари ёки бетараф
тарихчилар эмас, балки қандайдир бебурд, бу тарихдан бехабар, ҳатто қалам тебратишни
билмаганлар “ёза” бошладилар. Китоблар нашр қилмоқдалар. Рус тилини мутлоқ
билмаган биттаси Ўзбек мухолифати тарихини рус тилида нашр этса, бошқаси уялмай-
нетмай бу уйдирма “асар”ни ўзбек тилига таржима қилмоқда. Акахони укахонининг,
укахони эса акахонининг номидан китоб нашр этиш билан мухолифат тарихини яратишга
киришганлар ҳам кўпайди ва ҳоказо. Бу Каримов режимининг иш услубидир. Улар шу
йўл билан тарихни биз яратамиз деб ўйласалар хато қиладилар.
Аммо ёмонни кўриб ёмонингни тузат деган гап бор. Ана шундай бир сўзбўямачиликка,
сохтагарлик ва бирёқламаликка чек қўйиш ниятида камина Каримов режимига
мухолифатда бўлган барча ташкилотларнинг ҳаракат марказида бўлган фаолларнинг
ўзлари мухолифат ҳақида нималарни ёзганларини бир жойга тўплашга қарор қилди. Бу
заҳматли иш. Аммо кўз қўрқоқ, қўл ботир. Бу тўла амалга ошса ва унда турли
қарашдагиларнинг турли фикрлари жамулжам бўлса, бу ҳақиқий тарихни яратиш учун
замин бўлади, балки мухолифатнинг ўзи томонидан ёзилган ҳақиқий тарихнинг ўзи бўлар.
Нима бўлганда ҳам бир кишининг қараши эмас, балки юзлаб кишиларнинг қарашларини
ўртага қўяди. Хуллас, Ўзбекистонда мустақиллик арафаси ва ундан кейинги йилларда
мухолифатнинг кўзга кўринган намоёндалари ички инқироз илдизлари ҳақида битган
мақолаларни тўплаб, Қомус ҳолига келтириш мендан, таҳлил этиш, хатоларга баҳо бериш
ва ҳукмни чиқариш эса авлодлардан.
ЭСЛАТМА׃ Тўпланган матнлар Демократик Ўзбекистон Конгрессининг нашри бўлмиш
“ТУРОНЗАМИН” рўзномасида эълон қилиб борилмоқда ва сиз ҳам мухолифатни
инқирозга олиб келган омиллар ҳақида ўзингиз ёзган матнни мазкур қомусга
қўшишингиз мумкин. Бу билан тарихнинг кемтик жойини тўлдирган бўласиз. Ҳозир
мақолалар оқиб келганига қараб ээлон қилинмоқда ва охирида китоб ҳолида қайта
жойлаштирилиб, нашр этилади.
31.Юсуф Жума׃ Munozara
32.Насрулло Саййид׃Мен М. Солих билан...
33.Ҳайитбой Қўзиев, Афсус
34.Темур Ҳайдаров׃ Қандай қилиб МСни уйнатдим?
35. Ш. Каримов׃ Мен ЭРКни тарк этдим
36.Ш. Аҳмаджон׃Биз нега ЭРКни тарк этдик?
(Давом этади׃ Қомус учун инқироз илдизлари ҳақидаги мулоҳазангизни йўлланг)
МУХОЛИФАТ ҚОМУСИ ёки
ИНҚИРОЗ ИЛДИЗЛАРИ
ЖАҲОНГИР
МУҲАММАД