ШУҲРАТ   ЮСУФ   АҲМАДЖОН   ўғли

 

«БИРЛИК»ЧИЛАР,

АСКАРЛАР  ТОБУТЛАРИ  ВА

ОРОЛ  ДЕНГИЗИ  МУАММОЛАРИ

 

                         Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг 10 йиллигига бағишлайман (1998 йил ноябрь).

                         Шунингдек, Ўзбекистон Мустақиллиги учун, демократия учун курашган ва  курашаётган барча демократларга бағишлайман (2004 йил 17 май).       

                         МУАЛЛИФ

 

М   У   Н   Д   А   Р   И   Ж   А

 

   -Адҳат Синўғил. Китоблар: Шеър.

   -Китобнинг 2007 йилдаги Интернет нашрига сўзбоши.  

   -Муаллиф ҳақида

   -Муқаддима

 

1-қисм. Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати ташкил этилишининг қисқача тарихи. 

   1.1. Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати ташкил этилиши арафасида Совет Иттифоқида вужудга келган вазият.

   1.2. Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилишига доир айрим маълумотлар.

   1.3. «Бирлик» раҳбариятида 1988 йилда йўл қўйилган энг катта хато ва унинг бош айбдори ҳақида айрим мулоҳазалар.

   1.4. 1989-2003 йилларда «Бирлик» Халқ Ҳаракати раиси, 2003 йилдан «Бирлик» Халқ Ҳаракати» партиясининг раиси Абдурахим Пўлатовнинг таржимаи ҳолидан лавҳалар.

   1.5. «Бирлик» Халқ Ҳаракати асосчиларидан бири, «Эрк» демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳнинг таржимаи ҳолидан лавҳалар.

   1.6. «Бирлик» Халқ Ҳаракати дастлабки дастур лойиҳасининг муаллифдаги нусхасининг қисқача тарихи.

 

   2- қисм. «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари.

   2.1. Ўзбекистонлик аскарларнинг 1989-1990 йилларда калтакланиб ўлдирилиш сабаблари.

   2.2. Калтакланган аскарларимизнинг юртимизга қайтиб келишлари ва «Бирлик»чи шифокорларимизнинг жасорати.

   2.3. «Бирлик» Халқ Ҳаракати Марказий кенгаши ҳайъатининг И.Каримовга мурожаатномаси ва М.Горбачевга телеграммаси.  

   2.4. Тошкентлик Ҳуснитдин Мухамедовнинг темир тобути ва «Бирлик»чиларнинг 1990 йил 26 апрель кунги намойиши.

   2.5. Марғилонлик аскар Анвар Каримовнинг темир тобути ва 1990 йил 28 апрель кунги воқеаларнинг бошланиши.

   2.6. «Бирлик»чилар Тошкент аэропортида. 

   2.7. Анвар Каримовнинг темир тобути Президент қароргоҳига олиб борилиши ва фотосуратга туширилиши. 

   2.8. «Бирлик»чилар ва милиция ходимларининг рўбару келишлари.

   2.9. Президент қароргоҳидан Ж. Ҳамидов, Ш. Зиёмов ва Президент И. Каримовнинг чиқиб келишлари.

   2.10. А.Кенжабоев олган фотоплёнка хусусида.

   2.11. «Бирлик»чиларнинг ЎзР Президенти И. Каримов билан бир соатлик учрашув  тафсилотлари.

   2.12. ЎзР Олий Совети Президиуми йиғилишига «Бирлик» Халқ Ҳаракати раисдоши Ш. Исматуллаевнинг таклиф этилиши.

   2.13. «Бирлик»чиларнинг ўзбекистонлик аскарлар тобутлари масаласида олиб борган кураши натижалари.

   2.14. Китобнинг 2-қисмига сўнгги сўз ўрнида.

 

   3-қисм. Орол денгизи муаммолари ва «Орол ва Оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси» фаолияти.

   3.1. Орол денгизи ҳақида 1961 ва 1989 йилларга доир айрим маълумотлар.

   3.2. Профессор Пирмат Шермуҳамедов 1986 йилда «Орол ва Оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси»ни тузиши ва унинг 1986-1993 йиллардаги фаолияти.

   3.3. Устюрт фожиаси тарихи.

   3.4. Орол денгизи билан боғлиқ муаммоларнинг 2004 йилдаги аҳволи.

   3.5. Орол денгизи билан боғлиқ муаммоларнинг 2007 йилдаги аҳволи.

   3.6. Орол денгизи муаммосини ҳал этиш йўли.

 

   1-илова. «Қарз балосидан огоҳ бўлгин, халқим!» китоби учун муаллифга қилинган тазйиқлар. 

   2-илова. Ўзбекистон табиати, маънавий ва моддий бойликларини муҳофаза этиш ҳаракати. Ҳаракатнинг шартли атамаси – «БИРЛИК» (1988 йил декабридаги Дастур лойиҳаси).

   3-илова. Тошкентда қурилган дидсиз, қоп-қора темир панжаралар ва Ўзбекистон катта қамоқхонага ўхшаши.

   4-илова. «Орол ва Оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси»нинг 1993 йилдаги устави.

   5-илова. «Демократлар давраси» гап-гаштаги (нодавлат нотижорат ташкилоти)нинг устави.

   Изоҳлар.

   Фойдаланилган адабиётлар.

   Андрей Малишко. Ҳақиқат:  Шеър.

 

                                          АДҲАТ  СИНЎҒИЛ

                             

                 К  И   Т  О  Б  Л  А  Р

 

     Китоблар ҳам инсонларга ўхшаш –

     Туққан эли бордир, жисми бор,

     Истиқболи, ёзмишлари бордир, 

     Ўтмиши бор, ёши, исми бор.

Китоблар ҳам инсонларга ўхшаш –

Умри узун бўлар ё қисқа,

                              Онадан ё бахтли туғилар

Ва ёки бахти йўқ бир кимса.

        Китоблар ҳам инсонларга ўхшаш -

     Кўргани кулба ё қасрлар…

     Китоблар ҳам ўт-олов кечади,

     Яхши ё ёмондир асрлар.

Китоблар ҳам инсонларга ўхшаш –

Туққан эли билан яшарлар,

Бир кун сургун бўлса, бир куни яна

Эли билан довон ошарлар.

     Китоблар ҳам инсонларга ўхшаш –

     Уларга хос одам қисмати,

     Муаллифи билан дорга тортилади,

     Шунақа бўлади ҳасрати.

Китоблар ҳам инсонларга ўхшаш –

                              Туққан элда гоҳо, талашдир…

Сарҳадларда турган ботирлар учун

Китоблар қуролдир, курашдир!

     Китоблар ҳам инсонларга ўхшаш,

     Изсиз кетмагайлар ҳеч қачон.

     Бош эгмаслар жаллод болтасига,

     Унга фақат ҳакамдир замон.

 

   Татар туркийсидан ўзбек туркийсига Абдулла Орипов ўгирган [1] (1-изоҳга қаранг).

 

КИТОБНИНГ  2007  ЙИЛДАГИ  ИНТЕРНЕТ  НАШРИГА  СЎЗБОШИ

 

   Камина Сўзбошида ушбу китобнинг ёзилиши ва чоп этилиши билан боғлиқ айрим воқеаларни баён этиш фикри бор. Буни баён этиш орқали Ўзбекистондаги полициявий режим фуқароларнинг турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини  бўғаётгани, бундай бўғишларнинг айрим услублари очиб берилади.

 

Бирлашган Миллатлар томонидан 1966 йил 19 декабрь куни қабул қилинган, ЎзР президенти И.Каримов томонидан 1992 йил 26 февраль куни Хельсинкида имзоланган, ЎзР Олий Мажлиси томонидан қўшилиш ҳақида қарор 1995 йил 31 августда қабул қилинган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт»нинг 19-моддасида қуйидагича ёзилган.

 

«19-модда. 1. Ҳар бир инсон ҳеч бир тўсиқсиз ўз фикрига собит бўлиш ҳуқуқига эга.

   2. Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан мустақил ҳолда ёзма равишда ёки матбуот воситасида ёки ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади.

   3. Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш алоҳида масъулият юклайди. Бу тарзда фойдаланиш айрим чеклашлар билан боғлиқ, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва қуйидагилар учун зарур бўлиши лозим:

   а) бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш учун;

   б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлигини ёки ахлоқини  муҳофаза этиш учун.» [2, 44-б.]

 

   1998 йил 11 ноябрда Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг 10 йиллигига атаб муаллиф 1998 йил октябрь-ноябрь ойларида «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» номли катта мақоласини ёзди. Уни  ўз машинкасида чоп этиб, яқин танишларига ва айрим журналистларга берди.

   Муаллиф 2000 йил май ойида  72 бетлик, июль ойида 76 бетлик «Қарз балосидан огоҳ бўлгин, халқим!» номли китобни (1-иловага қаранг) компьютерда териб, китобча кўринишида чоп этиб, таниш-билишларга, журналистларга, ЎзР Олий Мажлисининг айрим депутатларига берди.

   Камина 2001 йил апрель-май ойларида ҳажми 80-100 бетлик «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китобчани чоп этишга деярли тайёр қилди. Уни теришга компьютер излаш давомида китобчага қўшимча параграфлар ёзиб кенгайтириб борди. Компьютер топаолмагач, 2001 йил ноябридан ёзув машинкасида чоп этаман, деб режалаштириб турганида 2001 йил 30 октябрь куни каминани Тошкентдаги Паркент бозори ҳудудида айбсиз равишда милиция ходимлари ушлаб кетишди. Муаллифга қарши ИИВ Тошкент шаҳар Ҳамза туман ИИБсининг терроризмга қарши кураш бўлими зобитлари шуғулланди. Бу тазйиқлар орқасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турганлиги сал кейинроқ маълум бўлди (бу ҳақда батафсилроқ 1-иловада ёзилган).

   Уларнинг мақсади: камина доим ўзи билан бирга сумкада олиб юрган «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китоб қўлёзмасини ўқиб чиқиш, у ерда ёзган муаммо ва ечимларни билиб олиш, тарихий воқеаларнинг ҳақиқий тафсилотини халқдан яшириш ва иложи бўлса каминани 5-10 йилга қамаб юбориш эди.

 

   Муаллиф «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китобидаги 17-параграфнинг номи  ва бандлари қуйидагича эди.

   «17. Гап-гаштакка асосланган Жадидчилик ҳаракатининг Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракатидан фарқлари.  

   17.1. Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилиши арафасида Совет Иттифоқида вужудга келган вазият.

   17.2. Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилишининг қисқача тарихи.

   17.3. Жадидчилик ҳаракати билан «Бирлик» Халқ Ҳаракати ўртасидаги фарқлар.»

   2001-2003 йилларда ёзилган 17-параграф ушбу китобимизнинг 1-қисмида берилмоқда.

 

   Жаҳонда озодлик ва демократияни қўллаб қувватлаш ва тарқатишни асосий мақсад қилган халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти бўлмиш ва маркази Вашингтонда жойлашган Freedom House (Озодлик уйи)нинг Тошкентдаги бўлими 2002 йил октябрида очилди. Унинг компьютерлари ўрнатилган Ресурс маркази 2003 йил май ойидан бошлаб фаолият олиб борди. Камина шу Ресурс марказида «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» катта мақоласини компьютерда теришни 2003 йил 15 августда тугатди.

 Лекин ушбу мақолани на «Ҳаракат» журналида, на Интернетнинг бирорта сайтида доимий қилиб чиқариш иложини тополмагач, камина уни китобча кўринишида чиқаришга қарор қилди. Шу мақсадда Freedom House Ресурс марказида компьютерда китоб бетлари шаклида тера бошлади.

 

   2003 йил 1 декабридан Freedom House (FH) Тошкент бўлими директори бўлиб Мьюша Север хоним ишлай бошлади. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан М.Север ўртасидаги дастлабки учрашув FH да 2004 йил 6 январь куни бўлиб ўтди. У ўзи журналист эканлиги, 1996-2000 йилларда Словения парламенти аппаратида, кейин 2 йил Косовода Бирлашган Миллатлар Ташкилоти миссияси таркибида, сўнгра Озарбайжонда ишлагани, оилали бўлиб, эри ва вояга етган қизи борлиги ҳақида айтган эди. Озарбайжондан у билан бирга келган 40 ёшлардаги бақувват эркак Анар Нагиев ҳам FH да 2003 йил декабридан ишлай бошлади. Кейинроқ М.Север Ўзбекистондаги кучишлатар органлар раҳбарияти билан апоқ-чапоқ бўлиб, улар билан яқин муносабат олиб бора бошлади. Ҳатто уни 2005 йил бошида ЎзР президенти И.Каримов қабул қилиб, 2 соат суҳбатлашди.

 

   Муаллиф «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» мақоласини компьютерда китоб кўринишида 2004 йил январида тера бошлади. Мақолани компьютерда териш жараёнида ҳам орқаваротдан қаршиликлар бўлди. Китоб кўринишида теришнинг ўзига хос талаблари бор. Масалан, 80 бетлик китобнинг 3-4-бетлари терилган варақнинг ўзига 77-78-бетлардаги матнни жойлаштириш керак. Китобча кўринишда терилаётган матн таркибида қандайдир ортиқча чизиқлар пайдо бўла бошлади. Ортиқча чизиқлар пайдо бўлиши сабабли китобнинг сатрлари сурилиб, барча бетлардаги матнлар аралаш-қуралаш бўлиб кетарди. Камина у-бу қилиб чизиқларни олиб ташлаб, матнни теришда давом этарди. Лекин бир оз вақт ўтгач  чизиқлар яна пайдо бўларди. Муаллиф чизиқларнинг пайдо бўлиш сирини ва уни йўқотиш иложини излаб, FH да ишлаётган бир неча ходимлардан сўради. Лекин улар  буни аниқ тушунтириб бера олмадилар ва чизиқларни йўқотиш иложини қила олмадилар.

  Ўша вақтлар Паркент бозори яқинидаги 9 қаватли уйнинг 7-қаватида Каунтерпарт Консорциум ташкилотининг Фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш маркази кутубхонаси ва компьютерлар ўрнатилган Ресурс маркази бор эди. Ушбу Марказда аввалдан рўйхатга ёзилиб, ҳафтада 3 соат компьютерда ишлашга рухсат бериларди. Камина «бирлик»чилар ҳақидаги китобчани шу ерда ҳам теришни давом эттирарди. Китобча матнида пайдо бўлган чизиқлар масаласида муаллиф Марказда ишлаётган рус муҳандис йигитлардан сўради. Улар компьютерга доир тегишли китобларга қараб, сўнгра қандайдир дастур ёрдамида бу қўшимча чизиқларни олдириб ташлашди. Шундай қилиб, бу чизиқларни FH да камина китоби файлига, яъни матнига Миллий хавфсизлик хизмати билан боғлиқ кимдир атайлаб киритгани маълум бўлди. 

 

     2004 йил 13 февраль куни эрталаб муаллиф Freedom House даги компьютерда «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» китобининг «Муқаддима» қисмини тера бошлади. «Муқаддима» бошида «Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг 10 йиллигига бағишлайман. Муаллиф», деган ёзувни ёзиб, сўнгра муқаддиманинг икки абзацини терди. Шунда Freedom House нинг Тошкент бўлими директор ўринбосари Анар Нагиев камина ёнига келиб рус тилида: «Сиз компьютерда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланаяпсиз. Мен сизга огоҳлантириш эълон қиламан», деди. Камина ишни тўхтатиб, нарсаларини олиб кета бошлади. FH дан чиқиш эшиги олдида пальтосини кия бошлаганида, А.Нагиев шошилинч равишда компьтерда терилган ва имзо қўйилган варақни олиб келиб, каминага узатиб: «Сизни расман огоҳлантираман» деди. Одатда аввалига оғзаки огоҳлантиришади. Агар огоҳлантирилган фуқаро бу ишни яна такрорласа, унга ёзма огоҳлантириш берилади. А.Нагиев эса каминага бирданига ёзма огоҳлантириш беришга ҳаракат қилаётган эди. Шу сабабли камина унга: «Сиз мени оғзаки огоҳлантирдингиз. Мен ишимни тўхтатиб кетаяпман. Нега энди ёзма огоҳлантираяпсиз? Оғзаки огоҳлантиришингиз етарли» деди. Муаллифнинг бу гапига А.Нагиев эътироз билдира олмади.

 

   Анар Нагиевнинг муаллиф ёзаётган китобига қарши берган ноҳақ огоҳлантириш воқеасини камина ўша – 2004 йил февраль кунларида китобнинг 14.10 бандида ёзганди. Камина у пайтлар яқинда FH да ишлай бошлаган А.Нагиевнинг исми шарифини билмасди. Шу сабабли FH нинг Ресурс марказида ходим бўлиб ишлаётган Отабек Наимовдан муаллиф А.Нагиевни орқасидан кўрсатиб сўради: «Унинг фамилияси ва исми қандай?» О.Наимовнинг жавоби бундай бўлди: «Звоне Винрач». Камина у айтгандай қилиб ўз қоғозчасига ёзиб олди. Шу сабабли А.Нагиев каминани огоҳлантириш воқеалари баён этилган китобнинг 14.10-бандида «Freedom House нинг Тошкент бўлими директор ўринбосари Звоне Винрач» деб ёзилган. О.Наимов Анар Нагиевни нима сабабдан «Звоне Винрач» деб жавоб берганини камина билмайди. Фақат битта нарса аён: Мьюша Север ва Анар Нагиев Ўзбекистон кучишлатар органлар билан келишиб фаолият олиб борган эдилар.  

 

   Камина ушбу китобнинг қолган қисмини Каунтерпарт Консорциум Ресурс марказида теришни давом эттиришга мажбур бўлди. Муаллиф китобни 2004 йил 14 июлда тугатиб, ксерокс қилиб, таниш-билишларига тарқата бошлади.

 

   Алоҳида таъкидлаш лозимки, муаллиф юқорида ёзган воқеаларга қарамай Freedom House ташкилотидан миннатдордир. Чунки FH нинг Ресурс марказида камина Интернетдан фойдаланишни ўрганди, инсон ҳуқуқларига доир бир неча тренингларда қатнашди ва кўпгина фойдали ахборотлардан хабардор бўлди, мақолаларни ва китобнинг каттагина қисмини компьютерда терди, ксерокс аппаратида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ кўпгина ҳужжатларни камина ва бошқалар кўпайтириб фойдаланди ва ҳоказо. FH ташкилоти энг яхши ишлаган пайти – бу 2005 йил бошларида Бранко хоним директор бўлиб келган вақтдир. Афсуски, 2005 йил 13-14 май кунлари Андижон қирғини уюштирилиб, 2005 йил охирида режим суди Freedom House ни ёпиш ҳақида қарор чиқарди.    

 

   Китобнинг битта нусхасини таниқли ҳофиз, «Бирлик» Халқ Ҳаракати асосчиларидан бири Дадахон Ҳасанга ҳам берди. У китобнинг 2-илова қисмида «Бирлик» тарихига доир келтирилган озгина маълумот «Бирлик»нинг тарихини очиб бермаганини айтиб, норозилигини билдирди. Камина 1988 йил 11 ноябрь кунги йиғилишда қатнашганлардан айримларини топиб гаплашиб бўлмаганлигини гапириб, «Бирлик»ка доир тарихий маълумотларни тўплашни давом эттираётганини, яқин орада китобчанинг 2-нашрида ташкилот тарихини кенгайтириб чоп этмоқчи эканлигини айтди. 

 

   Муаллиф бу орада 2001-2003 йилларда ёзилган «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китобининг 17-параграфини, шунингдек 1-иловани компьютерда териб китобчага қўшди. «Бирлик» тарихига доир фуқаролар билан учрашиш ва изланишларни давом эттираётган бир пайтда Каунтерпарт Консорциум Ресурс маркази ёпилди (камина фикрича буни Ўзбекистон кучишлатар органлар талаби асосида бўлди). Яъни Каунтерпарт Консорциум кутубхонаси ва Ресурс маркази ўз фаолиятини давом эттирарди, лекин фуқаролар учун компьютердан фойдаланиш тақиқланди. FH да ҳам, Каунтерпартда ҳам компьютердан фойдаланиб «Бирлик»ка доир китоб матнини териш имконияти йўққа чиқарилгач, муаллиф китобнинг 2-нашрини чоп этиш ҳаракатларини ноилож  тўхтатишга мажбур бўлди.

 

   Ўша воқеалардан уч йил ўтиб, китобнинг иккинчи нашри сизнинг эътиборингизга ҳавола қилинмоқда. Совет Иттифоқига 1923-1953 йилларда раҳбарлик қилган Иосиф Сталин давридаги каби мамлакатимиздаги режим томонидан Ўзбекистон Мустақиллигининг 16 йили давомида яқин тарихимиз фақат бир томонлама ёритилмоқда.

   Биринчи мисол. Мустақил Ўзбекистон тарихи китобининг 1-боб, 1-параграфида [3, 3-к., 7-41–б.] Ўзбекистон Республикаси «Мустақиллик Декларацияси» ҳақида қисман ёзилган. Лекин бу Декларациянинг дастлабки лойиҳасини кимлар ва қачон таклиф этганлиги тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Муаллиф бу ҳақдаги маълумотларни ва «Мустақиллик Декларацияси» лойиҳаларининг матнларини [4]-мақолада келтирган.

   Иккинчи мисол. Мустақил Ўзбекистон тарихи китобининг 4-бобидаги «Сохта демократларнинг экстремистик йўл билан ҳокимият учун кураши, уларнинг халқ томонидан бадном қилиниши» номли параграфда [3, 3-к., 165-181-б.] Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида фақат салбий фикрлар ёзилган.

   Учинчи мисол. 2000-2006 йилларда нашр этилган 12 жилдлик Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Ватанимиз тарихида деярли бир миллион Ўзбекистон фуқароси иштирок этган бундай миллий-озодлик ҳаракати гўёки бўлмаган!

   Юқорида таъкидланган камчиликларни ҳисобга олиб китобимизнинг ушбу 2-нашрида 1-қисм сифатида Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилишининг қисқача тарихи баён этилди, унинг дастлабки Дастур лойиҳаси 2-иловада келтирилди.

 

   Қолаверса, баъзилар «Бирлик» Халқ Ҳаракати сафларида юзлаб фуқаролар 1989-1990 йиллардаёқ ўзбекистонлик аскарларнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб олиб борган фаолияти ҳақида билмайдилар ва билишга ҳаракат ҳам қилмайдилар. Масалан, Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ташаббус Гуруҳи раҳбари Суръат Икромов 2007 йил 4 июль куни камина ундан судланаётган бегуноҳ 8 нафар мусулмон аёл устидан ёзилган Айблов хулосасидан нусха олиш учун бериб туришни сўраганида, у: «Сиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эмассизку. Конгрессингиз билан шуғулланайвермайсизми? Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида нима иш қилдингиз?» деб савол берганди ([5]-га қаранг). 

 

  Имкониятдан фойдаланиб камина С.Икромовга ҳам битта савол бермоқчи: «35 кишилик «бирлик»чилар гуруҳи 1990 йил 28 апрель куни ҳарбий хизматдаги ватандошларимизнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб, президент қароргоҳи олдида милиция ходимлари билан қарама-қарши турганларида ва ЎзР президенти И.Каримов билан бир соатлик мулоқот олиб борганларида сиз нима иш билан банд эдингиз?». Агар Т.Ёқубов [6]-мақолада ёзган факт ўринли бўлса, С.Икромов у пайтлар милиция зобити бўлиб ишлаб, Совет империяси манфаатларини ҳимоя қилиб юрган …

 

   Шундай қилиб, китобнинг 2-қисмида ««Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» китобининг 1-нашрида ёзилган тарихий воқеалар деярли ўзгаришсиз келтирилган.

   Китобнинг 3-қисмида Орол денгизи муаммоси ва унинг бугунги кундаги аҳволи тўғрисида, шунингдек 1986 йилда тузилган профессор Пирмат Шермуҳамедов раҳбарлигидаги «Орол ва Оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси»нинг 1986-1993 йиллардаги фаолияти ҳақида  ёзилган.

   Муаллиф китоб охирида бешта илова келтирди. Улардан 2, 3, 4, 5-иловалар китобнинг 1-нашрида ёзилганди. Яъни ушбу 2-нашрда камина 1-иловани қўшди.

   Китобнинг 1-нашри китобча кўринишда чиқарилганида, китобча муқовасининг биринчи ички бетида татар шоири Адҳат Синўғилнинг Китоблар шеъри, охирги ички бетида украин шоири А.Малишконинг Ҳақиқат шеъри чоп қилинган эди. Шу яхши шеърларни камина 2-нашр бошида ва охирида ҳам келтирмоқда. 

 

   Муаллиф ушбу китобни кирилл алифбосида терди. Ундаги ў, қ, ғ, ҳ ҳарфлари ўқувчи компьютерида бошқача ҳарф бўлиб очилиши мумкин. Шу вазиятда матндаги барча ҳарфларни ўз ҳолига қайтариш қуйидагича амалга оширса бўлади. Бошқа шрифтдаги алоҳида ҳарфни, масалан, Ћ ҳарфини, ўзбекча ҳ ҳарфига бутун матнда ўтказиш учун қуйидаги ишларни амалга оширмоқ керак.

1) Клавиатурада ctrl + f клавишаларини бир вақтда босасиз.

   2) Очилган жадвалда Replace ёзуви устида сичқончани тиқиллатасиз, шунда пастда  Replace with: ёзуви ва унинг тўғрисида катак очилади. Шу катак ичига керакли ҳарфни, яъни бизнинг мисолимизда ҳ ҳарфини ёзасиз.

   3) Find what: ёзуви тўғрисидаги катакка Ћ ҳарфини жойлаштирасиз (уни бевосита ўзгартираётган матннинг ўзидан олсангиз бўлади ёки компьютер ойнасидаги Insert, кейин Symbol ёзувини тиқиллатиб, очилган ҳарфлар жадвалидан Ћ ҳарфини топасиз ва катакка жойлаштирасиз).

   4) Энди ўзгартирмоқчи бўлган матнни (мақола ёки китобни) қорайтирасиз (компьютер ойнасидаги Edit, сўнгра Selekt All ни тиқиллатсангиз матн қораяди).

   5) Ћ ва ҳ ҳарфлари жойлаштирилган катаклар пастидаги Replace All ёзуви устида сичқончани тиқиллатсангиз, мақола ёки китобингиздаги барча Ћ ҳарфлар ҳ ҳарфига ўзгаради.

   Ҳозиргина ёзилган услубнинг яхши томони шундаки, сиз 35 та ҳарфни кетма-кет ўзгартириш йўли билан кирилл алифбосидаги мақола ёки китобни лотин алифбосига, шунингдек лотин алифбосидагисини кирилл алифбосига ўтказишингиз мумкин.  

 

   Интернет – инсоният тараққиёти натижасида 20-аср охирида ихтиро қилинган улкан техник ютуқдир. Интернет орқали Ўзбекистондаги полиция режими шароитида бошқа муҳим ахборотлар қатори бу китобни ҳам сиз ўқувчимизга етказиш имконияти бор. Бу имкониятни яратиш йўлида хизмат қилаётган барча инсонларга муаллиф ўз миннатдорчилигини билдиради.  

 

М У А Л Л И Ф       Ҳ А Қ И Д А
 

   Шуҳрат Юсуф Аҳмаджон ўғли 1954 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. 1975 йилда Самарқанд давлат университетини тугатган. 1979-1983 йилларда Москвадаги Н.Бауман номли Олий техника университетида ҳам ўқиган, етакчи конструктор лавозимигача ишлаган.

  1980- ва 1981-йилларда курсдош дўстларини Самарқандда ва Жиззахда тўплаб, Ўзбекистонда янги сиёсий партия тузиш масаласини муҳокама қилган. 1988-1990 йилларда «Бирлик» Халқ Ҳаракати Тошкент шаҳар ташкилоти раисининг 1-ўринбосари, 1991-1993 йилларда «Эрк» демократик партияси Тошкент шаҳар ташкилотининг 2-котиби лавозимигача ишлаган.

   1993-1994 йилларда асосан ёшлардан иборат янги сиёсий партия тузиш учун фаолият олиб бориб, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг рухсати билан 1994 йил 12 ноябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикачилар партияси (ЎРП)нинг Таъсис қурултойида шу партиянинг раиси этиб сайланган.

   1993-1995 йилларда ЎРПга 1000 га яқин фуқаро, улардан 80 фоизи ёшлар, аъзо бўлишган. Лекин Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, айниқса махсус хизмат органларининг 1994 йил 31 октябридан олиб борган тазйиқлари оқибатида 1997 йилда ЎРП ўз фаолиятини деярли тўхтатишга мажбур бўлган эди. . .

   Муаллиф 1997 йилги тазйиқлардан сўнг Ўзбекистондаги авторитар сиёсий тизим асосан куч ишлатувчи органларга, айниқса махсус хизмат органларига таянишини чуқур тушуниб етди. Ушбу сиёсий тизимнинг асосларини ва камчиликларини, ҳамда бундай тизимни демократлаштириш йўлларини таҳлил этишга бағишланган «Турон йигитига» номли китобни 1998-1999 йилларда ёзди. Ушбу 400 бетли китобнинг деярли 200 бетини ёзув машинкасида печатлаб тайёрлагач, баъзи бир сабабларга кўра тўхтатишга мажбур бўлди. . .

   1998 йил 11 ноябрда Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг ўн йиллиги санаси нишонланишини эътиборга олиб, камина 1998 йил октябрь–ноябрь ойларида «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» мақоласини ёзди. Муаллиф ушбу мақолани Сизга китоб кўринишида ҳавола этмоқда. Бу мақоланинг 1998 йил ноябрдан кейинги тақдири, у қандай сабабларга кўра деярли олти йил ўтгачгина чоп этилаётганлиги ҳақида рисоланинг «Сўнгги сўз ўрнида» номли бандида ёзилган.   

   Муаллиф томонидан 2000 йилда ёзилган ва компьютерда чоп этилиб, халқ орасида тарқатилган «Қарз балосидан огоҳ бўлгин, халқим!» китоби (1-иловага қаранг) каби ушбу китоб ҳам авваламбор ёшларга мўлжалланган. У Ватанимизнинг, халқимизнинг яқин ўтмишига ва бугунги кунига бефарқ бўлмаган барча фуқароларимизга ҳам қизиқарли бўлар.

   Ўзбекистондаги авторитар сиёсий тизимни демократик сиёсий тизимга, фуқаролик жамиятига айлантириш учун нима қилмоғимиз керак, деган саволга қисқача жавоб бериш мақсадида камина китобнинг 4-иловасида «Демократлар давраси» гап-гаштаги (нодавлат нотижорат ташкилоти)нинг уставини келтирган, ўша бетда қисқача тушунтириш ҳам ёзилган.

   Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муаллиф фаолиятининг бош йўналиши – бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Ватанимизда демократик, фуқаролик жамиятини қуришдир.

                      

М   У   Қ   А   Д   Д   И   М   А

 

   Ҳар бир инсонга Оллоҳ томонидан берилган энг олий қадрият – бу яшаш ҳуқуқидир! Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти»нинг 6-моддаси 1-бандида қуйидагича ёзилган: «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг унинг ажралмас ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ қонун билан ҳимояланади. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан инсонни яшашдан маҳрум қила олмайди» [2, 39-б.]

   Ушбу рисолада 1980-йиллар охирида Совет армияси сафларига аскарлик хизматига чақирилиб, у ерда ўзбекистонлик аскарларнинг калтакланиб майиб-мажруҳ қилиниши ва ўлдирилиши, оқибатда уларнинг тобутлари юртимизга кетма-кет келтирилиши воқеалари, шунингдек «Бирлик» Халқ Ҳаракати фаоллари ўзбекистонлик аскар укаларимизнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя этиб олиб борган қизғин фаолияти ҳақида ёзилган.

   Демократия ва адолат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан бошланади. Шу сабабли инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ғояси инсоният тарихида қандай амалга оша борганига қисқача назар ташлайлик.

   Маълумки инсонни улуғлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ғояси тўртта муқаддас китобларда, яъни пайғамбарлар Мусога юборилган Таврот (Таро)да, Исога юборилган Инжил (Библия)да, Довудга юборилган Забур (Псалтир)да ва Муҳаммадга юборилган Қуръони каримда, шунингдек Марказий Осиё халқларнинг қадимий дини бўлмиш зардуштийликнинг муқаддас китоби – Авестода ўз ифодасини топган.

   Инсон ҳуқуқлари тўғрисида бугунги кундаги халқаро ҳужжатларнинг шаклланишида 1689 йили Англияда ва 1789-1791 йилларда Америка Қўшма Штатларида қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Билль (қонуни)», шунингдек 1789 йили Франциядаги «Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги миллий ҳужжатлар муҳим роль ўйнади.  

   Америка Қўшма Штатларининг 3-президенти (1801-1809), АҚШ Мустақиллик декларацияси лойиҳасининг муаллифи Томас Жефферсон 1776 йилда шундай унутилмас сатрларни ёзган эди: «Барча инсонлар тенг қилиб яратилган, улар Яратувчи томонидан муайян дахлсиз ҳуқуқлар ва шулар жумласидан ҳаёт, озодлик ва бахтга интилиш билан таъминланганини биз асл ҳақиқат деб тан оламиз. Айнан шу ҳуқуқларни ҳимоялаш учун инсонлар орасида ҳукуматлар ташкил топган ва улар ўз қудратини ўзлари  бошқараётганлар розилигидан олади.» [7, 8-б.] 

  Инсон ҳуқуқлари БМТнинг тўртта асосий ҳуқуқий ҳужжатларида – «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси» (1948 йил 10 декабрь), «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт» (1966 йил 16 декабрь), «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт» (1966 йил 16 декабрь) ва «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга Факультатив протокол» (1966 йил 16 декабрь)да белгиланган ва кафолат берилган. Ушбу халқаро ҳужжатлардан биринчисига қўшилиш ҳақида ЎзР парламенти томонидан 1991 йил 30 сентябрда, қолган учала халқаро ҳужжатга қўшилиш ҳақида 1995 йил 31 августда қарор қабул қилинган эди [8].

   Совет империяси даврида юқорида ёзилган тўртала халқаро ҳужжатдан фақат «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси» ҳақидагина Ўзбек Совет Энциклопедиясининг 2-жилд 263-бетида қисқача ёзилган эди. «Бирлик»чилар, жумладан камина ҳам ушбу ҳужжатлардан бехабар ҳолда ўз ҳаёт тажрибалари ва имкониятларидан келиб чиқиб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланишган. Шу сабабли қайсидир маънода «Бирлик» Халқ Ҳаракатини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган Ўзбекистондаги дастлабки оммавий ташкилотлардан бири, деб ҳам қараш мумкин.

  Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган дастлабки нодавлат нотижорат ташкилоти – бу филология фанлари доктори, профессор Пирмат Шермуҳамедов раҳбарлигида 1986 йилда тузилган «Оролни асраш қўмитаси»дир. Марказий Осиёда, айниқса Ўзбекистонда экологик муаммолар долзарб бўлиб қолаётганлиги сабабли китобимизнинг 3-қисмида ушбу Қўмитанинг тузилиш тарихи, унинг Устави ва фаолияти ҳақида, шунингдек Орол денгизининг бугунги муҳим муаммолари ҳақида баъзи бир маълумотлар ўқувчимиз эътиборига ҳавола этилган.           

   Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 1 сентябрда Мустақилликка эришгач 1992 йил 2 февралда Абдуманноп Пўлатов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг таъсис қурултойи бўлди. 1997 йилдан бошлаб бу жамиятга Толиб Ёқубов раҳбарлик қилмоқда. Марат Зоҳидов раҳбарлигидаги Шахс ҳуқуқларини ҳимояловчи қўмита 1996 йил апрелида тузилиб, 1996 йил 14 июнда ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтди. Михаил Ардзинов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти 1997 йил 2 августда тузилиб, 2002 йил 4 мартда ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган (гувоҳнома рақами 510). Васила Иноятова раҳбарлигидаги Эзгулик номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2002 йил 17 февралда тузилиб, 

2003 йил 19 март куни ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатга олинган.      

   2000 йил 17 январь куни Муътабар Тожибоева раҳбарлигида Марғилон шаҳрида «Ўтюраклар» номли, 2000 йил 15 октябрда Тамара Чикунова (2-изоҳга қаранг)  бошчилигидаги «Оналар ўлим жазосига ва қийноқларга қарши қўмитаси» номли, 2000 йил ноябрида Искандар Худойберганов раҳбарлигидаги «Демократик ташаббуслар маркази» номли, 2001 йил ноябрида Атаназар Арифов ташаббуси билан Аъзам Турғунов ижрочи директорлигидаги «Мазлум» номли, 2002 йил февралида Суръат Икромов раҳбарлигидаги «Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи» номли, 2003 йил 28 апрелида Шуҳрат Аҳмаджонов (китоб муаллифи) раҳбарлигида «Демократлар давраси» номли, 2003 йил 5 июлда Николай Кунгуров раҳбарлигидаги «Демократия ва ҳуқуқ» номли ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари тузилди. 

   Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат ташкилотлари ҳам тузилди. Дастлаб 1992 йил 12 февралда профессор А. Аъзамхўжаев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий комитети тузилди ва бу ташкилот тез кунларда ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатга олинди. ЎзР Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) дастлаб 1995 йил 23 февралида сайланган эди. 1995 йил 29 августда «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Низом», 1997 йил 24 апрелда «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Бу вазифага1995 йилда Сайёра Рашидова сайланган. ЎзР Президенти И.Каримовнинг 1996 йил 31 октябрда «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Марказини тузиш тўғрисида»ги ПФ № 1611  фармонига асосан Инсон ҳуқуқлари бўйича ЎзР Миллий маркази тузилди ва ПФ

№ 1612 фармонига асосан унга директор этиб Акмал Саидов тайинланди.

   Инсоннинг дахлсиз ҳуқуқлари масаласига қайтайлик. Юқорида таъкидлаганимиздек, инсоннинг энг дахлсиз ҳуқуқларидан бири – бу фақат Худо томонидан берилиб, фақат Худо томонидан қайтариб олиниши мумкин бўлган инсоннинг  я ш а ш  ҳуқуқидир. Лекин Оллоҳнинг бу буюк ҳуқуқига Ўзбекистондаги бугунги авторитар сиёсий тизим шерик бўлишга ҳаракат қилмоқда, тизим ҳар йили кўплаб кишиларни ўлим жазосига ҳукм қилмоқда ва ушбу ҳукмлар ижро этилмоқда. Масалан, 2004 йил 15 февраль куни

ЎзР Ҳарбий суди 26 ёшли Азизбек Каримовни ўлим жазосига ҳукм қилди [9], 2004 йил 10 августда эса Азизбек Каримов ва Юсуф Жумаев яширин отиб ташланди. Шу сабабли Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2004 йил 12 августда норозилик нотасини Ўзбекистон ҳукуматига жўнатди. 

   2001 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 191 мамлакатдан 109 тасида ўлим жазоси бутунлай тўхтатилган эди [10]. Жумладан, Туркманистонда 1999 йилда ўлим жазоси бекор қилинганди. Қирғизистонда ва Қозоғистонда президент Асқар Ақаев ва Нурсултон Назарбоев фармонлари билан ўлим жазосига мораторий (лотинча moratorius – муддатини чўзмоқ) эълон қилинди. 2004 йил апрелида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонов Тожикистонда ўлим жазосига мораторий

киритишни таклиф этганди. Тожикистон парламенти 2004 йил 2 июнда бу ҳақда қарор қабул қилди [11]. Шундай қилиб Марказий Осиёдаги беш жумҳурият орасида фақат Ўзбекистондагина ўлим жазоси 2008 йил 1 январга қадар сақланиб қолмоқда.

   ЎзР президенти И.Каримов 2005 йил 1 август куни «Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида»ги фармонга имзо чекди. Ушбу фармонга асосан, Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йил 1 январдан бекор қилинади ва у бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Деярли 2,5 йилдан кейин кучга киритиладиган фармонга муаллифнинг танқидий муносабати [12]-мақолада ёзилган. 

   Шу ерда машҳур француз адиби, мутафаккири, демократи, сиёсатчиси Виктор Гюгонинг (1802-1885) 1848 йил 15 сентябрь куни Парижда Франциянинг қонун чиқарувчи мажлиси (парламенти)да ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида қилган маърузасини келтириб ўтиш ўринлидир. В.Гюго маърузасидаги «Франция» сўзини «Ўзбекистон» сўзи билан, «февраль» сўзини «1 сентябрь» сўзи билан фикран алмаштиринг. Шунда В.Гюгонинг ушбу маърузаси худди бугунги Ўзбекистон учун ёзилгандек, бугунги авлодимизга қарата айтилаётгандек бўлади.  (3-изоҳга қаранг)     

                                                                                                                             

« Ў  Л  И  М      Ж  А  З  О  С  И    (1848 йил  15 сентябрь)

   Барча масалалар ичида балким энг муҳими бўлган ушбу масала муҳокамага деярли тўсатдан қўйилаётганлигидан ва нотиқлар бунга тайёрланмаган ҳолда дуч этилганлигидан мен афсус қиламан.

   Менга келганда, лўнда қилиб айтаман, лекин менинг сўзларим азалдан шаклланган теран, қатъий ишончимга боғлиқ бўлган туйғуларимга асослангандир.

   Жаноблар, конституция, ва айниқса Францияда ва Франция учун яратилаётган конституция, тараққиёт (цивилизация) йўлидаги албатта янги қадам бўлиши шарт. Агар у тараққиёт йўлидаги янги қадам бўлмаса – у пучдир (ҳеч нимадир). (Хитоблар: «Жуда соз! Жуда соз!»)  Шундай қилиб, ўйлаб кўринг – ўлим жазосининг ўзи нима? Ўлим жазоси ваҳшийликнинг фарқланувчи ва мангу белгисидир. (Залда ҳаракатланиш.) Ўлим жазоси авжига чиққан ҳамма жойда ваҳшийлик ҳукмрондир; ўлим жазоси бўлган барча жойда – тараққиёт ҳукмрон бўлиши камёб ҳодисадир. (Залда кучли тўлқинланиш.)

      Жаноблар, бунинг ҳаммаси – рад қилиб бўлмайдиган фактлардир. Жазо чорасини енгиллаштириш – катта ва жиддий тараққиётдир. 18-аср қийноқни бекор қилди ва бу унинг шон-шуҳратининг бир қисмини ташкил этади; 19-аср ўлим жазосини бекор қилади! (Қизғин маъқуллаш. Хитоблар: «Ҳа, ҳа!»)

   Эҳтимол, сиз ўлим жазосини бугун бекор қилмассиз, лекин, хотиржам бўлинг, сиз уни эртага бекор қиласиз, ёки уни сизларнинг ворисларингиз бекор қилишади. (Хитоблар: «Биз уни бекор қиламиз!» Залда тўлқинланиш.)

   Сиз ўз конституциянгиз кириш қисмини: «Худо юзи олдида» деган сўзлар билан бошлагансиз ва шу заҳотиёқ фақат Худога тегишли бўлган ҳуқуқни – ҳаёт ва ўлимни ҳадя этиш ҳуқуқини Худодан тортиб олишни истамоқдасизлар. (Хитоблар: «Жуда соз! Жуда соз!».)

   Жаноблар, инсон измида бўлмаган, фақат Худо измида бўлган учта нарса бор: қайтарилмайдиган, тузатиб бўлмайдиган, бекор қилинмайдиган. Агар инсон уларни ўз қонунларига киритса, ўша инсоннинг ҳолига вой! (Залда тўлқинланиш). Эртами ёки кечми жамият унинг юки остида букилади: улар урф-одат ва қонунлар ўртасидаги зарурий мувозанатни бузади; улар инсоннинг одил судловини номутаносиб этадилар; ва натижада қуйидаги юз беради – жаноблар, бу ҳақда ўйлаб кўринг, - виждон қонун олдида даҳшат билан чекинади. (Залда кучли тўлқинланиш).

    Мен фақат битта сўз, лекин менинг нуқтаи назаримдан, ҳал қилувчи сўзни айтиш учун минбарга кўтарилдим. Мана у, ўша сўз. (Хитоблар: «Эшитинглар! Эшитинглар!»).

   Февралдан сўнг халқда буюк фикр етилди: халқ тахтни ёққан куннинг эртасига, у дорни ҳам ёқиш истагида эди. (Овозлар: «Жуда яхши!». Бошқа овозлар: «Жуда ёмон!»).

   Ўшанда унинг ақлига таъсир этувчилар, мен бу ҳақда жуда афсус қиламан, унинг олижаноб кўнгли даражасигача кўтарила олмадилар. Бу улуғ ғояни амалга оширишда унга халақит бердилар.

   Мана шундай! Сизлар овоз бераётган конституциянинг биринчи моддасида халқнинг биринчи орзусини амалга оширдиларингиз – сизлар тахтни ағдардиларингиз. Унинг бошқа орзусини ҳам амалга оширинглар – дорни ағдаринглар. (Чапдан қарсаклар. Ўнгдан эътирозлар.)

   Мен ўлим жазосини тўлиқсинча, сўзсиз ва қатъий бекор қилиш учун овозимни бераман.» [13]  

    

   Қисқача тушунтириш: жиноятчига нисбатан ўлим жазосини бекор қилиш енгил жазо билан алмаштириш, деган гап эмас. Жаҳондаги демократик мамлакатларда одатда жиноятчига ўлим жазоси ўрнига 20 йилдан тортиб (масалан, Мексикада) умрининг охиригача қамоқда сақлаш жазоси берилади. Ҳар бир мамлакатда, айниқса имонли, эътиқодли Ўзбекистонимизда оғир жиноятларни содир этувчи жиноятчилар сони унчалик кўп эмаслигини ҳисобга олсак, у ҳолда Ватанимизда ўлим жазосини бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштириш учун имконият бор. Бунинг учун давлат томонидан қўриқлаш чора-тадбирлари замонавий даражада таъминланган алоҳида битта ёки иккита қамоқхона қуриш ва унинг амалий фаолиятини йўлга қўйиш талаб этилади, холос. Токи халқи, Ватани ва Оллоҳ олдида даҳшатли жиноят содир этган кимсалар умрининг охирги дақиқасигача ушбу жинояти учун афсус-надоматлар чекишлари ва Оллоҳ олдида тавба-тазарру қилишлари шарт!

 

   Эслатиб ўтамиз: 1975 йилда Испания диктатори Франко вафот қилгач, 1977 йилда у ерда демократик сайловлар бўлиб ўтганди. Ўлим жазосини бекор қилиш масаласи жаҳонда биринчи бўлиб Испанияда 1978 йил 6 декабр куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида ҳал этилди. 1980 йилда Франсуа Миттеран Франция президенти бўлиб сайлангач, ўлим жазоси Францияда бекор қилинди [14].

   2008 йил 1 январда Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилингач мамлакатимиз жаҳонда ўлим жазоси бекор қилинган 122 мамлакат сафига қўшилади [15].

   Энди уч қисмдан иборат китобимиз баёнига, жумладан 1989-1990 йилларда Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати фаоллари ўзбекистонлик аскарларнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя этганликларига доир воқеалар баёнига ўтсак. 

 

                            Тарихни муносиб тарзда ёзиш учун ўз эътиқодинг, ўз ватанинг, ўз

                            партиянг ҳақида унутмоғинг керак. [16, 220-б.]

                            П.БУАСТ (1765-1824)

 

1-ҚИСМ.  ЎЗБЕКИСТОН  «БИРЛИК»  ХАЛҚ  ҲАРАКАТИ  ТАШКИЛ  ЭТИЛИШИНИНГ  ҚИСҚАЧА  ТАРИХИ

 

   Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Ватанимиз Мустақилликка эришишида қўшган катта ҳиссасини ҳисобга олиб, унинг ташкил этилишига доир баъзи бир тарихий маълумотларни келтириб ўтайлик. 

 

1.1.   ЎЗБЕКИСТОН   «БИРЛИК»   ХАЛҚ   ҲАРАКАТИ   ТАШКИЛ  ЭТИЛИШИ   АРАФАСИДА   СОВЕТ   ИТТИФОҚИДА   ВУЖУДГА  КЕЛГАН    ВАЗИЯТ

 

   Маълумки, Совет Иттифоқи коммунистлар партияси (КПСС) Марказий қўмитасининг 1985 йил апрель пленумида КПСС МҚнинг Бош котиби Михаил Сергеевич Горбачев совет жамиятини тубдан қайта қуриш (русча «перестройка»)ни эълон қилди [3, 2-к., 627-б.]. КПСС МҚнинг 1987 йил январь пленумида жамиятни демократиялаштириш йўналиши қабул қилинди. Шундан сўнггина Совет Иттифоқида кўп йиллардан буён давом этиб келган фуқароларни сиёсий баҳоналар билан жиноий таъқиб қилиш тўхтатилди ва сиёсий маҳбуслар қамоқхоналардан озодликка чиқарилдилар. Шу сабабли 1986-1987 йиллардан бошлаб СССРнинг кўпгина жойларида, айниқса йирик шаҳарларида ҳар хил клублар, уюшмалар, қўмиталар, жамғармалар, ҳаракатлар, кенгашлар, муҳарририятлар, жамиятлар, ассоциациялар ва ҳоказолар тузила бошланди. Шунингдек кам нусхада нашр этиладиган турли норасмий газеталар ва хабарномалар

чоп этила бошланди.

   Воқеалар шиддат билан ривожланиб борди. Ошкоралик ва қайта қуриш тарафдорлари билан мустабид Совет империясини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш тарафдорлари ўртасида кескин вазият вужудга кела бошлади. Бундай вазиятда партия сиёсатининг зарур масалаларини муҳокама этиш учун КПСС МҚси КПСС 19-Бутуниттифоқ анжуманини 1988 йил июнь ойининг охирида чақириш ҳақида қарор қабул қилди [3, 2-к., 662-б.]. Эслатиб ўтамиз: КПССнинг 18-Бутуниттифоқ анжумани 1941 йилда бўлиб ўтганди [17, 6-ж., 97-б.].

   Қайта қуришга кўрсатаётган қаршиликлари ва порахўрликлари учун КПССнинг жойлардаги баъзи бир йирик тўраларини 19-Бутуниттифоқ партия анжуманига делегат этиб сайланмасликларини талаб қилиб 1988 йил май-июнь ойларида Совет Иттифоқининг кўпгина жойларида дастлабки оммавий норозилик митинглари бўлиб ўтди. Ушбу оммавий чиқишларнинг натижаси ўлароқ фаолларнинг саъй-ҳаракатлари билан умумдемократия йўналишидаги бирлашган ташкилотлар тузилди ва улар ўзларини Халқ жабҳалари (фронтлари) деб атай бошлашди.

   Юқорида таъкидлаганимиздек, 1986-1988 йилларда Совет Иттифоқининг барча республикаларида кўплаб кичик-кичик ташкилотлар тузилди, баъзи шаҳарларда митинглар бўлиб ўтди. Масалан, 1987 йил августида Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида 20 минг киши иштирок этган митинг бўлди. Лекин Давлат хавфсизлик хизмати (ДХҚ – КГБ) ва бошқа куч ишлатувчи органлар таъсири жуда катта бўлган Совет империясини тубдан ўзгартириш учун қайта қуриш ва демократиялаштириш жараёнларига 

халқнинг кенг қатламларини жалб этиш зарур эди. Буни қонуний равишда қандай қилиб амалга оширишни ҳеч ким билмасди. Бундай мураккаб ва долзарб ижтимоий-сиёсий масалани Совет Иттифоқида дастлаб Эстония ва Литва зиёлилари ҳал эта билишди (улар бу борада Польша зиёлиларидан ўрнак олганликлари ҳақида гаплар бор).

   «Халқ фронти» (Эстонияда, Ш.Ю.А.) деб ном олган ҳаракат 1986 йил апрелида шаклланди. Уни тузиш ҳақидаги лойиҳалар, таклифлар эса 1987 йилнинг декабрида бошланган эди. «Халқ фронти»нинг раҳбари Эдгар Сависсаар. У фалсафа фанлари кандидати, республика Давлат план комитетида ишлаган, коммунист. «Халқ фронти» ташкил этилгач, бошқа ишларини ташлашга мажбур бўлди. Зеро, эллик минг кишилик ташкилотга раҳбарлик қилиш осон эмас.» [18] 

   1988 йил 14 май куни Таллин шаҳрида ташаббус гуруҳлари ва қўллаб-қувватлаш гуруҳлари вакилларининг йиғилишида Эстония халқ фронти (ЭХФ)нинг вақтинчалик Ташаббус маркази тузилди. Ушбу Марказ ЭХФ ҳаракатини дастлабки босқичда мувофиқлаштириш мақсадида тузилган бўлиб, унинг таркибида қуйидаги хизматлар йўлга қўйилди: 1) Девонхона ва хўжалик хизмати; 2) Ҳисоблаш маркази; 3) Дастурлар бўйича қўмита; 4) Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази; 5) Ҳаракат маркази;

6) Ҳуқуқшунослик хизмати; 7) «Вестник народного фронта» («Халқ фронти хабарномаси» газета муҳарририяти);

8) Алоқа хизмати:

   - қўллаб-қувватлаш гуруҳлари билан алоқа;

   - маърузачилар гуруҳи;

   - вакиллик органлари билан алоқа;

   - матбуот билан алоқа;

   - иттифоқчи жумҳуриятлар билан алоқа. [19]

   Эстония халқ фронти Вақтинчалик ташаббус маркази 1988 йил 17 июнда Таллиндаги «Певческое поле» («Ашулачилар майдони»)да Эстония компартиясидан КПСС 19-анжуманига сайланган делегатлар билан учрашув митингини ташкил қилди ва унда

150 мингдан (!) зиёд киши иштирок этди! [19] 

   1988 йил 3 июлга қадар ЭХФ Марказида 1110 та қўллаб-қувватлаш гуруҳлари рўйхатдан ўтган бўлиб, ЭХФ сафларида 50 мингга яқин аъзо бор эди [19]. 1988 йил 1-3 октябрь кунлари Таллинда Эстония халқ фронтининг Таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Ушбу қурултойда Марказий Осиёдаги бешта жумҳуриятдан фақат ўзбекистонлик ёзувчи Зоҳир Аълам иштирок этган эди.

   1988 йил июнь ойи бошида Вильнюсда Литва Фанлар академиясининг мажлислар залида 500 нафарга яқин зиёли кишиларнинг йиғилиши бўлди. Унда «Қайта қуриш учун Литва ҳаракати»ни тузиш бўйича 35 кишидан иборат ташаббус гуруҳи тузилди. («Ҳаракат» сўзи литва тилида «Саюдис» дейилади ва кейинчалик бу Ҳаракат қисқача «Саюдис» деб атала бошланди.) Шундан уч ҳафта ўтгач Вильнюс марказидаги Гедиминас майдонида кўпминг кишилик митингда Литва компартиясининг делегациясини Москвада бўладиган КПССнинг 19-Бутуниттифоқ анжуманига кузатиш маросими бўлди. Сўзга чиққанлар делегатларга Литва Республикасига иқтисодий эркинлик, маданий мустақиллик, миллий рамзлар ва белгиларни тиклаш, Литвада литва тилига давлат тили мақомини бериш, янги тарих воқеаларини қайтадан кўриб чиқиш ҳамда ҳаққоний баҳо бериш ва шу каби долзарб топшириқларни беришди! 1988 йил июнь охири – июль бошида Москвада бўлиб ўтган КПСС 19-Бутуниттифоқ анжумани бу талабларни тўғри деб топди. [19] 

   Литвалик зиёлиларнинг ватанпарварона меҳнати натижасида 1988 йил октябрида Вильнюсда «Қайта қуриш учун Литва ҳаракати» («Саюдис»)нинг Таъсис қурултойи бўлиб ўтди [19].

 

1.2.  ЎЗБЕКИСТОН  «БИРЛИК»  ХАЛҚ  ҲАРАКАТИ  ТУЗИЛИШИГА  ДОИР  БАЪЗИ   БИР   МАЪЛУМОТЛАР

 

   Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати 1988 йил 11 ноябрда шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг уйида бўлиб ўтган йиғилишда асос солинганлиги ҳақида кўпгина мақолалар ва адабиётларда ёзилган. Лекин ўша тарихий йиғилишда иштирок этган зиёлиларнинг аниқ сони ва исм-шарифлари бирор манбада келтирилмаган.

   Каминанинг ушбу бандни ёзишдан мақсади: ЎзР «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг дастлабки Дастур ва Устав лойиҳасининг яратилиш тарихини, шунингдек Д. Ҳасаннинг уйидаги йиғилишда қатнашган зиёлилар сони ва исм-шарифларини аниқлаштириб беришдир.    

   Муаллиф ушбу бандни шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан, шоир Рауф Парфи, олим ва ёзувчи Тоҳир Каримов, ёзувчи Зоҳир Аълам, журналист Ислом Холбоев билан 2001 йил август-октябрь ойларидаги, шунингдек Зоҳир Аълам билан 2004 йил апрелдаги,  Ғўломқодир Турсунов билан 2004 йилдаги суҳбатлар асосида ёзмоқда.

   Шоир ва ҳофиз Д. Ҳасан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан кўп йиллардан бери яқин алоқада бўлган. Уни 1987 йил июнь ойида ушбу уюшмага аъзоликка қабул қилишган. 1987-1988 йилларда Д. Ҳасан Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси сифатида кўпгина ёзувчилар ва шоирлар билан учрашиб суҳбатлашарди ва улардан: «Қачон биз ҳам шундай Халқ фронтини тузамиз?» деб сўрарди. Шу таклифни шоир Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)га айтганида у: «Бундай Халқ фронтини тузиш учун аввал низом ва дастур ёзишимиз керак» деган. Д. Ҳасаннинг таъкидлашича, у шоир Рауф Парфи билан биргаликда дастлабки йиғилишга таклиф этилувчилар рўйхатини 1987 йилдан туза бошлашган. 

   Журналист Ислом Холбоев 1988 йилда Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг кечки бўлимини тугатган. И.Холбоевнинг айтишича, у Халқ ҳаракати уставини 1988 йил баҳоридан ёза бошлаган. У 1987-1988 йилларда «Гулхан»

журналининг хатлар бўлимида, Фахриддин Худойқулов эса «Муштум» журналида журналист бўлиб ишлаган. Иккаласининг ишхонаси ўша пайтлар «Шарқ» Матбаа концернининг 11-12-қаватларида жойлашганди. Иккаласи биргаликда Ўзбекистонда тузилажак Халқ ҳаракати учун дастур ва низомнинг қоралама нусхасини яхлит кўринишда ёза бошлашган. Унга «Ўзбекистон табиати, маънавий ва моддий бойликларини муҳофаза этиш ҳаракати. Ҳаракатнинг шартли атамаси – Эътиқод» деб ном қўйишган. У дастлаб 3-4 бет бўлган. Ф.Худойқулов ўша 3-4 бетлик қоралама нусхасини ёзувчи Зоҳир Аъламга 1988 йил август охирида берган.

   Кейинги воқеалар тафсилотини баён этиш учун ёзувчи Зоҳир Аъламнинг 1988 йил сентябрь-октябрь ойларида 50 кун давомида Болтиқбўйи жумҳуриятларига қилган ижодий сафари ҳақида ёзишимизга тўғри келади. Совет Иттифоқи даврида жумҳурият Ёзувчилар уюшмасининг ҳар бир аъзоси йилда бир марта СССРдаги хоҳлаган жумҳуриятига ижодий сафарга боришга рухсат берилар эди. З.Аълам эстониялик шоира ва жамоат арбоби Сирье Руутсоо Кийн билан Эстония «Халқ фронти» тўғрисида суҳбат-лашади. Бу ҳақдаги [18]-мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп этилади.

   С.Кийн билан суҳбат сабаб З.Аълам 1988 йилдаги ижодий сафарини Болтиқбўйи жумҳуриятларида ўтказишга қарор қилади. Бу масалада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Одил Ёқубов билан гаплашади. Сўнгра Уюшманинг котиби Муҳаммад Солиҳга учрашганида у: «Болтиқбўйи республикаларида нотинчлик бўлганлиги сабабли командировкага рухсат бераолмайман. Москвага, кутубхонада ишлаш учун рухсат беришим мумкин» дейди. З.Аълам ноилож рози бўлган. Натижада Москвадан Болтиқбўйига бориш ва келиш харажатларини З.Аълам ўз ҳисобидан қилган.

   З.Аълам Болтиқбўйи жумҳуриятларига 1988 йил 10 сентябрида жўнаб кетган ва у ерда 50 кун яшаган. У шу вақт мобайнида Эстония, Латвия ва Литвада бўлган. 1988 йил 1-3 октябрь кунлари Таллинда Эстония «Халқ фронти»нинг таъсис қурултойида қатнашган ва 3 октябрда нутқ сўзлаган.

   З.Аълам 1988 йил октябрь охирида Тошкентга қайтиб келиб, Ўзбекистонда тузилажак Халқ ҳаракатининг Низом ва Дастур лойиҳасини кичикроқ ҳажмда алоҳида-алоҳида ёзган. Сўнгра З.Аълам ва Ф.Худойқулов М.Солиҳ кабинетига киришган. Бу ҳақда М.Солиҳ шундай эслайди.

   «Дарвоқе, қурилиши керак бўлган ҳаракатнинг биринчи «лойиҳаси»ни Зоҳир Аълам билан келган Фахриддин исмли бир талаба таклиф қилганди. Менимча, номи «Эътиқод» ёки шунга ўхшаш сиёсий маъно ташимаган бир ном эди. Мен бу номнинг кулгили эканини айтдим. Аслида бирор сиёсий платформа билан ўртага чиқиш учун ҳаммамиз ҳам бир нави «талаба» эдик.

   Ҳаракатга исм бериш шарафи менга насиб бўлди. Уни «Бирлик» деб атайдиган бўлдик. Бу ном билан 1910-йилларнинг иккинчи ярмида бизнинг Туркистон миллиятчилари (татар ва бошқирдлар билан) бир сиёсий ташкилотни тузишганди, аммо у халқ ҳаракатига айланаолмаганди. Мен «Бирлик» номининг тарихдан мерос эканини дўстларга айтмадим. «Бизни пантуркистлар деб аташади-ку», деб ўйлаб, ҳаракатга киришдан андиша қилмасликлари учун айтмадим.             

   Ҳаракатнинг дастур лойиҳасини қораларканман, иложи борича лўнда тезислар билан белгиланган бир чорчўп ясашга ҳаракат қилдим. Дастур тезисларини ҳам иложи борича «туманли»роқ, иложи борича умумийроқ ва иложи борича сиёсатдан кўра кўпроқ ижтимоий масалаларнинг ифодаси шаклида қоғозга туширдим. Бу гўё ҳар эҳтимолга қарши олган «тадбир»имиз эди.

   Хуллас, мен қоралаган илк матн жуда ибтидоий эди, лекин бу ўша 1988 йилнинг июл ойи учун нормал эди.» [20, 113-114-б.]

   Дадахон Ҳасаннинг айтишича, 1988 йил 7 ноябрь куни М.Солиҳ: «Низом ва Дастур лойиҳаси тайёр бўлди, одамларингизни чақиринг», деган. Йиғилиш 1988 йил 11 ноябрь кечқурун соат 18.00 га Д. Ҳасаннинг хонадонига (Тошкент шаҳар, Мирза Улуғбек тумани, Садаф кўчаси, 31-уйга) белгиланган (11 ноябрь Д. Ҳасаннинг туғилган кунидир). Чақирилувчилар рўйхати Рауф Парфида эди. Уларни телефон орқали чақиришни Д. Ҳасан айтган. Унинг уй манзилини билганлар тўғри хонадонга, билмаганлар эса аввал Ёзувчилар уюшмасининг биносида тўпланишган. Уларни у ердан Д. Ҳасан ўзининг «Газ-21» автомашинасида 2-3 марта қатнаб уйга олиб келган. 

   Шундай қилиб, 1988 йил 11 ноябрь куни шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг уйига қуйидаги 18 киши йиғилган (ўша куни йиғилишда қатнашганларнинг исми шарифи ва уй ёки иш телефонларини Д. Ҳасан ўз блокнотига ёзиб олган экан, исму шарифлар  блокнотда ёзилган тартибда келтирилмоқда, ушбу рўйхатни кўчириб олишга Д. Ҳасан муаллифга 2005 йил 10 сентябрь куни рухсат берди):

1) Пўлатов Абдуманноп (уй телефони 46 54 47);

2) Ғўломов Қаҳрамон (уй телефони 46 11 27);

3) Рауф Парфи  (иш телефони 33 66 32);

4) Каримов Тоҳир (уй телефони: 46 80 49);

5) Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) (уй телефони 67 86 22);

6) Аҳмад Аъзам (4-изоҳга қаранг);

7) Зоҳидов Пўлат (архитектор, уй телефони 41 38 23);

8) Миразиз Аъзам (уй телефони 67 84 67);

9) Худойқулов Фахриддин (уй телефони 32 56 93) (5-изоҳга қаранг); 

10) Эргашев Абдуқодир (уй телефони 62 96 31);

11) Зоҳир Аълам (уй телефони 65 16 72);

12) Пўлатов Абдурахим (уй телефони 62 71 65);

13) Турсунов Ғўломқодир;

14) Ҳасанов Дадахон (уй телефони 65 87 96);

15) Азимов Усмон  (6-изоҳга қаранг); 

16) Хуршид Даврон (7-изоҳга қаранг);  

17) Зуҳриддинов Ҳусниддин;

18) Юрий Ласкин.

 

Булардан қуйидаги 10 киши Ташаббус гуруҳига аъзо бўлишга розилик беришган: 1) Рауф Парфи; 2) Каримов Тоҳир; 3) Аҳмад Аъзам; 4) Худойқулов Фахриддин; 5) Зоҳир Аълам; 6) Пўлатов Абдурахим; 7) Турсунов Ғўломқодир; 8) Ҳасанов Дадахон; 9) Азимов Усмон; 10) Хуршид Даврон (Д. Ҳасан блокнотида бу фамилиялар ёзилган жойида алоҳида белги қўйилган). 

 

   Ислом Холбоев айтишича, у 1988 йилда 1,5-2 ойга вилоятларга кетган ва у ерда Халқ ҳаракатини тузиш учун тарафдорлар тўплаш билан шуғулланган. Шу сабабли у 11 ноябрдаги йиғилишда қатнашаолмаган.

   З.Аъламнинг таъкидлашича, ака-ука Абдурахим ва Абдуманноп Пўлатов йиғилишнинг иккинчи ярмига кириб боришган. Йиғилишга Зоҳир Аълам раислик қилган. Улар «Бирлик» Халқ Ҳаракатини ташкил этиш бўйича Ташаббус гуруҳини тузишга қарор қилишган. Ташаббус гуруҳига аъзо бўлишга 10 киши розилик билдирган. З.Аъламнинг таъкидлашича, йиғилишда Ташаббус гуруҳига уч нафар раисдош сайланган: Зоҳир Аълам, Абдурахим Пўлатов ва Усмон Азим. Яна унинг айтишича, ўша тарихий йиғилишдан ўн кунлар ўтгач М.Солиҳ Абдурахим Пўлатов билан учрашиб, унга Ташаббус гуруҳига раҳбарликни таклиф этган.

   Ўзбекистон Миллий университетининг доценти, фалсафа фанлари номзоди ва ёзувчи Тоҳир Каримовнинг (8-изоҳга қаранг) 2004 йил 23 июлда муаллифга айтганларига кўра, Д. Ҳасаннинг уйига 8-9 киши йиғилган пайтда Муҳаммад Солиҳ ташкил этилаётган Халқ ҳаракатига «Эрк» ёки «Бирлик» номини таклиф этиб: «Биттасини танлайлик», деган. Шунда Тоҳир Каримов ўз таклифини қуйидагича асослаган: «Эрк – бу мақсад. Бирликдан мақсад Эрк бўлиши керак. Эркни қўлга киритиш учун бирлик керак. «Бирлик» атамаси ҳозирги ҳолатимизга кўпроқ мос келади».

   Буни тасдиқлаб М.Солиҳ: «Балки бизнинг ҳаракатимиз келажакда ривожланиб уюшган сиёсий кучга айланиши мумкин. Бу албатта сиёсий партияга айланиш эҳтимоли бор. Балки партиянинг номини «Эрк» қўярмиз», деган. Шундай қилиб, Т.Каримовнинг таклифи ва М.Солиҳ гапи даврада ўтирганларга маъқул келган. Бир овоздан тузилажак Халқ ҳаракатига «Бирлик» номини беришга келишишган. 

   Тоҳир Каримовнинг таъкидлашича, 11 ноябрдаги йиғилишда унга «Бирлик» Дастур лойиҳасини, З.Аъламга эса «Бирлик» Устав лойиҳасини ёзиш топширилган. Т.Каримов 14 ноябрда «Бирлик» Дастур лойиҳасини 4 бетлик қилиб ёзган. Уни Ёзувчилар уюшмасининг котибаси Гавҳар Норматова ёзув машинкасида печатлаб кўпайтириб берган ва уни Т.Каримов Ташаббус гуруҳи аъзоларидан баъзиларига тарқатган. У 15 ноябрда уни 8 бетлик қилиб кенгайтирган. Уни Г.Норматова яна машинкада печатлаган ва нусхаларини гуруҳ аъзоларига тарқатиб беришган. 

   1988 йил 16 ноябрь куни «Бирлик» Халқ Ҳаракати Ташаббус гуруҳи аъзоларидан 5-6 киши иштирокида Ёзувчилар уюшмасида 8 бетлик Дастур лойиҳасининг муҳокамаси бўлган. Эътирозлар ва таклифлар асосан оғзаки бўлган ва Т.Каримов уларни қоғозга ёзиб олган. Фақат ЎзР Фанлар Академиясининг академиги Бек Ойбекович Тошмуҳамедов «Бирлик» Дастур лойиҳасининг экологияга оид қисмини ёзма равишда тайёрлаган, уни йиғилганларга ўқиб берган ва Т.Каримовга топширган. Т.Каримов «Бирлик» Дастур лойиҳасини ноябрь охирида янада кенгайтирган. Ушбу 3-лойиҳани ўзи ишлаётган институтда котибага илтимос қилиб, ёзув машинкасида 16 бетлик қилиб печатлаттирган. Уни Т.Каримов Паркент шаҳрига олиб бориб, нашриётда ишлаётган танишига берган. 

Натижада «Бирлик» Халқ Ҳаракати Дастур лойиҳаси 19 бетлик китобча кўринишида тайёр бўлган. 1988 йил 2 декабрь куни Паркентдан келган киши битта сўмкада 670 дона «Бирлик» Дастур лойиҳасини олиб келиб Т.Каримовга ишхонада берган.

   Т.Каримов 8 декабрь куни Паркентга дарс бергани борганида босмахонадан яна 700 дона «Бирлик» Дастур лойиҳасидан олган. Босмахона ходимига 200 рубль пул ҳам берган. Бу пул ҳақидаги гапни эшитган босмахона раҳбари Т.Каримовдан хафа бўлган. У бунга жавобан: «Майли, яна китобчадан чоп этиб беринг», деган. Шу сабабли 15 декабрь куни Паркентдан келган воситачи Т.Каримов ишлайдиган институтга яна 1000 (минг) дона Дастур лойиҳасини олиб келиб берган. Шундай қилиб, деярли 2500 нусхадаги «Бирлик» Дастур лойиҳаси китобча кўринишида тайёрланди ва 1988 йил декабридан бошлаб зиёлилар ҳамда меҳнаткашлар орасида тарқатила бошланди.    

 

1.3.  «БИРЛИК»  РАҲБАРИЯТИДА  1988  ЙИЛДА  ЙЎЛ  ҚЎЙИЛГАН  ЭНГ  КАТТА   ХАТО  ВА  УНИНГ  БОШ  АЙБДОРИ  ҲАҚИДА  АЙРИМ  МУЛОҲАЗАЛАР

 

   Ушбу китоб ёшларимизга мўлжаллаб ёзилаётганлиги сабабли «Бирлик» Халқ Ҳаракати раҳбариятида 1988 йилда йўл қўйилган битта катта хато ҳақида ҳам ёзсак. Бу хато «Бирлик»ка раҳбарни сайлаш масаласи билан боғлиқдир. 

   Шоир Муҳаммад Солиҳ ўзининг «Йўлнома» китобида шундай ёзган.

   «Ниҳоят, ноябр ойининг ўн биринчи куни биз, бир гуруҳ ёзувчи ва олим, режалаганимиз ташкилотни таъсис этиш учун қўшиқчи шоир Дадахон Ҳасаннинг уйида тўпландик. Янглишмасам, 15-17 тача киши бор эди.

  Қисқа муҳокамадан кейин «Бирлик» номи остида Ўзбекистоннинг маънавий ва моддий қадриятларини асраш ҳаракати таъсис этилди, деб қарор қилдик. Менга ҳаракатни бошқариш таклиф этилди, мен рад қилдим. Ҳаракат ҳайъатида бўлиш мен учун етарли, Ёзувчилар Уюшмаси котиблиги юки ҳам бор, лекин ҳаракатни бирга юритаверамиз, дедим. Академик Тошмуҳамедов ҳам раҳбарликни истамади. Шунда фан доктори Абдураҳим Пўлатов бошқарсин қурултойгача, деди кимдир. Кўпчилик «бу одамни яхши танимаймиз», деган баҳонада қарши чиқди. Мен Пўлатов номзодини қўлладим ва қарши чиққан дўстлардан унга овоз беришни илтимос қилдим.

   Илтимос қилдим-у, уни ўзим ҳам унча яхши танимасдим. Уни илмий институтларда олимлар билан ўтказган суҳбатларимда бир-икки марта кўриб, эсимда қолганди. Эсимда қолганди, чунки кўп савол берарди. Кейин уни, янглишмасам, Д.Ҳасаннинг уйига шоир Рауф Парфи ва Бегжон Тошмуҳаммедов олиб келишганди. Мен бу одамларга ишонардим. Бундан ташқари, биз, ёзувчилар, ташкилотни тузиб, оёққа қўйиб, уни бизга кўра прагматик, закий олимларга топшириш керак, деган қатъий фикрда эдим. Қолаверса, Пўлатов, кибернетика олими, ўзи ҳақида жуда чаққон ва ишчан бир киши таасуротини қолдирарди. Шундай бир одам биз илтимос қилган нарсани дарров қабул қилганига хурсанд ҳам эдим. Ҳар ҳолда, ҳаракатнинг қурултойга қадар ташкилий ишларини юритишга ҳеч шубҳам йўқ эди.

   Баъзи радикал ошнолар аввал ҳаракатга умуман коммунист олмаслик керак, деган фикрни олға суришганди. Ёзувчиларнинг кўпчилиги бу фикрни қўллади. Аммо Таъсис мажлисида дўстлардан бири «бу Пўлатов илмий институтнинг парткоми бўлган, қандай ишлайди биз билан», деб шипшиганда унга: «коммунистларни ҳаракатга олмайдиган бўлсак, ҳаракатни тузайлик деб юрган Зоҳир Аъламни ҳам, Дадахон Ҳасанни ҳам олмаслик керак эди. Бизга кейинроқ қўшилган Бегжон Тошмуҳаммад ҳам коммунистку», дедим.

   Хуллас, Пўлатов Қурултойгача янги ташкилотнинг таъсис қўмитасига бошлиқ бўлиб сайланди.» [20, 120-121-б.] 

   Каминанинг фикрича, «Бирлик» Халқ Ҳаракати тарихида йўл қўйилган энг катта хато – «Бирлик» Ташаббус гуруҳига Абдурахим Пўлатовнинг раис этиб сайланганлигидир. Бунга бош айбдор Муҳаммад Солиҳдир, чунки у ўзи яхши танимаган ва билмаган, ўша вақтда Ўзбекистон Фанлар академияси Кибернетика институти коммунистик партия ташкилотининг котиби (партком секретари) бўлиб ишлаган А.Пўлатовдек кишини «Бирлик»ка раҳбар этиб сайлашни таклиф қилган. Ёзувчи Зоҳир Аълам таъкидлашича, 11 ноябрдаги тарихий йиғилишдан ўн кунлар ўтгач М.Солиҳ А.Пўлатов билан учрашган ва уни Ташаббус гуруҳига раҳбар бўлишни таклиф этган, яъни «Бирлик»ка раҳбарни тайинлаш масаласини якка тартибда М.Солиҳ ҳал қилган. Шоир ва ёзувчилар А.Пўлатовни раис этиб сайламаслик кераклиги ҳақида гапирганларида, М.Солиҳ уларни ҳам кўндиришга ҳаракат қилган. Натижада 1988 йил 1 декабрдаги йиғилишда А.Пўлатов «Бирлик» Ташаббус гуруҳига раис этиб сайланган.

   Худди шундай ҳолат «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Таъсис қурултойида ҳам бўлган. Бу ҳақда М.Солиҳ шундай ёзган.

   «28 майда (1989 йил) ўтган Қурултой шундай кўтаринки руҳда ўтди. Ҳаракатга раҳбарлик қилишни таклиф этишди, рад қилдим. Уюшмадаги вазифам жорий босқич учун Ҳаракатдаги мақомдан муҳим эди. Ҳаракатдаги мақом Уюшманинг маневр майдонини торайтириб қўяр ва давлат идораларига босим ўтказиш қобилиятини заифлаштирган бўларди.

   Мен раҳбарликка яна Абдураҳим Пўлатовни тавсия қилдим, номзоди қаршиликсиз қабул қилинди. Ҳаракатнинг Марказий Кенгаш аъзолари ва ҳоказолар тасдиқланди. Қурултой байрам кайфиятида якунланди.» [20, 159-б.]

   Каминанинг фикрича, авваламбор «Бирлик»ка раис этиб М.Солиҳнинг ўзи сайланмоғи ўринли бўларди. Лекин ўша Совет Империяси шароитида у раисликни рад этиб тўғри иш қилган. У раисликка ўзи яхши билган сафдошларидан бирини, масалан, шоир Усмон Азимни (у 1992 йилда «Ватан тараққиёти» партиясига асос солди ва унинг раиси этиб сайланганди) ёки Болтиқбўйидаги учта жумҳуриятда 50 кун бўлиб, Халқ ҳаракатларини ўрганиб келган ёзувчи Зоҳир Аъламни тавсия этиши керак эди. Ёки уч кишидан иборат раисдошлар сайлаш йўли ҳам ижобий ечим эди… 

   1988 йил ноябрь-декабрида йўл қўйилган энг катта хато – А.Пўлатовнинг «Бирлик» Ташаббус гуруҳига раис этиб сайланганлигидир. «Бирлик» Халқ ҳаракатидаги кейинги хатолар ва тортишувлар 1988 йил ноябрь-декабрида йўл қўйилган энг катта хато – А.Пўлатовнинг «Бирлик» Ташаббус гуруҳига раис этиб сайланганлигининг давомидир, холос!

 

Буюк Шарқнинг машҳур шоирларидан бири Абдуқодир Бедил (1644-1721)нинг бундай байти бор [21, 62-б.]. 

 

Аввал ғиштин қийшиқ қўяркан меъмор,

Юлдузга етса ҳам қийшиқдир девор.

 

   Муаллифда А.Пўлатовнинг йўл қўйган қўпол хатоларига доир баъзи бир маълумотлар бор. Бу ҳақда, Худо хоҳласа, камина ушбу китобнинг кейинги нашрларида қисқача ёзиш нияти бор. Токи демократия – бу фақат ҳокимиятдагиларни ва куч ишлатувчи органларни танқид қилишдангина иборат бўлмай, бу демократларнинг ўз-ўзини ва ўзаро танқиди ҳамдир.

   А.Пўлатов ва М.Солиҳ шахсига холис ёндошиш ниятида ўқувчимизга улар ҳақида  батафсилроқ маълумотларни алоҳида бандларда келтиришимиз ўринлидир.           

 

1.4.  1989-2003 ЙИЛЛАРДА  «БИРЛИК»   ХАЛҚ   ҲАРАКАТИ   РАИСИ,  2003 ЙИЛДАН     «БИРЛИК»  ХАЛҚ   ҲАРАКАТИ»   ПАРТИЯСИНИНГ  РАИСИ  АБДУРАХИМ   ПЎЛАТОВНИНГ   ТАРЖИМАИ   ҲОЛИДАН   ЛАВҲАЛАР

 

   А.Пўлатовнинг таржимаи ҳолидан маълумотлар 1995 йилда Анқарада нашр этилган «Абдурахим Пўлат озодликда» номли китобдан келтирамиз.

 

   «Абдурахим Пўлат 1945 йил 7 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Ғишткўприк қишлоғида туғилди. Отаси – Қаюм Пўлат ўғли (1992 йили вафот этган). Онаси – Сабура Фозил қизи (шу кунда Тошкент шаҳрида яшамоқда) (Абдурахим Пўлатнинг онаси – Сабура Фозил қизи, камина адашмаса,  1999 йилда Тошкентда вафот этди, Ш.Ю.А.).

   Абдурахим Пўлат 1962 йили Ғишткўприкдаги ўрта мактабни, 1968 йили Москва Энергетика институтини тамомлаб, компьютерлар инженери дипломини олди.

   Шу вақтдан 1991 йилнинг июль ойигача Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Кибернетика институтида ишлади. 1973 йилда кандидатлик, 1984 йилда докторлик диссертациясини ёқлади. 1977 йилдан лаборатория мудири, 1990 йилдан профессор.

   Бошқариш назарияси, сунъий интеллект ва интеллектуал роботлар соҳасида юзга яқин илмий мақолалар, 2 китоб нашр қилди. «Адаптив ва интеллектуал роботлар» деб номланган яна бир китобининг чоп этилиши сиёсий фаолияти сабабли коммунистлар томонидан 1990 йилда тўхтатиб қўйилган. 1991 йилнинг июль ойида ўзини тўла сиёсий фаолиятга бағишлаш мақсадида Кибернетика институтидаги ишдан кетди.

   1988 йил 11 ноябрьда бир гуруҳ ёзувчи ва олимлар билан Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатига асос солди. 1988 йил 1 декабрьда «Бирлик» Ташаббус гуруҳининг, 1989 йил 28 майда Ҳаракат Марказий кенгашининг раислигига сайланди. 1989 йилнинг 19 март куни биринчи марта сиёсий лидер сифатида Тошкентдаги кўп минг кишилик митингда халқ олдига чиқди.

   1989 йил 16 октябрьда антикоммунистик фаолияти учун 1980 йилдан бери аъзоси бўлган Ўзбекистон Коммунистик партиясидан (ҳозирги Халқ демократик партиясидан) ўчирилди. (9-изоҳга қаранг, Ш.Ю.А.)    

   1989 йил 11 ноябрьда «Бирлик»нинг бўлинишини олдини олиш учун раисликдан истеъфо берди. 1990 йил 27 майдан бери «Бирлик»нинг раисдошларидан бири.

   1990 йил 20 июньда номи кейинчалик «Бирлик» партияси деб ўзгартирилган Ўзбекистон демократик партиясининг таъсис қурултойида партиянинг раиси этиб сайланди. Ҳозир ҳам унинг раиси. 

   1990 йил 1-3 сентябрь кунлари Ленинградда халқаро «Инсон ҳуқуқлари» конференциясида Фарғона ва Ўшдаги воқеаларнинг асл сабабчиси Москванинг мустамлакачилик ва «айир-буюр» сиёсати эканлигини кўрсатувчи доклад билан қатнашди. 

   1990 йил ноябрь ойида «Ўзбекистон мустақил диктатура бўсағасида» мақоласини ёзди. Қозоғистон мухолифатининг «Азат» ва «Бирлик» партиясининг «Демократик Ўзбекистон» газеталарида эълон қилинган бу мақолада Ўзбекистон бу кундаги диктаторлик тузумга қараб кетаётгани аввалдан кўрсатиб берилганди.

   1990 йил 7 декабрьда Қирғизистон Президенти Асқар Ақаев билан учрашиб, Ўш-Ўзгандаги каби воқеаларнинг қайтарилмаслиги учун қилиниши керак бўлган ишларни маслаҳатлашди.

   1991 йил 25 майда тузилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятлари демократик кучлари Форумининг асосчиларидан бўлди.

   1991 йил 2-9 августда сафдоши Пўлат Охун билан илк дафъа Туркияда бўлди. Тўғри йўл партиясининг раиси Сулаймон Демирэл билан суҳбат ўтказилди.

   «Бирлик» халқ ҳаракати ва «Бирлик» партияси 1991 йил августдаги коммунистик фитнага қарши чиққани учун Абдураҳим Пўлат сафдошлари Шуҳрат Исматулла, Анвар Усмон, Миролим Одил ва бошқалар билан милиция томонидан тутиқланди.

   1991 йил декабрь ойида 60 минг кишининг имзоси билан Ўзбекистон Президентлигига номзод қилиб кўрсатилди. Лекин очиқ рақобатдан қўрққан Ислом Каримов уни номзод сифатида рўйхатдан ўтказтирмади. (10-изоҳга қаранг, Ш.Ю.А.)       

   1992 йил 16 февральда Тошкентда АҚШ Давлат котиби Жеймс Бейкер билан учрашди.

   1992 йил 4-7 июль кунлари Нью-Йоркда Америка Турк жамиятлари ассоциацияси уюштирган «Дунё турклари» конференциясида Ўзбекистондаги тузумнинг диктаторлик  моҳиятини очиб берувчи доклад билан қатнашди. 

   1992 йил 29 июньда Абдураҳим Пўлатга Тошкентда суиқасд уюштирилди, бош суяги ёрилди. Тошкентда ўтказилган операциядан сўнг даволанишни Боку ва Истамбулда давом эттирди. 

   1992 йил 12 августда Бокуда Озарбайжон жумҳурияти Президенти Абулфайз Элчибей билан кўришди. Туркияга келгандан сўнг 1992 йил 25 августда Анқарада Она Ватан партиясининг раиси Маъсуд Йилмаз, 1992 йил 30 августда Истанбулда Миллиётчи Ҳаракат партияси раиси Алпарслон Туркиш билан учрашди.

   1992 йил 7-9 ноябрь кунлари Таиланднинг пойтахти Бангкокда «Осиё ва Тинч океани регионида озодлик ва демократия» лигасининг конференциясида қатнашди ва  Ўзбекистондаги сиёсий вазият тўғрисида доклад қилди.

   1992 йил 18 октябрда Тошкентда унга яна бир ҳужум уюштирилди. Ҳужумчиларнинг бири ушлаб милицияга келтирилганида, у КГБ (13-изоҳга қаранг, Ш.Ю.А.)  хизматчиси эканлиги аниқланди.  

   1992 йил 2-3 декабрьда Озарбайжон халқ фронтининг 2-Фавқулодда Қурултойида меҳмон сифатида қатнашди.

   1992 йил 18 декабрь куни Ўзбекистонда мухолифатга қарши репрессиялар янада кучайгандан сўнг юртини тарк этишга мажбур бўлди.

   1993 йил 21-23 мартда Анталяда Турк дунёси қурултойида қатнашди ва сўнгра Туркияда қолди.
   1993 йил 15-18 апрель кунлари АҚШнинг Мэдисон шаҳридаги Висконсин Университетида ўтказилган «Ўрта Осиёда демократия» конференциясида «Ўзбеклар демократияга тайёрми?», деган мавзуда доклад билан қатнашди.

   1993 йил 3-4 декабрда Америка Турк жамиятлари ассоциациясининг Вашингтонда ўтказилган қурултойида қатнашди. Турк дунёсининг келажаги тўғрисидаги фикр ва мулоҳазаларини ўртага қўйди.

   Абдураҳим Пўлат оилали, бир ўғил ва бир қизи бор.» [22, 60-62-б.]

   А.Пўлатов 1998 йилда Туркиядан АҚШга кўчиб ўтди. У бугунги кунда – 2007 йил сентябрида АҚШда, Вашингтон шаҳрида яшамоқда.

 

1.5.  «БИРЛИК»  ХАЛҚ  ҲАРАКАТИ  АСОСЧИЛАРИДАН  БИРИ, «ЭРК»  ДЕМОКРАТИК  ПАРТИЯСИ  РАИСИ  МУҲАММАД  СОЛИҲНИНГ  ТАРЖИМАИ  ҲОЛИДАН  ЛАВҲАЛАР

 

   Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) ҳақидаги маълумотларни «Халқ сўзи» газетасининг 1991 йил 26 ноябрь сонидан келтирамиз.

 

   «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясининг қарори

   Ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)ни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисида

   «Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

   1. Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси Марказий Кенгашининг қарори билан кўрсатилган ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинсин.

   2. Ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)га Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод гувоҳномаси берилсин. 

 

   Марказий сайлов комиссиясининг раиси      Қ. АҲМЕДОВ.

   Марказий сайлов комиссиясининг котиби   М. МАМАТАЗИЗОВ.

   Тошкент шаҳри,        25 ноябрь 1991 й.»   

 

  «Муҳаммад  СОЛИҲ (Салой Мадаминов)нинг таржимаи ҳоли

   Муҳаммад Солиҳ 1949 йил 20 декабрда Хоразм вилояти Янгибозор райони, Янгибозор қишлоғида туғилган.

   Ўрта мактабни битириб, 1968 йилдан 1970 йилгача Совет Армияси сафида хизмат қилди. 

   1970-75 йиллари Тошкент дорилфунунининг журналистика факультетида таҳсил олди.

   1977-1979 йилларда Москвада олий адабий курсларда таҳсил олди.

   1988 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби бўлиб ишлади. Муҳаммад Солиҳ 1966 йилдан буён шеърий ижод билан шуғулланади. Шу кунгача (1991 йил декабригача, Ш.Ю.А.) унинг 12 шеърий ва насрий китоблари чоп этилди. Унинг асарлари араб, турк, инглиз, француз, испан ва дунёнинг бошқа тилларига таржима қилинган.

   1986 йилдан бошлаб ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол қатнаша бошлади. Унинг миллий масалалар, тил, маданият, демография, экология ва бошқа долзарб мавзуларда ёзган мақолалари жумҳуриятда каби Иттифоқ нашрларида ҳам чоп этилди ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди.

   М.Солиҳ «Бирлик» халқ ҳаракатининг асосчиларидан биридир.

   1990 йилнинг апрель ойидан бошлаб у «Эрк» демократик партиясининг раиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. 

   М.Солиҳ – Ўзбекистон Республикаси халқ депутати.

 Уйланган, беш боланинг отаси.»

 

 М.Солиҳ тазйиқлардан кейин Ўзбекистонни 1993 йилда тарк этишга мажбур бўлди. У  аввал Туркияда, сўнгра Германияда яшади. У бугунги кунда - 2007 йил сентябрида оиласи билан Норвегияда яшамоқда.      

       

1.6.  «БИРЛИК»  ХАЛҚ  ҲАРАКАТИ  ДАСТЛАБКИ  ДАСТУР  ЛОЙИҲАСИНИНГ  МУАЛЛИФДАГИ  НУСХАСИНИНГ  ҚИСҚАЧА  ТАРИХИ

 

   Камина 1988 йил ноябрь ойи охирларида талабалардан Халқ ҳаракатини тузиш тадбирлари бўлаётганини эшитиб Ёзувчилар уюшмасига борди ва у ерда Рауф Парфи билан суҳбатлашиб қайтди. Муаллиф 1988 йил декабрь ўрталарида Ёзувчилар уюшмасига борганида унга қайтариш шарти билан ёзув машинкасида печатланган «Бирлик»нинг қуйида келтирилаётган лойиҳа матнини беришганди. Муаллиф уни ўз ёзув машинкасида кўпайтириб, нусхаларини вилоятларда яшаётган курсдош дўстларига почта орқали буюртма хат билан жўнатиб юборган эди.

  Ушбу лойиҳа 1989 йил 28 май (якшанба) куни Тошкентдаги Ёзувчилар уюшмаси (Пушкин кўчаси, 1-уй)да бўлиб ўтган «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг таъсис қурултойида [23, 489-б.] баъзи бир тузатишлар ва қўшимчалар билан қабул қилинди.

   «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Дастур лойиҳасини ўқиб чиққач, «Бирлик» сафларида 1989 йилдаёқ Ўзбекистоннинг бир миллионга (!) яқин фуқароси, жумладан  Ўзбекистоннинг таниқли ва машҳур зиёлиларидан 155 нафари иштирок этганлик сабаблари ўқувчимизга тушунарлироқ бўлади. 155 атоқли зиёлилар «Бирлик»да иштирок этишга розилик билдиргани ҳақида каминага «Бирлик» Халқ Ҳаракати Марказий Кенгаш ҳайъати аъзоси, техника фанлари доктори, раҳматли профессор Олим Каримов бир неча марта айтган эди. Ушбу 155 нафар зиёлилардан баъзиларини эслатиб ўтишимиз мумкин. «Ёш ленинчи» газетасининг 1989 йил 30 сентябрь (№ 185) сонида «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Низоми чоп этилган. Унинг охирида қуйидаги ёзув ҳам бор.

   «Ҳужжатга имзо чекканлар:

   «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг ҳайъат аъзолари: Аҳмад АЪЗАМ, Усмон АЗИМ, Зоҳир АЪЛАМ, Сафар БЕКЖОН, Эркин ВОҲИДОВ, Баҳодир ЖАЛОЛОВ, Дадахон НУРИЙ, Олим  КАРИМОВ, Тоҳир КАРИМОВ, Сергей ОРЛОВ, Муҳаммад СОЛИҲ, Жума ТОШМАТОВ, Фахриддин ХУДОЙҚУЛОВ.» [24]

    «Бирлик» Халқ Ҳаракати 1988 йил декабридаги Дастур лойихаси китобимизнинг 2-иловасида келтирилган.

  ----------------------------------------------------------------------------------------------------------

 

Азиз биродарлар!

                «Бирлик» аъзолари ва хайрихоҳлари бўлган, юрт қайғуси билан ёнган ака-укалар,

             опа-сингиллар. Сизларга мурожаат қилиб  икки оғиз сўз  айтмоқчиман.

                Она Ватан истиқболини ўйлаб, халқнинг тили, маданияти, эзгу урф-одатлари,

             табиати, тарихи, илмий иқтисодий тараққиёти тўғрисида қайғуриб қилинган ҳар

             қандай ҳаракат қўллаб-қувватлашга лойиқ, табаррук бир ишдир. «Бирлик»нинг

             мақсади олижаноб, йўли тўғри. Аминманки, эзгу йўлда қўйилган қадам хайрли

             ишларга олиб боради. [25, 34-б.] (11-изоҳга қаранг)

             ЭРКИН  ВОҲИДОВ,   1989 йил 8 апрель

 

2-ҚИСМ.  «БИРЛИК»ЧИЛАР  ВА  ЎЗБЕКИСТОНЛИК   АСКАРЛАРНИНГ  ТОБУТЛАРИ

 

2.1.  ЎЗБЕКИСТОНЛИК  АСКАРЛАРНИНГ  1989-1990  ЙИЛЛАРДА  КАЛТАКЛАНИБ  ЎЛДИРИЛИШ  САБАБЛАРИ

 

   Совет Иттифоқида ҳарбий хизмат мажбурий эди. Шу сабабли ота-она 18 йил давомида авайлаб-асраб ўстирган фарзандини Совет армияси сафига хизматга юборишга мажбур эди. Лекин у ердаги тартибсизликлар ва бошбошдоқликлар сабабли аскарларнинг баъзилари майиб-мажруҳ ҳолда, баъзиларининг эса жасадлари темир тобутларда қайтарди.

   Ўзбекистонга аскар тобутлари ҳар йили келтирилар эди. Айниқса 1989-1990 йилларда темир тобутлар Ўзбекистонга кўплаб келтирила бошланди. Фақат 1989 йил давомида СССР Қуролли кучлари сафида хизмат қилган ўзбекистонлик 430 аскарнинг жасади темир тобутларда келтирилди. 

   Ўзбек аскарларининг ҳарбий хизмат пайтида ўлдирилаётганлиги тўғрисида дастлаб Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати 1989 йилнинг ёз ойларидан бошлаб айтган ва Ҳаракатнинг «Бирлик», «Тумарис», «Эркин сўз» газеталарида ёзган эди. Масалан, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг вакиллари «Муносабат» деб аталувчи кенгашга бирлашиб, 1989 йил 10 августда Совет Иттифоқи Президенти М.С.Горбачевга телеграмма жўнатишганди. Ушбу телеграмма матни «Бирлик» газетининг 1989 йил октябрь ойидаги 5-сонида босилган.

 

 «Москва. Кремль. КПСС МКнинг бош котиби, СССР Олий Советининг раиси

   Михаил Сергеевич Горбачевга

 

                        Ҳурматли  МИХАИЛ  СЕРГЕЕВИЧ!

   Кейинги пайтларда «Правда», «Известия», «Труд», «Советская Россия», «Красная Звезда» сингари марказий газеталарда, «Собеседник», «Семья» каби ҳафталикларда ва «Огонёк» журналида ўзбек халқининг номус ва ғурурини таҳқирловчи бир қатор мақолалар пайдо бўлганига диққатингизни тортмоқчимиз. Журналистлар В.Ардаев, В.Астафьев, К.Белих, К.Михайлов, В.Яков, А.Головков ҳамда ички ишлар министрлиги ходимлари Э.Дидоренко, Ю.Шаталин,   Панкин, Е.Нечаевларнинг куч-ғайратлари билан Фарғона вилоятида рўй берган ҳодисаларнинг моҳиятини бузиб кўрсатувчи, туҳмат ва бўҳтондан иборат хабарлар тўқиб чиқарилди. Натижада турли миллатлар ўртасида кескинлик зўрайди: жумҳуриятимизда яшайдиган бошқа миллат вакилларининг орасида ҳам ваҳима қўзғатилди. Айни чоғда, ўзбекча чиқадиган матбуот мухбирларига фожианинг дастлабки кунлари Фарғонага боришга йўл берилмади, ўзбек ёзувчиларининг йўлига ҳар хил тўсиқлар қўйилди. Жумҳурият шаънига тавқи-лаънат бўлиб янграган «ўзбеклар иши» деган гап минг марта такрорланди. Ҳатто, СССР халқ депутатлари съездининг ва СССР Олий Совети сессиясининг баланд минбаридан ҳам айтилди – бу ҳол халқимизнинг ғазаби ва нафратини қўзғатиши табиий.

   Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларининг 10 августда ўтказган рухсат этилган митингида шу ҳақда гап бўлди. Митинг қарори КПСС МКига, СССР Олий Советига ҳамда СССР журналистлар уюшмасига юборилди. Бироқ, масаланинг жумҳуриятда миллатлараро муносабат соҳасида ўта хавфли вазият туғилишига олиб кела оладиган даражадаги нозиклигини ҳисобга олиб, биз митинг ўтказиш ташкилий қўмитаси аъзолари, шахсан Сизга мурожаат қилиб:

   - бу масалани СССР Олий Советининг 2-сессиясида депутатлар муҳокамасига қўйишингизни;

   - туҳматдан иборат хабарлар оқимини, ўзбек халқини матбуотда таъқиб этиш ва бадном қилишга уринишларни зудлик билан тўхтатишга кўмак беришингизни;

   - ўзбек халқи шаънига қўпол бўҳтонлар ёғдирган «Огонёк» журнали, мухбир А.Головков матбуот орқали узр сўрашини;

   - вилоятда комендантлик соати зудлик билан бекор қилинишини;

   - ҳали чўғлари ўчиб улгурмаган жойга яна месхетиялик туркларни қайтариб келишдан олдин бунинг бўлғуси оқибатлари тўғрисида чуқур ўйлаб кўришни қатъий талаб қиламиз.

   Вазиятни тушунарсиз ва бизни қўлларсиз деб умид қиламиз. Акс ҳолда, биз бошқача тинч сиёсий йўллардан фойдаланишга мажбур бўламиз.

  Эҳтиром билан Ҳолида Анорбоева, Икром Отамуродов, Қулмон Очил, Хуршид Дўстмуҳаммад, Усмон Қўчқор, Эргаш Муҳаммад, Нурулло Отахонов, Мирзакарим Пирматов, Рауф Субҳон, Муҳтарама Улуғова, Турсунпўлат Холмуҳаммадов, Ёқубжон Хўжамбердиев, Дилшод Шамсиев,

«Муносабат» кенгашининг аъзолари.» 

                                    

   Шу мавзуда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил 29 сентябрь сонида газета мухбири Карим Баҳриевнинг «Ой бориб омон қайтмаган болам»[26] деган катта мақоласи босилди. Ўзбекистоннинг турли туманларидан ушбу мақолага жавобан келган хатлар асосида шу газетанинг 1990 йил 9 март сонида «Ой бориб омон қайтмаган болам…»[26] деган қўшимча мақола босилди. «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг «Бирлик», «Тумарис», «Эркин сўз» газеталарида ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ёзилган мақолалар қўлма-қўл қилиб ўқилар эди.

 

2.2.  КАЛТАКЛАНГАН  АСКАРЛАРИМИЗНИНГ  ЮРТИМИЗГА  ҚАЙТИБ   КЕЛИШЛАРИ   ВА  «БИРЛИК»ЧИ  ШИФОКОРЛАРНИНГ  ЖАСОРАТИ

 

    Қаттиқ таҳқирлар ва калтакланишлар натижасида аскар ўғлонларимиз ўз жонларини сақлаш учун хизмат жойларини оммавий равишда тарк этиб, Ўзбекистонга қайтиб кела бошладилар. Рус тилини ва СССР қонунларини деярли билмайдиган ўша 18-19 ёшли аскар укаларимизни қонуний ҳимоя қилиш масаласи билан Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг фаоллари шуғулланишар эди. Шундай фидойи фаоллардан бири Тошкент шаҳар 1-клиник касалхонасининг шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Талъат  Холиқов эди (у 1940 йилда туғилган). Т. Холиқов «Бирлик» Халқ Ҳаракатига аъзо бўлган дастлабки шифокорлардан биридир. 

   Совет армиясида мажруҳ бўлган ва соғлигини йўқотган аскарлар нажот излаб «Бирлик»ка келар эдилар. 1-клиник касалхонада хизмат қилаётган Т. Холиқов бошчилигидаги «Бирлик»чи шифокорлар тазйиқларга қарамай, йигитларнинг соғлигини ҳар томонлама текшириб касалхонага ётқизишга муваффақ бўлардилар. Бундан ташқари шифокорлар касалланган ва майиб-мажруҳ бўлган аскарларнинг ҳар бирини Республика ҳарбий комиссариатининг адлия бўлимига ва ҳарбий госпиталнинг шифокорлар комиссиясига олиб боришиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилар эдилар. Тажовузкор госпитал шифокорларидан иборат комиссия ҳам, ҳарбий комиссариат вакиллари ҳам ҳар қанча ҳаракат қилсаларда Тошкент шаҳар 1-клиник касалхонаси шифокорлари ёзган тиббий хулосаларнинг ҳеч бирини инкор этолмадилар. Натижада тиббий хулосалар тасдиқланиб, барча аскарларимиз оқланар эдилар.  

   Касалманд аскарларимизни ҳимоя қилиш ишлари бу билан тугамасди. Т. Холиқов «Бирлик»нинг бошқа раҳбарлари билан биргаликда Ўзбекистон ССР Олий Советидаги масъул ходимлар билан учрашувларда аскарлар ҳақ-ҳуқуқларини имкон қадар ҳимоя қиларди ва тегишли чоралар кўрилишини талаб этарди.

   1989 йилнинг куз кунларининг бирида таҳқирланишлар ва калтакланишлардан сўнг ўзбекистонлик 20 дан ортиқ аскарлар Грузиядаги хизмат жойини ташлаб Тошкентга қайтиб келишди. «Бирлик»чи шифокорлар 1-касалхонанинг битта бўлимини бўшатиб, уларни тиббий текширишдан ўтказиш учун ўша бўлимга ётқизишди. «Бирлик»чиларнинг саъй-ҳаракатини йўққа чиқариш ва адабини бериб қўйиш учун амалдорлар Москвадан СССР Мудофаа вазирлигидан келган генерал бошчилигида Тошкентда тиббиёт соҳасида ишлаётган профессорлар ва доцентлардан иборат 27 киши-лик тиббиёт комиссиясини туздирдилар. Ушбу комиссия 1-касалхонада даволанаётган барча аскарларни ҳар томонлама тиббий кўрикдан ўтказдилар. Шундай нуфузли комиссия ҳам 1-касалхонанинг Талъат Ҳолиқов ва бошқа фидойи шифокорлари ҳақ эканлигини, аскарлар ҳақиқатан касаллигини ва ҳарбий хизмат пайтида кўплари турли жароҳатлар олганлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Шу сабабли аскар йигитларимиз Ўзбекистон ҳудудида қолдирилди ва даволанишга юборилди, айримлари эса «ҳарбий хизматга лаёқатсиз» деб топилиб ҳарбий хизматдан озод этилдилар.

   Ушбу 27 кишилик тиббиёт комиссияси воқеасидан сўнг 1-касалхонада ишлаётган «Бирлик»чи шифокорларга нисбатан тазйиқлар ҳар томонлама кучайтирилди. 1-касалхонанинг бир неча бўлим мудирларини, шу жумладан Т. Холиқовни ҳам ўз вазифасидан озод қилишди. «Бирлик»чи шифокорлардан баъзиларини вақтинча «Тез ёрдам» тиббий хизматига ўтказишди, баъзиларини эса шаҳардаги шифохоналарга оддий шифокор қилиб жўнатишди…

   Т. Холиқовнинг фидокорона олиб борган ишларига ушбу китобча муаллифи ҳам гувоҳдир. 1990 йилнинг баҳор кунларининг бирида Совет Иттифоқининг турли бурчакларидан қочиб келган навбатдаги 22 аскар укаларимизни эргаштириб, Т. Холиқов билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳарбий комиссариатига бордик. У ерда рус зобитлари ҳар бир аскарнинг исми шарифи, хизмат қилган шаҳри ва ҳарбий қисм рақами, ҳарбий қисмни тарк этиш сабаби ва куни каби маълумотларни тегишли қоғозларга ёзиб олишди. Бу маълумотлар асосида ҳарбий комиссариат аскар хизмат қилган қисмга ушбу аскар Тошкентга келганлиги ҳақидаги хабарни жўнатар эди. Шундан сўнг аскар укаларимиз билан биргаликда Тошкент шаҳридаги ҳарбий госпиталга бордик. Т. Холиқов госпитал шифокорлари билан муҳокама қилиб, ҳар бир аскарнинг жароҳатларига қараб госпиталнинг тегишли бўлимларига жойлаштирдилар. Т. Холиқов билан биргаликда ҳарбий госпиталдан кеч бўлгандагина қайтдик.

   Аскар ўғлонларимизни «дезертир» деган тавқи-лаънат ном билан ҳарбий суд қилинишидан сақлаб қолган ва уларни даволаш чораларини кўрган шифокор Талъат  Холиқовнинг бундай фидойилиги қандай баҳоланди, деб баъзилар савол бериши мумкин. Марҳамат, саволингизга жавоб.

   1991 йил 17 декабрь кечқурун Т. Холиқов яшаётган Тошкент шаҳридаги Каттабоғ маҳалласида маҳалла аҳли билан «Бирлик»чиларнинг учрашуви белгиланган эди. Т. Холиқов кечки пайт Каттабоғ маҳалла чойхонаси олдида «Бирлик»чилар ва маҳалладошларнинг келишини кутиб турган пайтда «номаълум шахслар» деб аталмиш «қора кучлар» унинг бошига арматура билан уришди ва бошини ёришди.

   Талъат Холиқовнинг жонига суиқасд қилган жиноятчилар, табиийки, фош этилмади. Натижада худди шундай усулда «қора кучлар» «Бирлик»чи журналист Абдурашид Шариповни 1992 йил 23 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси (Пушкин кўчаси, 1-уй) олдида [27] (12-изоҳга қаранг), «Бирлик» Халқ Ҳаракати раисдоши Абдурахим Пўлатовни 1992 йил 29 июнда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси биноси (Содиқ Азимов кўчаси, 87-уй) олдида [28], «Бирлик»нинг яна бир раисдоши Шуҳрат Исматуллаевни 1993 йил 5 май куни Тошкент шаҳар 16-касалхонаси яқинида калтаклашиб, арматура билан уриб бошини ёришди...  

   Т.Холиқов аввал 10 кундан ортиқроқ касалхонада, сўнгра бир ойдан ортиқроқ уйда ётиб даволанди. Оллоҳ ёрдам бериб у шифо топди. Талъат Холиқов Тошкент шаҳар 1-клиник касалхонасининг ўпка касалликлари бўлимида шифокор бўлиб ишламоқда ва ва-тандошларимиз соғлигини тиклашда 1962 йилдан бери олиб бораётган фидокорона фаолиятини давом эттирди. Уни 2002 йилда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ишга таклиф қилишди. У ердан 2007 йилда у ўз аризасига кўра ишдан бўшади. Унинг уч нафар фарзанди ва бир нафар невараси бор.

   Маълумки, 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Мустақиллиги эълон этилгач, Олий Мажлис томонидан ўттиздан ортиқ орден ва медаллар таъсис этилди. Кўплаб  юртдошларимиз ва чет эллик фуқаролар ушбу орден ва медаллар билан тақдирландилар. Муаллиф ушбу китобнинг 2004 йилдаги нашрини қуйидаги сўзлар билан тугатганди: «Ўзбекистонлик аскар ўғлонларимизни асоссиз тазйиқлардан асраб қолишда катта хизмат қилган ва бу йўлда шунча азият чеккан, 1962 йилдан бери ватандошларимизни даволаган халқимизнинг Талъат Холиқовдек камтарин ва фидойи фарзандини Мустақил Ўзбекистонимизнинг ақалли битта ордени билан мукофотлаш ўринли бўлар эди». Мавжуд полициявий режим кўплаб амалдорларга йилига икки марта - 14 январь ва 1 сентябрь арафасида орден-медаллар берган бўлсада, Т.Холиқовни медаль ёки орден билан тақдирламади.  

 

2.3.  «БИРЛИК»  ХАЛҚ  ҲАРАКАТИ  МАРКАЗИЙ  КЕНГАШ  ҲАЙЪАТИНИНГ  И. КАРИМОВГА  МУРОЖААТНОМАСИ  ВА  М. ГОРБАЧЕВГА  ТЕЛЕГРАММАСИ

 

   Юқорида таъкидлаганимиздек, 1989-1990 йилларда Ўзбекистонга кўплаб аскар тобутлари келтирила бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон компартияси Марказий комитетининг 1-котиби И.А.Каримов дастлаб 1990 йил 24 февралда Тошкентдаги «Халқлар дўстлиги» номли санъат саройида бўлиб ўтган йиғилишда нутқ сўзлаб, Ўзбекистонга 1989 йилда 430 аскар тобути келтирилганини айтган эди. Совет Империяси шароитида ҳатто Республиканинг биринчи раҳбари нуфузли йиғинда айтган гаплари ҳам матбуотда баъзан қисқартириб берилиши натижасида И.Каримовнинг нутқи ёзилган газеталарда ушбу факт ёзилмаган. Бу факт «Тошкент ҳақиқати» газетасининг 1990 йил 25 апрелида чиққан журналист М.Қосимованинг «Яна 200-рақамли юк…» мақоласида қуйидагича ёзилган.

   «Жумҳуриятимизда биргина 1989 йилнинг ўзида ҳарбий хизматни ўтайман, деб нобуд бўлган 430 нафар навқирон йигитга аза очилганлигининг ўзиёқ шундан далолат бериб турибди. Бу рақам 1990 йил яна бир неча нафарга кўпайди. Куни кеча пойтахтнинг А.Икромов туманига яна бир 200-рақамли юк келди. Унга 5-Гулистон кўчаси 35-уйда истиқомат қилувчи Мирвоҳид Каримовнинг эндигина 19 ёшни қоралаган ўғли Бахтиёр Кари-мовнинг жасади солинганди.»

   1990 йил 24 апрель куни «Бирлик» Халқ Ҳаракати Марказий кенгаш ҳайъати мажлисида Ўзбекистон Президенти И.Каримов номига мурожаатнома қабул қилинди. Ушбу мурожаатнома матнини «Бирлик» газетасининг 1990 йил май ойидаги 16-сонидан келтириб ўтиш ўринлидир.

 

  «ЎЗБЕКИСТОН  ССР  ПРЕЗИДЕНТИ  И.А.КАРИМОВГА

 

ҲУРМАТЛИ  ИСЛОМ  АБДУҒАНИЕВИЧ!

 

   Ўта бардошли ўзбек халқининг Совет Армиясида хизмат қилаётган фарзандларининг жасадлари солинган темир тобутлар кети узилмай келаётгани Сизга сир эмас. Фарзандлари ўлиб келаётган оналарнинг фарёди Ўзбекистонни тутмоқда. Сизнинг ёки сафдошларингизнинг бошига бундай мудҳиш кун тушмаганлигидан, балки Сизларда халқ болаларига нисбатан қалб изтироби пайдо бўлмаётгандир. Аммо оддий халқнинг фарёдига қулоқ солмасликка жумҳурият раҳбарининг ҳеч қандай маънавий ҳаққи йўқ.

   Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати салкам бир йилдан бери ўзбек халқига нисбатан бўлаётган ана шу даҳшатли геноцидга Ўзбекистон раҳбариятининг диққатини жалб қилмоқда. Фақат 24 февральга келиб биринчи бор Сиз ўз нутқингизда армиядан ўзбек аскарларининг жасади келаётганини тан олдингиз.

   Аммо шундан кейин ҳам Ўзбекистон раҳбарияти ўзбек халқи фарзандларига нисбатан қилинаётган таҳқирлашни тўхтатиш учун ҳеч бир сезиларли иш қилаётгани йўқ. Билъакс, Сизнинг ўша тарихий нутқингиздан сўнг ўзбек аскарлари жасадларининг оқими сезиларли даражада ошди.

   Сиз Ўзбекистон Президентлигига сайлангач: «Мен Ўзбекистон халқлари манфаати учун хизмат қиламан, ҳар бир гражданнинг ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш учун кафолат бераман» - деб қасамёд этганингиз ҳали ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак! 2,5 миллионга яқин аҳолига эга бўлган «митти» Латвия ҳам, гарчи унинг фарзандлари ўзбекларча таҳқирланмаётган бўлсада, ўз ўғлонларини Латвия ҳудудида хизмат қилиши кафолатига эришди.

   Ўзбекистон раҳбарияти, чамаси, масъулиятни сезмаётир, у тобора халқ нафрати йиғилиб бораётганини ва вақти келиб бу нафрат кутилмаган оқибатларга олиб келишини англамаётир.

   «Бирлик» Халқ Ҳаракати зудлик билан Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясини чақириб, унда ўзбек аскарлари фақат Ўзбекистонда хизмат қилиши масалаларини ҳал этишни талаб этади.

   Кейинги пайтларда жон сақлаш мақсадида кўплаб ўзбек аскарлари армия сафларини тарк этмоқдалар. Уларни «Дезертир» деган тавқу-лаънат ном билан атаб судга берилмоқда. Биз бу аскарлар устидан олиб борилаётган судларни дарҳол тўхтатилишини ҳамда улар хизматини Ўзбекистонда тугатишларини таъминлашни талаб қиламиз!

 

   ЎЗБЕКИСТОН «БИРЛИК» ХАЛҚ ҲАРАКАТИ

   МАРКАЗИЙ  КЕНГАШИНИНГ  РАИСДОШИ         Ш.ИСМАТУЛЛАЕВ

      24.04.1990.»

 

   Шунингдек 1990 йил 24 апрелида Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати раисдошлари профессор Зоҳид Ҳақназаров ва доцент Шуҳрат Исматуллаев имзо қўйган телеграмма СССР Президенти М.С.Горбачев номига ҳам юборилди. Ушбу телеграмма матни «Тумарис» газетининг 1990 йил 8-сонида босилган.

 

   «МОСКВА.  КРЕМЛЬ.  СССР  ПРЕЗИДЕНТИ  М. С. ГОРБАЧЕВГА

 

   Ҳурматли Михаил Сергеевич!

   СССР Қуролли Кучларида юзлаб ўзбек аскарларининг ўлими туфайли чидаб бўлмас вазият вужудга келди. 1989 йил ичида 430 аскар қурбон бўлди. Бу йил темир тобутлар оқими кескин ошди. Юзлаб гуноҳсиз аскарларнинг зўравонлик билан ўлдирилиши геноцидга айланган, ўзбекларга қарши уюштирилаётган кампаниянинг натижасидир.

   Ўғлонларимизга нисбатан бўлаётган муттасил таҳқирлар натижасида улар ўз  жонларини сақлаш учун хизмат жойларини оммавий равишда тарк этмоқдалар. Буларнинг барчаси жумҳуриятда кескин ва хавфли вазиятни юзага келтирди.

   Жумҳурият раҳбарияти ва Ўзбекистон Олий Кенгаши болаларимизнинг ҳаётини ҳимоя қила олмас экан, Сиздан ўзбек аскарларининг оммавий ўлдирилишига чек қўйиш учун фавқулодда чоралар кўришингизни сўраймиз. Бунга уларни кечиктирмасдан жумҳурияимиз ҳудудига кўчириш йўли билангина эришиш мумкин.

   Бундай вазиятда оналарнинг ўз ўғилларини таҳқирловчи ва ўлимга айланаётган хизматга беришдан оммавий равишда бош тортишини табиий ҳол деб ҳисоблаймиз. Вужудга келган вазиятда айбдор бўлган ҳарбий қўмондонликнинг қаттиқ жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз.

   Ҳарбий хизматда бўлган ўзбек ёшларининг ҳаёти, саломатлиги ва иззат-нафсини сақлаш учун адолатли чоралар кўришнинг бундан буён кечиктирилиши кутилмаган ва тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

 ЎЗБЕКИСТОН «БИРЛИК» ХАЛҚ

 ҲАРАКАТИНИНГ  РАИСЛАРИ:  З.ҲАҚНАЗАРОВ,  Ш.ИСМАТУЛЛАЕВ

                                  Тошкент,   24.04.1990.»

 

2.4.  ТОШКЕНТЛИК  ҲУСНИТДИН  МУХАМЕДОВНИНГ  ТЕМИР  ТОБУТИ  ВА   «БИРЛИК»ЧИЛАРНИНГ  1990  ЙИЛ  26  АПРЕЛЬ  КУНГИ  НАМОЙИШИ

 

   Ўша пайтлар Ўзбекистонга тобутлар деярли ҳар куни келтирилар эди. 1990 йил апрелида, Рамазон ҳайити арафасида, Тошкент шаҳрининг Олмазор маҳалласи, Пеньков тор кўчаси 12-уйида яшаган Ҳуснитдин Мухамедовнинг жасади темир тобутда келтирилди. У Улан-Удэ шаҳридаги 92480К рақамли ҳарбий қисмда 10 ой хизмат қилганди. Ҳ.Мухамедов чақалоқлик вақтидаёқ онаси ўлиб кетган бўлиб, 1988 йилда отаси ҳам вафот қилган эди. Баъзи бир маҳаллий раҳбарларнинг қаршилигига қарамай «Бирлик»чиларнинг талаби ва Талъат Холиқовнинг фидокорона меҳнати билан Ҳ.Мухамедовнинг жасади 1990 йил 25 апрелдан 26 апрелга ўтар кечаси суд-тиббиёт экспертизаси қилинди. Экспертиза натижасида аскар танасининг уч жойига найзасимон ўткир қурол билан жароҳат етказилганлиги, тўққизта қовурғаси синганлиги, оёқлари эзилганлиги ва шунга ўхшаш кўп жароҳатлар ёрдамида ваҳшийларча ўлдирилганлиги исботланди.

   Рамазон ҳайитининг наҳорида, яъни 1990 йил 26 апрель эрталаб Ҳ.Муҳамедов тобути Олмазор мачитига жаноза ўқиш учун келтирилди. Жаноза ўқилгач, жанозага йиғилган кишилар тобутни елкага кўтариб, Ўзбекистон Президенти И.Каримов билан учрашиш мақсадида Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биноси томон юришди. Ўша юришда ушбу китоб муаллифи ҳам қатнашганди. Ўшанда йўлимизни уч қатор қилиб кўндаланг қўйилган юк машиналари ва юзлаб милиция ходимлари тўсиб турар эдилар. Тобутни даст кўтарганча милиция сафларини ёриб ўтдик ва икки қатор юк машиналари устидан ҳам олиб ўтдик. Марказқўм яқинида учинчи қатор юк машиналари ва кўплаб милиционерлар туришар эди. Шу ерда «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг раиси Абдурахим Пўлатов қисқача нутқ сўзлади. Сўнгра тобутни кўтариб  Чарх Камолон қабристонига олиб бордик. Қабристонда мотам митинги бўлди ва Ҳуснитдин Мухамедовнинг жасади қабрга қўйилди. 

   «Бирлик»чилар ҳозир айтиб ўтилган ишлар билан чекланишмади. Ота-онасидан етим қолган бўлсада халқимиз фарзанди бўлган Ҳуснитдин Мухамедовнинг ўлими тафсилотларини жойида ўрганиш учун «Бирлик» Халқ Ҳаракати Марказий кенгаш ҳайъатининг аъзоси, техника фанлари доктори, профессор Олим Каримов ва «Бирлик» фаоли, шоира Васила Иноятова 1990 йил май ойида Бурятия  автоном республикасининг маркази бўлмиш Улан-Удэ шаҳрига, яъни Ҳуснитдин хизмат қилган 92480К ҳарбий қисмга бориб келишди.

   Юқорида Ҳ.Мухамедов ҳақида ёзилган воқеалар Ўзбекистон хотин-қизлар уюшмасининг хабарномаси бўлган «Тумарис» газетининг 1990 йил май ойида чиққан 8-сонидаги М.Усмонованинг «Халқ мотами» мақоласида батафсил ёзилган.

   1990 йил 25-26 апрелда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида «Тошкент ҳақиқати» газетасининг 1990 йил 28 апрелида муаллифи ёзилмаган «Фалокат рўй берди. У нопок кишилар учун сиёсий чайқовчиликка баҳона бўлди» деган мақоласида ҳам ёзилган. Ушбу мақолада ўша воқеалар хусусида Совет Империяси тарафдорларининг фикри яққол тасвирланганлиги сабабли мақолани келтириб ўтиш ўринлидир.

   «Мурда солинган тобут Улан-Удэдан самолётда подполковник – қурилиш қисми вакили билан марҳумнинг икки қариндоши ҳамроҳлигида олиб келинди. Суд-медицина экспертизаси ҳужжатида шундай дейилган: Ҳуснитдин Башарович Мухамедов, 1971 йилда туғилган, хизматга чақирилгунга қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор кўчасидаги Пеньков тупигининг 12-уйида яшаган, бетон қорувчи қурилма олдида ишлаётган вақтида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида 21 апрель куни ҳалок бўлди.

   Оиланинг бошига мусибат тушди. Солдатнинг қисмга чақирилган қариндошлари ўша жойнинг ўзида воқеанинг барча тафсилотлари билан танишиб, ҳақиқатан ҳам бахтсиз ҳодиса содир бўлганлигига тўла ишонч ҳосил қилиш имкониятига эга бўлдилар.

   Тошкент шаҳар ижроия комитети ички ишлар бошқармаси тақдим этган хабардан маълум бўлишича, 25 апрель куни соат 12 да марҳумнинг ота-онаси яшайдиган ҳовлида қирққа яқин киши – қариндош-уруғлар, қўшнилар… ва яна «Бирлик» тарафдорларидан тахминан ўттиз киши тўпланишган. Улар одамларни митингга чақирганлар.

   Ҳаммаси жирканч иғвогарлик билан тугади. Марҳумнинг жасадини мусулмон одати ва умуминсоний қонунларга биноан ҳурмат-эҳтиром билан дафн этиш ўрнига, уни уйда қолдирдилар. Эртасига – 26 апрель куни эса соат тахминан 6 дан 35 минут ўтганда марҳумнинг уйида юзга яқин киши тўпланди, улар тобутни кўтариб шаҳар марказига, митинг ўтказилиши мўлжалланган ерга олиб бордилар.

   Партия, совет ва ҳукуматни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари, диндорларнинг огоҳлантиришларига қарамай, «Бирлик» фаоллари бошқараётган мотам маросими ўз йўлида давом этаверди. Уни анҳор бўйига боргандагина тўхтатиб қолишга муваффақ бўлишди.

   Одамлар бу ерда ўтказилган суҳбатдан сўнг орқаларига қайтишди, қисман тарқалиб кетишди. Чарх Камолон қабристонида дафн маросими ўтказилди.

   Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг «Жамоат тартиби ва гражданлар хавфсизлигига қарши ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида»ги фармоннинг бир қанча қоидаларини онгли равишда бузган ана шу нохуш ҳаракат таш-килотчиларига қарши жиноий иш қўзғатилди. Ана шу ишни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида газетхонларга хабар берилади.»  

   1990 йил 25-26 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган қайғули ва тарихий воқеалар СССР Киномотографиячилар уюшмасининг аъзоси, «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг таниқли  фаоли Абдулазиз Махмудов томонидан видеотасмага тасвирга туширилган. Ишонаманки, Ўзбекистон Мустақилликка эришиш арафасида бўлиб ўтган воқеалар, шу жумладан юқорида ёзилган аскар укамиз Ҳуснитдин Мухамедовнинг кўмиш маросимлари тасвири туширилган видеотасма йиллар ўтгач Ўзбекистон телевидениеси орқали ҳам кўрсатилади ва халқимиз «Бирлик»чиларимиз фидойилигини муносиб баҳолайди.

 

2.5.  МАРҒИЛОНЛИК  АСКАР  АНВАР  КАРИМОВНИНГ  ТЕМИР  ТОБУТИ  ВА  1990  ЙИЛ  28  АПРЕЛЬ  КУНГИ  ВОҚЕАЛАРНИНГ  БОШЛАНИШИ

 

   25-26 апрель воқеаларидан сўнг ҳам Ўзбекистонга келтирилаётган аскар тобутларининг сони камаймади. 1990 йил 28 апрель куни Тошкент аэропортига ўзбек аскарларининг жасади солинган яна учта темир тобут олиб келинди. Шу куни бўлиб ўтган воқеалар ҳа-қида  «Бирлик» газетасининг 1990 йил май ойида чиққан 16-сонидаги «Тазйиқлар тўхтатилсин» мақоласида қуйидагича ёзилган.

   «28 апрель куни Тошкент аэропортига яна 3 та темир тобут олиб келинди. Улардан бирида Марғилон шаҳридан хизматга чақирилган Анвар Каримов мурдаси ҳам бор эди. Ғам-аламдан ғазабга келган А.Каримовнинг қариндош-уруғлари аэропортдан тобутни тўғри Ўзбекистон Президенти қароргоҳининг эшиги олдига олиб келиб қўйишган ва унинг чиқишини талаб қилишган. Воқеадан хабар топган «Бирлик» ва «Тумарис» вакиллари ҳам зудлик билан бу ерга етиб келишган. Оддий милиционерлар ўз бошлиқларининг келганларни ҳайдаш ва тобутни бу ердан олиб кетиш тўғрисидаги буйруқларини бажаришдан воз кечишган. Тарихда биринчи марта милиционерлар ўз фикри билан иш қилишган. Шундан кейингина жумҳурият Президенти темир тобут олдига тушишга мажбур бўлган. Йиғилган одамлар унга ўз талабларини очиқ-ойдин айтишган. И.Каримов бутун кучини ишга солиб бу аҳволни тузатишга ваъда беришини баён этган. Бу ваъдалар қандай бажарилишини яқин келажак кўрсатади.»

   Ҳозир келтирилган матндан кўринадики, мақола муаллифи ушбу воқеаларда бевосита иштирок этмаган. Аслида 28 апрель куни эсда қоларли воқеалар кўп бўлган эди. Ўзбекистон Мустақилликка эришиш арафасида бўлиб ўтган ушбу воқеалар Ўзбекистон тарихи билан боғлиқлигини ҳисобга олиб, уларнинг бевосита иштирокчиси ва ташкилотчиларидан бири сифатида муаллиф бу ҳақда батафсилроқ ёзиши ўринлидир.

   Муаллиф ўша пайтлар «Бирлик» Халқ Ҳаракати Тошкент шаҳар ташкилоти раисининг 1-ўринбосари ва Мирза Улуғбек туман ташкилотининг раиси эди. «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг маркази ҳисобланмиш Дархон даҳасидаги Пишпек кўчаси 21-уйга ҳар куни келиб, у ердаги бошқа «бирлик»чилар билан биргаликда ташкилий ишларни олиб борар эдик.

   28 апрель эрталаб соат 9-ларда «Бирлик» Халқ Ҳаракати Тошкент шаҳар ташкилоти раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, «Тумарис» Хотин-қизлар уюшмасининг энг фаол аъзоларидан бири Маҳбуба Қосимова қўқонлик Муяссар деган қиз билан «Бирлик» марказига борганлар. У ерда котиблик вазифасини бажараётган шоир Ёдгор Обид билан бир оз гаплашиб ўтиришган. Шунда эшикдан марғилонлик «Бирлик»чи Абдуҳалил бир киши билан бирга кириб келишган. У: «Ёрдамларинг керак. Бир биродаримиз ўғлининг ўлигини армиядан бугун олиб келишади», деган. Унинг ёнидаги киши армияда ўлдирилган аскар Анварнинг тоғаси эканлигини билгач Маҳбуба Қосимова унга таъзия билдирган ва шундай деганлар: «Анваржон ўзидан бошқа ўзбекистонлик йигитларга хизматини давом эттирсачи». Шунда тоғаси: «Қандай қилиб?» деб сўраган. Абдуҳалил бу саволга жавоб тариқасида: «Президент олдига олиб чиқсакчи?», деган. М.Қосимова: «Агар иложини қилолсак яхши бўларди!» деб, сўнгра Ёдгор Обидга қараб: «Таваккал қилсакчи», деган.

   Шу қисқа суҳбат асосида «Бирлик» марказидаги ўша тўрт киши Анваржон ётган тобутни бошқа «Бирлик»чилар билан биргаликда Президент олдига олиб боришга келишишган. Шундан сўнг Абдуҳалил билан аскарнинг тоғаси аэропортга жўнаб кетишган.

   Қосимова Маҳбуба: «Ёдгорака, мен Муяссар билан аэропортга кетаяпман. Штабга келган «Бирлик»чиларни Гагарин паркига жўнатайверасиз», деган. «Бирлик» марказининг эшигидан чиқаётганларида рўпарадан Қўчқор Ахмедов ва Абдуфаттоҳ Маннопов кириб кела бошлаган. Улар билан салом-алик қилгач Маҳбуба Қосимова: «Биз аэропортга кетаяпмиз. Яна 3-4 «бирлик»чиларни олиб аэропортга етиб боринглар», деб айтган.

   Қ.Маҳбуба аэропортда аскар Анваржоннинг отасини ҳам учратган ва унга далда бериб: «Ака, фарзандингиз бевақт нобуд бўлибди. Бандаликда энди. Битта маслаҳатимиз бор, агар Сиз хўп десангиз. Анваржонни Президент олдига олиб борсак. Агар шу иш амалга ошса, бизлар ҳарбий қисмлардаги фарзандларимизни бевақт ўлимдан сақлаб қолган бўламиз», деган. Анваржоннинг отаси: «Менинг фарзандим нобуд бўлди. Агар яхши натижа берса, мен розиман», деб жавоб берган. (Охирги тўрт абзац маълумотларни Маҳбуба Қосимова 2003 йил 11 август куни ушбу китобни ўқиб чиққач каминага гапириб берди, Ш.Ю.Ф.) 

 

2.6.   «БИРЛИК»ЧИЛАР   ТОШКЕНТ   АЭРОПОРТИДА

 

   Камина 28 апрель куни эрталаб соат 9.30 ларда «Бирлик» марказига кириб борганидан шоир Ёдгор Обид: «Шуҳратжон, Тошкент аэропортига яна учта аскар тобутини олиб келишибди. Тобутни Президент қароргоҳига олиб бориш режалаштирилди. Бир гуруҳ «Бирлик»чилар аэропортга кетишди. Аскар тобутларини суратга олиш учун битта фотоаппарат керак. Иложи борми?», деб сўрадилар. «Менда фотоаппарат бор, уйимдан олиб аэропортга бораман», деб жавоб бердим. Сўнгра шу ерда турган «Бирлик»нинг Ҳамза туман ташкилотининг раиси Салават Умурзоқовга қараб: «Салават, мен аэропортга кетаяпман. Биз у ердан аскар тобутини олиб тўғри Президент қароргоҳига борамиз. Сиз эса ҳозир шу ерга келадиган «Бирлик»чиларни олиб Президент қароргоҳи олдида кутиб туринглар. Уларга фақат Президент билан учрашишга борамиз, деб айтинг, токи аскар тобутини олиб бораётганимизни баъзи бир орган одамлари билмаганлари маъқул», дедим.          

   Муаллиф 1964 йилдан бери фотография билан шуғулланганлиги сабабли «Бирлик» Халқ Ҳаракатида ҳам баъзи бир воқеаларни ва «Бирлик»чиларни суратга олиб юрадиган «Зенит-Е» фотоаппарати бор эди. Камина зудлик билан Ховос номли кўчадаги уйига бориб, фотоаппаратни олди ва Тошкент аэропортига етиб борди. У ерда «Бирлик»чилардан 12-15 киши тўпланишган эди.

   Аскар тобутларини аэропортдан олиб чиқиб беришларини икки соатлар кутдик.  Аэропортдаги «Бирлик»чилар орасида «Бирлик» Халқ Ҳаракати жумҳурият ташкилотининг раисдоши, Тошкент Консерваториясининг профессори Зоҳид Ҳақназаров ҳам бор эди. Тобут аэропортдан олиб чиқилавермагач, Зоҳид ака каминани сал четга чақириб: «Шуҳратжон, мени оркестр кутиб турибди. Ҳозир етиб бормасам бўлмайди. Энди аскар тобутини Президент олдига олиб бориш ишларига ўзингиз раҳбарлик қиласиз», дедилар. Камина: «Майли, Сиз бораверинг. Биз шунча «Бирлик»чилар билан бу ишни амалга оширишга ҳаракат қиламиз», деди. 

   Аскар Анвар Каримовнинг отаси ўз ўғлининг темир тобутини Марғилонга олиб кетиш учун «Тез ёрдам» белгили машинада келган экан. Темир тобутни кузатиб келган рус зобитини ва аскарни енгил автомашинага ўтқазиб, Марғилонга жўнатиб юбордик. Анвар Каримов жасади солинган темир тобутни Марғилондан келган ўша «Тез ёрдам» машинасига «бирлик»чилар олиб кириб жойлаштиришди.

   Камина 1985 йилдан бери Совет Қуролли кучларининг заҳирадаги капитан унвонига эга бўлганлигига қарамай аскар жасади солинган темир тобутни биринчи марта кўриб турарди. Темир тобут катта ва бесўнақай бўлиб, уни ушласангиз аъзои баданингизга совуқлик таъсир этиб, этингиз аллақандай жимирлаб кетар эди…

   Шундан сўнг Маҳбуба Қосимова муаллифга қараб: «Шуҳратжон, Сиз Президент қароргоҳига борадиган йўлни яхши биласиз. Шунинг учун «Тез ёрдам» машинасига чиқиб, йўл кўрсатиб борсангиз», дедилар. Камина рози бўлди ва «Тез ёрдам» машинасининг темир тобут жойлаштирилган бўлимига кирди. Ҳайдовчи ёнидаги олдинги ўриндиққа марҳумнинг яқин қариндоши, менимча тоғаси ўтирди. Машинанинг темир тобут қўйилган бўлимига яна «бирлик»чилардан Қўчқор Ахмедов, Абдуфаттоҳ Маннопов ва Пардахўжа (ўзини истъефодаги милиция капитани деб таништирган) киришди. Қолган «бирлик»чилар енгил машиналарга ўтиришди ва машиналарда олдинма-кетин бўлиб Президент қароргоҳига жўнаб кетдик. 

 

2.7.  АНВАР  КАРИМОВНИНГ  ТЕМИР  ТОБУТИ  ПРЕЗИДЕНТ  ҚАРОРГОҲИГА  ОЛИБ   БОРИЛИШИ   ВА   ФОТОСУРАТГА   ТУШИРИЛИШИ

 

   «Бирлик»чилар халқ манфаатини ҳимоя қилганлиги сабабли ҳар сафар Совет империясининг махсус хизмат органлари ва милициянинг қаршилигига дуч келишарди. Аскар тобутини Президент қароргоҳига олиб бориб, Президент билан учрашишга эришиш учун махсус хизмат органи ходимлари кутмаган усулда ҳаракат қилиш керак эди. Кутилмаган усулда ҳаракат қилишни одатда «от юриш» деб ҳам айтилади. «От юриш» ибораси шахматдан олинган бўлиб, шахмат тахтасидаги пиёдалар ва сипоҳлар ичида фа-қат отгагина ўзининг ва рақибининг шахмат доналари устидан хоҳлаган томонга сакраб ўтиш ҳуқуқи берилган. Муаллиф биринчи разрядли шахматчи бўлганлигидан фойдаланиб, амалга ошираётган сиёсий ишида махсус хизмат ходимлари кутмаган «от юриш» усулини қўллашни лозим топди. Президент қароргоҳигача 200 метр масофа қолганида ҳайдовчига ва машинамиз ичидаги «бирлик»чиларга: «Биз машинамизни йўл четида тўхтатиб кутиб турайлик. Бошқа машинада келаётган «бирлик»чилар Президент қароргоҳига бориб, у ердаги шароитни билиб келишсин ва бизга айтишсин», дедим. Улар рози бўлишди ва машинани тўхтатишди. Орқамиздан келиб тўхтаган енгил машинадаги «бирлик»чиларга шу гапимни тушунтирдим. Улар рози бўлиб жўнаб кетишди. Биз эса машинадан пастга тушиб, йўл четидаги ўтзорга ўтирдик.           

   Бу пайтда «Бирлик»нинг Тошкент шаҳар ташкилотининг раиси, Улуғ Ватан урушининг қатнашчиси Абдусалом Абдуҳолиқов, шоир Ёдгор Обид ва Салават Умурзоқов раҳбарлигидаги 15-20 нафар фаолларимиз Президент қароргоҳи қаршисидаги Гагарин номли паркда кутиб туришар эди. 

   Маҳбуба Қосимова раҳбарлигидаги «Бирлик»чилар енгил машиналарда етиб боришгач, улар биргалашиб Президент қароргоҳи томонидаги дарахтзорга ўтишди. «Бирлик»чиларнинг ҳатти-ҳаракатларини 15-20 чоғлик милиционерлар кузатиб туришар эди.

   Биз 7-8 дақиқалар кутдик. Лекин енгил машинадаги «бирлик»чилардан бирортаси қайтиб келмади. Шундан сўнг бораверишга қарор қилдик. Машинада Президент қароргоҳи бўлмиш бино рўпарасидан кириб борганимизда бино олдида «бирлик»чилар ҳам, милиционерлар ҳам йўқ эди. Мен ҳайдовчимизга машинани бинонинг нариги бурчагигача ҳайдаб борайлик, дедим. Боргач машинадан тушиб, қўлим билан силкидим ва «бирлик»чиларни чақирдим. «Бирлик»чилар мени таниб, биз томонга кела бошлашди.                                                                      

Мен ҳайдовчига машинани буриб, Президент биносининг эшиги рўпарасигача ҳайдашни илтимос қилдим. Етиб боргач, «Тез ёрдам» машинасининг орқа эшигини очдим. Бу пайт «бирлик»чилар етиб кела бошлашди. Ўрта эшикдан машина ичига кирдим ва Пардахўжа билан биргаликда темир тобутни кўтариб ерга тушира бошладик. Шунда тобутнинг нариги тарафидан кўтараётганлар сафида бўлган Ёдгор Обид: «Шуҳратжон, фотоаппаратингиз билан суратга туширинг», дедилар. Кўтариб турган тобут бурчагини бошқа «бирлик»чига бериб, ичкаридан тушдим. Улар темир тобутни «Тез ёрдам» машинасидан кўтариб тушаётган вазиятни 3-4 марта суратга туширдим.

   «Бирлик»чилар тобутни зинапоядан кўтариб бориб, Президент биносига кираверишда эшик яқинидаги зинапоя ўртасидаги текис ерга қўйишди. «Бирлик»чилар темир тобутни кўтариб боришаётган ва ерга қўйиш пайтини 5-6 марта қайта-қайта суратга туширдим. Бу вақтда бир неча милиция ходимлари етиб келишиб, юқорида қатор туриша бошлашган, қолганлари эса юқори тарафдан ва пастдан, яъни «Бирлик»чилар юриб келган йўлдан келишарди.                                                    

   Президент қароргоҳи олдида аскар жасади солинган темир тобутни муаллиф суратга туширганини милиционерлар ҳам, бинонинг ичидаги махсус хизмат органи ходимлари ҳам яққол кўришган эди. Бундай тарихий суратлар туширилган фотоплёнкани ми-лиционерлар каминадан тортиб олиши мумкинлигини тушуниб, яна битта «от юриш» усулини қўллади. Фотоаппаратдаги плёнка янги ва охиригача туширилмаган бўлишига қарамай тезда қайтадан ўради. Камина фотоаппаратдан кассетани чиқарди ва ўзи ишонадиган Тўйтепа шаҳридан келган фаол «бирлик»чи Адҳамжон Кенжабоевга бериб, яшириб қўйишни илтимос қилди.

              

2.8.  «БИРЛИК»ЧИЛАР  ВА  МИЛИЦИЯ  ХОДИМЛАРИНИНГ  РЎБАРУ  КЕЛИШЛАРИ

 

    Бу вақт зинапоянинг энг юқори қисмида, яъни Президент қароргоҳига кираверишдаги эшик яқинида 15-20 чоғлик милиционерлар, пастроқда эса, яъни аскар тобути ёнида ва тобут орқасидаги зиналарда 30-40 «бирлик»чилар қарама-қарши ҳолда турар эдилар. Шунда рус миллатига мансуб милиция подполковниги қўлидаги мегафон орқали: «Расходитесь!» («Тарқалинглар!), деб буйруқ берди. Бирорта «бирлик»чи орқага қайтмади. Билъакс улар аскар тобутини ҳимоя қилиш мақсадида тобут олдига ўта бошлашди. 

   Шунда Умурзоқов Салават биринчи бўлиб милиционерлар яқинига борди ва улар билан юзма-юз турган ҳолда ўзбек тилида: «Ўртоқлар, бундай темир тобутда сизнинг акангиз ёки укангиз бўлиши мумкин. Биз тинчгина келдик. Биз фақат Президент би-лан учрашмоқчимиз!», деб гапира бошлади. Бошқа «бирлик»чилар ҳам ўзбек тилида аскар тобутини олиб келишдан мақсад тўполон қилиш эмаслиги, фақат Президент билан тинч учрашув ўтказиш ниятида эканликларини ҳис-ҳаяжон билан гапира бошлашди.

   Бу гаплар гапирилаётган бир пайтда милиция подполковниги милиционерларга қарата мегафон орқали: «Разогнать толпу! Убрать гроб!» («Оломонни тарқатинглар! Тобутни олиб ташланглар!»), деб навбатдаги буйруқни берди. Қаршимизда турган милиционерларнинг кўпчилиги рус тилида сўзлашувчилар бўлиб, улар ўзбек тилига деярли тушунмаётганликлари кўриниб турарди. Шу сабабли камина уларга қараб рус тилида ҳис-ҳаяжон билан гапира бошлади: «Наших братьев и сыновей в армии убивают. Каждый день в Узбекистан привозять вот такие солдатские гробы. В этом железном гробу лежит 18 летний парень. У вас тоже есть братья и дети. Вы представьте, что завтра в таком же гробу может оказаться ваш брат или сын. Сколько же это будет продолжаться? Мы хотим этот вопрос задать нашему Президенту. Пусть он выйдеть и скажеть: сколько же еще таких гробов привезут в Узбекистан?» («Армияда бизнинг ака-укаларимизни ва ўғилларимизни ўлдиришмоқда. Ўзбекистонга ҳар куни ана шундай аскар тобутларини келтиришмоқда. Мана шу темир тобутда 18 ёшли йигит жасади ётибди. Сизларнинг ҳам ака-укаларингиз ва фарзандларингиз бор. Тасаввур қилинг, эртага мана шундай темир тобутда ака-укангизнинг ёки ўғлингизнинг жасади бўлиши мумкин. Бу яна қанча давом этади? Биз бу саволни Президентимизга бермоқчимиз. У бизнинг олдимизга чиқсин ва айтсин: Ўзбекистонга бундай тобутлар яна қанча келтирилади?») 

   Ўзбекистонлик аскар тобутлари ҳақида эшитавериб ва кўравериб шунчалик туғёнга келган эдикки, агар ўшанда милиционерлар тобутни кўчиришга ҳаракат қилишганда, биз – «бирлик»чилар ҳар нарсага, ҳатто милиционерлар билан кучимиз етганча ёқалашишга ҳам тайёр эдик!    

   «Бирлик»чиларнинг юракдан айтган гаплари таъсир этдими ёки бизнинг важоҳатимиздан чўчишдими, ҳар ҳолда шу гапларимиздан сўнг милиционерлар ўз бошлиғининг буйруғини бажаришмади ва жойларидан қимирламай бизга қараб туришарди. Орамиздаги 68 ёшли А.Абдусалом акадек мўйсафидлар тинчланишга ва зинапоянинг икки четидаги мармар устига ўтиришга даъват этишди.

   Камина рус тилидаги гапини бошқа «бирлик»чилардан кечроқ бошлаганлиги сабабли, нутқини ҳам кечроқ тугатди. Бошқа «бирлик»чилар зинапоя четидаги мармарга қатор бўлиб ўтириб бўлишгач, камина ҳам бўш қолган пастроқдаги жойга бориб ўтирди. Шундай қилиб, биз зинапоянинг икки четига ўтириб, Президент жанобларининг чиқишини кута бошладик.

 

2.9.  ПРЕЗИДЕНТ  ҚАРОРГОҲИДАН  Ж. ҲАМИДОВ,  Ш. ЗИЁМОВ  ВА  ПРЕЗИДЕНТ  И. КАРИМОВНИНГ  ЧИҚИБ  КЕЛИШЛАРИ

 

   «Бирлик»чилар аскар тобутини ҳимоя қилиб ҳис-ҳаяжон билан гапирганларини ичкаридаги раҳбарлар ойнадан кўриб турганликлари ва агар ҳозир олди олинмаса, Президент қароргоҳи олдида милиционерлар ва «бирлик»чилар ўртасида тўқнашув чиқиб, қон тўкилиши мумкинлигини тушуниб етишди шекилли, Президент биносидан фуқаро кийимидаги киши чиқиб, милиция подполковнигига ниманидир буюрди. Подполковник милиционерларга: «Строиться!» («Сафланинг!») деди ва барча милиционерларга бош бўлиб бинонинг нариги бурчаги томонга кетишди.

   Бир оз вақт ўтгач ичкаридан Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг котиби Ж.Ҳ.Ҳамидов ва Мафкура бўлими мудири Ш.С.Зиёмов чиқиб келишди. Улар зинапоянинг ўнг томонидаги «бирлик»чилар томонига юришди. «Бирлик»чилар ҳам улар томонга бора бошлашди ва савол-жавоб бошланди. Шунда Маҳбуба Қосимова дангалига: «Бизлар сизлар билан гаплашмаймиз. Биз ўзбекистонлик аскарлар тақдирини фақат Президент билан муҳокама қилмоқчимиз», деди.

   Шу гаплар бўлиб турган бир пайтда, яъни Ж.Ҳамидов ва Ш.Зиёмов «бирлик»чилар олдига чиққандан 2-3 дақиқа ўтгач, ичкаридан оч шоколад рангли костюмда Президентимиз И.А.Каримов чиқиб келдилар.   

   И.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг 1-котиби этиб 1989 йил июнида, Ўзбекистон Президенти этиб эса 1990 йил 24 март куни сайланган эди. Шу сабабли баъзи бир «бирлик»чилар Президентимизни яхши танимас эдилар. Оқибатда ўша 28 апрель куни яна битта қизиқарли воқеа бўлиб ўтди. И.Каримов эшикдан чиқиб келганида баъзи «бирлик»чилар Ж.Ҳамидов ва Ш.Зиёмовни ўраб олиб гаплашаётган, баъзи «бирлик»чилар эса ўша томонга юра бошлашган эди. Президент ёлғиз ўзи чиқиб келиши мумкинлигини кўплари кутмаганлигиданми, унга деярли ҳеч ким эътибор бермади. Шунда И.Каримов ўзига яқинроқ турган «бирлик»чиларимиздан бири – штанга кўтариш натижасида кенг елкали, бақувват бўлган, 40 ёшлардаги Олимжоннинг тирсагидан ушлаб, мурожаат қилган. Шунда соддадил Олимжон бундай чиройли костюм кийган киши махсус хизмат органининг ходими деган хаёлга бориб: «Мени қаерга тортаяпсиз? Қўлимни қўйиб юборинг! Биз Президент билан учрашишга келдик», деган. Ислом Абдуғаниевич ҳам унга содда қилиб: «Мен Каримов бўламан», деган. Шу вақт бошқа «бирлик»чилар И.Каримовни таниб, Президентимизни ўраб олишди ва савол-жавоб бошланди.      

   Камина Президентимиз гаплашаётган даврага энди яқинлашганида, орқадан келиб Салават Умурзоқов қўлидан тортди ва рус тилида шундай деди: «Шуҳрат, Туркистон ҳарбий округининг қўмондони генерал келди. Гаплашамиз деяпти. Гаплашасизми?». Бурилиб қарасам, ёнимизда кенг қизил ҳошияли шим кийган рус генерали турар эди. Бу Туркистон ҳарбий округининг қўмондони генерал-полковник И.Фуженко ёки унинг 1-ўринбосари, генерал-лейтенант Г.Кондратьев эди (ўша тиғиз пайтда унинг погонидаги белгиларига яхши эътибор бермабман). Генерал менинг тирсагимдан ушлаб: «Давайте отойдем в стороночку и обсудим ваши требования» («Келинг, четга чиқайлик ва сизларнинг талабла-рингизни муҳокама қилайлик»), деди. Мен унга жавобан: «Мы сейчас это обсудим с нашим Президентом, а с вами это обсудим потом» («Биз ҳозир буни ўзимизнинг Президентимиз билан муҳокама қиламиз, Сиз билан эса муҳокамани кейин қиламиз»), деб жавоб бердим.

   Шу орада Президент И.Каримов биз билан гаплашишга рози эканликларини айтиб: «Зинапояда туриб гаплашмайлик. Ораларингиздан 15 кишини ажратинглар, ичкарига кириб гаплашайлик», дедилар. «Бирлик»чилар рози бўлишди ва зинапоядан кўтарилиб, эшик томонга юра бошлашди. Шунда Ислом ака: «Суҳбатлашишга келишдик. Энди темир тобутни машинага ортинглар. Бу ерда турмасин», дедилар. Бизлар бу  гапга ҳам рози бўлдик ва 4-5 «бирлик»чи темир тобутни қайтадан ўша «Тез ёрдам» машинасига ортишди. Ортиб бўлишгач, муаллиф уларни ҳам ичкарига киришни таклиф этди. Улар тобутни қўриқлаб, шу ерда чекиб туришмоқчи эканликларини айтишди. Ушбу 4-5 «бирлик»чи орасида мен фотоплёнка берган Адҳамжон Кенжабоев ҳам бор эди. Шундан сўнг камина эшикдан кириб бораётган охирги «бирлик»чиларга қўшилиб ичкарига кирди.

 

2.10.   А. КЕНЖАБОЕВ   ОЛГАН   ФОТОПЛЁНКА   ХУСУСИДА

 

   Ташқарида қолган ўша 4-5 «бирлик»чи билан бўлиб ўтган воқеа ҳақида. 1990 йил 28 апрель шанба куни эди. Тошкент шаҳар мили циясининг раҳбарлари қандайдир ишлар билан банд бўлганлигиданми ёки бирор жойда дам олиб юрганликлариданми, ҳар ҳолда улар ушбу воқеалар бўлаётган Президент қароргоҳи олдига биз ичкарига кириб кетгачгина етиб келишган. Албатта, милиция ходимлари ўз раҳбарига Президент қароргоҳи олдида бўлиб ўтган воқеалар, шу жумладан фотоаппарат ёрдамида темир тобут суратга олинганлиги ва фотоплёнка бошқа «бирлик»чига берилганлиги ҳақида гапириб берган. Ҳатто фотоплёнкани олган Адҳамжон Кенжабоевни улар таниб, у «Тез ёрдам» машинаси ёнида турганлигини ҳам айтишган, деб тахмин қилиш мумкин. Шу сабабли милиция раҳбари ЛАЗ («Львов автозаводи») маркали автобус чақиртириб, ўша 4-5 «бирлик»чини, шу жумладан А. Кенжабоевни автобусга чиқишга буйруқ берган ва уларни милицияхонага олиб кетишган.

   Фотоплёнкани милиционерлар олиб қўйиши мумкинлигини тушунган Адҳамжон кассетани ўзи ўтирган ўриндиқ атрофига яширган. Милицияхонада «бирлик»чиларнинг чўнтагидаги бор нарсани стол устига чиқартириб, сўнгра уларни пайпаслаб ҳам кўришган. Адҳамжоннинг фикрича, милиция ходимлари «бирлик»чилар ёнидан фотоплёнкани тополмагач, автобусда ахтаришган ва кассетани топиб олишган.

   Милицияхонада «бирлик»чилар ҳақида тегишли қоғозларни тўлдиришгач, бир неча соатдан сўнг уларга жавоб бериб юборишган. Адҳамжон автобуснинг рақамини эслаб қолганлиги сабабли ўша автобуснинг ичидан кассетани қидирган, лекин топаолмаган…

   Аслида фотоплёнка билан боғлиқ «от юриш»ни охиригача етказишимиз керак бўлган. Яъни кассетани Адҳамжон Кенжабоев мендан олган заҳотиёқ Президент қароргоҳи олдидан жўнаб кетиши маъқул иш бўлар эди. Фақат шу йўл билангина фотоплёнкадаги тарихий суратларни асраб қолган бўлардик. Афсуски, ўша тиғиз пайтда Адҳамжонни жўнатиб юбориш кераклиги менинг хаёлимга келмаган, Адҳамжоннинг ўзи эса тушуниб етмаган…  

 

2.11.  «БИРЛИК»ЧИЛАРНИНГ  ЎзР  ПРЕЗИДЕНТИ  И. КАРИМОВ  БИЛАН  БИР   СОАТЛИК  УЧРАШУВ  ТАФСИЛОТЛАРИ

 

   Биз – 30-35 «бирлик»чи Президент қароргоҳининг биринчи қаватида жойлашган катта залга кирдик. Президент И.Каримов узун қилиб тўртбурчак шаклида қўйилган столнинг ичкари томонига ўтиб, ўртасидаги стулга ўтирди. Унинг қаршисидаги стулларда «Бирлик»нинг Тошкент шаҳар ташкилотининг раиси Абдусалом Абдуҳолиқов ва раис ўринбосарларидан бири Маҳбуба Қосимова ўтирдилар. Уларнинг икки тарафидаги стулларга барча «бирлик»чилар жойлашишди. Залнинг тўридаги стол ортида Ж.Ҳамидов, девор яқинидаги стулларга эса Президентнинг ёрдамчилари ўтиришди. Шундан сўнг Президент билан юзма-юз мулоқотимиз бошланди.

   Мулоқотни Абдусалом Абдуҳолиқов бошлади (13-изоҳга қаранг). У ўзбекистонлик аскар тобутлари масаласида «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг асосий талаблари: Совет армиясида хизмат қилаётган фарзандларимизнинг жасадлари солинган темир тобутлар кетма-кет келаётганлиги, ўзбек халқи ўғлонларига нисбатан геноцид бўлаётганлиги, ўғиллари ўлиб келаётган ота-оналарнинг фарёди натижасида кундан-кунга халқ нафрати ошиб бораётганлиги ва бу нафрат аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги, шунингдек ўз жонларини сақлаш мақсадида кўплаб ўзбек аскарлари армиядан қочиб келаётганлиги ва уларни «дезертир» деган ном билан суд қилинишидан сақлаб қолиш кераклиги, шу шароитда ўзбек аскарлари фақат Ўзбекистонда хизмат қилиш масаласини Ўзбекистон Президенти сифатида Москвадаги раҳбарлар билан ҳал этиш кераклиги ҳақида гапирди.

   Президент И.Каримов: «Ўзбекистонлик солдатлар армияда ўлдирилишининг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсизлар?», деб сўради. Бу саволга Маҳбуба Қоисмова жавоб берди: «1989 йил ёзидаги Фарғона фожиаларидан сўнг Россия матбуотида ўзбек халқига нисбатан бўҳтон бўлган кўп мақолалар ёзилди, радио ва телевидениеда гапирилди ва кўрсатувлар кўрсатилди. Лекин Ўзбекистон раҳбарияти бундай бўҳтон кампаниясига вақтида ва асосли қилиб жавоб беролмади. Бунинг натижасида Совет армияси сафларидаги ўзбек аскарларига нисбатан таҳқирлашлар ва калтакланишлар, ҳатто аскар жонига суиқасдлар кескин ошди. Мен ўзбекистонлик оналардан бири сифатида ўз аскарларимизни Ўзбекистонга қайтарилишини қатъий талаб қиламан!».   

   Стол атрофида ўтирган 30-35 «бирлик»чиларнинг нигоҳи Президент И.Каримовга қаратилган эди. Ислом ака бошларини бир оз эгиб, жиддий тарзда «бирлик»чиларимиз айтган гапларига қўлоқ соларди ва чуқур мулоҳаза қилаётганликлари кўриниб турарди. Шу сабабли унинг сочи бир оз ён томонга осилган, ўзи эса озроқ ҳорғин кўринар эди. «Бирлик»чиларнинг юқоридаги гапларидан сўнг Ислом Абдуғаниевич бир оз хўрсиндида, юракдан чиққан бир изтироб билан ўртача оҳангда шундай деди: «Хабарингиз бор, армиядаги ўзбекистонлик солдатлар масаласини Ўзбекистон ССР Олий Совети сессиясида ҳам муҳокама қилдик ва тегишли қарор қабул қилдик. Шу масалада сизлар билан ўтиргандек, шахсан Горбачев (Горбачев Михаил Сергеевич – Совет Иттифоқи  Президенти, Ш.Ю.А.)  билан икки марта юзма-юз ўтириб гаплашдим. Лекин натижа ўзгармаяпти. Биз имкониятимиз доирасида барча чораларни кўрамиз, Горбачев билан яна бир марта учрашиб гаплашишга ҳаракат қиламан.»

   Ислом ака озроқ тин олиб, сўнгра сўрадилар: «Ораларингизда солдатнинг қариндошларидан борми?». «Бирлик»чилар «Бор» дейишди ва аскар Анвар Каримовнинг отасини кўрсатишди. Анварнинг отаси ўрнидан турди. Ислом ака: «Ўғлингизнинг ўлими муносабати билан таъзия билдираман. Сизнинг бизга қандай талабларингиз бор?», деб сўради. Анварнинг отаси: «Ислом ака, мен ўзим Марғилонданман. Бу ишларнинг ҳаммаси Оллоҳнинг измидаги ишлардир, деб ўйлайман. Ўғлимни қайтариш иложи йўқ. Менинг сизга битта илтимосим бор. Ўғлим армияга кетмасидан олдин маҳалламизда мачит қура бошлаган эдик. Шу мачитни қуриб бўлиш учун стройматериал (стройматериал (русча) – қурилиш материали, Ш.Ю.А.) тополмай қийналаяпмиз. Стройматериалдан ёрдам берсангиз. Шу мачитни ўғлимдан қолган ёдгорлик бўлар эди», деди. Президент ўз ёрдамчиларига қараб: «Бу акамизга мачитни қуриб бўлиши учун қанча стройматериал керак бўлса, топиб беринглар», деди.      

   Аскар отаси гапириб бўлгач, «бирлик»чилардан бири, адашмасам Маҳбуба Қосимова: «Аскарнинг хизмат жойида ёзилган суд-медэкспертиза хулосасига ишонмаймиз. Анварнинг ўлими ҳақиқий сабабларини билиш учун қайтадан суд-медэкспертиза қилиниши керак», деди. Президент Соғлиқни сақлаш вазири Баҳромовни чақиртиришни буюрди. Ёрдамчилари уни чақириб келишгач, унга қараб: «Солдат қайтадан суд-медэкспертиза қилинсин, натижасини менга хабар қилинглар. Солдат тобутини Марғилонга кузатиб боринглар, қариндошларини ҳам енгил машинада олиб бориб қўйинглар», деди.    

   Президент ёрдамчилари Соғлиқни сақлаш вазири С.М.Баҳромовни чақириб келишга кетган пайтда Ислом ака «бирлик»чиларга қараб: «Яна саволлар борми?», деб сўради. Шунда Салават Умурзоқов Президентга навбатдаги саволни берди: «Сиз яқинда Ўзбе-кистон Президенти этиб сайландингиз. Сиз Ўзбекистон компартиясига эмас, Ўзбекистон халқига хизмат қилишингиз керак. Шу сабабли Сиз қачон Ўзбекистон компартияси сафидан чиқасиз?». 

   Президент: «Бунинг учун маълум бир муддат ўтиши керак. Ҳозир компартиянинг таъсири катта бўлганлиги сабабли уни таъсир доирамизда ушлаб турмоғимиз лозим. Вақти келганда бу маса лани ижобий ҳал қиламиз», деди. Президент И.Каримов бу ваъдалари устидан чиқиб, Ўзбекистон компартиясининг меросхўри бўлган Халқ демократик партиясининг раиси лавозимидан 1996 йил июнида ихтиёрий равишда истъефо берди… (14-изоҳга қаранг).      

 

   Шундан сўнг биз Ўзбекистон Президенти И.Каримов билан хайрлашиб, залдан битта-битта чиқа бошладик. Президент биносининг нариги бурчагига яқин жойда милиционерлар турар, улар ёнида «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг раисдошлари Абдурахим Пўлатов ва Шуҳрат Исматуллаев, кинооператор, «Бирлик» Марказий Кенгашининг аъзоси Абдулазиз Махмудов ва РСФСР халқ депутатларидан уч киши бор эди. Улар «Бирлик»нинг Тошкент шаҳар ташкилоти фаоллари амалга оширган тадбирни ва Президент билан бўлиб ўтган учрашувдаги муваффақиятни эшитиб беҳад хурсанд бўлишди. Шу ерда Москвадаги Останкино телестудиясининг Тошкентдаги мухбири Мухтор Ғаниевга Абдулазиз  Махмудов саволлар бериб, унинг жавобини видеокамерада тасвирга оларди. 

   Биз Президент биносидан чиқиб, йўлак бўйлаб бораётганимизда милиционерлар ёнида турган ва Ўзбекистон махсус хизмат органининг ходими бўлган бегона кинооператор «бирлик»чиларни видеотасмага тасвирга олиш билан овора эди. Бундай ташкилий ишлар пайтида Давлат Хавфсизлиги Қўмитаси (ДХҚ) кинооператори «Бирлик» фаолларини видеога тасвирга туширишларига ўрганиб кетганимиз сабабли биз бунга деярли эътибор бермас эдик (биз кетгач, кўп вақт ўтмай Президент биноси олдига 3,5 метр баландликдаги қопора панжаралар ўрнатилгани хақида 3-иловада ёзилган).      

   Ўша 1990 йил 28 апрель куни Президент қароргоҳида И.Каримов билан бўлиб ўтган мулоқотда шахсан каминада унинг ҳақида ижобий фикр ва таассуротлар қолди. Шунингдек ўзбекистонлик аскарлар ва уларнинг тобутлари масаласи у ёки бу даражада ижобий ҳал бўлишига ишонч ҳосил бўлган эди.

   Муаллифнинг ушбу рисоласида ёзилган фаол «бирлик»чилар  ҳақидаги илиқ фикрлари Ўзбекистоннинг ҳозирги баъзи бир амалдорларига ёқмаслиги мумкин. Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳақидаги каминанинг ижобий фикрлари баъзи бир «бирлик»чиларга ва демократларга маъқул келмаслиги мумкин. Шундай фикрдаги юртдошларимга халқимизнинг битта ҳикматли гапини эслатишим ўринлидир: Ўзаман деган эл   бир-бирини ботир, дейди, тўзаман деган эл бир-бирини қўтир, дейди.

   Халқимизнинг кўпминг йиллик тарихи давомида ота-боболаримиз 120 та давлат, шу жумладан 16 буюк давлат барпо этишган [29, 42-б.]. Муаллиф тарихда ўтган давлатлар раҳбарлари ҳақида ҳам, бугунги кунда жаҳондаги давлатлар