ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

 

ВАТАН



Инсоннинг киндик қони оққан ерни Ватан дейдилар. Бу тор маънодаги тушунча ва бу Ватан ҳақидаги ҳақиқатни тўла қамраб ололмаган тушунча. Инсоннинг бешик ва тобут орасидаги йўлини Ватан дейдилар. Бу кенг маънодаги тушунча ва Ватан ҳақидаги ҳақиқатни унуттиришга қаратилган тушунча. Хўш, ундай экан, аслида Ватан нима?


Ватан бир миллатнинг ўзлигини, кимлигини, тилини, маданиятини яшатган ҳудуд. Ватан бир миллат тоғларининг салобатига маҳлиё бўлган, ирмоқларининг  ишидан мусиқалар тинглаган, қушларининг сайрашига маст бўлган, тупроғининг тафтидан умид олган муборак заминдир. Ватан болаликдан онанинг кўзлари каби тийран ва дарин осмон бўлиб кўнгилларга ерлашган, отанинг пешонасидаги реза-реза терларининг қуёшда жимирлашидан камалакка айланиб, дилларда иморат солган ва момоларнинг уйқуларини тонгнинг этагига боғлаб сўзлаб берган ривоятларидаги қаҳрамонларнинг сиймосига айланган чексиз борлиқдир.


Шу маънода биз учун гиёҳлари олтинлардан устун, дарёлари денгизлардан афзал, адирлари дунёнинг не-не кенгликларидан муқаддас бўлган Ватан- Ўзбекистон, Туркистон, Турондир!


Мирзо Улуғбекнинг муборак боши қиличнинг учидан осмоннинг бир бурчига кўчиб, шафаққа айланган кунларда Самарқанддаги минг-минг китобларни нортуяга юклаган Али Қушчи Табризга бориб ерлашаркан, уни Фотиҳ Султон Истанбулга даъват этади ва "Ватанингизни нечун тарк этдингиз?", дея сўрайди. Ўшанда Али Қушчи: "Сиз не замон бошим ўзра қилич ўйнатсангиз ва бу қилич майсаларни қоним билан суғорса, мен ўшанда Ватанни тарк этаман. Ҳозир эса, Аллохга шукр-ки, Ватандаман", дея Турк дунёсининг бир бутун Ватан эканлигига ишора этганди.


Ватан...
"Байроғини байроқ қилган"
Қирмизи қондир.
Тупроғини Ватан қилган
Берилган жондир.
Жон бергувчи топилмаса
Ватан Ватан эмасдур.
Тупроқ учун жон бермаса
Оғоч у - у тан эмасдир!


Ҳа, Ватан қаврами, Ватан тушунчаси биримиз учун чор девор билан ўраб олинган ҳовли, яна биримиз учун эса далаларнинг ўртасида колган қишлоқ, яна биримиз учун чегараларига сим тортилган кенглик...


Йўл айрилиқ, умид висоли,
Ч
ўл саробнинг кўзи - жилоли,
Эл хуршиддир, унинг ҳилоли -
Ватан, Ватан!


Ўзбеклар... ўзига бек, ўзлигига соҳиб Ўзбеклар, туркнинг энг қадим ва энг буюк қавми бўлмиш ўзбеклар.


Холида момо улардан бири. У Самарканду шарифда яшарди. Умр йўлдошини "Озодбек босмачининг жосуси" дея отиб ташлашди, болшовойлар. Холида момо "Ватан хоинининг беваси" деб эълон қилинди. У етти боласи билан тарки ватан айлаб йўлга чиқди. Йўллар... Холида момонинг жигаргўшаларини тортиб  олавердилар.

 

У Машҳадга етгунга қадар йўл четига икки боласини кўмди, Табризга қадар яна икки нафарини тупроққа берди, Табриз Истанбул орасидаги йўллар яна икки боласини унинг бағридан ўзиб олдилар. У ёлғиз зурёди билан Истанбулда яшади. Холида момонининг зурёди ва унинг қанча-қанча фарзанду неваралари Америка, Индонезия, Арабистон... дунёга сочилиб кетдилар.

 

Турсунбой қахрамон эса онаси, қариндош уруғлари билан Андижондан Чинга, Шарқий Туркистонга ўтиб кетди. Унинг ҳам отасини ўққа тутишганди. Қашқар, сўнгра Ҳиндистон, ундан кейин Покистон, Афғон, Эрон ва Туркия. Эҳ-ҳе, не азоблар, не айрилиқлар кўрмади бу оила, аммо Ватанни қалбида сақлади.


Бугун Истанбулу Коня, Аданаю Риёд, Вашингтону Нъю-Йоркда шундай  ўзбекларнинг,туркистонликларнинг кўплаб ворислари яшайдилар.

 

Саид Амир Олимхон, Худоёрхоннинг ҳам сулолалари бор бу ерларда. Кўплари ўзбек калимасини сулола номи қилиб олганлар: Рифат Ўзбек, Ҳасан Ўзбек, Мирза Ўзбек... Бир қисмлари Туркистон шаҳарларини ва Ватан бағридаги жой номларини танлаганлар: Бурҳониддин Самарқандий, Аҳад  Андижон, Усмонбек Тошкандий, Саидхўжа Бухорий, Солиҳ Ойнурол... Улар Ватаннинг чироғини ёкиб туриш, соғинч алангасини сўндирмаслик, Ватан номини байроқ қилиб кўтариш туйгусини ўз сулолалари номида ифода этмоқни истаган минг-мингларнинг бир неча нафари, холос.

 

Тўлқин келиб урилган қирғоқ,
Шамол севиб топинган япроқ,
Киндик қоним тўкилган тупрок,
Ватан, Ватан!


Ўзокларга борманг, фақат 1982 йилда Афгонистонда яшаган ўзбеклардан тўрт минг беш юз нафари Туркияга кўчди, яна қанчаси Америкага ерлашди. Американинг биргина Виржиния вилоятида бугун юздан зиёд оила яшайди.

 
Ҳа, бобоюртнинг ариқларида нон оқизган, шамолларида варрак учирган, баҳор кунларида қўлида чучмомо кўтариб, "Бойчечак" ашуласини айтган болалардан тортиб, тоғлардан териб келинадиган ривожу пайкаллардан ўзиб чиқиладиган "Обинаввот"га қадар бу инсонларнинг соғинчи.

 

Не дариғ бир коса тариқдек сочилиб кетдилар дунёга йигирманчи аср аввалида Туркистондан қувилган боболар, момоларимиз...


Бир ҳовуч буғдойдек сочилиб кетдилар курраи заминга Иккинчи Дунё уруши йилларида Ватандан айро тушган салафларимиз.


Бир тутам ушшок каби Эл аталмиш дастурхонидан силкиниб-силкиниб учиб кетдилар дўстларимиз зулм, таъқиб, қувгин дастидан жаҳоннинг етти бурчига.

Турк эдилар... Ўзбекка, Қозоқа, Қирғизга, Туркманга, Озарбайжонга ва Тожикка айландилар. Парчаландилар, парчалангандан сўнг хам. Бирлашмоқ насиб этмади уларга. Душманнинг эмас, бир-бирларининг кўзини ўйишни ўргандилар.


Ўнг кўзи чап кўзин ўйганлар,
Ватанда бир-бирин с
ўйганлар,
Кардошин мозорга қўйганлар,
Ғурбатда бирлашди,
Бирлашмади Ўзбеклар!


Албатта, бу сатрларни ўқиган муҳожир ўзбекларнинг, туғрироғи туркларнинг қалбида йиллардир ухлаб ётган дард дебсинади. Лекин қанчалик оғир ботмасин бу хусусда сўз айтмоқ зарур. Америкага отланар эканман, шу ерда яшаётган ўзбек биродаримизга Туркиядаги ўзбекларнинг тарқоқлигидан сўз очдим, шунда у  жилмайди-да:


-Ҳамшаҳарлар кўп хам тарқоқ эмас. Ҳафтада ёки ойда бир марта гапга, яъни гаштакка тўпланадилар, аммо Ватан ҳақида сўз очилса, дарров қўлларини фотиҳага тортиб, қандайдир юмушни унутганларини баҳона қилиб, даврани тарк этадилар. Ўзоқ йиллар олисдаги КГБдан қўркиб яшадилар, бир-бирларини КГБ жосуси деб ўйладилар. Энди эса узокдаги Каримов ҳукуматидан қўрқадилар. Бир-бирларини Каримовнинг жосуси, деб ўйлайдилар. Ҳақикат ва адолат ана шу қўрқувнинг соясида йўқ бўлди, - деди.


Дарҳақикат, камина ҳам шундай ҳолнинг гувоҳи бўлганим учун унинг мийиғида кулиб қўйишини англадим. Сўнгра у бирданига жиддий тус олиб: 
-Сиз Америкага келаяпсиз. Бу ерда ҳар ким ўзи учун ўзи яшайди. Ватан, миллат тушунчалари бойлик, пул билан ўлчанади. Бой бўлсангиз Ватансевар  ҳисобланасиз, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин қоидаси Америкада ҳукмрон,- деди.


Бу мантикни радиода ишлайдиган дўстимизга гапириб берганимда, у:

-Биласизми, Америкага ўзбеклар асосан Афғонистон ва Туркия орқали келдилар. Ўқимагандилар. Ўқиганлари ҳам бу ерда қайта ўқиш учун имконсиз қолдилар. Натижада фақат кичик тижорат билан банд бўлдилар. Юқорироқ лавозимларга ўтиб ишлаганлар ва ўзбекларнинг бошини қовуштириб, даврасини тузадиганлар, деярли бўлмади, - деди.


Америкага келганимдан кейин бу ерда бошқа халқларнинг яшашига разм солдим. Қарийб ўттиз миллион муҳожир яшайдиган ва Президентининг ибораси билан айтганда "Муҳожирлар мамлакати" бўлган Америкада, унинг ҳар бир шаҳрида "Хитой касабаси", "Испанлар бирлиги", "Эрон хонадони", "Ирок кулбаси", "Араб иттифоқи", "Яхудийлар жамоаси", "Арманилар ҳамкорлиги"... сингари бир қатор номлар билан турли-туман ташкилотлар тузилганини кўрдим. Айниқса украинларнинг "Бандера" ташқилоти катта кучга айланган. Улар нафақат бир миллатни бутунлаштиришга, балки унинг дини, маданияти, анъаналарини Америкада яшатишга хизмат қилади.

 

Улар хар бир муҳожир оиласи билан иш олиб борадилар. Униг дарди, ташвиши, муаммолари билан бир қаторда унинг ўз Ватанига муносабати билан хам қизиқадилар, яъни Америкада ўзларининг асл Ватанлари ва ўз миллатларининг келажаги учун қайғурадилар.

 
Ўзбеклар эса йилда бир тўпланиб, жамият тузиш ўрнига ғавғо билан тарқалиб кетар эканлар. Буниси ҳам ҳолва. Истанбулда бир пайтлар "Туркистон" номи билан жамият тузилган бўлса-да, бугунга келиб қозоқлар, шарқий туркистонликлар, қирғизлар, туркманлар ундан ажралиб кетишганини унинг бирлаштирувчи кучини йўқотганида, деб биладилар. Худди шу манзара Америкада хам мавжуд. Қизиғи шундаки, ким билан суҳбатлашманг, шу ҳақда сўз юритади.


Боши йўқнинг оши йўқ деган мақол бор. Америкадаги ўзбекларни хам  бирлаштирувчи бош, яъни марказий куч йўк. Туғрироги, бундай бош ва куч жуда хам кўп, яъни ҳар бир ўзбек, ўзини бек, ўзини хон, деб хисоблагани учун бошқа бирини на қўллайди ва на бошқа бирининг ёрдамини олади. 

Америкада яшаётган зиёли ўзбеклардан бири :

 
-Илгари ҳамшахарларимиз (Улар ватандош сўзи ўрнига ҳамшахар сўзини қўлланишади - Ж.М.) Ватаним, дея куйиб-пишиб сўз юритардилар. Мана Ўзбекистон мустақил булганига бир неча йилдан ошди, лекин шунга қарамай ҳалигача аксарият ўзбеклар Ўзбекистонни зиёрат этмадилар. Уларнинг иқтисодий имкониятлари етарли, аммо юракдаги имконият ожиз, - деди афсус тортиб.


Мен унга қўшилишдан ва фикрини қўллашдан бошқа бир нарса дея олмадим, чунки у Америкадаги ўзбекларни мендан яхшироқ танийди.


Туркистон тарихининг ўлмас сиймоларидан бири Боймирза Ҳайит жаноблари Каримов хукумати томонидан Ўзбекистондан қувилганларидан кейин 1993 йилнинг 21-мартида Анталия шаҳрида учрашганимизда "Биз халқмиз, аммо Миллат бўлолмадик" дегандилар.

 

Гарчи Боймирза отани Ўзбекистондан қувиб чиқаришганининг ўзи бизнинг кимлигимизни ўртага қўйса-да, ўша пайтда негадир бу гапни оғриниб қабул этдим. Аммо кейинчалик унинг ортидаги ҳақикатни ўргандим. Дарҳақикат, биз ҳалига қадар ўзимизни Миллат деб ҳисобламас эканмиз. Руслар бизни етмиш йил ўзбек халқи дея атадилар. Биз ҳам бунга кўникдик ва халқлигимизча қолдик. Миллат булишимиз учун эса, асримиз аввалида қўлимиздан тортиб олинган Турклигимизни қайтадан танишимиз керак эди. Бунга имкон бермадилар ва бермаяптилар. Шу боис Туркистон деганда қурурланиб, Турк деганда ийманиб "Туркий" калимасини қалкон қилиб юрибмиз.

 
Хуш, қурбатда яшаётган ўзбекларни, яъни туркларни ким, қачон ва нима учун ана шундай туйғудан маҳрум этди? Нега улар бу қадар тарқоқ қолдилар? Бунинг жавоби аниқ: қаерда бўлмасинлар улар Ватаннинг бир парчаси, унинг руҳи билан яшашга мажбурдирлар.  Менинг бу оғир сатрларимни ўқиган муҳожир ўзбеклар дарҳол шу саволни ўртага қўядилар:

 
-Бугунги Ўзбек мухолифати ҳам қурбатда бўлишига қарамай, тарқоқ эмасми?

 

Дарҳақикат, мен ғурбатдаги ўзбеклар ҳақида фикр юритар эканман, бугунги Ўзбек мухолифатини ҳам ундан айирганим йук. Улар ҳам шу дарахтнинг мевалари.

Ватанда тарқоқлик бор экан, унинг сояси Ватандан олисда ҳам ўзини кўрсатади. Ватандан олисдаги инсонлар орасида тарқоқлик бор экан, бунинг асорати Ватанда ҳам яшайди.

 

Шоҳ ила гадонинг гарди бир,
Оқ билан қаронинг марди бир,
Айрилиқ дилларнинг дарди бир,
Ғурбатда бирлашди,
Бирлашмади ўзбеклар!


Биз бугунга қадар тарқоқлигимизнинг илдизларини ҳеч таҳлил эттик-ми? Табиийки йўқ. Назаримда бунинг сабаблари бор.


Милатнинг зиёли-ойдинлари иккиюзламачилик қилиб келдилар ва бу шоҳлар, тўралар томонидан рағбатлантирилди. Бутун бошли тарих уларнинг соясида ёлғонга айланди.


Миллат мафкурасиз қолди. Ислом динининг умум-бирлик қудрати мазҳаб, турли туман оқимларга бўлиб юборилди. Дин қоидалари амалдорларнинг майлига кўра шарҳланди.


Камчиликларни айтганлар душман қилиб кўрсатилди. Қаҳрамонлар хоин, хоинлар қаҳрамонга айланди. Натижада ботирлар қўрқоқ, қўрқоқлар эса ботир бўлдилар. Хиёнат қилганлар ҳақида гапириш хиёнатга ўхшаб қолди.

 
Шоҳларни мақташ, амалдорларга ҳамду сано ўқиш анъанага айланди. Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан қабилида иш юритилди ва бу жамиятнинг қон томирига қадар сингиб кетди.

 

Миллатга ҳамма вақт қора куч сифатида қаралди. Уни бутунлаштириш эмас, парчалаш, бир-бирига душман қилиш анъанаси туғилди ва бу чуқур илдиз отди.  Факат ўтмишни гапириш одатга айланди. Бу эса келажакни унутишга қадар олиб келди. Бугун ва келажак ҳақида гапирмаслик учун факат ўтмишни ёдлаш миллатни турғунлик ботқоғига етаклади.


Миллатни ҳар доим қорин ташвиши билан рўбару қолдирдилар. Оқибатда маънавият йўқолди, тафаккурни занг босди.


АЛ-ҚИССА: Сен Ватанни китоб деб билдинг, варақларини йиртиб ишлатмоқ учун. Мен Ватанни китоб деб билдим, бўш са
ҳифаларини тўлдирмок учун.

 

1998 йил.