ЗЎРНИКИ ТЕГИРМОН

ЮРҒИЗАДИ

Озодлик мавзусида

 

Маълумки, Ғарбнинг демократиясидан фойдаланиб, “Озодлик” радиосига ўрнашиб олган ва эркинликни “туя” қилаётган сўзбўямачи, яъни айрим “мустақил” журналистлар Демократик Ўзбекистон Конгресси сайтидаги танқидлар учун каримовчасига таъқиб ўрнатиб, ДЎК фаолларини эфирга яқин йўлатмай қўйгандилар.  Жумладан, “Бирдамлик» лидери Баҳодир Чориевдан олинган интервюни эфирга узатмай, бўлим бошлиғи Сожида Жафаровани ва радионинг бутун раҳбариятини ёмон вазиятга солишди. Ҳатто “шайтон шаҳри” деган ном ҳам олишди.  Гап шундаки, улар бир неча ойдан бери ўжарлик қилишаётган ва ҳатто Баҳодир Чориев очлик эълон қилганига қарамай ҳам у билан  суҳбатни кўрпачаларининг тагида сақлашаётган эдилар.

 

9 Май куни Вашингтонда Андижон воқеаларига бағишлаб ўтказилган конференсияда мазкур анжуман ташкилотчиларидан бири бўлган Озодликрадиоси ва унинг назоратчиси BBG - Халқаро эшиттиришлар бошқармаси раҳбарияти ёмон вазиятга тушди. Баҳодир Чориевнинг биз Каримов сензурасига қарши курашайликми ёки Озодликрадиосидаги сензурагами деган гапи қатнашчиларнинг кулгисига боис бўлди ва радио раҳбарияти оғир аҳволга тушиб, биз ҳаммага бирдек минбар беришни йўлга қўямиз деган ваъдани берди. (“Озодликкаби ички сензура ўрнатган  Америка овозидагилар сувнинг оқишини сезиб, анжуман бошланишидан олдин Баҳодир Чориевдан интервю олишганди). 

 

Айни масала сенатор Маккейн ва конгрессмен Смит ҳузурида ҳам кўтарилди. ДЎК раиси Жаҳонгир Маматовнинг саволига жавоб беролмаган сенатор Маккейн бу шайтоний шаҳарда бўлаётган нарсаларга жавоб бера олмайман деб радио раҳбариятига қаради ва яна ҳамма кулиб юборди. Шундан кейин “Озодлик” радиосининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича дирекори Донна Блак (Donna Black) Жаҳонгир Маматов ҳузурига келиб, шу ернинг ўзида Халқарo эшиттиришлар бошқармаси раҳбаридан топшириқ олишгани ва 15 кун ичида радиода тартиб ўрнатилажагини айтди. Айни масала билан қизиқиб қолган конгрессмен Смит Жаҳонгир Маматов ва Баҳодир Чориев билан алоҳида суҳбатлашиб, “Озодлик” радиоси Ўзбек бўлими фаолияти ҳақида ёзма равишда маълумот беришни сўради ва бу масалани шундай қолдирмаслигини билдирди.

 

Ушбу анжуманнинг эртасига эрталаб, “Озодлик” радиосидан Ҳурмат Бобожонов  (Баҳодир Чориевнинг кескин танқидларига учраган Бобожоновлардан бири, иккинчиси Шуҳрат Бобожонов ҳали ҳам бир ёқламалик, маҳаллийчиликни “байроқ” қилиб, қумдан қўрғон қуриш қабилида иш тутмоқда) телефон қилиб, аввалига бироз нолиб,  кейин суҳбат олди ва дарҳол эфирга берди. Демак, радио раҳбарияти таъзирини олган ва зўр бўлиб, ишга киришган кўринади. Шундан кейингина Баҳодир Чориевдан суҳбат олинди. Зўрники тегирмон юрғизади деб мана буни айтадилар.

 

“Озодлик” радиосидагиларнинг “мустақил” ўйинчилигидан бошқа куйганлар ҳам кўп экан. Бунга 7 Май куни эълон қилинган мақоладан олинган мана бу парча бир мисол׃

 

“Дарвоке, нега сиз ва тарафдорларингизни эфирда учратмаймиз?
-«Озодлик» ва «Би-би-си» студиялари олдинги холислик, қарашлар хилма-хиллиги каби сифатларини бой беришган. Энди улар ўзбек мухолифатининг муайян бир гуруҳи минбарига айланишди ва бир ёқламаликда маҳаллий матбуотдан ҳам ўтиб тушишмоқда.
-Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
-Тарафкашлик. Маҳаллий матбуотни ҳукумат цензура қилса, уларни партиямизнинг собиқ раиси цензура қилади. Бу ҳолатни бир студия ходимларининг айнан маҳаллийчиликка муккасидан кетгани, иккинчисининг эса Солиҳнинг ижодига шахсий садоқатлари билан изоҳласа бўлади..
Айни пайтда республикада реал  электоратга эга бўлган чинакам мухолиф кучлар иш олиб бормоқда. Агар буларга ҳам минбар тақдим этилса, эфирдагина яшаётган мухолифат шубҳасиз эстафетадан чиқиб кетади.
-Унда Ғарб демократияси қаёқда қолади?

- Ғарбда қолади-да!.. (Кулади). Дўстларимиз бориб, Ғарб демократияси кўзгусини ҳам хиралаштиргани ачинарли, албатта. Аммо қизиғи бу ҳолат ўша Ғарбга ҳам маъқулга ўхшайди. Акс ҳолда, олдинги анъаналарни йўлга қўйиш қийин эмас…

 ( «Эрк» демократик партияси раиси Самад Мурод билан суҳбат, www.erkinfo.com).

 

Ўзбек бўлими фаолиятидан ана шундай, аслида АҚШни ёмон вазиятга солаётган мисолларни юзлаб келтира оламиз.

 

Вашингтондаги конференсияда ўзаро суҳбатлар давомида яна шу нарса аниқ бўлдики, “Озодлик” радиосининг раҳбарияти мазкур анжуманга Ўзбек бўлимидан таклиф қилиш учун лойиқ одам тополмабди. Улар ҳам бўлимдаги маҳаллийчилик, бирёқламачилик, уйдирмачиликлардан хабардор, аммо радиода янги президент тайинлаш жараёни бораётгани учун ҳеч нарса қила олмаётган эканлар.

 

Радио мухолифатнинг ҳамма қанотлари ва ҳамма учун бирдек бўлиши керак.  Чунки радио у ерда ишлаётганлардан баъзиларининг маҳрига тушган эмас, балки америкаликларнинг пулига ишламоқда ва демократия учун, озодлик, эркинлик учун хизмат қилиши керак.

 

 

ДЎКнинг  АҚШ маркази Матбуот хизмати