Гин Шарп
ДИКТАТУРАДАН
ДЕМОКРАТИЯГА
9-боб. Диктатурани қулатиш
Қаршилик кўрсатишни кучайтириш, жамиятнинг диктатура самарали назорат қила олмайдиган участкаларининг пайдо бўлиши ва кенгайтирилиши сиёсий бўйсинмасликнинг уюшқоқлик билан ўтказилган муваффақиятли кампанияларининг умумий натижаси ҳисобланади. Бу каби кампаниялар ҳамкорликдан қандай воз кечиш ва сиёсий бўйсинмасликни қандай ташкил этиш ҳақида катта тажрибага эга бўлиши ҳам мумкин. Бундай тажриба оммавий кўламда ҳамкорликдан бош тортиш ва сиёсий бўйсинмаслик вақти келганда катта ёрдам бериши мумкин.
3-бобда келтирилганидек,
ҳамкорлик
қилиш ва бўйсиниш диктаторлар кучаларининг энг муҳим омиллари ҳисобланади.
Диктаторлар кучи сиёсий ҳокимият манбаларидан фойдаланмас экан камайиб бораверади ва охир-оқибат парчаланиб кетади. Шундай қилиб, ёрдамдан маҳрум этиш диктатурани ағдариш учун ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Куч манбалари сиёсий бўйсинмаслик таъсирига учраётганини кузатиш ҳам фойдалидир.
Тузумнинг қонунийлигига, яъни маънавий ва сиёсий обрўсига путур етказиш бўйича мавжуд воситалар орасида рамзий воз кечиш ва бўйсинмаслик ҳаракатлари ҳам бор. Тузум обрўси қанчалик юқори бўлса, унга бўйсиниш ва у билан ҳамкорлик қилиш шунчалик кенг ҳамда ишончлидир. Диктатуранинг мавжудлигига жиддий хавф туғдириш учун уни маънавий жиҳатдан маъқулламаслик таъсир кўрсатиши керак. Тузумнинг бошқа куч манбаларидан фойдаланишини йўққа чиқариш учун уни ҳамкорлик ва бўйсинишдан маҳрум этиш даркор.
Инсон ресурслари, ҳукмдорларга итоат этадиган, ҳамкорлик қиладиган ва ёрдам берадиган одамлар ҳамда гуруҳлар сони ва аҳамияти кучнинг иккинчи муҳим манбаи ҳисобланади. Аҳолининг кенг қатлами ҳамкорлик қилишдан бош тортса, тузум учун жиддий муаммолар юзага келади. Масалан, давлат хизматчилари самарасиз ишласа ёки ишга чиқмайдиган бўлса, маъмурият жиддий қийинчиликларга дуч келади.
Илгари махсус хизматлар ёки билимлар билан таъминлаган шахслар ёки гуруҳлар ҳам ҳамкорликдан воз кечадиган бўлса, диктаторларнинг ўз ҳукмини ўтказиш қобилияти заифлашади. Шу билан бирга, уларнинг батафсил ахборот асосида қарорлар қабул қилиш ва самарали сиёсатни ишлаб чиқиш қобилияти ҳам жиддий чекланади.
Агар одамларни ҳукмдорларга итоат этиш ва ёрдам кўрсатишга мажбурлайдиган номоддий омиллар, яъни руҳий ва мафкуравий таъсир заифлашса ёки ўз кучини йўқотса, аҳоли бўйсинмасликка ва ҳамкорлик қилишдан бош тортишга янада мойил бўлади.
Диктаторларнинг моддий ресурслардан фойдаланиш имконияти ҳам уларнинг ҳокимиятига бевосита таъсир кўрсатади. Молиявий ресурслар, иқтисодий тизим, мол-мулк, табиий ресурслар, транспорт ва алоқа воситаларини тузумнинг ҳақиқий ёки яширин рақиблари назорат қилса, диктатуранинг яна бир куч манбаи заифлашади. Иш ташлашлар, бойкотлар, иқтисодиёт, алоқа ва транспорт соҳасида ўзини ўзи мустақил идора қилиш кенгайганда ҳам тузум ўз кучини йўқотади.
Юқорида зикр этилганидек, диктаторларнинг қўрқитиш ёки санкциялар қўллаш қобилияти, яъни аҳолининг ўжар, бўйсинмайдиган ва ҳамкорлик қилишдан бўйин товлайдиган қатламини жазолаш уларнинг асосий куч манбаи ҳисобланади. Мазкур куч манбаини икки усул билан заифлаштириш мумкин. Биринчидан, агар аҳоли уруш давридаги каби бўйсинмаслик учун ўз жонини фидо қилишга ҳам тайёр бўлса, мавжуд санкцияларнинг самарадорлиги анча пасаяди (яъни, диктаторларнинг жазо чоралари етарли даража бўйсинишни таъминламайди). Иккинчидан, полиция ва қуролли кучлар тузумдан норози бўлса, улар якка тартибда ёки биргаликда қаршилик ҳаракати қатнашчиларини ҳибсга олиш, калтаклаш ёки отиб ташлашга доир буйруқларни бажаришдан бўйин товлаши ёхуд тўғридан-тўғри рад этиши мумкин. Ваҳолонки, диктатура қатағонни амалга ошириш учун полиция ва қуролли кучларга таянмас экан, у жиддий хавфга рўбару келади.
Мухтасар айтганда, илдиз отган диктатурага қарши кураш муваффақияти ҳамкорликдан воз кечиш ва бўйсинмаслик тузум куч манбаларани заифлаштиришини ва тўсиб қўйишини талаб этади. Диктатура
ҳокимияти ўзининг керакли куч манбаларини мунтазам янгиламас экан, у
заифлашади ва пировардида парчаланади. Шундай қилиб, диктатурага сиёсий
бўйсинмасликни стратегик жиҳатдан оқилона режалаштириш
диктаторларнинг муҳим куч манбаларига йўналтирилиши лозим.
Озодликни
кенгайтириш
Танланадиган қаршилик кўрсатиш
кампанияси даврида мустақил ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий
институтларнинг кўпайиши сиёсий бўйсинмаслик билан бир қаторда жамиятнинг
“демократия макони”ни изчил кенгайтиради ва диктатура назоратини камайтиради. Аҳоли
диктатурага қаршилик кўрсатаётган фуқаролик институтларининг
мустаҳкамланишига қараб, диктаторларнинг истагига хилоф равишда
уларнинг назорати доирасидан холи мустақил жамиятни янада тез ташкил
этади. Диктатура “озодликнинг кенгайишини” тўхтатиш мақсадида аралашса,
ушбу
қўлга киритилган маконни ҳимоя қилиш учун зўравонликсиз
курашни қўллаш мумкин ва диктатура олдида яна битта кураш “фронти” пайдо
бўлади.
Вақт ўтган
сайин қаршилик кўрсатиш ва институционал қурилишнинг бундай
уйғунлашиши ҳақиқатда ҳам озодликка эришишга
ёрдам беради ва жамиятда куч нисбати тубдан ўзгаргани боис диктатурани
ағдариб, демократик тизимни шак-шубҳасиз расман жорий этади.
1970-1990
йилларда Польшадаги жамият ва институтлар вазифаларининг қаршилик
кўрсатиш ҳаракати иштирокчилари назоратига ўтиши бунга ёрқин мисол
бўла олади. Католиклар черкови таъқибларга дуч келишига қарамай
ҳеч қачон коммунистлар назоратига тўлиқ бўйсинмаган. 1976
йилда зиёлилар ва ишчилар вакиллари ўзларининг сиёсий ғоясини илгари
суриш учун ИҲҚ (ишчиларни ҳимоя қилиш қўмитаси)
каби кичик гуруҳларни ташкил этди. Бирдамлик касаба уюшмалари ташкилоти
иш ташлашлар эълон қилиш ҳуқуқига эга эканлиги билан
1980 йилда ҳокимиятларни ўз қонунини қабул қилишга
кўндирди. Деҳқонлар, талабалар ва бошқа кўплаб гуруҳлар
ҳам ўзларининг мустақил ташкилотларини шакллантирди. Коммунистлар
ушбу гуруҳлар кучлар нисбатини ўзгартирганини тушунгач, бирдамликни яна
тақиқлади ва ҳарбий бошқарувни ишга солди.
Янги
мустақил институтлар фавқулотда вазиятлар, кўплаб
қамоққа олишлар ва шафқатсиз таъқибларга
қарамай, фаолият кўрсатишни давом эттирди. Мисол учун, ўнлаб ноқонуний
газета ва журналларни чоп этиш давом этди. Машҳур муаллифлар коммунистик
нашриётлар ва ҳукумат босмахоналарини тан олмаган бир пайтда
ноқонуний босмахоналар ҳар йили юзлаб китобларни чоп этди. Бу каби
фаолиятлар жамиятнинг бошқа қатламларида ҳам амалга оширилди.
Ярузельскийнинг
ҳарбий тузуми пайтида ҳарбий-коммунистик ҳукумат жамият
бошига чиқиб олгани тўғрисида гапирилганди. Амалдорлар аввалгидек,
ҳукумат бинолари ва хоналарини эгаллаб турган эди. Тузум жамиятга
жазолаш, ҳибсга олиш, қамаш, босмахоналарни эгаллаб олиш ва
ҳоказолар билан ҳужум қилишга қодир эди. Бироқ
диктатура жамият устидан назоратни аллақачон қўлдан бой берган эди.
Шу боис тузумнинг жамият томонидан тўлиқ ағдарилиши фақат
вақтга боғлиқ эди.
Тузум
ҳукуматда ўз ўрнини эгаллаб турсада, баъзида демократик “параллель
ҳукумат” тузиш имконияти пайдо бўлади. Ушбу янги ҳукумат
аҳоли ва ҳамкорлик қилувчи фуқаролик институтларининг
қўллаб-қувватлашидан фойдаланган ҳолда, рақиб-ҳукумат
сифатида узоқ вақт фаолият кўрсатиши мумкин. Диктатура бундай
вазиятда ҳукумат сифатидаги хусусиятларини йўқотиши мумкин.
Оқибатда параллель демократик ҳукумат диктаторлик тузумини демократик
тизимга ўтиш элементи сифатида тўлиқ алмаштириши мумкин. Сўнгра
талаб этилган тартибда конституция қабул қилиниб, сайловлар
ўтказилади.
Диктатурани
қулатиш
Жамиятни институционал ўзгартириш
давомида бўйсинмаслик ва ҳамкорликдан бош тортиш ҳаракати янада
кенгайиши мумкин. Демократик кучлар стратеглари сайланадиган
қаршилик кўрсатишдан оммавий бўйсинмасликка ўтиш вақтини олдиндан
кўра билиши лозим. Аксарият ҳолларда қаршилик кўрсатиш
ҳаракатини ташкил этиш, кучайтириш ёки кенгайтириш учун вақт талаб
этилади, оммавий бўйсинмасликни ривожлантириш эса фақат бир неча йилдан
сўнг рўй бериши мумкин. Бундай оралиқ даврда улкан сиёсий
мақсадларга эга сайланадиган қаршилик кўрсатиш кампанияларини
ўтказиш ва уларга жамиятнинг барча даражасини, аҳолининг кенг оммасини
жалб қилиш керак. Фаолиятни бу тарзда кенгайтириш чоғидаги
қатъий ва интизмоли сиёсий бўйсинмаслик шароитида диктатуранинг ички
ожизлиги янада очиқ-ойдин намоён бўлади.
Кучли сиёсий
бўйсинмасликни бирлаштириш ва мустақил институтларни ташкил этиш
вақт ўтиши билан кенг халқаро ҳамжамият эътиборни жалб
қилиши зарур. Шунингдек, ушбу ҳолат халқаро дипломатик миссиялар
томонидан қоралаш, демократик кучларни қўллаб-қувватлаш учун
(Польшада бўлганидек) бойкотлар ва эмбарго эълон қилишга олиб келиши
мумкин.
Стратеглар айрим
ҳолларда диктатура 1989 йилда Шарқий Германияда бўлгани каби, жуда
тез фурсатда қулаши мумкинлигини инобатга олиши даркор. Бу диктатура
аҳоли томонидан маъқулланмаслиги натижасида куч манбаларининг
оммавий тарзда тўсилиши туфайли юз беради. Аммо бундай ҳоллар кам-камдан
учрайди ва шунинг учун узоқ муддатли курашни (лекин қисқа
курашга ҳам тайёр туриш керак) режалаштириш мақсадга
мувофиқдир.
Озодлик кураши
давомида унчалик муҳим аҳамиятга эга бўлмайдиган ғалабалар
ҳам қайд этилиши шарт. Негаки, зафар қучганлар ҳурматга
сазовордир. Шу билан бирга, намойишлар билан байрам қилиш ҳам
курашнинг келгуси босқичлари учун зарур бўлган маънавий руҳни
кўтаришга ёрдам беради.
Муваффақиятга
масъулиятли муносабатда бўлиш
Бош стратегияни тузувчилар курашни
муваффақият билан якунлаш мумкин бўлган ва маъқул усулларни
олдиндан ҳисоб-китоб қилиши лозим. Бундан кўзланган мақсад
эса, янги диктатура пайдо бўлишининг олдини олиш ва узоқ муддатли
демократик тизимни босқичма-босқич ўрнатишни таъминлашдан иборат.
Демократлар
кураш якулангандан сўнг диктатурадан муваққат ҳукуматга ўтиш
қандай ташкил этилишини аниқлаши керак. Бу даврда янги ва самарали
фаолият кўрсата оладиган ҳукуматни ташкил этиш мақсадга
мувофиқдир. Бироқ бу янги ходимлардан ташкил топган эски
ҳукумат бўлмаслиги лозим. Шу нуқтаи назардан, эски ҳукумат
таркибининг қандай бўлимлари (масалан, сиёсий полиция) демократияга
қарши кайфиятда бўлгани боис тўлиқ тугатилиши ва қандай
бўлимларни келажакда демократик ислоҳотларни амалга ошириш учун
қолдириш мумкинлигини аниқлаши даркор. Тўлиқ ҳукумат
ваакуми тартибсизлик ёки янги диктатуранинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Диктатура
ҳокимияти қулагандан сўнг унинг юқори мансабдор шахсларига
нисбатан қўлланадиган сиёсатни олдиндан ўйлаб қўйиш керак. Масалан,
диктаторлар ишини судда кўриб чиқиш мумкинми? Сиёсий бўйсинмаслик,
мамлакатни қайта қуриш ва ғалабадан сўнг демократияни ўрнатиш
заруратига мос келадиган бошқа қандай вариантлар пайдо бўлиши
мумкин? Бу борада булғуси демократик тизим учун фожиали оқибатларга
олиб келиши мумкин бўлган хунрезликларга йўл қўймаслик лозим.
Диктатура
заифлашгач ёки барбод бўлгач, демократияга ўтишга доир аниқ режалар
қўллаш учун тайёр бўлиши керак. Бундай режалар давлат ҳокимиятини
бошқа гуруҳ томонидан тўнтариш ўтказиш орқали эгаллаб
олинишининг олдини олишга ёрдам бериши зарур. Шу билан бирга, бу борада
тўлиқ сиёсий ва шахс эркинликларига эга конституциявий демократик
бошқарувни ўрнатиш режаси ҳам талаб этилади. Машаққат
билан қўлга киритилган ўзгаришларни режалаштириш йўқлиги сабабли
бой бермаслик керак.
Аҳоли
куч-қудратининг ортиши ва диктатура назорат қила олмай қолган
мустақил демократик гуруҳлар ҳамда институларнинг ривожланиши
туфайли диктаторлар ўзларининг фириблари поёнига етаётганини ҳис
қилади. Муассасаларнинг оммавий ёпилиши, умумий иш ташлашлар, ишга
оммавий чиқмаслик, бўйсинмаслик намойишлари ва бошқа тадбирлар
диктаторлар ташкилотлари ва унга бўйсинган муассасаларга путур етказади.
Оқилона ва оммавий кўламда ташкил этилган ҳамда узоқ
вақт давом этган бундай бўйсинмаслик ва ҳамкорлик қилишдан
бош тортиш натижасида диктаторлар ўз кучини йўқотади ва демократия
ҳимоячилари куч ишлатмасдан ғалабани нишонлаши мумкин ва
ниҳоят, диктатура қаршилик кўрсатган аҳоли олдида тиз чўкади.
Ҳар
қандай саъй-ҳаракат ҳам осон ва баъзида тез муваффақият
билан тугамайди. Шуни унутмаслик керакки, урушларда мағлуб бўлганлар
қанча бўлса, ғолиблар ҳам шунча бўлади. Бироқ сиёсий
бўйсинмаслик ғалаба қозонишга аниқ имконият яратади.
Юқорида зикр этилганидек, ушбу имконият оқилона бош стратегия,
пухта ўйланган стратегик режалаштириш, машаққатли меҳнат ва
интизомли мардонавор кураш билан анча кучайтирилиши мумкин.
ДАВОМИ БОР