Гин Шарп
ДИКТАТУРАДАН
ДЕМОКРАТИЯГА
10-боб. Узоқ муддатли демократия
пойдевори
Диктатуранинг қулаши албатта,
тантанали байрам қилиш учун сабаб бўлади. Узоқ вақт
жабрланган ва ғалаба учун ўз жонини ҳам фидо қилган одамлар
завқланиш, дам олиш ва ҳурматга сазовор бўлишга
ҳақлидир. Улар ўзи ва сиёсий озодлик ғалабаси учун ёнма-ён
туриб жанг қилганлар учун фахралиниши керак. Бироқ бу кунни
ҳамма ҳам кўра олмайди. Тириклар ва қурбон бўлганларни ўз
мамлакатининг озодлик тарихини яратишга ёрдам берган қаҳрамонлар
сифатида эслашади.
Бироқ бу
билан ҳушёрликни йўқотмаслик керак. Диктатура сиёсий бўйсинмаслик
ёрдамида муваффқиятли қулатилган тақдирда ҳам эски
тузум йўқ қилингандан кейинги пала-партишликлар даврида янги
истибдод тузумининг пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун барча чораларни
кўриш лозим. Демократик кайфиятдаги кучлар етакчилари демократияга
тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда ўтишга олдиндан тайёр бўлиши
зарур. Диктаторлик тузилмаларига барҳам бериш керак. Бу борада
конституциявий ва қонунчилик базасини, шунингдек, узоқ муддатли
демократиянинг фаолияти юритиш мезонларини шакллантириш даркор.
Диктатура
ағдарилгандан сўнг ҳар жиҳатдан мукаммал жамият тез ташкил
этилмаслигини унутмаслик керак. Мустабид тузумнинг барбод бўлиши озодликни
кенгайтириш шарти билан жамиятни такомиллаштириш ва одамлар эҳтиёжларини
тегишли равишда қондириш бўйича узоқ муддатли саъй-ҳаракатлар
учун бошланғич туртки беради, холос. Жиддий сиёсий, иқтисодий ва
ижтимоий муаммолар кўплаб одамлар ҳамда гуруҳларнинг
ҳамкорлигини талаб қилган ҳолда, йиллар давомида ҳал
этилади. Янги сиёсий тизим турли қараш ва ёндашишга эга одамларга келакда
амалий ишлашни давом эттириш ва муаммоларни ҳал қилиш сиёсатини
ишлаб чиқиш имконини бериши лозим.
Янги
диктатура таҳдиди
Кўп йиллар муқаддам Арасту
“золимона ҳукмронлик яна золимона ҳукмронликка айланаши мумкин”,
деган эди (15). Бу борада Франция (якобчилар ва Наполеон),
Россия (большевиклар), Эрон (Оятулло), Бирма (СЛОРС) ва бошқа мамлакатлар
тарихини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бунинг боиси золимона тузумнинг
қулаши айрим шахслар ёки гуруҳлар томонидан янги ҳукмдорларга
айланиш имконияти пайдо бўлгани сифатида қабул қилинади. Уларнинг
сабаблари турли хил, аммо натижаси эса деярли ҳар доим бир хил бўлади. Янги
диктатура аввалгисига қараганда янада шафқатсиз бўлиши мумкин.
Эски тузум
ҳукумати аъзолари диктатура қулашидан олдин халқнинг
қаршилик кўрсатиш натижасида эришган ғалабасини қўлга киритиш
мақсадида муғомбирлик билан гўёки, давлат тўнтариши бўлганини
кўрсатиб, демократия учун курашдан олдин отни қамчилаб қолишга
ҳаракат қилишлари мумкин. Улар диктатура барбод бўлганини эълон
қилиши мумкин. Аслида эса, эски тузумнинг усти қопланган янги
моделини зўрлаб қабул қилдиришга интилади.
Тўнтаришларнинг
олдини олиш
Янги озод этилган жамиятга қаратилган
тўнтаришларнинг олдини олишга ёрдам берадиган кўплаб усуллар мавжуд. Баъзида
ҳимояланишнинг бундай имкониятини билиш тўнтаришга йўл қўймаслик
учун етарлидир. Тайёргарчилик бунинг олдини олади.
Фитначилар
тўнтаришни амалга оширгандан сўнг зудлик билан унинг қонунийлигини, яъни
ўзларининг мамлакатни бошқариш бўйича маънавий ва сиёсий
ҳуқуқини тан олишни талаб этади. Шу сабабли тўнтаришдан
ҳимояланишнинг биринчи асосий принципи – фитначилар ҳокимиятининг
қонунийлигини рад этиш ҳисобланади.
Шунингдек,
фитначилар учун фуқаролар етакчилари ва аҳоли уларни
қўллаб-қувватлаши, улар кучсиз ва тобелигича қолиши керак.
Фитначилар ожиз жамият устидан ўз назоратини мустаҳкамлаш учун
мутахассислар, маслаҳатчилар, амалдорлар, давлат хизматчилари, маъмурлар
ва судялардан ҳамкорлик қилишни талаб қилади. Улар яна сиёсий
тизим, фуқаролик институтлари, иқтисодиёт, полиция ва қуролли
кучларни бошқарадиган одамларнинг бўйсинишини, ўзларининг одатдаги
вазифаларини фитначилар бўйруқлари ҳамда сиёсатига мувофиқ
бажаришини талаб этади.
Тўнтаришдан
ҳимояланишнинг иккинчи муҳим принципи фитначиларга ҳамкорлик
қилишдан бош тортиш ва бўйсинмаслик йўли билан қаршилик кўрсатиш
ҳисобланади. Яъни, фитначилар талаб қилаётган ҳамкорлик
қилишни ва ёрдам кўрсатишни рад этиши керак. Диктатурага қаршилик
кўрсатишда ишлатилган кураш воситаларидан янги таҳдидга ҳам
қаршилик кўрсатиш учун фойдаланиш мумкин. Агарда тўнтаришнинг
қонунийлиги тан олинмаса ва ҳамкорликдан воз кечилса, у сиёсий жиҳатдан
заифлашиши натижасида барбод бўлиши ва демократик жамиятни қуриш
имконияти яна пайдо бўлиши мумкин.
Конституцияни
ишлаб чиқиш
Янги демократик
тизим демократик бошқарувнинг мақбул доираларини белгиловчи
конституция ташкил этилишини талаб этади. Конституцияда ҳукумат
мақсадлари, давлат ҳокимияти чегаралари, ҳукумат амалдорлари
ва қонун чиқарувчилари сайланадиган сайлов кампанияларини
ўтказиш услуби ва муддати, фуқароларнинг дахлсиз
ҳуқуқлари ҳамда миллий ҳукуматнинг маҳаллий
бошқарув органларига нисбат муносабати ифодаланиши лозим.
Марказий
ҳукумат агарда демократия асосида иш юритса, унинг доирасида
ҳокимият қонунчилик, ижро ва суд жабҳалари ўртасида
тўғри тақсимланиши белгиланиши керак. Полиция, разведка хизматлари
ва қуролли кучларнинг фаолиятига нисбатан қатъий чеклашлар белгиланиши,
уларга сиёсатга аралишиш ман этилиши даркор.
Демократик
тизимни сақлаш, диктаторлик йўналишлари ва чораларининг олдини олиш
мақсадида конституция ҳудудий, туман ва маҳаллий
бошқарув даражасида тартибга солинадиган муайян ҳуқуқларга
эга федерал тизимни ўрнатиши лозим. Баъзи ҳолатларда эса Швейцариянинг
кантонлар тизимидан фойдаланиш имконияти ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Ушбу тизимда унчалик катта бўлмаган ҳудудлар мамлакатнинг бир қисми
сифатида асосий ваколатларга эга эканлиги қайд этилган.
Агарда мана шу
низомларнинг кўпчилигини ўз ичига олган конституция янги озод мамлакат тарихида
аввал ҳам мавжуд бўлган бўлса, унга керакли ва исталган тузатишлар
киритган ҳолда яна қайтадан жорий этиш мақсадга
мувофиқдир. Фойдаси тегадиган эски конституция мавжуд бўлмаса, ўтиш даври
конституциясидан фойдаланиш ёки янги конституцияни ишлаб чиқиш ҳам
мумкин. Янги конституцияни тайёрлашда маълум вақт ва мулоҳаза
юритиш талаб қилинади. Ушбу жараёнда янги матн ёки тузатишларни
ратификация қилишда ҳалқнинг иштироки муҳим
ҳисобланади. Бу борада конституцияга кейинчалик бажариш имкони
бўлмайдиган мажбуриятларни ёки бошқарувни юқори даражада
марказлаштиришни талаб этадиган низомларни ўта эҳтиёткорлик билан киритиш
керак. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам янги диктатуранинг пайдо
бўлишига имкон яратиши мумкин.
Конституция
матни оддий ҳалқ учун тушунарли бўлиши, фақат
ҳуқуқшунослар ва бошқа намояндалар тушуниши мумкин
бўлган тарзда ўта мураккаб ёки икки маъноли бўлмаслиги лозим.
Демократик
мудофаа сиёсати
Озод этилган мамлакатга ташқи
таҳдид хавф солиши мумкинлиги туфайли мудофаа қудрати талаб
этилади. Чунки хорижий давлатлар ҳам иқтисодий, сиёсий ёки
ҳарбий
ҳукмронлигини ўтказишга уриниши мумкин.
Ички
демократияни сақлаш учун миллий мудофаа талабларига нисбатан сиёсий
бўйсинмасликнинг асосий тамойилларини қўллаш масалаларини кўриб
чиқиш лозим. Янги озод давлатлар қаршилик кўрсатиш
қобилиятини бевосита фуқаролар қўлига топшириб,
қудратли мудофаа кучларини ташкил этишга таянмаслиги мумкин. Чунки бу
кучларнинг ўзи демократияга таҳдид солишга қодир ва бошқа
эҳтиёжлар учун керакли йирик иқтисодий ресурсларни талаб этади.
Айрим
гуруҳлар янги диктаторлар бўлишга интилиши боис конституциянинг ҳар
қандай низомини рад этиши мумкинлигини унутмаслик зарур. Шу сабабли
аҳоли бўлажак диктаторларга қарши ўз ролини бажаришга ва сиёсий
бўйсинмаслик ҳамда ҳамкорликдан бош тортишни қўллашга
ҳар доим тайёр туриши лозим. Бундай кураш тажрибаси аввал ёрдамга
муҳтож бўлган одамларда ўзини ўзи ҳурмат қилиш ҳиссини
ва ишончни мустаҳкамлаган ҳолда, муҳим руҳий
оқибатларни юзага келтириши мумкин.
Меҳнат билан эришилган масъулият
Зўравонликсиз курашнинг самараси
фақат диктаторларни заифлаштириб уларни қулатишда эмас, балким
жабрланганларни кучайтиришдадир. Бу услуб олдиндан ўзларини қурбон деб
ҳис этган шахсларга бор кучларини ишлатиб, ўзларининг ҳаракатлари
орқали эркинлик ва адолатга эришишга имкон беради. Шу кураш тажрибаси
муҳим руҳий аҳамиятга эга, чунки у олдиндан заиф бўлган
шахслар орасида ўзларини баҳолаш ва дадиллиги яхшиланишига ҳисса
қўшади.
Жамиятнинг жорий
ва пайдо бўладиган муаммоларни ҳал қилишга қодирлиги
ҳам демократик бошқарувни ўрнатиш учун зўравонликсиз курашни
қўллашнинг узоқ муддатли муҳим ижобий натижаси ҳисобланади.
Бу муаммолар ҳукуматда мансабдан фойдаланиш ва порахўрлик, ҳар
қандай гуруҳга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш,
иқтисодий ноҳақлик, сиёсий тизимнинг демократик сифатига
қўйиладиган чеклашларни ўз ичига олиши мумкин. Сиёсий бўйсинмасликни
қўллаш бўйича тажриба орттирган аҳоли бўлажак диктатуралардан ўзини
ҳимоя қила олади.
Озодликка
эришгач, зўравонликсиз курашни билиш демократия, фуқаролар эркинлиги,
майда миллатлар ҳақ-ҳуқуқлари, ҳудудий,
туман ва маҳаллий бошқарув институтлари ваколатларини ҳимоя
қилиш услубларидан фойдаланиш имконини беради. Бундай услублар ўз
навбатида, айрим шахслар ёки гуруҳларга алоҳида муаммолар бўйича
ўта норозилигини тинч ифода этиш имконини берадиган воситаларни яратади.
Мухолифат гуруҳлар эса ушбу муаммолар туфайли террорчилик ёки партизанлар
урушини ишга солади.
Сиёсий
бўйсинмаслик ёки зўравонликсиз кураш масалаларини муҳокама қилишда
фикр юритиш ўз халқини диктаторлик зулмидан озод қилиш ва инсон
эркинлигини ҳурмат қиладиган ҳамда халққа жамиятни
такомиллаштиришда иштирок этиш имконини берадиган узоқ муддатли демократик
тизимни ўрнатишга интилаётган барча шахс ва гуруҳлар учун фойдали бўлиши
мумкин.
Мазкур ишда
билдирилган ғоялар асосида қуйидаги хулосага келиш мумкин:
·
Диктатурадан
озод бўлиш мумкин;
·
Озодликка
эришиш учун ўта пухта таҳлил ва стратегик режалаштириш талаб этилади;
·
Огоҳлик,
машаққатли меҳнат, интизомли кураш талаб этилади ва бу
курашда ҳаттоки, кўплаб қурбонлар бўлиши ҳам мумкин;
“Озодлик
ҳеч қачон озод бўлмайди” деган ибора тўғри айтилган.
Жабрланган халққа орзу қилинган озодликни берадиган
ташқи куч йўқ. Одамлар унга эришишни ўзлари ўрганиши лозим. Бу эса
осон иш эмас.
Агарда одамлар
озодликка эришиш учун улардан нима талаб этилаётгани тушунса,
машаққатли йўллар билан бўлса ҳам, охир-оқибат
озодликка эришиш имконини берадиган ўз ҳаракатини ишлаб чиқишга
қодир. Ана шунда улар ғайрат билан янги демократик тартибни
ўрнатиши ва уни ҳимоя қилишга тайёрланиши мумкин. Бундай кураш
натижасида қўлга киритилган озодлик узоқ яшайди, уни сақлаш ва
янада мустаҳкамлаш тарафдори бўлган кучли одамлар ёрдамида
қўллаб-қувватлаш мумкин.
ДАВОМИ БОР