Холдор Вулқон

 

Тонгни кутиб

 

 

 

Қиш симфонияси

 

Ёп ёруғ зулмат ичра

Қора рангли қорлар ёққанда,

Мен қоронғу хонага кириб,

Печкага қалайман оппоқ кўмирни.

Сўнра ёғаётган қора қорларга

Деразадан ғамгин термулиб,

Сен яхши деган ёмон одамлар ҳақида,

Сен ёмон деган яхши одамлар ҳақида

Ўйлай бошлайман.

Шундай қаршилайман қора тонгларни...

 

Шукрона

 

Оллоҳим, анави ён қўшним борку,

Ўшандан дегин

Белкурак олувдим ер ағдаргани.

У бўлса икки соат ўтмай

Берган белкурагин сўраб чиқибди.

Сен бўлсанг

Белкуракдан афзал қўлларимни

Мана қирқ йилдирки

Қайтариб бер дея қистаб келмайсан.

Яқинда солиқ идорасидан

“Горгаз”дан, “электросет”дан

Одамлар келди

Семиз семиз попка кўтариб

Тўлов миқдорини эшитгач

Хушдан кетай дедим кўкариб.

Оллоҳим, яхшиямки фаришталаринг

Семиз семиз попка қўлтиқлаб

Ёмғир, шамол, қуёш ҳақини

Суриштириб келмас уюмга

Яхшиямки нафас йўлимга

Ҳаво ҳисоблагич ўрнатмагансан.

 

Абдуллага...

 

Кимлардир, мадҳия, одалар ёзиб,

Ватанни мақтаса, кўкка кўтарса,

Хушёр бўл ўғлим.

Чунки одатда

Нарсани мақтарлар сотиш олдидан.

 

Ватан

 

Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман Ватан,

То абад бошинг омон бўлсин, товонингман Ватан.

 

Барча яхши, барча оқил, барча доно файласуф,

Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман Ватан.

 

Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг минглаб шоқол,

То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман Ватан.

 

Барча жим, тилсиз пусиб, мум тишлаганда ҳайқириб,

Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман Ватан.

 

Бўлмасин оввора ёв, ойболта қайраб қатлима,

Қатл этиб ўлдирса ҳам, ўлмас омонингман Ватан.

 

Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардин баланд,

Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман Ватан.

 

ххх

 

Қуръонлар кўмилиб, қулаб масжидлар

Халқнинг қонин сўрди қизил оч битлар.

Бугун динга кирди ҳаттоки итлар,

Қудратингга қойил Парвардигорим.

 

 

Ишонган шоҳимиз ёвларга малай,

Айт энди мен кимнинг оёғин ялай?

Ватанни бой бериб қўйдик ҳар қалай,

Қудратингга қойил Парвардигорим!

 

Қодирийни қийнаб, сотганлар қани?!

Чўлпоннинг қонига ботганлар қани?!

Зобитлар ёт деса ётганлар қани?!

Қудратингга қойил Парвардигорим!

 

Қулоғи шалпайган бу содда қўйлар

Қизил қаришқани чўпон деб ўйлар.

Вулқон энди дардин кимларга сўйлар?

Қудратингга қойил Парвардигорим!

 

Яхшимаси?

 

Оллоҳ дилингда бўлса ҳамхона яхшимасми?

Ҳақ йўлида қамалсанг зиндона яхшимасми?

Масжидди аҳли  жоҳил, машғули ғийбат ўлса,

Ул жойи хонақодан майхона яхшимасми?

 

Бошингга тушса кулфат, асқотмаса қариндош,

Ундай хеш ақрабодан бегона яхшимасми?

Иблисга дўсту содиқ ёлғончи олимингдан

Хилватда Ҳақни севган девона яхшимасми?

 

Ҳақ нуридан юзингни зулмат томон ўгирдинг,

Сендан қаноти куйган парвона яхшимасми?

Вулқон сотилмаган деб, бежиз отилмаган деб,

Йиғлаб кўмишса тунда, пинҳона яхшимасми?