МУХОКАМА УЧУН

 

 

Раҳматжон Қулдошев: Озодликни тарғиб

қилмоқчи бўлаётган диктаторлар

 

 

Мен - «Озодлик»  радиоси Тошкент бюросининг сўнгги собиқ раҳбари Раҳматжон Қўлдошевман, Жамшид Шомуродов тахаллуси остида эшиттиришлар тайёрлаб келганман.Хабарларинг бор радиомиз Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги қарорига мувофиқ 2005 йил декабр ойидан бошлаб Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатди.Тошкентда «Озодлик»  радиоси бюроси бор эди, энди Тошкентда «Озодлик»  радиоси бюроси йўқ бўлди.

    

Мен ва айрим ўртоқлар «Озодлик»  радиоси ўзбек хизмати ичида шаклланган диктатура, инсон хуқуқларини камситиш, нохолис журналистикага қарши узоқ вақт курашиб келдик, лекин курашларимиз натижа бермади, билъакс, радио иши яхшилансин деб ҳаракат қилганлар турли шаклларда жазоландик .Яъни кўза синдиргувчилар азиз бўлиб қолди, сув келтирганлар эса хор бўлди.

    

Биз бу ерда «Озодлик»  радиоси, унинг ўз олдига қўйган миссияси ва радио бошлиқлари ва умуман Американи ёмонламоқчи эмасмиз. «Озодлик»  радиоси миссияси ва радионинг асосий бошлиқларига хеч қандай эътирозмиз йўқ. Бизнинг бу матбуот йиғинимизни «Озодлик»  радиосига қарши утказиляпти дейиш ҳам нотўғри. Юкорида таъкидлаганимиздек, «Озодлик»  радиоси, унинг миссияси ва радионинг АҚШлик бошлиқларига эътироз-норозилигимиз йўқ. Балки биз Радионинг ўзбек хизматидаги радионинг ўз миссиясини бажаришига халақит бераётган ва радио ичида жудаям ёвуз диктаторлик ҳолатини яратган бир қатор шахсларга қаршимиз. Ва олдиндан айтишимиз мумкинки, айнан ўша шахсларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари туфайли Ўзбек хизмати ўз миссиясини бажаришда хатоликларга йўл қўйяпти ва жамоатчилик орасида радионинг обрўйи тўқиляпти.

     

Радио ўз миссиясида демократик қадриятлар, инсон хуқуқлари каби қадриятларни тарғиб килишини, воқеа – ҳодисалар хақида объектив маълумотлар тарқатишини баён этган. Маълумки бу миссияни радионинг журналистлари тарғиб килиши керак. Ва энг аввало радионинг ўз ички мухитида, журналистлар орасидаги расмий ва инсоний муносабатларда демократия, инсон хуқуқлари, қонун устиворлиги мавжуд бўлиши керак.

 

Масалан, табиатан диктатор, қонунларни ва инсон шаънини писанд қилмайдиган  шахс - журналист демократия ва инсонпарварликни тарғиб килиши мумкинми?

     

Демокчимизки,Ўзбек хизматининг Прага офисидаги айрим журналистлар ўзбек хизматида диктаторлик  ва инсон қадрини ерга урадиган мухит яратиб олишган эди.

 

Масалан радионинг собиқ директори Адолат Нажимовани олайлик. Унинг учун Тошкент бюросидаги журналистлар хуқуқсиз бир қул эди. Мисоллар келтирайлик.У менга хар доим “ Раҳматжон, Тошкент офисидаги журналистлар бизнинг солдатларимиз. Биз нима буйруқ берсак шуни бажарасизлар дерди. Агар биз солдат бўлсак, «Озодлик»  радиоси ҳарбий-журналистик Ташкилот эканда. Ҳарбий журналистик Ташкилот тайёрлаган маълумотларда объективлик бўладими? Прага офиси журналисти Ўктам Каримов ҳам « Тошкент буйроси журналистлари – солдатларимиз, материалларни биз айтган шаклда тайёрлайсизлар» деган гапни айтишни яхши кўрарди.Биз Ўктам Каримов айтган йуналишда материал тайерлайликми еки радио миссиясига риоя килайликми?

     

Яъни Тошкент офиси журналистида мустақил материал тайёрлаш хуқуқи йўқ эди. Мисоллар келтираман. Хабар пайдо бўлдики, Фаргона Водийсида йирик сув омбори қурилиши бошланибди. Сув омбори ишга тушса бутун водийни экин суви билан таминласа бўларкан. Водийда ҳам ичимлик ва ҳам экин суви танқислигини ҳамма билади. Бу муаммо хон замонларида ҳам бор эди. Сув танқислиги сабаб водийда жуда кўп локал урушлар бўлган.

 

Ҳатто амеркалик экспертлар фикрига кўра сув танқислиги Марказий Осиё давлатлари орасида урушлар келтириб чиқариши мумкин экан. Водийда сув омбори қурилиши жуда муҳим ва стратегик аҳамиятга молик ҳодиса. Бу сув омбори бўлажак қанча-қанча урушлар ва қон тўкишларнинг олдини олиши мумкин. Бу янгилик маҳаллий матбуотда ёритилгани йўқ эди, бир ирригатор мутахассис айтганди сув омбори қурилиши хақида. Шу мавзуни бутун мураккаблиги билан ёритиб эшиттириш тайёрладик ва мен бу эшиттиришни Адолат Нажимовага тавсия килдим. Ҳурматли директоримиз мавзунинг муҳимлигини тушунмадими ёки бошқа сабабми материалимизни рад қилиб, менга қарата « Ха Раҳматжон, ҳукуматга сотилдингизми? Сув омбори хақида материаллар тайёрлаб колибсиз» дейди. Мен унга « Мен ҳукуматга эмас, халқимга сотилганман» деб жавоб қайтардим.

 

Шундай қилиб биринчи бўлиб биз топган муҳим янгилик ўз вақтида эфирга кетмади. Яна бир мисол. Биринчи синфларни алифбо байрами бўлади. Жуда қизиқ байрам. Болалар 4 ой давомида мактабда ўрганган Алифбо китоблари асосида қизиқ тантаналар уюштиришади. Шу байрам асосида жуда қизиқ эшиттириш тайёрлаш мумкин. Биргина шу эшиттириш мисолида ўзбек мактабларидаги ўқитиш савиясини кўрсата олиш мумкин. Йўқ! Бундай мавзулар ҳам Адолат Нажимовага ёқмасди. Биз эфир орқали Ўзбекистон манзарасини объектив – ҳам салбий ва ҳам ижобий томонларини кўрсатишга ҳаракат килардик. Бу нарса директоримизга ёқмасди. Унга фақат нохуш материаллар жўнатиш керак. Ахир алифбо байрами ёки бошқа бир кичик мавзу оркали муаммоларни ҳам чиройли баён қилса бўлади-ку! Бу каби мисолларни юзлаб келтириш мумкин.Адолат Нажимова Ўзбекистон тарихи, адабиёти, ижтимоий-сиёсий-маданий ҳаётини деярли билмасди. Шу боис муҳим маълумотларнинг муҳимлигини сезмасди.Адолат Нажимова кадр танлашда хам нохолис эди.  У ва радионинг кадрлар булимидан яна бир аел 2005 йил Тошкентга Прага офиси учун мухбир танлашга келишди.

 

Мухбир конкурс асосида танланиши лозим эди. «Озодлик»  радиоси Прага офиси учун мухбир олади деган мазмунда махаллий матбуотга эълон хам берилди. Кункурс ўтказилди. Бу конкурсда Бобур исмли ёш журналист ғолиб чиқди. Бобурнинг айнан «Озодлик»  радиосига муносиб журналист эканлигини Адолат Нажимованинг ўзи ҳам эътироф этди. Лекин Прага офисига конкурсда ғолиб чиққан эмас, балки Адолат Нажимованинг акаси Рашид Маликовнинг қўлида менеджер бўлиб ишлайдиган Фаррух Расулов ишга олинди. Фаррух Расулов хеч қачон журналист булиб ишламаган, журналистика соҳасидан анча йироқ одам. Шунингдек у Ўзбекистонлик эмас, Тожикистонлик.

 

Биз бу ерда миллатчилик қилмоқчи эмасмиз. Балки «Озодлик»  радиосининг Ўзбек хизматида ишлайдиган одам Ўзбекистон сиёсий ва давлатчилик тарихи, адабиёти ва санъати ҳамда ҳозирги замондаги сиёсий жараёнларини яхши билиши керак. Хуллас Прага офисига конкурсда ғолиб чиққан йигит ўрнига Адолатнинг таниши ишга олинди. Кейинчалик Фаррух Прагада ишлашга кўп қийналди. Адолат бизга буйруқ берарди - биз Фаррух Расулов учун тайёр овозлар топиб берардик. Яъни журналистикадан бехабар Фаррух Расулов Тошкент бюроси елкасига юк бўлиб тушди. Энди ўйлаб кўринг. Фаррух Расуловнинг Прага офисига ишга олиниши олдиндан маълум эди, шундай бўлса ҳам Прагадан Тошкентга конкурс ўтказиш учун радионинг мўмайгина пулини сарфлаб  икки киши келди. Конкурс ўтказилиши хақидаги эълон учун махаллий реклама каналларига каттагина пул тўланди. Фаррух Расуловнинг Прагага ишга олиниши конкурс ўтказилмасдан олдинроқ маълум эди. Конкурс шунчаки хўжа кўрсинга ўтказилди ва радионинг ортиқча пули шамолга совурилди.

 

 2005 йил март ойи ўрталарида оғир касаликка чалиндим. Қулоғимдан оғрикли ва алангали шовқин кела бошлади. Миямда чидаб бўлмас даҳшатли оғриклар бошланди. Гўё қандайдир ёвуз одам бошимга тўрт-бешта пичоқни чуқур санчиб қўйганга ўхшарди. Азобимнинг чеки йўқ эди. Қулоғим ичидаги алангали шовқин нақ миямни ичига ёриб кирарди. Бунга чидаш қийин эди. Холсизланиб хушимдан кетардим. Ухлай олмай қолдим. Кечаси билан кўча айланиб чиқардим. Бир кунда 2 ёки 6 минут ухлардим. Кўзим уйқуга илинарди-да тезда уйғонардим. Кейин хотинимдан «Қанча ухладим» деб сўрасам «2минут ёки 6 минут ухладингиз дерди.

 

Ўша кунлари Прагада бюро бошлиқларининг семинари бўлиши керак эди. Мен ҳам Прагага боришим лозим эди. Лекин бундай дахшатли касаллик билан Прагага бориб бўлмасди. Бошлиғим Адолат Нажимовага оғир хасталанганлигимни ва семинарга боролмаслигимни хабарини бердим. У менга ишонмади. Ахволимни кўриб турган журналистлардан бирига «Касалим оғирлигини Адолатга сен ҳам айтиб кўр», дедим. У ҳам айтди. Адолат бўлса радио бошлиқларига «Раҳматжон самолётда учишдан қўрқади, шу сабаб ўзини касалликка солиб семинарга келмаяпти» дебди. Бу гапдан газабланган бошлиқлар « Бундай бюро бошлиғини дарҳол ишдан бўшатиш керак» дебди. Шундан хеч қанча ўтмай А.Нажимованинг ўзи Тошкентга келди. Билишимча, радио раҳбарларининг гапи буйича мени ишдан бўшатгани келган эди. А Нажимова Тошкентга келди. Ахволим ўта даражада ёмонлигини курди.Ҳатто гапиришга ва юришга холим колмаганлигини ўз кўзи билан курди.Ўша кунлари касалим шу даражада кучайиб,чидам бўлмас даражага етганди. Ҳар хил кучли уколлар ёрдамида ухлардим ва тирик юрардим.

   

Адолат билан учрашдик.У Прагадаги радио раҳбарларига Раҳматжонни ўзим докторларга олиб бораман деб ваъда берган экан. Хуллас, Адолат билан учрашдим. Унинг биринчи гапи шу бўлди: Раҳматжон, ишдан бўшаш хақида ариза ёзинг”. Мен унинг бу гапига жавоб берадиган ахволда эмас эдим. Ўзимни Адолатнинг гапидан ҳимоя килиш тугул, ишқилиб шу хотиннинг ёнида ўлиб колмай-да деб хавотирда эдим. Бир оз ўтиб Адолат яна «Раҳматжон! Биласизми, радио сизнинг тузалишингизга ёрдам беролмайди” деди. Холбуки мен радиодан ёрдам сўраганим йўқ эди. Тинимсиз Оллохга ёлвориб ундан шифо сўраетгандим. Эътибор беринг.Бутун дунега демократияни,инсон хуқуқларини ҳурмат килишни тарғиб килаетган радионинг бошлиқларидан бири хасталикка чалинган ва шифохонага бориб даволанишга улгирмаган ходимига ишдан бўшашни таклиф килаяпти. Ва яна хаста ходимининг рухини чўктириш учун атайлаб «Радио сизга ёрдам беролмайди» деяпти. Хуш, садист типидаги бундай берахм аёл қандай қилиб радиода инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиб келди экан. Ёки бемор ходимга шундай шафкатсизларча муносабатда бўлиш радио бошлиқлари орасидаги нормага айланган бир нарсадир. Тушуниб бўлмайди….

    

Кейин Адолт билан MDS (Хусусий ташхис маркази) га бордим. Лор-қулоқ духтирига учрашдик. Шу ўринда бир қизиқ нарсани гапириб ўтай. Қадимги Римда зодагон аёллар ўз қулларини одам деб санамаган ва улар олдида яланғоч бўлиб ечиниб бемалол чўмилаверган. Адолат ҳам менга ўз қулидай муносабатда бўлди. Яъни у менининг ёнимда ва менга эшиттириб лор-қулоқ духтирдан: “Бу касалик билан Раҳматжон эшди ишга ярамаса керак» деб сўраяпти. Бечора лор врач бошлигимнинг ноўрин ва маънисиз саволига нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон. Шунда сездимки, Адолат атай мени синдириш учун менга рухий хужумлар қиляпти. Гўё қадимги Рим зодагон аёллари каби мени одам хисобламай, кўз ўнгимда яланғоч бўлиб ечиняпти... Кейин билсам Адолат радио президенти жаноб Дайнга: «Раҳматжоннинг касаллигини ўз назоратимга олдим, унга ёрдам беряпман ва даволатяпман» деб ёзиб юборибди. Дайн эса Адолатга: Чин инсоннинг ишини киляпсан. Библияда ҳам касалларга рахм-шафқатли бўлинглар» деб жавоб ёзибди. Адолат бу жавобни журналистларимизга укиб ҳам берибди.

 

Аслида эса Адолат оғир хасталигимдан ва ўзимни умуман бошқаролмай колган вазиятимдан фойдаланиб менга рухий хужумлар қиляпти. Билишимча у мени шу тахлит рухан синдириб рухий касаллар шифохонасига жойлаб, ўрнимга бошқа одамни бюро бошлиғи этиб тайинлаб кетиш нияти бўлган. Ўша пайти журналистлардан бири: Адолат бюрога янги бошлиқ кидиряпти» деб қолди. Ўша кунлари менга Прагадан Замира Эшонова телефон қилиб : “Раҳматжон, радиомиз врачининг айтишича сиз энди бундай касаллик билан радиода ишлай олмас экансиз», деди. Ҳой ҳамкасблар! Мен айни дамда фавқулодда оғир касалман! Менга зудлик билан ёрдам берилмаса ўлиб қолишим мумкин. Нега радиода ишлаш ва ишламаслигимни масала қилиб кўтарверасизлар. Ахир ҳали касалимга ташхис қўйилиб даволанишни бошлаганим йўқ»- деб бақиргим келади. Ҳар ҳолда Замира Эшонова ва Адолат Нажимовалар ўзларича касалимга бир ёмон ташхис қўйиб радио врачи ва радио раҳбариятига етказишган бўлса керак.    

   

Икки марта MDS да текширувдан ўтдим ва хар  иккала текширувда ҳам, кейинчалик маълум бўлдики, улар касалимга нотўғри ташхис қўйишган экан. Албатта уларнинг ташхиси нотўғрилигини Москвага борганимдан кейин билдим. Хуллас Профессор Хасановнинг шахсий клиникасида карийб бир ой ва Эски ТошМИда 20 кун даволандим.Бу орада ТошМИ клиникасида операция ҳам килишди. Хар иккала шифо масканидан соғлиғим 10 баробар ёмонлашди. Ҳаётим ўлим жари ёқасига келиб қолганлигини сеза бошладим.

          

Умрим оз қолганлигини умр-йўлдошим ва қариндошларим ҳам сезишан эди. Шунда зудлик билан Москвага даволангани боришга тайёргарлик кўра бошладик. Хар дақиқа ғанимат. Бир кун ёки ўн кун кечикиш ўлим чангалиги тушиш дегани. Шу орада кутилмаганда Прагадан Замира Эшонова телефон қилиб « Бошлиқлар сизни Прагага олиб келиб даволашимизга рухсат беришди. Тайёргарликни кўринг» деб қолди. Биз Замирага ишониб Москва сафарини тўхтатиб Прагагага боришга тайёргарлик кўра бошладик. Тезликда ҳорижга чиқиш визасини олдик. Орадан бир ой ўтди, мени Прагага чақиришмаяпти. Касаллик хуружи ортиб боряпти. Ҳатто Прагага бориш учун таклифнома ҳам жўнатишмаяпти. Хайронман. Таклифнома жўнатиш жуда осон-ку! Нега жўнатишмаяпти экан? Орадан яна бир ой ўтди. Лекин мени Прагага чақиришмаяпти. Таклифнома эса келгани йўқ. Касалим чидаб бўлмас даражада ҳуружлар қиляпти. Уколлар ва таблеткалар ёрдамида ўлмай яшаб юрибман. Ниҳоят икки ой тўлиқ ўтиб Прагадан Замира Эшонова телефон қилиб: «Бошлиқлар сизни Прагада даволатишни рад қилди. Сизга моддий ёрдам ҳам берилмас экан. Сизга икки ой муддат беришди, шу икки ой ичида тузалмасангиз ишдан ҳайдалар экансиз», деди.

   

Жуда хунук ва тушунарсиз жавоб.

   

Ахир касалимга ташхис қўйилгани йўқ, қандай қилиб икки ойда даволанаман. Ўламан деб ётган касалга икки ойда тузал,бўлмаса ишдан хайдаласан дейишлик ҳам вахшийликдан бошқа нарса эмас.

    

Мени Прагада даволатимиз деб икки ой атай овора қилиб турганликларини  сал кейинрок тушунгандай бўлдим. Улар (балки у) икки ой алдаб, Москвага боришига халақит бериб турсам Раҳматжон ўлиб кетар деб ўйлагандир эҳтимол. Чунки «Озодлик»  радиоси раҳбарлари номидан мени Прагага олиб бориб даволатишни ваъда қилган Замира Эшонова аҳволим оғирлигини ва ҳаётим қил устида турганлигини жуда яхши биларди…

 

Хуллас Москвада касалимга аниқ ташхис қўйилди ва тўрт кун ичида икки марта операция бўлдим. Айниқса иккинчи операция оғир кечди. Операциядан кейин уйғонолмай 7 соат реанимацияда ётдим. Миям оғриқ ва азобдан шу даражада безган эдики, у наркоз уйқусидан қайтиб уйғонгиси келмади. Тез орада ишдан бўшатилганимни эшитдим. Тахминимча  операциядан кейин реанимацияда бехуш ётган пайтим радио мени ишдан бўшатиб юборган. Аниқроқ қилиб айтсак мухбирликдан стрингерликка ўтказган.

       

Бу – ишдан бўшадинг дегани эди. Қизиқ ҳолат.

     

 Мен «Озодлик»  радиоси Тошкент бюроси бошлиғи эдим. Тўсатдан ёмон касалликка чалиндим. Тошкентдаги энг етакчи ташхис марказлари ва мутахассис профессорлар касалимга ташхис қўя олишмади. Наҳотки бу нарса радио раҳбариятини қизиқтирмаган?

     

Москвада эса касалимга ташхис қўйилди.

     

Лекин радио раҳбарияти ҳатто қандай касалликка чалинганимни ҳам билишни исташмади. Ахир мен Тошкент бюроси бошлиғи эдим. Тўсатдан оғир хасталикка чалиндим. Ҳар қандай журналистик Ташкилот кутилмаганда оғир ва номаълум касаликка чалинган журналистини нима касалга чалингани билан қизиқиб кўради.

       

Хуллас агар мен бюро бошлиғи сифатида ишдан бўшатилганимда радио менга уч ойлик иш хақимни бериши лозим эди. Ўша икки ойлик иш хақимни бермаслик максадида тўғридан-тўғри ишдан бўшатмай стрингерликка ўтказган. Ва 2006 йил январ ойида стрингерликдан ҳам бўшатиб юборишди. Маълумки ишдан бўшатилган стрингерга уч ойлик иш хақи- компенсация туланмайди.

             

Хўш, нега радионинг Прага офисидаги ўз ҳамкасбларим оғир касалга йўлиқиб ҳимоясиз колган пайтим мени бутунлай янчиб ташламоқчи бўлишди, касал холимда ишдан бўшатишга ҳаракат килишди. Бу нарсанинг бир сабаби бордир?

    

Албатта,бор.Ҳамма гап шундаки,Прага офисидаги журналистлар ва директор А. Нажимова ҳам Тошкент бюроси журналистларига қул деб, ўзларининг бир югурдаклари деб қарашар эди. Хуш,бу нималарда кўринарди? Ҳар куни Прагадаги кўплаб журналистлар ўзлари тайёрлаётган эшиттиришлар учун Тошкент офисидаги журналистлардан  ҳар хил мутахассислардан овоз олиб беришни буюришар эди. Бечора Тошкент офиси журналисти ўзи тайёрлаётган эшиттиришини бир четга суриб Прага офисидаги журналистнинг эшиттириши учун мутахассислардан фикр қидириб юрарди. Тошкент бюроси радио архивида Прагалик журналистларга жўнатилган овозлар ҳозир ҳам сақланиб турибди. Мен бу нарсага қарши чиқиб келардим. Ҳар ким ўз эшиттиришини ўзи тайёрласин. Тошкент бюроси журналисти Прага офиси журналисти қули, югурдаги эмас дердим.

       

Адолат Нажимова ҳар доим менга Тошкент офисининг энг етакчи мухбирлари – Хусниддин Қутбиддиновни ва Носир Зокирни ишдан хайда деб буйруқлар бериб турарди. Ҳатто бир гал Прага  офиси журналисти Ўктам Каримов ва менга бир ой муддат бериб шу бир ой ичида хатосини топиб Носир Зокирни ишдан хайданглар деб топширик бурди.Тинчгина ишлаб юрган тажрибали журналист Носир Зокирни нима учун ишдан хайдашимиз керак? Хуллас А.Нажимова топширигини мен ҳам ва У.Каримов ҳам бажармадик  - Носир Зокирни Ишдан хайдамадик. Носир Зокирни кейинчалик А.Нажимованинг энг ишонган ёрдамчиси Ҳурмат Бобожонов нафақат ишдан хайдаш, балки қаматиб юборишга муваффақ бўлди. Айтмоқчиманки, Носир Зокирни ишдан ҳайдаш ёки қаматишни А. Нажимова аввалдан режалаштириб юрарди. Замира Эшонова ҳам Носир Зокир ва Зикрилла Ишончни ишдан ҳайдайсан деб узуликсиз босимлар ўтказиб келарди. Тошкент офисининг энг етакчи ва тингловчилар орасидаги энг машхур журналисти Хусниддин Қутбиддиновни А.Нажимова аник ишдан хайдашга ҳаракат қилиб курди. Ва хар сафар Х.Кудбиддиновни мен ҳимоя қилиб қолдим.

    

Негадир хар доимо Прага офисидаги журналистлар Тошкент офисида пайдо булган истеъдодли журналистни ишдан хайдамокчи бўладилар. Бобомурод Абдуллаевни ҳам Прага офиси журналистлари ишдан хайдашган эди.

    

Шу кунларда маълум бўлдики, Хусниддин Қутбиддиновни ҳам ишдан бўшатилган. Мен Хусниддин Қутбиддиновга бундан олти-етти ойлар бурун ишдан бўшатилиши хақида гапиргандим. Радио ҳар доим Тошкент бюросида пайдо бўлган энг яхши журналистни  бир йўлини топиб ишдан бўшатиб келган. Хусниддин Қутбиддиновни ҳам Тошкент бюросининг энг яхши журналисти ва у ҳам радиодаги ёмон қоида бўйича ишдан бўшатилиши муқаррардир. Би-Би-Си радиоси Тошкентда ўз фаолиятини тўхтатганидан кейин Тошкент офисидаги энг етакчи журналисти Баҳтиёр Имомовни хавфсизлик нуқтаи назаридан Англияга олиб кетди. «Озодлик»  радиоси Ўзбек хизмати эса Тошкент  бюроси беркилганидан кейин  Тошкент бюроси бошлиғи – мени ва энг етакчи журналист Х. Қутбиддиновни ишдан бўшатиб юборди.

     

Шу ўринда савол туғилади. Нега Прага офисидаги журналистлар ҳар доим Тошкент офисида пайдо бўлган энг истеъдодли журналистни ишдан хайдомокчи бўладилар ва бу ёмон максадига эришиб келадилар? Ҳамма гап шундаки, Ўзбек хизмати бошлиқлари ва Прагадаги етакчи журналистлар радионинг АҚШлик бошлиқларига радио фаолияти ва Тошкент бюросидаги вазият ва журналистлар хақида нотўғри маълумот беришади. Радионинг АҚШлик бошлиқлари уларга ишонади ва нотўғри қарорлар чиқаради.     

    

Шу ўринда айтиб ўтиш жойизки, ўз вақтида «Озодлик»  радиоси Тошкент офиси журналисти Бобомурод Абдуллайевни ноҳақ ишдан бўшатган эди.

     

«Озодлик»  радиоси Б. Абдуллаевга нисбатан ноҳақлик қилган.

     

Яна. Адолат Нажимова Тошкент офиси журналистларини шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлашга мажбур қиларди. Радио қоидаси бўйича дам олиш ва байрам кунлари ишлаган журналистга қўшимча ҳақ тўланиши ёки журналист ўша кунлар ҳисобидан ишга келмаслиги лозим эди. Лекин А. Нажимова бу имтиёзни Тошкент офиси журналисти учун қўлламасди.

  

Яна. Бир гал А.Нажимова Прагадан менга телефон қилиб таҳдид аралаш шундай буйруқ беряпти: Ҳой ука! (биз тенгдошмиз,фақат мени камситиш учун «ука» деяпти) Ўзбек чиновнигига ўхшаб хонангда ғўдайиб утираверасанми?  Ўзингни катта бошлиқ деб хис киляпсанми? Сенга буйруғим шу: Офисга одамлар келиб дарвозани тақиллатса уларнинг олдига сен тушиб дарвозани очасан» Мен унга: Адолат! Офисга келиб кетувчи бегоналарга эшик очадиган ва уларни текшириб офисга қўядиган қоровулимиз бор-ку! Ахир қоровулнинг вазифаси шу-ку! Мен дарвозани олдида туриб офисга келган бегоналарга эшик очиб туришим кулгили эмасми? Йўқ! -дейди у. Эшикни сен очасан». Унинг менга берган бу буйруғи ўта мантиқсиздир. Ахир офисга келиб кетувчи бегоналарга эшик очадиган ва уларни текширадиган қоровулимиз бор-ку! Наҳотки бюро бошлиғи эшик тагида қоровуллик қилса?

     

Адолат бошлиқ бўлмасидан олдин унинг укаси Хуршид Маликов Тошкент бюроси администратори эди. Маликов ҳар доим молиявий фирибгарлик билан шуғулланиб келарди. Турли йўллар билан радио пулларни ўғирлар эди. Мен унинг бу фирибгарлигига кўпинча қарши чиқардим. Шу боис ҳам А. Нажимова мени ёмон кўрарди.

    

Шу ўринда радиодаги қариндош-уруғчилик туфайли пайдо бўлган яна бир мураккаблик хақида айтиб ўтай. Замира Эшонова ҳам ўз синглиси Феруза Жўраевани Тошкент бюроси ишга олди. Феруза Жўраева истеъдодсиз,езув малакаси йўқ,журналистик кобилияти суст бир аёл эди. Мен унга олти ой давомида журналистикани, ёзишни ўргатишга ҳаракат қилдим. Лекин у журналистикани яхши ўрганолмади. Сифатсиз, радио миссиясига тўғри келмайдиган эшиттиришлар тайёрларди. Табиийки, бу эшиттиришларининг кўпчилиги эфирга узатилмасди. Ф.Жўраева бундан ғазабланарди. Ва охири устимдан шикоят қилиб опаси Замира Эшоновага хат ёзибди. Замира бўлса нега Ферузага ишлагани халақит беряпсан деб телефон орқали мени хақорат қилди ва тезда мени ишдан олиб ташлашни таҳдид аралаш ваъда ҳам килди.

    

Ахир Замира Эшонованинг синглиси Феруза Жўраеванинг истеъдодсиз, ёзиш малакаси паст ва радио талабларига жавоб бера олмайдиган журналист эканлигини радио ходимларининг ҳаммаси билади-ку! Йўқ! Замира Эшонова учун радио миссиясидан кўра ўз синглисининг манфаати юқорироқ туради.

     

Яна. А. Нажимова хар доим Тошкент офиси журналистларига хохлаган куним хоҳлаган журналистни ишдан бўшатиб юбораман деб пўписа қиларди. Ҳатто май ойида Тошкентга келганида ҳамма журналистларни йиғиб « Мен ҳаммаларингни бир кунда ишдан бўшатиб юборишим мумкин» деб очиқ пўписа қилган. Ҳатто бир гал бир неча журналист гувоҳлигида А. Нажимова: « Бу дунёда адолат йўқ. Америкада ҳам ва «Озодлик»  радиосида ҳам йўқ адолат.Адолатсизлика чидасаларинг радиода ишланглар,чидамасаларинг кучага чикиб мардикорчилик килинглар” деб очик-ошкор айтган.Ўшанда мен бюро бошлиғи сифатида ўз қўлим остидаги журналистларнинг хуқуқларини ҳимоя қилмоқчи булгандим.

 

Адолат Нажимова ва ўзбек хизматининг ундан олдинги бошлиқлари ҳам стрингерларни ҳар куни ишга келишга мажбурлар эди. Қоида буйича стрингер бошқа жойда ишлайди ва радиога материаллар тайёрлаб гонорар олади. Радиода стрингернинг хеч қандай хуқуқ ва имтиези йўқ. Менинг ўзим 1996 йилда 1999 йилгача радио билан стрингер сифатида ҳамкорлик қилганман.1999 йилдан бошлаб эса хар куни ишга келишга мажбурлай бошлашган. 1999 йилдан то 2003 йилгача радиода стингер макомида ишладим. Лекин мени  хар куни ишга келишга мажбурлар эдилар.Ишга келмасангиз ишдан хайдаласиз деб пуписа килар эдилар. Хар куни ишга келишга мажбур қилаяпсизлар, унда мени штатга ўтказинглар десам унга кўнишмасди.

 

Умуман Тошкент офисидаги кўплаб журналистлар стрингер ҳисоблансада, лекин Прагадаги бошлиқлар уларни ҳар куни ишга келишга ва ҳар куни материал тайёрлашга мажбурлар эдилар. Маълумки, радиода стрингер фақат тайёрлаган материали учун гонорар олади.  Отпускага чиқиш, дам олиш кунлари ишлагани учун қўшимча имтиёзлар унга қўлланилмайди.Демократияни, инсон хуқуқларини ҳурмат килишни, қонун устиворлигини тарғиб килувчи радиода ўта рахмсиз диктатура ва қонунга риоя килмаслик хукмрон эди. Мен эса ҳар доим ўзбек хизматидаги бундай қонунсизлик ва диктатурага қарши чиқиб келганман ва Ўзбек хизмати бошлиқлари ва журналистлари билан кўп марта бахслашганман. Бахсларимиз жиддийлашиб Адолат Нажимова ва Замира Эшоновалар мени ишдан хайдаш ҳаракатида юришарди. Ва оғир касал ётган пайтим мени ишдан четлаштиришга ҳаракат килишди ва бунга эришдилар ҳам. Улар мени бутунлай хуқуқсиз ва қонуний моддий ёрдам- компенсасиясиз ишдан бўшатишга муваффак бўлдилар.Адолат Нажимова гўё мени даволанишимга ёрдам бергани келгани пайтиек мени касал холимда дарҳол ишдан хайдаб юбориши мумкин эди.У шунга ҳаракат қилган. Бюро админицтраторидан «Раҳматжонни качон ишдан хайдаш мумкин» деб сўраган.Администратор эса унга Ўзбекистон қонунларини тушунтирган.

 

Адолат Нажимова ҳар доим Ўзбекистондаги сиёсий тузумни диктатура деб атар ва Ўзбекистонда қонунларга риоя қилинмайди деб гапирарди.Лекин касал бўлиб оғир ҳолатга тушган пайтим мени мени Ўзбекистон қонунлари сақлаб қолди. Адолат Нажимова эса Ўзбек хизматида ўзи яратган «қонун» бўйича мени ишдан хайдамоқчи эди.Маълумки, «Озодлик» радиоси Тошкент бюроси Ўзбекистон қонунлари бўйича ишлайди. Ўзбекистон қонунларида касалланган ходимга ишхонаси олти ойгача иш хақини тўлаб туради. Олти ойдан кейин эса ходим ўз хисобидан академик отпуска олиши мумкин. Адолат эса касал пайтим ва касалимга ташхис қўйилмаган ва даволанишга улгурмаган пайтим мени ишдан ҳайдаб юбормоқчи бўлди. Мен Адолат тимсолида кўрган «Озодлик»  радиоси қонуни бўйича касалланган ходимни дарҳол ишдан бўшатиб юбориш мумкин экан. А. Нажимова «Озодлик» радиосида қонун- МЕН ман!»-деган гапни такрорлашни яхши курарди.

 

Мен 1996 йилдан,Тошкентда «Озодлик»  радиоси ўз бюросини очганидан то 2005 йилгача- бюро ёпилгунича шу радиода ишладим. Қарийб 10 йил давомида Тошкент бюросида икки марта радиога зиён келтирган кризис бўлди. Биринчи кризис Ўзбек хизматига Ёқуб Турон директор булган пайти содир бўлди. Келиб чиқиши чет эллик булган Ёқуб Турон юмшоқкўнгил, ишонувчан ва сентиментал шахс эди. У радио ишини бутунлай Замира Эшонова ва ўша пайтдаги Тошкент Бюроси бошлиғи Ф. Яквалхужаевга топшириб қўйди. Улар эса радиони кризисга дучор қилишди. Бу кризис нимадан иборат эди? Фурқат ва Замира маҳаллий ўзбек радиосидан иккита мухбирни стрингерликка олишди.

 

Бу иккала мухбир махаллий радионинг ахборот бўлимида ишларди. Улар маҳаллий радиода берилган қуруқ ва қизиқарсиз Ўзбекистон хабарларини шундоқ аудиокасетага ёзиб олиб «Озодлик»  радиосига олиб келишарди. Фурқат эса аллақачон маҳаллий радиода бериб бўлинган оддий янгиликларни Прагага – Замирага жўнатарди, Замира эса «Озодлик»  радиоси тингловчиси учун қизиғи йўқ ва эскириб улгурган янгиликларни эфирга узатарди. Бу нарса бир неча йиллар давом этди.Тингловчилар орасида бундай кўзбуямачиликка нисбатан норозилик кучайди.Улар нега кеча маҳаллий радиода эшиттирилган хабарларни  бир кун ўтиб «Озодлик» да берасизлар деган мазмунда радиога хатлар ёза бошлашди. Ўшандай хатларнинг бир нечтаси хозир ҳам менда сақланади.

    

«Озодлик»  радиосида мухолифат вакиллари ва инсон хуқуқлари ҳимоячилари билан муносабат килиш қийин. Улар интеръвю бериб Ўзбекистонни қаттиқ танқид килишади. Замира ва Яквалхужаев мухолифат ва инсон хуқуқларини объектив масала –Ўзбекистондаги вазиятни таҳлил қилиш ишидан чалғитишнинг ажойиб усулини топишди. Улар атайлаб Ўзбекистондаги мухолифат партиялар ва инсон хуқуқлари Ташкилотларини бир-бирлари билан уриштириб қўйдилар ва уларнинг жанжаллари учун радио минбарини катта қилиб очиб қўйдилар. Бояқиш радио мухбирлари томонидан атайлаб уриштириб қўйилган мухолифатчилар ва инсон хуқуқлари ҳимоячилари ўзларининг асосий вазифаларини унутиб, ўзаро жанжални бошлаб юбордилар. Замира Эшонова ва Фурқат Яквалхужаев бу жанжалларни доимо эфирга узатиб ўзаро жанжални янада қизитиб турдилар. Окибатда тингловчилар наздида биринчи навбатда мухолифатчилар ва инсон хуқуқлари Ташкилотларининг обрўйи тушди. Радио эса ўзининг тингловчиларини йўқотди. Радионинг АҚШлик раҳбарлари эса ўзбекчани билмайдилар ва Ўзбек хизматида радио миссияси қўпол равишда бузилаётгнлигидан хабарлари йўқ.

Очиқ айтишим мумкин, радиодаги бу кризисга, миссиянинг қўпол равишда бузилишга мен ва яна бир журналист кескин норозилик билдирдик. Норозилигимиз раҳбарларга етиб борди ва улар Ўзбек хизмати бошлиғи Ёқуб Турон ва ошкент Бюроси бошлиғи Ф. Яквалхужаевни ишдан олишди. Замира Эшонова эса жазоланмай қолди.  Холбуки мухолифат ва инсон хуқуқлари Ташкилотларини атай уриштириб қўйган ва улар орасидаги жанжалларни эфирга олиб чиккан Замира Эшонова эди.

 

Фурқат Яквалхужаев ва Ёқуб Туронлар ишдан бўшатилганидан кейин Тошкент бюросига бошлиқ этиб тилшунос олим Азиз Жўраев тайинланди. Азиз Жўраев бутун кучини ишлатиб радиони синдириш ҳаракатини бошлаб юборди. Доимий равишда сиёсий цензура билан шуғуллана бошлади. Ўзбекистон демократик кучлари ва инсон хуқуқлари вакилларидан интеръвю олишимизни таъқиқлаб қўйди. Тез орада Ўзбекистондаги барча демократик кучлар ва инсон хуқуқлари Ташкилотлари радиога бойкот эълон килдилар. Шунингдек Азиз Жўраев радиони кучсизлантириш максадида бюродаги ва ҳатто Прагадаги журналистларни бир-бири билан уриштириб қўйди. Азиз Жўраев Тошкент бюроси бошлиғи пайти жуда кўп журналистлар бир-бири билан уришиб қолди ва бир-бири билан гаплашмай қўйди. Тошкент бюросидаги энг етакчи журналистларни ишдан хайдашга киришди.

 

Ўша пайти Тошкент бюросининг энг етакчи ва профессионал журналисти Бобомурод Абдуллаев эди. Буни биз журналистлар ҳам ва тингловчилар ҳам тан оларди.  Азиз Жўраев айнан Бобомурод Абдуллаевга қарши провакацияларни бошлаб юборди. Нима қилиб бўлса ҳам уни ишдан хайдашга ҳаракат килди. Ўша пайтдаги Ўзбек хизмати бошлиғи Карлсонга Б. Абдуллаевни ёмонлаб хатлар ёзди. Бечора бўлаётган ишлар моҳиятини тушунмайдиган кекса Карлсон Бобомурод Абдуллаевни ишдан ҳайдашга буйруқ бериб юборди. Замира Эшонова ва Адолат Нажимовалар Б.Абдуллаев радионинг энг истеъдодли журналисти эканлигини яхши биларди. Агар улар Б.Абдуллаевнини ҳимоя қилиб радио бошлиқларига бир оғиз «Бобомурод радиодаги энг яхши журналист, Азиз Жўраев унга қарши провакация қиляпти деганида Б. Абдуллаев ишдан хайдалмаган бўларди. Б. Абдуллаевни биз- Тошкент бюросидаги журналистлар ҳимоя килдик. Бобомуродга қарши А. Жўраев провакациялар вилаётганлигини радио бошлиқларига етказдик. Улар хақиқий аҳволни текшириб кўришди. Ва А. Жўраевни ишдан бўшатиб юборишди. Лекин унгача Азиз Жўраев Бобомурод Абдуллаевни ишдан хайдаб улгурган эди.

 

Энди радионинг Наманганлик ҳамкори Носир Зокирни камалишини олайлик.

     

Хўш Носир Зокирни ким қамади?

 

Носир Зокир «Озодлик»  радиосида шаклланган нохолис журналистика ва журналистлар орасидаги ўзаро низолар қурбони бўлди.

 

Носир Зокирни ўз ҳамкасблари қамоққа тиқишди. Тасодифан эмас, балки онгли равишда қамоққа тиқишди.

     

Носир Зокир қамалмаслиги мумкин эди. Лекин у қамалди. Носир Зокирни ўз ҳамкасблари қамалишини истаган эди ва шу боис у қамалди.

     

Носир Зокирни хатосидан фойдаланиб ўз ҳамкасблари  темир панжара ортига жўнатишди.

     

Носир Зокир Андижон воқеаларига багишланган эшиттириши учун қамалди.

     

Носир Зокирни Андижон воқеаларига бағишланган эшиттиришида бир маҳаллий шоирнинг « Ўз халқингни отма болам, Ислом Каримни от болам», деган мисралари бор эди.  «Озодлик» радиоси миссиясида ва умуман жаҳон журналистикасида қон тўкишга, бировни отиб ўлдиришга, низо чиқаришга даъват килиш катъиан ман этилади.

 

Балки Носир Зокир кайсидир маҳаллий шоирдан ёзиб олгани шеърда юқорида келтирганимиз икки мисра радио миссиясига умуман тўғри келмаслигини ва бундай бировни отишга даъват қилгани учун қамалиши мумкинлигини сезмагандир. Балки Носир Зокир дунёдаги энг қудратли давлат радиосида ишлайман, шунинг учун оғзимга келган гапни гапиришим мумкин деб ўйлагандир. Хуллас,Ўзбекистон президентини отишга, ўлдиришга даъват вилинган эшиттиришини Носир Зокир Тошкент бюросига жўнатган.Ўшанда мен – бюро бошлиғи шифохонада эдим. Радио бошлиқлари эса ўрнимга масъул қилиб бошқа журналистни тайинламаган эди. Хуллас, Тошкент бюросидаги журналистлар Носир Зокирнинг эшиттиришини Прага офисига жўнатишган. Прага офисида ўтирган масъул бу эшиттириши учун Носир Зокир қамалиб кетишини жуда яхши билган. Ва,шу нарсани билгани ҳолда, эшиттиришни эфирга қўйган. Бу вақтда Ўзбек хизматида Адолат Нажимова бошлиқ эди. Айтишларича, Носир Зокирни қамалишига асос бўлган эшиттиришни эфирга узатилишига Ҳурмат Бобожон рухсат берган.

        

Демак, «Озодлик»  радиосининг Прага офиси журналисти Ҳурмат Бобожон ўз ҳамкаси Носир Зокирни атайлаб қамалишига йўл очиб берган.

 

Тўққиз йил «Озодлик» радиоси Тошкет бюросида ишладим.Аввал етакчи журналист эдим,кейин бюро бошлиғи бўлдим. Бюрода ахил ва кучли коллектив пайдо килдим. Мен бошлиқ булган йиллар радионинг тингловчилар орасидаги обруйи ошиб кетди. Туккиз йил радио миссиясига халол хизмат килдим. Бирон марта ҳам миссияга хилоф иш килмадим. Туккиз йил давомида бирон марта ҳам отпускага чикмадим. Хар гал отпускага чикмокчи булганимда Прагадаги бошлиқларим отпускага чикмай туринг,бюрода урнингизни босадиган журналист йўқ,иш тухтаб колади дейишарди. Кейин касал бўлдим. Бошлиқларим касал булган захотим хали касалимга ташхис қўйилмай ва хали даволанишга улгирмай мени ишдан бўшатиб юбормокчи бўлишди. Лекин Ўзбекистон мехнат қонунлари буйича касал ишчи олти ойгача ойлик олгани холда ишлаймай даволаниши мумкин экан.Радио касал юрган пайтим мажбур менга ойлик тулади. Кейин эса Москвадаги Бурденко номли илмий текшириш институти реанимациясида бехуш ётган пайтим ишдан бўшатиб юборишди. Ишдан бўшатилган ходимга радио қонуни буйича икки ойлик иш хаки туланиши лозим эди. Менга шу қонуний хакимни ҳам тулашмади.

 

Тошкент бюроси епилганидан кейин шу бюрода ишлаганларга компецасия тулаш хақида қарор килишди. Менга эса компенсация тулашни рад эдишди. Холбуки мен Москвадан даволаниб қайтиб радиода стрингер сифатида иш бошлагандим. «Озодлик»  радиосида туккиз йил халол ишлаб охири топганим хакорат ва хурлик ва кашшоклик бўлди. Мен ўз уйимни гаровга қўйиб Москвага даволангани борган эдим. Радио бошлиқлари касаллигим ташхиси билан ҳам қизиқиб куришмади. Балки Америка демократияси табиати шундайдир. Яъни ким бу демократия ғоясига халол хизмат қилса охири хор бўлади.

   

Нима учун америка демократиясми Ўзбекистонда эътибор козона олмади?

   

Бунинг кўплаб сабаблари бор албатта. Шундай сабаблардан бири «Озодлик»  радиоси ўзбек хизмати ўз миссиясини бажара олмаганликда десак хато килмаган буламиз. Айнан «Озодлик»  радиоси ўзбек хизмати Ўзбекистон халқи ва ҳукумати орасида демократия ғояларини тарғиб килгувчи ва ва бу ғоянинг афзаллигига ишонтиргувчи минбар эди. Лекин бу минбар,яъни «Озодлик»  радиоси ички зиддиятлар,кариндош-уругчилик манфаатлари,молиявий фирибгарликлар,кадрлар сиесатидаги хатоликлар турига илиниб колиб ўз миссиясини бажара олмади.

     

Демократия ғояси кимнидир хакорат килиш оркали тарғиб килинмайди. Ўзбекистонда Демократик ғояларни тарғиб килгувчи «Озодлик»  радиоси эшиттиришлари хакорат охангида тайёрланар эди.Бир гал журналистлардан бири  ўз эшиттиришида»Ўзбек халқи қўй,президент Каримов кассаб» деган гапни ишлатди. Хуш,бу гапда демократия нафаси сезиладими? Ҳам халқ,ҳам президент хакорат килинаётган бу гапнинг нимаси демократияга измат килади.. Мана шу хакоратли гапни Прагадаги ходимлар бемалол эфирга қўйиб юборишди. Мен бундай хакорат жумлалар эфирга қўйилишига қарши чиккан эдим.Бундай хакорат гаплар ўзбек халқи орасида радиога ва Америка демократиясига нисбатан ёмон фикрлар уйготади.Радиодаги бундай эшиттиришлар эшитган тингловчи демократияч бу бир-бирини хакорат килиш эканда деб уйлайди дегандим. Шунда Ўктам Каримов «Ўзбек халқи қўй, президент Каримов кассоб» деган гапни бемалол эфирга қўйса бўлади. Бундай гаплар радиомизни тингловчилар орасида реклама килади”» деганди.

     

Лекин аслида бу каби хакорат гаплар радио обрусини тушириб юборишини негадир сезишмасди .Айнан юкоридаги хакорат гаплар сабаб ўзбек амалдорлари, сиёсий кузатувчилар.зиелилар,олимилар,сиёсий партия вакиллари «Озодлик»  мухбирига интеръвю беришдан узини олиб кочарди. Улар бизга очик айтишарди: «Нега журналистик этикани бузиб уз эфирларингда энг катта давлат рахбарларини хам хакорат килаверасизлар”, деб. Кейин радио мухбирлари хар кандай мавзу буйича оз сонли мухолифат вакилларига хар куни бир неча мартта мурожаат килишга мажбур булардик.Хар кандай мухолифат вакили еки инсон хукуклари химоячиси «Озодлик»  радиосига интерью беришни хохлайди. Лекин унга хар кандай мавзу буйича кунда ва кун аро мурожжат килинаверинса мухолифатчининг хам гапиргани гапи колмайди еки куча айтган гапини бугун хам такрорлаб куя колади. Одатда шундай буларди.

 

Баъзан битта мухолифат еки инсон хукуклари вакилининг радионинг бир кунлик эфирида икки ва ҳатто учта эшиттиришида овози эфирга узатиларди. «Озодлик»  радиоси мухолифат учун хам очик минбар. Лекин мухолифатчига бир кунда икки-уч марттадан микрофон тутаверсангиз у хам интерьвю беришдан зерикади. Кечаги айтган гапини бугун такрорлашга мажбур булади. Баъзан шундай булардики,сиесат узок,факат уз мутахассислари тушинадиган мавзуларда хам мухолифатчидан фикр сураларди.Бечора мухолифатчи «Мен бу мавзуни билмайман» деса хам «Келинг,бир оги нимадир деб юборинг» деб «Озодлик»  мухбири уни мажбурлашга тушарди. Охири бечора мухолифатчи узи яхши тушинмайдиган мавзуда чала ва саёз фикр айтишга мажбур бўларди. Бу нарса эса тингловчилар назарида мухолифатчининг хам обрўйи тушишга олиб келарди. Юқорида айтганимдек, радиода шаклланган шахсни ҳақорат қилиш услуби Ўзбек чиновникларири у ёкда турсин, ҳатто оддий ўзбек олими ва зиёлисини чўчитиб қўйганди, улар хам «Озодлик»  радиосига интерьвю беришдан чўчиб қолишганди. Ўзбек хизматининг Прага офиси мухбири Ўктам Каримов «Ўзбек халқи қўй, президент қассоб» деган гапни эфирда бериш мумкин, бу гап радиони реклама қилади деганда масаланинг бу томонини яхши англамаган чоғи. Бундай ҳақоратли эшиттиришлар сабаб Ўзбекистондаги жуда кўп соха мутахассислари «Озодлик»  радиосига интерьвю беришдан ўзини олиб қочишини билмас.

  

«Озодлик»  мухбирлари ўз эшиттиришларида ўз радиоси миссияларини доимий равишда қўпол равишда бузиб келардилар. Уларнинг онгида «Дунедаги энг қудратли давлат радиосида ишлаймиз ва демак оғзимизга келган гапни гапиришимиз мумкин» деган ақида ўрнашиб қолганди. Мен кўп марта радио бировни ҳақоратлаш, кимнидир шахсини ерга уриш услубидан воз кечиш керак. Бу нарса халқ ва ҳукумат орасида радиога, Америка мамлакатига ва умуман демократия ғоясига нисбатан нафрат уйғотади, радио миссиясида демократия  шахсларни ҳақорат қилиш орқали тарғиб қилинади деган гап йўқ», дердим. Бу гапларимни эшитган Прагадаги ходимлар «Ҳукуматга сотилдингизми»? дерди.Ахир юқорида айтганим Наманганлик ҳамкоримиз Носир Зокир ўз эшиттиришида Ўзбекистон президентини отиб ўлдиришга даъват қиляпти. Унинг бу эшиттиришини Прагадаги ходим Ҳурмат Бобожонов бемалол эфирга узатяпти.

   

«Озодлик»  радиоси ичида Тошкент бюроси журналистларига нисбатан диктаторларча муносабатда бўлишарди, уларни қонунга хилоф равишда стрингер мақомида ушлаб турганлари ҳолда бир кунда 12-14 соатлаб ишлатишарди. Хўш, ўзи диктатура ботқоғига ботган ва ўзи ўз ходимларига нисбатан адолатсизлик қиладиган ва ўз эшиттиришларида шахсларни бемалол хақорат киладиган радио Ўзбек халқи орасида демократияни қандай тарғиб килсин? Бундай усул Ўзбек халқи орасида Америка демократиясига нисбатан нафрат пайдо қилади. Ҳар ҳолда Америка демократияси ўзбек халқи орасида эътибор козона олмади. Бунга айнан Америка демократиясини тарғиб киладиган «Озодлик»  радиоси Ўзбек хизмати ҳам сабабчидир.

      

Прага офиси ходими Ўктам Каримов хар доим: «Тайёрлаган хар бир эшиттиришларинг Ўзбекистон ҳукумати ичида помбадай портласин» дерди. Адолат Нажимова эса  «Ўз эшиттиришларинг билан Ўзбекистон ҳукуматини ёкиб юборинглар» деган гапни кўп такрорларди. Мен уларга: «Озодлик»  радиоси ҳарбий-террористик радио эмас.Аксинча радио хеч кимни хақорат қилмай, чиройли услубда демократияни тарғиб қилиши лозим» деб эътироз билдирардим.

   

Хуллас радио менга нисбатан қўйидаги ноҳақликларни қилди:

 

1. Мени стрингер сифатида ишга қабул килишган бўлса ҳам ҳар куни ишга келишга ва 12-14 соатлаб ишлашга мажбур қилишди. Маълумки стрингер учун меҳнат отпускаси ва бошқа имтиёзлар йўқ. Стрингер ёлланма ишчидай бир гап.

 

2.Оғир касалга чалинган пайтим радио бошлиқлари қандай касалга чалинганим билан қизиқмади, касал холимда – ҳали касалимга ташхис қўйилмай туриб ишдан хайдамоқчи бўлишди. Ҳолбуки мен тўрт ой ичида уч марта оғир операцияни бошдан кечирдим. Улар тузалишимга ёрдам бериш тугул, бир огиз ширин сўзларини ҳам аяшди.

 

3 .Ишдан бўшатилган ходимга то у янги иш топгунча уч ойлик иш хақи тўланиши лозим эди. Менга шу хақ тўланмади.

 

4. Ҳали касалимга ташхис қўйилмай туриб радио раҳбарияти менга тузалишга икки ой муддат беришди. Агар икки ой ичида тузалмасанг, ишдан хайдаласан дейишди ва айтганини қилишди: яъни Москвадаги Бурденко номли нейрохирургия илмий текшириш институти реанимациясида хушсиз ётган пайтим ишдан бўшатиб юборишди.

 

5.Хозирги ҳолатим шундай. Москвада даволаниш учун пулим етмай яшаб турган уйимни гаровга қўйишга мажбур бўлдим. Касалим жиддий экан, охиригача тузалмадим, ногирон бўлиб қолдим. Радио эса қонуний хақимни ҳам тўламай мени ишдан бўшатиб юборди. Мен туққиз йил Америка демократиясига ҳалол ва виждонан хизмат килдим, бир кунда 12-14 соатлаб ишлаб соглиғимни бой бердим, ногирон бўлиб қолдим. Радио эса менга бирор ёрдам бериш тугул, ҳатто бир оғиз  ширин сўзини айтмай, қонуний хақимни тўламай ишдан бўшатиб юборди.

    

Мен «Озодлик»  радиосида кўрган Америка демократияси хақиқатдан ҳам ёвуз тузум эди. Мен ана шу ёвуз тузумнинг қурбони бўлдим.

    

Менинг қурбон бўлишим кичкина ҳодиса. Энг ёмони шуки, «Озодлик»  радиоси ўзбек хизмати ўз миссиясини бажара олмади ва аксинчаЎзбекистонда Америка демократиясига нисбатан нафрат пайдо килди.

       

 «Озодлик»  радиоси Ўзбек хизматида келиб чикаётган ҳамма муаммоларнинг илдизи битта. Ҳамма гап шундаки, Ўзбек хизмати бошлиқлари ва етакчи журналистлари Тошкент бюросидаги вазият хақида радионинг АҚШлик рахбарларига нотўғри маълумот етказиб, уларни ноҳак карор чиқаришига сабабчи бўлишади.

   

Масалан. Юқорида айтганим, ўз вақтида Ф.Яквалхужаев ва З.Эшоновалар атайлаб эфирда Ўзбекистон мухолифатчилари ва инсон хуқуқлари ташкилоти факилларини уриштириб қўйди. Ўзбек хизмати эфири кераксиз жанжаллар билан тўлди. Шунингдек улар махаллий радиодан эфирга узатиб бўлинган, эскирган ва кераксиз хабарларни  «Озодлик»  радиоси ўзбек хизмати эфирларида ҳам бериб бордилар. Бу кўзбўямачилик йиллар давомида давом этди. Шунингдек бу даврда З.Эшонова ташаббуси билан кўплаб бюртма-ёлғон хабарлар эфирга узатилди. Буюртма-ёлғон маълумотларни эфирга узатиш А.Жўраев бюро бошлиғи бўлган даврда ҳам давом эди. Радио миссиясига тўғри келмайдиган бу нарсани рахбарларга етказишмаган.

 

Яна. Азиз Жўраев Тошкент бюроси рахбари бўлганида сиёсий цензура билан шуғулланди, атай журналистларни бир-бири билан уриштириб радио ичида носоғлом мухит яратди, энг истеъдодли журналистларга варши провакациялар уюштириб уларни ишдан хайдашга ҳаракат килди. Тошкент бюросининг энг истеъдодли журналисти Б.Абдуллаевни ишдан ҳайдашга эришди. Лекин бу ҳодисаларни ўз кўзи билан кўриб турган Прага офиси етакчи журналистлари Тошкент бюросидаги хақиқий аҳволни радионинг АҚШлик рахбарларидан яширдилар. Аксинча уларга нотўғри маълумотлар етказдилар.Адолат Нажимова хасталигим огирлигини ўз кўзи билан кўрди. Ва оғир ҳолатимдан фойдаланиб менга рухий босимлар ўтказди, ишдан кетишим хақида ариза ёзишга мажбурлади. Лекин радионинг ўша пайтдаги президенти Томас Дайнга: Докторлар билан гаплашдим, Раҳматжоннинг касали оғир эмас, Раҳматжонга ўзим ёрдам кўрсатяпман, деб маълумот жўнатди. Ундан аввалрок касаллигим хуруж қилиб Прагага – Бюро бошлиқлари семинарига боролмаганимда эса «Раҳматжон самолётда учишдан қўрқади, шунинг учун семинарга келмади» деб ёлғон хабар берди.

 

Радионинг АҚШлик бошлиқлари эса мендан ғазабланиб, «Семинарга келмайдиган бюро бошлиги ишдан олиниши керак» деб хулоса килишди. Шунингдек, А.Нажимова Тошкент офиси журналистларини ҳақорат килар, уларга диктаторларча муносабатда бўлар, стрингерларни ҳам ҳар куни ишга келишга ва 12-14 соатлаб ишлашга мажбур қиларди.Ўзбек жамиятини яхши билмагани учун муҳим мавзуда тайёерланган материалларимизни эфирга узатмасди. Адолатнинг бу ноқонуний ишларини Прага офисидаги журналистлар яхши биларди, лекин хеч қайси радио бошлиқларига хақиқий вазият тўғрисида хабар бермасди.

  

Мен «Озодлик»  радиоси ва у тарғиб қилмоқчи бўлган ғояларга асло қарши эмасман. Аксинча мен шу ғояга 9 йил ҳар куни 12-14 соатдан ҳалол хизмат қилдим.

  

Ҳар қандай ОАВ ходимини хизмат фаолиятини бажариш йўлида касалликка чалинса унга ғамхўрлик курсатади, даволвнишига ёрдам беради, нафақага чиқаради. Менинг касалимга эса «Озодлик»  радиоси рахбарлари на қизиқди ва на ёрдам берди.

    

Мен ҳозирги пайтда ногирон бўлиб қолдим. Ишлай олмайман. «Озодлик»  радиоси мени кўп йиллар стрингер сифатида хужжатлаштириб, мухбир сифатида ишлатган. «Озодлик» да стрингер бўлиб ишлаган даврим меҳнат стажига кирмайди. Пенсия ёки нафақага чиқишимда ҳам муамммоларга дуч келаман.

   

Ҳукумат «Озодлик»  радиоси мухбири деган “тамға” босилган шахсга ҳеч қачон ёрдам бермайди.

   

Москвада даволанишга бор пулим кетди, етмаганига уйимни гаровга қўйдим. Бу – «Озодлик»  радиосидаги қарийб ўн йиллик меҳнатим натижасидир.

   

 «Озодлик»  радиоси Ўзбек  хизматида ана шундай ноҳақликлар содир бўлаётганлигини кенг жамоатчилик билсин. Ҳолбуки бу радио инсонпарварлик ва конун устиворлиги ғоясини бутун дунёга тарғиб қилишни мақсад қилиб олган.

  

Юқорида ёзганларимдан келиб чиқиб, менга етказилган маънавий зарар учун «Озодлик»  радиосидан 20 минга АҚШ доллари талаб қиламан.

Раҳматжон Қулдошев.