Жаҳонгир Маматов,

Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси

 

 

 

 

 

Ўзбекистонни

демократия қутқазади

 

ДЕМОКРАТИК ЎЗБЕКИСТОН КОНГРЕССИ ИСЛОҲОТЛАР ДАСТУРИ

нинг чизгилари

 

(Муҳокама учун)

2006 йил, 3 Январ

 

 

Муқаддима

 

Конгресснинг бўлажак дастурига чизгилар битишдан олдин анча ўйладим. Бунга маънавий ҳаққим борми? Ҳаётнинг турли қирраларидан хабарим, тажрибам борми?

Ўйлаб кўрсам, 1976-1981 йилларда Ўзбекистон радиосининг қишлоқ хўжалик бўлимида бу соҳанинг муаммоларига бағишланган “Табаррук замин” дастурларини тайёралш жараёнида бутун республикани кезиб чиққаним, Жомбой туманидаги Улуғбек давлат хўжалигида маданият масалалари бўйича директор ўринбосари, вилоят “Зарафшон” (“Ленин йўли”) газетасида аввал қишлоқ хўжалиги, кейин партия турмушу бўлимлари мудири, ундан кейин “Ўзбекистон овози”(“Совет Ўзбекистони”) газетасининг Самарқанд вилоят бўйича махсус мухбири бўлиб ишлаган йилларимда турли соҳаларнинг муаммоларни ўрганиб, шулар ҳақида минглаб таҳлиллар ёзган эканман.

Бир феълетон, бир танқидий ёки бир таҳлилий мақола ёзиш учун ўша соҳани яхши ўрганмасангиз бўлмайди. 1986-1990 йилларда республика матбуотида мингдан зиёд танқидий мақолаларим чиққан. Бошқарувдан тортиб саноатга, маданиятдан тортиб қишлоқ хўжалиги, иқтисоддан ҳуқуқ тартибот органлари муаммоларига қадар. Кейин Ўзбекистон Олий кенгашида Ошкоралик қўмитасида раис ўринбосари ўлароқ қонунчилк ишларини ўргандим, қонун лойиҳаларини ёздим, муҳокамаларини ташкил этдим. Мазкур қўмитнинг деярали ҳамма мажлисларини мен ўтказар эдим, “Халқ сўзи” газетасини ҳам йўқдан бор қилгандим ва қисқа вақтда бу газета халқнинг минбарига айланган эди.

Шу орада Ўзбекистон президенти ва Халқ депутатлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими мудири, Ўзбекистон телевидениесининг раҳбари, ЭРК партиясининг котиби, “ЭРК” газетасининг бош муҳаррири…

Хуллас, бу ишларнинг ҳаммаси мамлакатнинг турли соҳаларини ўрганишга имкон берди. Кейин Озарбайжонда Элчибей пайтида фақат сиёсий ислоҳотлар нимага олиб келишини ўша ерда туриб гувоҳи бўлдим, Туркияда яшаганимда эса сиёсий ислоҳотлар қилмасдан иқтисодий ислоҳотлар билан гувиллаб ривожланган мамлакатнинг бирдан буҳрон гирдобига қулаганини ўз кўзим билан кўрдим. Ниҳоят Ғарб демократиясини ҳам бировдан эшитиб эмас, ўзим ичида яшаб кўрмоқдаман.

Қолаверса, бугун диктатура режимини мақтаб, эртага танқид қилиб, кейин яна мақтаб юрганим йўқ. Ёки у ёқдан, буёқдан ўқиб олганларим, эшитганларимга суяниб ваъз  ҳам ўқиш ниятим йўқ. 

Қайта қуриш пайтида ислоҳотлар кераклигини ёзган бўлсам, мустақиллик даврида ҳам шу фикрда қолдим. Бугун ҳам Ўзбекистонда тубдан ислоҳотлар ўтказиш шарт деган қарашдаман.

Ана шуларнинг ҳаммасини бир жойга тўплаганда бугун дастур лойиҳаси ҳақида чизгилар битишга маънавий ҳаққим бор ва тажрибам етарли  деган хулосага келдим. Лекин бу дегани мен ҳақ, бошқалар ноҳақ дегани эмас. Доим бу фикрдан мутлоқ йироқман. Аксинча мен ўз шахсий қарашларим ва фикрларимни чизгиларда ифода этдим, ҳукмингизга ҳавола қилдим ва энди навбат сизга.

Сизнинг ҳам қайси бир жабҳада тажрибангиз, таклифингиз, истагингиз бўлишига ишончим комил ва буни айтишга маънавий ҳаққингиз ҳам бор. Мен ёзганларга сиз қўшимчалар қилсангиз, таҳрир ва таҳлил этсангиз, таклифлар билдирсангиз, тома-тома кўл бўлур деганларидек,  ДАСТУР лойиҳаси тайёр бўлади.

Узундан узоқ дастурларни кўпчилик ўқимаслиги ва  очиб қарамаслигини инобатга олиб, имкон қадар қисқа ёзишга уриндим.

 

Кириш

 

НОМИ: Демократик Ўзбекистон Конгресси – яъни келажакнинг конгресси. Бугун икки Ўзбекистон бор, бир иқтидорда, бир боши дорда. ДЎК  ана шу бугун боши дорда бўлган демократик ислоҳотчиларнинг йиғини, қурултойи, конгрессидир.

ТУҒИЛГАН ВАҚТИ: 2005 йил 11 Июнда асос солинган, 25 Сентябрда ташкилот деб эълон қилинган ва шу йили 18 Ноябрда АҚШда рўйхатдан ўтган.

МАҚСАДИ:Диктатурага қарши тинч йўллар билан курашиш ва демократияни ёйиш.

ИШОНЧИ: Диктатура буҳронлари остида қолган Ўзбекистонни демократия қутқазади деб ишонади ва бу ишончни қуйидаги ислоҳотлар билан амалга ошириш мумкин деб ҳисоблайди.

 

Бугун кимдир сиёсий ислоҳот биринчи деса, яна кимдир иқтисодий ислоҳот биринчи дейди. Дунёда унисининг ҳам, бунисининг ҳам мисолларини топиш мумкин. Лекин шу нарса аниқ-ки сиёсат ва иқтисодни ажратганлар доим мағлуб бўлишган, эришган натижалари охир оқибатда сароб бўлиб чиққан.

Эт билан тирноқни ажратиш мумкин. Зўр билан, куч билан, қон тўкиш билан. Иқтисод ва сиёсатни ажратмоқчи бўлганларнинг йўли ана шу. Улар зоравонлик билан қилмоқчилар бу ишни.

Сиёсатни инсон танасидаги бош деб тасаввур қилсак, иқтисод қорин. Бу шу қадар содда мантиқ. Очлик қилиб китоб ёзишингиз мумкин-ми? Ҳа, бир муддат, холос. Қоринни тўйдириб ухлаб ётавериш мумкин-ми? Ҳа, мумкин, бу ҳам вақтинча.

Аввал сиёсат, кейин иқтисод дейиш ҳам хато. Аввал иқтисод кейин сиёсат дейиш ҳам янглиш. Ҳар иккаласини бирга олиб бориш керак. Ўзбекистонни қутқазиш учун бугун  сиёсат ва ҳамда иқтисод биргаликда ислоҳ қилиниши керак. Демократик Ўзбекистон Конгресси ана шу ислоҳотлар негизини қуйидагиларда кўради.

Ўзбекистон дунёвий давлат  ва бошқарув шакли демокартик республика тарзида бўлиб, БМТ Инсон ҳуқуқлари декларатсиясида таъкидланган барча ҳақ-ҳуқуқлар кафолатланадиган мамлакатга айланади. Сўзда эмас, амалда бошқарувнинг уч демократик тизими ўрнатилади. Ваколатлари чекланган президент, қонун чиқарувчи орган ва судлов бир-бирларини мустақил  назорат қила оладиган механизм ўрнатилади. Қонун олдида ҳамма баробар ҳисобланди.

 

I. СИЁСИЙ ИСЛОҲОТЛАР:

 

1.Сайлов тизими

 

-Президент, Олий Кенгаш ва маҳаллий сайловлар мутлоқ эркин ўтказилади, ҳукуматнинг сайловларга аралашмаслиги таъминланади;

-вилоят ва туман ҳокимлари халқ томонидан сайланади ва барча маҳаллий масалаларни маҳаллий кенгаш билан биргаликда ҳал этиш ваколатига эга бўладилар;

-барча сиёсий партиялар, шахсларнинг сайловларда эркин иштироки, матбуотда бирдек тарғиботи таъминланиши учун Сайлов комиссиясини ана шу партиялар ва гуруҳларнинг ўзлари вакиллар орқали қатнашиш йўли билан ўзлари тузадилар;

-сайлов комиссияси фаолиятини аъзолари қонунларни бузмаган ҳолда умрбодга хизмат қиладиган Конститутсиявий суд назорат этади;

-аҳолининг овоз бериш ҳаққига эга бўлган қисмини сайловларда эркин қатнашишларига эришиш учун қонуний асослар яратилади.

 

2.Сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари

 

-Ҳар қандай гуруҳ ва шахслар қонунларда белгиланган тартибда ўзлари истаган партияларга, гуруҳларга ва ташкилотларга аъзо бўлишлари мумкин ва ҳукумат уларни таъқиб этмайди;

-сиёсий партиялар ва ташкилотларни рўйхатга олиш ишини қонун чиқарувчи идорага бўйсунувчи ташкилот содда тарзда амалга оширади ва буни суд назорат этади.

 

II. МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ

 

-Истаган шахс  ва истаган одам матбуот воситасига эга бўлиши мумкин;

-матбуотнинг ишига аралашишга бошқарув органларининг ҳаққи бўлмайди. Кимнинг қандай иддаоси бўлса масалани суд йўли билан ҳал этади;

-матбуотда давлат сирини қўриқлаш идораси тарқатилади, давлат сири очилгани учун матбуот воситаси эмас, бу сирни сақлай олмаган давлат идораси ва амалдор масул бўлади.

 

III. СЎЗ ЭРКИНЛИГИ

 

-Ҳар ким ҳар қандай фикрни очиқ айтиш, очиқ ёзиш ҳуқуқига эга бўлади;

-инсонларни таҳқирлаш, ирқий, миллий, диний камситиш, урушга чорлашдан бошқа ҳамма соҳада эркинлик кафолатланади;

-инсонларнинг қадр-қиммати билан боғлиқ масалаларда муаммони халқ суди ҳал этади;

-сўз эркинлиги муқаддас, ҳамма қадрлайдиган ва ҳурмат қиладиган тушунча даражасига қўйилади.

 

IV. МУЛК ДАХЛСИЗЛИГИ

 

-Ҳар кимнинг мулки дахлсиз ва ҳукуматнинг шахс мулкига тажовуз қилиш ҳаққи бўлмайди;

-оиладан бир киши оғир жиноят билан қамалган тақдирда ҳам унинг мол-мулки мусодара қилинмайди;

-мол-мулк коррупсия йўли билан топилгани суд томонидан аниқланган пайтдагина мусодара қилиниши мумкин, ўшанда ҳам оила аъзоларининг меҳнати эвазига келган ҳақ ҳисобга олинади;

-мулк билан боғлиқ ҳамма кўринишдаги муаммолар мустақил судлар томонидан кўриб чиқилади.

 

V. ДИН ВА ДАВЛАТ

 

-Дин ва давлат ишлари бир-биридан ажратилади.

-Ҳамма динлар эркин ҳисобланади, виждон ва ишонч эркинлиги ҳам давлат томонидан ва ҳамда диний жамоалар томонидан бирдек ҳурмат қилиниши учун қонуний замин яратилади.

 

VI. ИҚТИСОД

 

Иқтисод эркин бўлади ва мамлакатнинг иқтисодчилари, Халқаро валюта жамғармаси, Дунё банки, Дунё Савдо ташкилоти, АТТБ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг кўмагида тайёрланган махсус дастурлар асосида буҳрондан чиқиш чоралари кўрилади. Айни пайтда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

 

1. Бюджет

-давлат буджети жамоатчилик назоратида ҳукумат томонидан йилма йил ишлаб чиқилади ва қонун чиқарувчи органнинг муҳокамаси, тасдиғидан ўтгандан кейин кучга киради;

-давлат бюджетининг шаффофлиги таъминланади, ҳукумат солиқ тўловчиларнинг ҳар бир тийини қаерга сарфлангани ҳақида йилда бир марта ҳисобот эълон қилади ва қонун чиқарувчиларнинг, матбуотнинг бу борадаги барча саволларига жавоб беради.

 

2. Молия

-Молия ва солиқ тизимида шаффофлик биринчи галдаги вазифа ҳисобланади. Бу соҳа мамлакатнинг таниқли олимлари, мутахасисларидан тузилган “Молия кенгаши” тавсиялари асосида ишлайди;

-халқдан фақат битта нарса талаб қилинади, у ҳам бўлса адолатли равишда белгиланган солиғини тўлаш. Бу солиқ “Халқдан олиб халққа сарфлаш” принсипи асосида қонун чиқарувчи орган ва жамотчиликнинг назорати остида маориф, соғлиқни сақлаш, йўл қурилиши, янгилик ва ташаббусларни рағбатлантириш ҳамда хавфсизлик, бошқарув ва мудофаага сарфланади;

-мамлакатда хазинанинг масъули қонун чиқарувчи орган ҳисобланади.

 

 3.Оғир ва енгил саноат

-Мамлакатда оғир ва енгил саноат тўла хусусийлаштирилади ва ривожланиши учун қонуний асослар белгилаб берилади;

-Ўзбекистонни аграр давлатдан агросаноат давлатга айлантириш сиёсати юргизалади. Маҳсулот ишлаб чиқариш, жойида қайта ишлаш ва сотиш рағбатлантирилади.

 

4.Технология:

-Замонавий технологияга кенг йўл очилади, бу борада ривожланган давлатлар билан алоқаларга имтиёз берилади;

-мамлакатни тўла компютерлаштриш мамлакат раҳбарияти олдига биринчи галдаги вазифа қилиб қўйилади, четдан келадиган молиянинг аксар қисми дастлабки икки йилда шу соҳага йўналтирилади, компютер ва Интертет билан боғлиқ бизнесслар ва мактаблар беш йил давомида даромад солиқларидан озод қилинади;

-технология тадқиқотлари, янгиликлари рағбатлантирилади.

 

5.Ўрта ва кичик бизнес

-Мамлакатда кучли ўрта синфни вужудга келтириш учун ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришга катта аҳамият қаратилади, бу соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшаман деган ҳар қандай давлат ва халқаро ташкилотларга барча қулайликлар яратилади;

-ўрта ва кичик бизнес соҳиблари марказий ва маҳаллий ҳукуматнинг ҳар қандай аралашувидан озод қилинадилар, фақат солиқ ҳужжатларини тақдим этиш йўли билан назоратда турадилар, қолган ҳамма соҳада улар мустақил ва эркин фаолият кўрсатaдилар;

-бошқа мамлакатларнинг фуқаролигига эга бўлган ўзбекистонликлар тарихий ватанларида ўрта ва кичик бизнесни йўлга қўйишга беш йил ҳисса қўшишлари мажбурияти билан  икки фуқаролик ҳаққига эга бўладилар;

-мустақиллик йилларида демократик давлатларда ўқиб таҳсил олган ёшлар мамлакатда ўрта синфни вужудга келтиришда кадрлар сиёсатининг асосий номенклатураси ҳисобланaдилар.

 

6. Статистика

Мамлакатда статистикани бошқариш ҳукумат тасарруфидан чиқарилади ва хусусийлаштирилади, бор нарса бор ҳолида айтилади.

 

7.Банк тизими

-Бу тизимда Марказий Бошқарувнинг асосий ваколатларини Маҳаллий бошқарувга бериб, марказлаштиришдан воз кечилади;

-халққа Марказий Банк белгилаган фойизларда уй-жой қурилишлари учун 40 йиллик, бизнесс учун 15 йиллик қарз  бериш мажбуриятини олган хусусий банкларга қонуний имтиёзлар берилади;

-маошлар бозорга ва инфлятсияга индексатсия қилинади ва ҳукумат бу масалага аралашмайди.

 

8. Ташқи инвеститсия

-Ишлаб чиқаришга йўналган ўрта ва кичик бизне корхоналари очадиган ташқи ётирим соҳиблари 10 йилга фойдадан солиқ тўламайди;

-бошқа соҳаларда умуммамлакат қоидалари асосида иш юритилади ва инвеститсиялар кафолати ҳақида махсус қонун қабул қилинади.

 

9. Хусусийлаштириш

-Мамлакатда хусусийлаштиш  мутлоқ очиқ ва адолатли ўтишини назорат қилувчи жамоатчилк кенгаши тузилади.

-харид пайтида сотув баҳоси эмас, балки сотиб олинадиган корхона ёки муссасани қандай юритиш, ундан қандай фойдаланиш режалари биринчи ўринга қўйилади;

-тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, ўрта ва кичик бизнесни қўллаб қувватловчи режаларга имтиёзлар берилади.

 

10. Антимонопол сиёсат

Мамлакатда рақобатни сақлаш учун антимонопол сиёсати юргизилади, пахта, ғалла, қазилма бойликлар монополиясидан воз кечилади, мамлакат ва миллатга нима кераклигини бозор белгилайди;

-бирор бир соҳага монопол ҳокимлик бўлмайди, ҳукумат ҳам, бирор шахс ёки гуруҳ ҳам битта соҳага мутлоқ хўжайинлик қила олмайди;

-бизнес ва бизнесчи ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.

 

11. Табиий заҳиралар

-Табиий заҳиралардан келадиган тушум йўл қурилишлари, янгиликни рағбатлантириш, нафақа ва фан истиқболи ҳамда ўшa соҳаларни қайта қуриш ишларига сарфланади.

-бошқа соҳаларга референдум орқали халқ ижозати билан сарфланади.

 

VII. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

 

-Ернинг хўжайини ҳукумат эмас, деҳқон бўлади;

-ерни хусусийлаштириш, деҳқонга нисбатан адолатни тиклаш, ишлаб чиқаришда ва жамият бошқарувининг турли жабҳаларида тадбирколик, ташаббускорликни рағбатлантириш учун қонуний асослар яратилади;

-деҳқон, фермер, тадбиркор истаган нарсасини экади ва истаган жойига истаган нархида сотади, унинг фаолиятини амалдорлар эмас, бозор назорат қилади, ҳукумат фақат ёрдам кўрсaтади;

-табиий офатлар пайтида деҳқонлар марказий ҳукумат томонидан қўллаб қувватланиши учун қонуний замин яратилади.

 

VIII. ИШСИЗЛИК ВА БАНДЛИК

 

-Ишсизларнинг ҳуқуқлари борасида қонун қабул қилинади;

-ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолини иш билан таъминлашга, иш жойларини кўпайтиришга йўналтирилади;

-чет мамлакатлар билан ишсизларга иш топиш борасида музокаралар олиб борилади ва қайси мамлакатда бўлмасин ишлаган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг бир қисми этиб белгиланади.

 

IX. АЙИРМАСЛИК СИЁСАТИ

 

-Мамлакатда ёшлар, аёллар, қариялар, оналар деган айри айри сиёсат бўлмайди;

-ҳамманинг ҳуқуқлари бирдек ҳимоя қилиниши ва ҳаммага ҳуқуқлари даражасида шароит яратилиши сиёсатнинг ўзагини ташкил этади;

-одамларга диний, ирқий, жинсий, маҳаллийчилик нуқтаи назаридан эмас, ҳаммага бирдек муносабат, билими, меҳнати ва фаолияти қадрланиши таълим сиёсатининг йўналишини белгилайди.

 

Х. ИЖТИМОИЙ СОҲАЛАР

 

1.Соғлиқни сақлаш

-Ҳамманинг тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади;

-ҳар бир фуқаро пенсияга чиққанидан кейин нормал яшаши учун етарли даражада нафақа олиш имкони бўлади;

-нафақа ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини йўлга қўйиш учун суғурта, ёрдам ташкилотлари фаолиятига кенг йўл очилади.

 

2.Таълим-тарбия

-Ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш йўли билан жамият маданиятини ошириш учун йўл очилади;

-мактаб ўқитувчиларига алоҳида имтиёзлар берилади, маошлари жамиятнинг ўртачадан юқори даражасида бўлишини таъминлаш учун қонун ҳозирланади;

-олий ўқув юртларига имтиҳон топшириш йўли билан қабул бекор қилинади, мактаблардаги баҳосига қараб олий ўқув юртлари талабаларни ўзлари танлайдилар;

-маориф ва олий таълимга нисбатан зўравонликка чек қўйилади, болалар ва студентларни мажбурий равишда далаларга олиб чиқиб ишлатиш жиноят ҳисобланиши учун қонуний замин яратилади.

 

3. Маданият ва Санъат

-Маданият, адабиёт, тарихни ёзиш, санъат ишларига ҳукумат аралашмайди. Бу ишларнинг қонуний базаси яратилади ва вазифани ноҳукумат, жамоатчилик ташкилотлари амалга оширадилар;

-ҳукуматга оид фақат битта матбуот воситаси бўлади, у ҳам бўлса “Расмий газета” бўлиб унда фақат ҳукуматнинг қарор ва бошқа ҳужжатлари эълон қилинади.

Ижтимоий соҳаларнинг бошқа жабҳаларида ҳам айни сиёсат юргизилади.

 

4.Коммунал хизмат

Коммунал хизматнинг барча соҳаси хусусийлаштирилади ва тўловлар аҳоли маошига индексатсия қилинади. Бугунги каби маоши ўн минг сўм бўлгани ҳолда коммунал хизматларга юз минг сўм тўланадиган адолатсиз тизимга барҳам берилади.

 

ХI. ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТ СОҲАСИ

 

1. Милитсия, суд, прокуратура ва МХХ

-ИИВ вазирлиги тугатилиб, милитсия хизмати маҳаллий ҳокимиятларга топширилади;

-Миллий Хавфсизлик Хизмати Ташқи Хавфлардан Муҳофаза Хизматига айлантирилиб, ҳам ижро ва ҳамда қонун чиқарувчи идораларга баравар бўйсунадиган қилиб қўйилади;

-судларни мамлакат, вилоят ва туман даражасида мустақил судловга айлантирилади;

-прократура хизматини Адлия вазирлиги билан бирлаштирган ҳолда бу вазирликни ҳуқуқ тартибот идоралари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашга айлантирилади;

-мазкур кенгашга ҳисобдор бўлган мустақил тергов бошқармаси яратилади;

-ҳуқуқ тартибот соҳасида ишловчиларнинг мустақиллигини таъминлаш ва масъулиятини ошириш учун раҳбарларининг маҳаллий ва мамлакат қонун чиқарувчилари ҳузурида мунтазам ҳисобот беришлари йўлга қўйилади;

-бу идораларга ажратиладиган маблағ ва сарфи ҳақида аҳолига батафсил маълумот бериб борилади;

-мамлакатда бу тармоқда умумавф ўтказилади ва диктатура режими пайтида қонунларга зид иш қилганларга самимий иқрор бўлишлари, ўзларини кўрсатишлари, демократияга астойдил хизмат қилишлари, ғайри қонуний йўл билан топганларини “Реаблитатсия фонди”га топширишлари учун бир йиллик аттестатсия даври берилади. Шу муддатда ўзларини оқлай олганлар вазифаларини давом эттирадилар. Қаттиқ жиноятлар содир этганлар, фаолиятлари оғир оқибатларга олиб келганлар адолат ҳузурида жавоб берадилар;

-диктатура режими пайтида сиёсий қарашлари учун қамалган, таъқибга учраган, қувғин қилинган барча шахслар реаблитатсия қилинади, улардан узр сўралади ва уларга “Реаблитатсия фонди”дан тўлов ҳақи тўланади.

 

2.Адвокатлик хизмати

-Ҳеч ким адвокат иштирокисиз терговга, судга тортилмайди;

-адвокатлар мустақилдирлар ва улар қонунларнинг ижросини таъминлашда жамиятнинг асосий кучига айлантириладилар.

 

3.Коррупсияга қарши кураш

-Мамлакат миқёсида барча амалдорларни ўз бойликлари, даромадлари борасида ҳисоб беришга масъул қилиб қўйилади;

-президентдан то маҳалла қўмитаси раисига қадар ҳамма йилда бир марта матбуотга батафсил маълумот беради;

-коррупсияга қарши умуммамлакат кураши очилади.

 

ХII. ТАШҚИ СИЁСАТ

 

-Ташқи сиёсатда умумжаҳон демократик қадриятлар доирасида узвий фаолият кўрсатилади. Мамлакат ва миллат манфаатлари устунлигидан келиб чиқиб иш юритиш таъминланади;

-ташқи (ва ҳарбий) сиёсатнинг изчил доктринаси умумхалқ муҳокамаси йўли билан қабил қилинади;

-мамлакат элчиларини МХХ ходимлари ҳисобига тайинлаш услубидан воз кечилади;

-дипломатлик касбга айлантирилади ва ҳукуматлар келиб кетаверадилар аммо дипломатлар ишларини давом эттираверадилар сиёсати йўлга қўйилади;

-Марказий Осиё (Туркистон), Авросиё (Турон) Иттифоқларига интилиш ва демократик дунё билан ҳамқадам бўлиш сиёсати юргизилади;

-Марказий Осиё Иттифоқи ташаббускори сифатида майдонга чиқилади ва Авропа Иттифоқи моделини - битта Конститутсия, битта пул бирлиги, ягона информатсион ва чегараларсиз иқтисодий зонани  ташкил этиш учун одимлар отилади.

 

ХIII. МУДОФАА

 

-Мамлакатда МХХ, ИИВ таркибидаги, Президент гавардияси номидаги ва бошқа барча ҳарбий кучлар битта вазирликка бирлаштирилади;

-яхши таъминланган профессионал армияга ўтиш йўлга қўйилади;

-армия мамлакатнинг ички ишларига аралашмайди. Фақат фавқулодда ҳолат - табиий офатлар пайтидагина аралашуви қонунлар билан тартибга солинади.

 

ХIV. АТРОФ МУҲИТ

 

Барча ислоҳотлар борасидаги қонунлар, қарорлар ва фармонлар қабул қилинишида атроф муҳит масаласи инобатга олинади ва бу борада халқаро талаблар даражасида иш юритиш учун замин тайёрланади;

-мамлакатни аграр-пахтачилик давлатидан илғор технологик-аграсаноат давлатига айлантириш туфайли екологик муаммолар ҳал этилиши томон жиддий одим отилган бўлади.

 

Хулоса ўрнида

 

Хўш буларнинг ўзига қандай эришилади? Аввало ислоҳотлар борасидаги қонуний заминни ҳозирлайдиган “Халқ зиёлилари Кенгаши” тузилади. Турли соҳаларнинг олимлари, мутахассислари, танқидчи ва қизиқувчилар, ҳуқуқшунослар ва бошқа манфаатдор гуруҳлар вакилларидан махсус комиссиялар тузилади. Бу ишга хорижий ўлкалардан экспертлар ҳам таклиф этилади.

Ҳар бир соҳани ислоҳ қилиш учун уч вариантли қонун лойиҳаси тайёрланади.  Масалан, ҳуқуқ тартибот соҳасини ислоҳ қилиш учун битта вариантни шу соҳа ходимлари, иккинчи вариантни бу соҳанинг рақиблари ва учинчисини ҳукумат тақдим этади. Қонун чиқарувчилар эса ана шу уч вариантдан битта охирги вариант тайёрлайдилар ва қабул этадилар.

Дастлабки олти ойда мамлакатни барча партиялар ва гуруҳларнинг вакилларидан тузилган Миллий Келишув кенгаши бошқаради.  Мазкур кенгаш икки ойда умумий сайловлар ҳақида қарор қабул қилиб, олти ой ичида сайловларни ўтказиб, ўз ўрнини халқ сайлаган бошқарув органига бўшатиб беради. Дастлабки бир йилда бошқарув органлари ҳақидаги қонунлар қабул қилиниб, маҳаллий сайловлар отказилади, кейинги йилда иқтисод ва сиёсат соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги қонунлар қабул этилади, унга қадар мавжуд тўсиқлар парламент қарорлари ва Президент фармонлари билан олиб ташланади. Хуллас, беш йилда мамлакатни демокартик йўлга олиб чиқиш мумкин бўлади.

Яна шуни илова қилмоқчи эдимки,  биз эртага бу режимни ағдариб ташлаймиз деган хом хаёлдан йироқмиз. Бу режимни алмаштириш учун катта тайёргарлик кўриш лозим. Бу режимнинг муҳим устунлари қулаб туриши мумкин, аммо уни фундаментал равишда ўзгартириш осон кечмайди. Ҳатто Каримов кетгандан кейин ҳам бунга жиддий қаршилик қилувчи кучлар бўлади ва фақат халқнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўла тушуниши, идрок этиши бу режим ўрнига демокартияни олиб келиши мумкин. Демак, биз бугун халқ билан ишлашимиз ва унга ўз ҳақларини тушунтиришда давом этишимиз зарур.

Бугун бизнинг сафимизга қўшилган ва қўшилаётганлар орасида Каримов режимининг ичида етишиб, унинг асл башарасини билганлар ҳам бор. Биз уларни бу режимнинг қурбонлари деб ҳисоблаймиз ва бугун ҳам бу режимдан юз ўгириб бизнинг сафимизга келишса, демократияни ёйиш учун ҳисса қўшишса уларни олқишлаймиз. Чунки диктатурадан юз ўгириш учун ҳали ҳам кеч эмас!