РИЗО ОБИД

 

 

 

Мен нечун тарк этдим

Ўзбекистонни?

 

 

Ўнг сўз׃ УФҚНИНГ ОШИҒИ

 

Осмонга қарасангиз,  оддий кенгликни кўрасиз. Аммо ана шу осмоннинг бағрида биз ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдира олмайдиган дунёлар мавжуд.

 

Уммонга қарасангиз, оддийгина жимирлаб турган сев кенглигини кўрасиз. Аммо ана шу уммон тубида шу қадар кўп хазиналар борки, одам боласининг хаёлидан ҳам ўтмаган.

 

Инсон ҳам ана шундай. Унинг кўриниши оддий, ҳаракатлари гоҳо ёқимли, гоҳо ёқимсиз, гаплари баъзан ундай, баъзан бундай бўлиши мумкин. Аммо дилида шундай бир дунёлар борки, буни ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

 

Бугунги куннинг энг долзарб мавзуларини қўрқмай қаламга оладиган, дилидагини яширмай айтадиган, воқеаларга бефарқ қараб тура олмайдиган, одамлар нима дер экан дея ўз фикрини қалбига кўмиб, дилини қабристон қилиб ўтирмайдиган адиб Ризо Обиднинг “Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни?” деб номланган хотирларини ўқир эканман юқоридаги фикрлар хаёлимдан ўтди.

 

Содда  ва самимий тарзда ёзилган хотираларга беғараз нигоҳ отсангиз, бир умр ўз йўлини қидирган, ўз сўзини айтишга интилган ўзбекнинг образи кўз олдингизга келади.

 

У гоҳо адашган, гоҳида адолатсизлик дороғочи остида қолган, гоҳида хато қилган, гоҳида ҳақ чиққан, гоҳида сарсон-саргардон, аммо мағрур, доим олдинга, ўз дилидаги қояларга томон интилган ўзбек.

 

У ўзига тўқ, одамлардан бир нарса истамайди, ёрдам кутмайди, яхшиликларига жавоб талаб қилмайди... аммо уларга хизмат қилгиси келади. Ана шу йўлда кетаверади... кетаверади. Олдинга қараб… Олдинга қараб кетганлар уфқнинг ошиқларидир..

 

Ризо Обиднинг осмони, уммони - дилида ётган дунёсига бир назар солишни истасангиз унинг мана шу мухтасар китобини ўқинг.

 

 

Жаҳонгир Маматов,

Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси.

2007 йил, Октябр.

 

 

 

1.Ўшанда...

 

Умуман Ватанни тарк этиш тўғрисида сўз айтишдан аввал ўз ҳаётимнинг болалик давридан ҳикоя қилиш керакка ўхшайди.

Чунки Ватанни тарк этишга охирги воқеа-ҳодисалар сабабчи бўлсада аслида бир умр кўрган ноҳақликлар тўпланиб, охир оқибатда:қачонгача бу йўсин ноҳақликларга чидаш мумкин, деган ўй кеча бошлайди, назаримда.

 

Менингча аслида Ватанни тарк этишга қарор қилган ҳар бир кишида ҳам шундай бўлса керак.Яна билмадим.Эҳтимол бошқа кишиларда бошқачадир.

 

Ҳа,воқеалар ривожининг бошланиши ўша болаликка бориб тақалади.

 

...Ўшанда энди эсини таниётган болакай эдим.Маҳалламизда жисмонан бақувватроқ бола ўтган-кетган ўзига нисбатан кучсизроқларни қон қақшатмай кўчадан ўтказмасди.Албатта у ҳар гал ноҳақ эди.Мен эса ундан анча кичик ёшдаман.Лекин у менга тегинмасди.Сабаби менинг ўзимдан катта акаларимдан ҳайиқарди.У менга бир нима деса акаларим ҳимояга отланиб, уни хафа қилишлари мумкин эди.Ҳарқалай ўшанда билмадиму ҳозир шундай бўлса керак, деб ўйлайман.

 

Хуллас ундан калтак еяётган болалардан бирига жуда раҳмим келди ва зўравонга қарши норозилигимни билдирдим.Албатта мен унга шерик бўлиб кучсизга қарши ҳужум қилганимда зўравон дўст бўлишини билардим.Лекин мен ожиз томон ёнига ўтдим ва икковлон зўравоннинг устидан "ғалаба қозондик".

 

Энди зўравон мендан чўчиб қайсидир болани хафа қилмоқчи бўлганини кўриб қолсам у томон юра бошладимми, қочадиган бўлди.

Бундоқ ўйласам ўшандаёқ мен ноҳақликка қарши мухолиф эканман...

 

2.ЎЧ

 

Ўшанда номардлар очиқчасига эмас хуфёна ўч олиши мумкинлиги хусусида ҳеч хаёлимга келтирмаганман.

 

Маҳалламиздаги зўравон боланинг мен туфайли попуги пасайиб қолганидан аламзада экан.Буни мен мактабнинг биринчи синфига қатнай бошлагач содир бўлган воқеа туфайли билиб олдим.

 

Аввалига зўравон мен билан яқин дўст бўлишга ҳаракат қилди.Мен ўшанда ноҳақ эканман, сен билан дўст бўламан, энди ҳеч қачон бошқаларни хафа қилмасликка сўз бераман, деди.Мен унинг сўзларини болаларча ишонч билан қабул қилиб қўл ташлашдик , жўра бўлдик.Кунлар болаликка тўла завқ-шавқ билан ўтарди.Аммо бироз кўнгилсиз ҳодиса рўй берди.

 

Мактаб ҳовлисидаги майдонда қиш фасли бўлгани учун сирғанчиқ ўйнаётган эдик , зўравон дўстимнинг оёғи бехос қайрилиб йиқилди.Югуриб бориб уни турғазишга ёрдам бердим.У эса бошини қўллари билан чангаллаганча менга бир ўқрайдида , мактаб ичкарисига югуриб кириб кетди.

 

Мен ҳам бўлиб ўтган нохушликдан ноқулай ҳолга тушиб, гўё гуноҳкордай аста одимлаб, унинг ортидан ичкарига йўл олдим.У қаёққа кетдийкин, дея атрофни қараб бораётгандим мактабимиз директори мен томон шахд билан келаётганини кўриб тўхтаб қолдим.Бир неча сонияда ёнимга келган директоримиз қўлимдан шундайин куч билан қаттиқ ушлаб," юрчи бу ёққа безори", дея етаклай кетди.Оғриқ аламидан директорга:" мен сизга нима қилдим", дея тикка боқдим.

 

"Ўв,сен шунақа зўрмисан, менга чекчаясанми", дея билагимдан янада маҳкам қисиб хонасига олиб кирди.У ерда ҳозиргина яхмалакда йиқилган дўстим турарди.

 

-Шуми - сўради директор жўрамдан, у боши билан "ҳа" ишорасини қилгач , директор менинг қулоқ чаккамга шунақанги куч билан тарсаки тортдики, кўзларимдан ўт чатнаб кетди.

 

Кейинчалик маълум бўлдики , "жўрам" директорга кириб, уни гўё мен йиқитиб бошини ёрганимдан шикоят қилган экан...

 

Бу кўнгилсизликдан сўнг мендан ҳижолат бўлганиданми ё ноҳақлигиданми билмадим жўрам ҳозиргача уялиб юради.

 

Лекин менда ўшандаёқ ёлғон ва туҳматга қарши мухолифлик пайдо бўлганди.

 

3.Директор кўнмаган экан...

 

Мактабнинг биринчи синфига бориб, ўқув йилининг иккинчи ярмига ўтгач дарслардан зерика бошладим.Чунки ҳали мактабга келмасдан аввал 4-6 ёшлигимдаёқ мендан катта синглим саводимни чиқариб қўйган эди.

Алифбони тугатиб ўқиш китобидаги шеърларгача ҳаммасини ёддан билардим.

 

Ўқитувчимиз жуда моҳир педагог эдилар.У киши эринмасдан болаларга бир ҳарфни бир соатлаб қандай талаффуз этилиши-ю ва ёзилишини ўргатар эдилар.Менга домламиз бераётган сабоқ ёд бўлиб кетганиданми дарсда ўтириб зерикар эдим ва шўхлик қила бошлар эдим.

 

Албатта бу учун домладан кўп дакки эшитардим.Нима қилиш керак?Ахир "а" ҳарфини 40 ўқувчидан аранг ярми энди ёзишни ўргана бошлашди, айримлари ҳали-вери ўрганадиган эмас.Ахир бир кун домлага:мени бошқа синфга ўтказинг,дедим.Домла кўнмади.Қоида ҳаммага баравар бир синфда бир йил ўқишинг шарт, деди.

 

Кейинчалик маълум бўлдики, аслида мени юқори синфга кўчириш учун домла бечора директорга айтган экан.Аммо директор:у боланинг ҳулқи чатоқ, ўтирсин ўша синфда, дебди.

 

Ҳов ўшанда билагимдан сиққан директорга:"нега билагимдан сиқасиз, мен сизга нима қилдим", дея "беодоблик" қилганим учун директорнинг ноҳақ ҳукми эди бу.Яна маълум бўлдики, аслида гап бунда ҳам эмас экан.Менинг синфда пешқадамлигим директорга аллақачон маълум экан.Чунки унинг ўғли Убайдулло синфдошимиз экан.Ахир мактаб директорининг ўғлидан ўзиб кетиш мумкин эмаслигини ўшанда мен қаёқдан ҳам билибман, дейсиз.

 

Нима бўлганда ҳам чораси топилди.Домламиз:"Обидов сен истасанг ташқарида айланиб келсанг ҳам майли, бошқаларга ҳалақит бермасанг бўлди", деди.Шундан сўнг менда зўр имконият пайдо бўлди.Мактаб кутубхонаси иккинчи уйим бўлиб қолди.

 

Кутубхона мудираси ҳам зерикиб ўтирар экан шекилли, мен кириб боришим билан хурсанд бўлиб кетади:"кел ширинтой қайси китобни олиб берай,дея менга китоб танлашиб қўярди.Мен қалин-қалин китобларни ўқигим келарди.Лекин мудира:" у китоблар катталарники, сенга ўқиш мумкин эмас",дея рухсат бермасди.Бўлмаса ўзингиз каттасиз, ўзингиз ўқиб беринг, дердим.У кулиб-кулиб, юзларимдан ўпиб-ўпиб китоблардан олиб ўқишга тушар эди.Мудира опанинг эркалашлари жуда хуш ёқар эди менга.

 

Менинг диққат билан эшитаётганимни ўқиш орасида кузатиб янада ширин овозда ўқир эди у.Кутубхона мудираси билан орамизда мустаҳкам адабий муҳит яралган эди.

 

Аммо директор бошқа синфга кўчиргани маъқулмиди ўшанда ё кутубхонада китоблар мутоаласи-ю,мудиранинг ўқиб берганларини эшитиш яхшимиди,дея ҳозир сўрашса, албатта кутубхона мудираси билан ўтган вақтим яхши бўлган, деган бўлардим.

 

4.Ижодга қадам

 

Учинчи синфдан тўртинчи синфга ўтгач ўқиганларим таъсирими ё кутубхоначи опанинг ўқиб берганларими ҳарқалай ўзим ҳам шеърга ўхшаш бир нималар қоралай бошладим.

 

Ёзганларимни опа мактабимиз она тили ва адабиёт фани муаллимига кўрсатган экан, бир кун ҳамма ҳурмат қиладиган, мактабда "адабиёт домла", дейиладиган ўқитувчи мени йўқлаб қолди ва шеър ҳамда бошқа менга унчалик тушунарли бўлмаган адабиёт қонун-қоидалари ҳақида узоқ гапирди ва машқимни мактаб деворий газетасига чиройли ҳусниҳат билан ёзиб беришимни сўради.

 

Мен домланинг айтганларини қилдим.Албатта ўша пайтдаги машқимни ҳам, баъзан қаламга олиб турган ҳозирги нарсаларимни ҳам шеър, деб даъво қилолмайман.Лекин ўшанда деворий газетани юқори синф ўқувчилари ҳам ўқиб, бир-бирларига :"қара 10-11 ёшли бола шеър ёзибди.Исми Ризо экан",дея туришганини эшитиб ич-ичимдан қувонганим рост.Бироз ўзимни катталардай ҳис қилиб, гердайиб ҳам қўйганман.

Ўша машқимни "Тонг юлдузи"(ўшанда "Ленин учқуни" эди номи)газетига жўнатдим.Эълон қилишган.

 

Ўшанда мендан бахтлироқ бола йўқ эди назаримда.Тошкентда ўқийдиган акамнинг синфдоши Дадахон ака машқимни ўша ёқда кўрган экан, чунки имзом остига:Наманган вилоят,Янгиқўрғон туман Калишо қишлоғидаги Машраб номли 21-ўрта мактаб ўқувчиси, деб ёзиб қўйилган эдида.У газетани қишлоққа ҳам олиб келиб ҳаммага кўрсатган.Энди мактабдагилар эмас, бутун қишлоқдошларга танилган эдим.

 

Ана шундай қилиб, 1969-70 йилларда агар шундай аташ жоиз бўлса ижодга кириб келган эдим.

Ижодим дастлабки цензурага дуч келди.У ҳақда кейинги ўринларда ёзаман.

 

 

5.Таъқиқ

 

Матбуотда бирор-бир нарсангиз элон қилингач,унинг ўзига яраша оҳанграбоси бор наздимда ва яна қайта бошқа нарсалар ёзишга иштиёқ кучаяди.

 

Менда ҳам шундай бўлди.1970 йилларда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ҳамда Чортоқ туманлари битта эди.Номи Янгиқўрғон тумани, маркази эса Чортоқ шаҳри эди.

 

Ҳозирда иккига ажратилган ўша пайтларда битта бўлган Янгиқўрғон туманининг Чортоқ шаҳри Темир йўл кўчасида жойлашган "Меҳнат байроғи" газетаси ўн минг ададда чиқар ва одамлар орасида оммабоп эди.

 

"Меҳнат байроғи" газетига кутубхоначи опанинг хайрли ишлари хусусида кичиккина хабар йўлладим.Орадан уч-тўрт кун ўтиб газетанинг биринчи саҳифасида хабарим эълон қилинди.

 

Катта-катта тим қора ранглардаги сарлавҳа остидаги хабар муаллифи имзоси чиройли босма ҳарфлар билан кўрсатилгани газетага хабар йўллаш иштиёқимга ўт қўйди, десам муболаға бўлмас.

 

Шундан сўнг кетма-кет қишлоғимиздаги ва мактабимиздаги ижобий ва салбий ҳолатлар юзасидан ҳафтада уч марта чиқадиган газетада камида битта гоҳо тўрттагача хабарларим эълон қилина бошланди.

 

Газетанинг қайси бетини очсангиз менинг имзом бўлар эди.Иккитаси Р.Обидов имзоси билан ва яна иккитасига нимагадир О.Ризаев, деб қўйишар эди.Кейинчалик билсам имзо ўзгартирилиши сабаби ҳар қайси саҳифада нега фақат Р.Обидов, дея райкомдагилар таҳририятдагиларга бироз дашном беришар экан.

 

Буларнинг ҳаммаси ҳам майликуя, танқидларимнинг кўпи дадамга келиб тегарди.Чунки аввалига колхоз раиси бўлган дадам, колхозлар ўрнида совхозлар ташкил этилгач аввалги колхоз ўрнидаги бўлимга бошлиқ бўлиб қолган эдилар.Менинг ҳамма ёзганларим шу бўлим ҳудудидан эди.

 

Лекин дадам менга ҳеч қачон у ё бу ҳақда ёзма, демасдилар, аксинча ҳақиқат бўлса ёзавер, дер эдилар.Ҳудудим кун сайин кенгайиб қўшни бўлимларга ҳам ўтиб хабарлар ёзишим сабаб бўлди шекилли мактаб директори ҳузурига чақириб, "ёзганларингни менга кўрсатиб кейин жўнатасан", деб қолди.

 

Мен унинг гапига кўндим.Энди нима ёзсам мактаб директорига олиб бориб юрдим.У эса: "ўзим жўнатиб юбораман", деб хабарларимни олиб қоларди.Лекин газетада ҳаммаси ҳам кўринавермасди.Шу боис энди унга билдирмай ўзим жўната бошладим.Яна ёзганларим газета саҳифаларида кўпайди.

 

Мактаб директори:"нега ёзганларингни менга кўрсатмай жўнатяпсан", дея сўроқ қилиб қолди.Мен эса:"сизга кўрсатсам кўпчилиги чиқмай қоляпти, шунинг учун", дея жавоб бердим.Директор нима, дейишни билмай қолди.Мен газетага:" мактаб директори хабарларимни кўриб, кейин жўнатиши тўғрими", деган савол билан хат йўлладим.Таҳририятдан:"йўқ,бундай қилиш мумкин эмас, директорга кўрсатмай ёзаверинг,агар иложи бўлса таҳририятга келсангиз",деган мазмунда хат олдим.Хатнинг остида "қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Собир Турғунов", деган имзо бор эди.Кейинчалик билдимки , раҳматли Собир Турғунов ҳозирда Би-Би-Си радиоси ходими Паҳлавон Турғуновнинг амакиси экан.

 

Хуллас биринчи бор редакцияга ташриф буюрдим.Собир Турғунов хонаси эшигини аста тиққиллатиб, худди мактабдаги каби бош кийимимни ечиб кириб бордим.Собиржон ака ўша пайт нимадир ёзиб ўтирган эканлар, бироз туриб қолдим.Сал фурсат ўтиб, бошларини кўтардиларда:"ҳа, болакай сенга нима керак", дедилар.Мен чўнтагимдан у киши ёзиб жўнатган хатни чиқариб узатдим.Хатга шундоқ кўз ташладилару, ўринларидан туриб,ҳайрат билан:"эй,бизнинг мухбир Р.Обидов сизмисиз", дея қўл бериб сўрашиб, бир зумда бошқа хонадаги ходимларни чақирдилар:"ҳов, бу ёққа қаранглар Р.Обидов келди".Ходимлар тезда Собиржон аканинг хонасида жам бўлишди.Бирлари қўйиб бошқалари саволга тутишарди."Бирор киши ёрдам берадими ё ҳаммасини ўзинг ёзасанми" ва ҳакозо жавобларга терга ботиб "ўзим-ўзим", дея жавоб беришдан нарига ўтолмасдим.

 

Собиржон ака ходимларга :"қаранглар, мактаб директори ёзганларингни менга кўрсат, деб боланинг шаштини қайтарар экан", дедилар.Ҳамма ходимлар бир овоздан "вой ярамас-ей", дейишди.

 

Шундан сўнг ўша пайтда ёшгина, ҳозирда раҳматли газета масъул котиби Муҳаммаджон Тожиддинов қизил муқовали бир гувоҳномани темир сандиғидан олиб менга штатсиз мухбир гувоҳномаси ёзди, газета фотомухбири Абдулла ака Аҳмедов тез фурсатда суратимни тайёрлаб берди ва гувоҳномага ёпиштиришди.Муҳр босилди.Муҳаррир имзо чекиши керак экан,Муҳаммаджон ака муҳаррир хонасига кириб кетди, бироз ўтмай бўшашиб чиқди.Ҳамма ходимлар "ҳа, нима бўлди", дея уни қуршаб олишди.

 

Бош муҳаррир Нарзулла  Йўлдошев:"газета ўйинчоқ эмас, бу район партия комитетининг органи, ёш болаларни штатсиз мухбир қилинмайди", дея кўнмабди.Шунда Собиржон ака:"ҳа, бекорларни айтибди у, бу ёш бола тўртта катта одам қилмайдиган ишнинг уддасидан чиқяпти, беринг бу ёққа гувоҳномани ўзим имзо чекиб бераман, ғит-пит деса ўзим жавоб бераман ўша райкомига", дея шартта имзо чекиб, гувоҳномани қўлимга тутқаздилар.Ҳамма тундлашган ходимлар Собир аканинг топқирлигидан хурсанд бўлиб, табассумла жилмайишиб,"табриклаймиз", дея қўлимни сиқиб тарқалишди.

 

Шу куни редакция УАЗ хизмат машинасини ходимлар муҳаррирдан мен яшайдиган қишлоққа чиқиб келиш зарурлиги,чунки мактаб директори ёзганларимга тўсқинлик қилаётганини тушунтириб ўз ихтиёрларига олишди.

 

Мен ва яна газетанинг олтовлон ходими УАЗда тўппа-тўғри қишлоққа келдик.Улар мени ташқарида қолдириб, мактаб директори хонасига кириб кетишди.Ярим соатчадан сўнг директор қизарган-бўзарган бир алпозда улар билан қайтиб чиқди.Собиржон ака директорнинг олдида :"бизнинг штатсиз мухбиримизга ёрдам бериб, ижод қилишига яхши шароит яратиб беринг", дедилар.

Ичкарида нима суҳбат бўлган билмадиму аммо директор энди менга ялтоқланиб юрадиган бўлди.Мен бунинг сабабини кейин билдим.

Нима бўлганда ҳам цензура бартараф этилганди ўшанда.

 

6.Собиржон Турғунов

 

Қаламкашликда илк устозлардан энг яқини ва қадрдони Собиржон ака Турғунов бўлиб қолдилар.У кишидан кўп нарсани ўргандим.Оллоҳ у кишидан рози бўлсин.

 

Кўзларини ўзига яраша чиройли пирпиратиб суҳбатдошини диққат билан тинглайдиган Собиржон ака журналистикада ўша 70 йиллар ва ундан кейин ҳам забардастларидан бири бўлиб қолдилар.

 

У кишидаги жасорат, тўғрисўзлик, чўрткесарлик ва айни пайтда меҳрибон ҳамда дилкашлик , умуман бу серқирра инсондаги кўп жиҳатлар ўрнак олса арзигулик эди.

 

Менинг "Меҳнат байроғи" газетаси билан борди-келди, ижодий ҳамкорлигим у киши билан ака-укалардай қадрдонларга айлантирди.Редакцияга ҳар гал келганимда талай хат-хабарлар билан кириб борар эдим.Мени узоқдан кўриб қолган ходим Собиржон акага "укангиз келяпти", деган сўзни кўп эшитган эдим.У киши эса ҳар гал қучоқ очиб кутиб олар.Чой дамлаб пиёлада ўзлари қуйиб узатиб ўтирар эканлар , келгусида қайси мавзуларда ёзиш кераклиги хусусида топшириқлар ва йўл-йўриқлар кўрсатар эдилар.

 

Анча-мунча ўрганиш жиддий бўлган шикоят хатларини ҳам ёш бола, демай менга ишониб топширар эди у киши.

 

Илгари ҳар йили 5 май Мабуот куни байрами сифатида нишонланар ва бу байрамда албатта совға-саломлар ҳамда Фахрий ёрлиқлар билан тақдирлашар эди.

 

Бир галги шундай байрамларда Янгиқўрғон туманига янги район комсомол комитетининг котиби бўлган йигит, матбуот кунига бағишланган тантанали йиғилишида тақдирланганлар қаторида исми шарифимни ўқигач унинг қўлидан ёрлиқни олишга ўрнимдан туриб борсам: "бу ким бўлди ёш бола", деб атрофга аланглаб қолди.Шунда Собиржон ака:"Бу йигитча мухбирларнинг энг каттаси", деди.Котиб ёрлиқни беришга иккиланиброқ:"бу комсомолмаску", дея тўхталиб қолди.Собиржон ака икки хатлаб минбарга чиқиб бордида котибнинг қўлидан ёрлиқни олиб менга тутқаздилар.Ўшанда энди олтинчи синфда ўқиётгандим-да.

 

Кейинчалик Собиржон ака "Наманган Ҳақиқати" вилоят газетига ишга ўтиб кетдилар,бизнинг ижодий ҳамкорлигимиз у ёқда ҳам давом этди...

 

7."Селсоветнинг раиси"

 

Еттинчи синфда газетага хат-хабарлар ёзишга анча-мунча қўлим келиб қолган , танқидларим ҳам тузми-қалампир эди.

 

Иттифоқо "ижоднинг гуллаган" кезлари қишлоқ совети раиси(ҳозир қишлоқ фуқаролар йиғини, деб аталсада аслида совет давридаги ўша система сақланиб қолган-Р.О)аввал агроном бўлган Мамасоли Сиддиқов идорасига чақираётганини айтиб қолишди.

 

Кўринишидан беозор бу инсон ҳақиқатан ҳам беозор эди.У фақат юқоридаги раҳбарларнинг топшириғини бажарар эди холос.Унда ташаббускорлик ва ҳакозо интилувчанлик,янгиликни ҳис қилиш каби ҳислатлар, деймизми йўқ эди.

Зўрға нафас оладиган семиз бу киши маишатни яхши кўрар эди холос.

 

Идорасига кириб бордим.Столнинг устида жўжа кабобу ва ҳакозо маишатбоп нарсалар тўла эди.Ўзимча у киши меҳмон кутаётган бўлса керак, ё бирор тадбир бўлса керак , дея ўйлаб, ўнғайсизланиброқ турувдим Мамасоли ака:"эй келинг , келинг ўртоқ мухбир",дея ўзининг беўхшов, гавдасига ярашмаган чаққон ҳаракат билан ёнимга келиб қўл узатди,саломлашиб ўтиришга таклиф этди.

Олинг-олинг, дея уни-буни узата мулозамат бошлади.Мен ёш бола отам тенги одамнинг бу мулозаматидан ҳижолат тортардим , тезроқ муддаосини айтса-ю кетсам, деб тараддудланар эдим.

 

Менинг ўнғайсизланганимни кўрган раис мақсадни айтди:"битта мақолага қанча беради?" сўради у.Мен кичик хабар бўлса 44 тийин ва ҳакозо ҳар-хил то 3 сўмгача беришади,дедим.

 

Мамасоли ака:" Мен ҳар ойга 30 сўм бераман,шу мақолаларингни ёзмасанг",деб қолди.

 

Ёзмаслик мен учун ҳаётнинг охири эди.Шунақа хўрлигим келдики , асти қўяверасиз.У пайтдаги ҳолатимни чизиш мушкул.Ўрнимдан туриб очиқчасига индамасдан норозилигимни билдириб, хайр ҳам, демай раис хонасини тарк эта бошладим.

Битимга келиша олмагани раисни қўрқитиб юборган эди.

"Жон ука бу гапни ҳеч кимга айтманг,мен ҳазиллашдим",деди ялиниб.

 

Мен ҳеч кимга айтмадим , аммо Мамасоли ака раҳматли то умрининг охиригача мен билан юзма-юз келса терга ботиб ,ҳижолатомуз илжайиб юрди.

 

 

8.Янги газетанинг иси

 

Матбуот соҳасида ишлаганлар яхшироқ билишади янги чоп этилган газета ёҳуд журналнинг бўёқ билан қоғоз уйқашган ўзига хос бир иси бўлади.Энг муҳими эса ўша янги чоп этилган газет ё журналда ўзингизнинг ёзганингиз эълон қилинган бўлса бу ис,деймизми ё ифор маст қилади, десам муболаға бўлмас.

 

Ўқувчилар яхши матбуот нашрини қанчалик интизорлик билан кутишларини ўзимда ҳис қилганман.Айниқса матбуотчилар унинг босмадан чиқишини янги дунёга келадиган чақалоқ каби кутишади ва ҳали дастгоҳдан чиқиб сиёҳи қуримаган , бадиий ифодада "тандирдан янги узилган",тафти кетмаган" газетани ўқиш ҳузур бағишлайди.

 

Эҳтимол бошқаларда бу ҳол рўй бермас,менда шундай ҳолат бўлар эди.

 

Газетанинг янги сонининг ана шу ёқимли иси ва унда эълон қилиниши эҳтимол бўлган мақола ё шеър, қўйингчи қайси жанрда бўлмасин ёзганимни ҳар гал кўрганда кўпчилик ўқиб баҳраманд бўлишидан фахр ҳиссини туярдим.

 

Аммо мақтовларку ҳаммага ҳуш ёқардикуя, танқидий чиқишлар кўпчиликни ранжитар эди.Ҳеч ким хурсанд бўлмасди.Ўшанда шундай эди.Ҳозир ҳам.Лекин ҳар гал танқид қилган мавзу моҳияти ва унинг ортида инсон турганлиги ҳис этиб турилади.Лекин кўпчиликка , жамиятга тўғаноқ бўлувчи иллатларга ва бу иллатларни юзага келтиришга сабабчи бўлаётганларга айёвсиз бўлишга тўғри келади.Уларга бу ёқадими ё йўқми бу иккинчи даражали нарса, деган тушунча бор эди ва ҳозир ҳам бу ҳис бор менда.

 

Лекин танқидни онда-сонда бўлсада холис қабул қиладиганлар ҳам учраб қолар эди.Шундай кишиларга кейинчалик ҳурмат ортиб, унинг мардонавор, ўз камчилигини тан олган ҳамда уни тузатганлари учун бир умр гўё муаллифга яхшилик қилгандай миннатдорлик туйғуси уйғонар эди.Ўшандаги анъана: янги газета ўқишга иштиёқ ва танқидга холис ёндошадиганларга ҳурмат ҳисси ҳозиргача ҳам сақланиб қолган.

 

9.Эркиной холанинг эри

 

Мен туғилган Калишо қишлоғи ҳудуди унчалик катта бўлмаган ва аҳолиси ҳам ҳозир беш мингга яқин.

 

1975 йилларда қишлоқ мактабида 360 ўқувчи сабоқ оларди.Ҳозир ўқувчилар сони 1300 нафарга етган.Демак аҳоли сони ўсишини шу рақамдан билиб олиш қийин эмас.Лекин шу кунлардаги қишлоқдошларнинг Русия,Қозоғистонга иш қидириб кетганликлари боис қишлоқ анча ҳувиллаб қолган, дейишади.

 

Умуман олганда ушбу чизгиларимда ҳозирги эмас ўша 70 йиллар атрофидаги воқеалар хусусида ҳикоя қилмоқчиман.Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам қишлоқ кичкина бўлгани учунми ҳамма бир-бировини танир,яхшилаб суриштирилса ҳамма бир-бирига бир учи қариндош-уруғ бўлиб чиқар эди.Шу боисми ҳар бир кишининг болалигидан то улғайгунча босиб ўтган ҳаёт йўли барчага аён эди.

 

Калишода Эркиной, деса ҳамма танийдиган кўҳликкина жувон бўларди.Негадир у "ман" деган йигитларни доғда қолдириб, Садриддин, деган кўримсиз йигитга турмушга чиққан эди.

Садриддин ака , деса кўпчилик танимасди , агар Эркинойнинг эри Садриддин куюк, дейилса дарров танишар эди.Эркиной хола исми ўзига мос эркин, қувноқ, чиройли, шаддод, дала ишларида пешқадам , ҳатто райком , обкомбуваларнинг назарига тушган эди.Ялла айтса ҳамма унга маҳлиё бўлар,овози жуда ширали эди.Менга ҳам ёқар эди.Тўйлар Эркин холасиз ўтмас эди.Чунки унинг ёр-ёрисиз ҳеч бир келинчак гўё куёвга чиққанидан кўнгли тўлмас эди.

 

Садриддин ака эса Эркин холанинг аксича эди.У колхозда тракторчи эди.Ғўза қатор ораларига ишлов бериб , тракторининг тар-таридан бошқа унинг ўзидан ҳеч бир нарса эшитмасдингиз.Нега унинг исми ёнига "куюк" лақабини қўшиб айтишларининг сабабини кейинчалик билдим.

 

Маълум бўлишича болалигида эмгаклаб бориб ўчоқда қолган чўққа пешонасини босиб олган экан.Пешонасида куйгандан асорати қолган.У бўйга етган йигит бўлгач қишлоқнинг ҳеч бир қизи нуқсони борга тегмайман, деб анча вақт ўйлана олмай юрган.

 

Буни қарангки қишлоқнинг энг сулув қизларидан олди Садриддин акани танлаган.Узун-қулоқ гаплардан эшитишимча одамлар :"Садриддин бечора болалигида куйгани етмагандай , бир умр куйиб қолди", дейишар эди.Менимча Эркиной холанинг шўхликлари боис шундай , дейишарди.Яна билмадим.

 

Хуллас Садриддин ака Эркиной опага уйлангач ишлари "юришиб" кетди.Уни катта парранда фермасига мудир қилиб қўйишди.Бироқ кўп ўтмай товуқлардан ҳам , улардан тухум олиш ҳам фойда ўрнига зиён келтира бошлабди.

 

Халқ назорати қўмитасидан келган тафтишчилар анча-мунча камомад аниқлашибди.Мен бу ҳақда газетага мақола ёзмоқчи бўлдим.Лекин қўлимда далиллар бўлмагач тўхталиб қолган эдим.Ўша кунларда кўчада узоқдан Садриддин акани кўриб қолдим.Бир суҳбатлашгим бор эди.Хайрият ўзи мен томонга қараб юриб кела бошлади.Яқинлашиб сўрашгач: "сен билан маслаҳатли гап бор", деб қолди.Айтинг,дедим.У эса:"йўқ ҳозир район марказига шошиб турибман, қайтгач ёнингга ўзим ўтаман, деди".Учрашишга келишиб хайрлашдик.

 

Кечки пайт Садриддин ака оғзи сомон билан ёпилган пақир-челак тўла тухум кўтариб келди.Мендан "акам уйдамаслар-а", дея сўради.Акам, деб ҳамма қишлоқдаги ёшлар қатори менинг дадамни айтган эди.Дадам эрта тонгда далага кетиб билмадим қай маҳал қайтар эдилар.Мен ҳадеганда Садриддин аканинг нимадандир истиҳола қилиб гапира олмаётганини сезиб турсамда,"нима гапингиз бор", деб қисталанг қилмадим.

Унинг ўзи гап бошлади:"мени газетага мақтаб ёзсанг, шунга мана бир челак тухум олиб келувдим", деди.

 

Мен Садриддин акага жуда ачиниб кетдим.Одамларнинг: "Садриддин ҳаётда ҳам куйиб қолди", деган гапларининг мағзини чаққандай бўлдим.Эркиной хола Садриддин акани ҳар томонлама куйдирган экан.

 

Челакдаги тухум озгина эмас эди.Демак менга бир челак , унга бир челак қилиб тортиқ қилаверса янаям колхозда товуқлар қолибди-да, дея хаёлимдан ўтказдимда Садриддин акага :"тухум керак эмас , лекин майли сиз ҳақингизда мақтаб ҳам, танқид қилиб ҳам ҳеч нарса ёзмайман", дедим.

Шундан сўнг Садриддин ака ичидаги бор дардларини тўкиб солди.Унинг ўшандаги армон ва ўкинчлар тўла мунгли ҳикояси ,мунғайган нигоҳи ҳануз ёдимдан чиқмайди.Унинг бу ҳикояси иккаламиз ўртамизда сир бўлиб қолишига келишганимиз боис ҳозир ҳам у ҳақда ёзмоқчи эмасман.

 

Лекин,Садриддин ака паррандачилик фермасида бир неча йил ишлади.Бироқ қандайдир касаликка чалиниб кўп ўтмай оламдан ўтди.Эркиной хола ҳам кўп умр кўрмади.

 

Мен эса Эркиной холанинг эри "Садриддин куюк" ҳақида орадан шунча йил ўтиб энди ёзяпман.Ҳар иккалаларини ҳам Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!

 

 

10.Нўъмон -"мўйлов"

 

Калишо қишлоғи кичкина бўлган билан бу гўшада яшайдиган ҳар бир инсон ўзига хос бир дунё.Аслидаку ҳар бир инсон ўзига хос дунёку-я, лекин қишлоғимиз кишилари ҳақида ўйласам уларнинг ҳар бири ҳақида бир китоб ёзса бўларкан , деб қўяман.

 

Шундай бир дунё ҳамқишлоқлардан бири Нўъмон ака.

 

Эсимни танимабманки Нўъмон ака бир хилда.Уни қишлоқ гузарининг гоҳ у , гоҳ бу бурчида боши ўз-ўзидан сарак-сарак этиб, сал чайқалиб турганини кўрганман.

 

Ҳозир ҳам саксон беш ёшларга бориб қолган Нўъмон акани сал чайқалиб турганини кўриш мумкин.

 

Нўъмон акалардан қишлоқда эҳтимол беш ё ўнта бўлса керак.Қайси Нўъмон ака, дейилган саволга ўрин қолдирмаслик учун "Нўъмон мўйлов", деб қўйишади.

Лекин ҳақиқатан ҳам Нўъмон аканинг қулоғигача етиб ортадиган узун мўйлови бор.Айтишларича у мўйловини жуда парваришлаб,ҳатто чўнтагида уни мойлаш учун идишчада қўй ёғи олиб юради , деб ҳам қўйишади.

Совет даврида у колхозда пиллачилик бўйича бригадир бўлган.

Доимо олифта кийиниб юрадиган бу киши кийинишдаги ўз анъанасини ўша ёшлигида қандоқ бўлса шундайлигича сақлаб қолган.

 

Гап-сўзларга қараганда 1960 йилларда Янгиқўрғонда райком котиби бўлган Доли Сатторов , деган киши пиллачилик билан боғлиқ қандайдир йиғилишда Нўъмон аканинг мўйловига кўзи тушиб қолиб , ёнига чақирган:"колхоз активи , деган пўстак тишлаган итдай бунақанги мўйлов қўйиб юриши тўғри келмайди , олдириб ташла", деган экан.

Нўъмон ака эса:"мўйловсиз актив бўладиган эсам керакмас", дебдида пилла бригадирликдан воз кечиб, қишлоқда ўзлаштирилмай ётган адирликка чиқиб кетиб, боғ-роғ қилган.Ҳозир ҳам шу боғ бор.

 

Лекин Нўъмон ака ўша айтганимдай ўзига хос мўйлов ва галифе шим , ҳарбийча кителда юради.Бошида доимо энг яхши Чуст дўпписи.

Қишлоқда йиллар силсиласида сиёсат туфайли кўп нарсалар ўзгарди.Одамлар ҳам.Аммо Нўъмон ака ўзгармади.У қанақа замон бўлмасин бир хилда.

 

Мустақиллик йиллари масжидлар қайта тикланиб , авваллари ўғри , муттаҳам номини олган айримлар мулла , тақводорларга айланди.Лекин Нўъмон мўйлов бирор марта масжидга бормади.Аввал қандай бўлса шундай юзта-юзта қилиб олиб ,сархушроқ ҳолда чайқалиб юради.

 

У билан гоҳо кўришиб қолсак ундан-бундан суҳбатлашардик.Шу каби кўришишлардан бирида сўрадим:

 

-Нўъмон амаки , сиз ҳам мана тўқсонга қараб кетяпсиз , нега бошқаларга ўхшаб масжидга қатнамайсиз?

 

-Ука - деди у- кел менинг тилимни қичитма , бу масжидга қатнаётганларнинг жуда кўпчилиги кўп гуноҳлар қилган одамлар ,ишонмасанг мана ҳозир пешин намозидан қайтишаётганда "любой"ини кўрсатиб сўрагин мен ёнимга чақириб нима қинғир ишлар қилган бўйнига қўйиб қўяман.

 

Мен унга бунинг кераги йўқлигини айтдим , лекин кейинчалик эътибор бердим.Бошига салла ўраган айрим тақводорни ёнига чақириб олиб унга ваъз айтаётган Нўъмон мўйлов олдида мушукдай турганини.Масжиддан қайтаётганлар шу йўл ёқасида курси қўйиб ўтирган Нўъмон мўйловга тавозе билан салом бериб ўтишганини кўп кўрдим.

 

Баъзан кайфи ошиб қолган Нўъмон мўйлов:"Ҳабини ( унинг марҳума хотини Ҳабибахон ая жуда чиройли аёл эдилар раҳматлик.Айтишларича Нўъмон мўйлов ёшлигида жўраси билан қўл ташлашиб, ўзининг Санобархон исмли хотинини жўрасига тортиқ этиб, жўрасининг хотини бўлган Ҳабибахон аяни ўзи олган экан.Хотини вафотидан сўнг Нўмон мўйлов бошқа аёлга ўйланиб тўққиз фарзанддан кейин яна беш фарзанд кўрди ) фалончининг хотини бўлган билан мен ҳам унга ўзим яхши кўрган қизни бериб "честний" алмаштириб олганман.Локин ( у лекин сўзини шундай талаффуз қилади ) менинг ҳам гуноҳларим бор", деганини ҳам ўз қулоғим билан эшитганман.

 

* * *

11.Исмон "полтора"

 

Полтора - ўрисча сўз бўлиб ўзбек тилига таржимаси биряримта , дегани.

Калишоликлар Исмон аканинг исми ёнига полтора сўзини бежиз қўшиб айтишмасди.Чунки ўртача одамнинг вазни 70 кило тош босса Исмон аканинг вазни тахминан 140-150 кило атрофида эди.

Бу бесўнақай одамнинг гавдасига тўғри келадиган ўлчамда дўконларда кийим йўқлигидан доимо буюртма қилинган кийимбош киярди.

 

Қишлоқдаги тўйларда ҳамма жуфт бўлиб битта товоқда ош еса Исмон ака бир ўзи икки киши ейдиган ошнинг устига "ёғли жойидан солинг", дея ошпазга икки ҳисса ош солдирар ва икки ҳисса гўшт ҳам қўйдириб бир ўзи ер эди.У қўл-оёқлари катта , қулоқ-бурни ҳам бошқаларникидан икки ҳисса катта, бақувват одам эди.Лекин ҳаракатлари унчалик чаққонмаслиги учун анча-мунча эпчил йигитлар билан ади-бади айтишиб қолса калтак ер эди.Лекин қўлига ушлаб қолса бир мушт урарди-ю,бирор нарса қилиб қўйишдан чўчирмиди бошқа урмасди.

 

У армиядан қайтгач автоҳайдовчилик курсида ўқиди.Лекин нимагадир Ўзбекистонда эмас қўшни Қирғизистоннинг Тошкўмир шаҳридаги бозорлардан бирида шоферлик қилиб юрди.У қишлоқда аҳёнда бир кўринадиган бўлиб қолган эсада кўпчиликка ёрдами тегарди.Масалан қишлоқда табиий газ йўқлиги боис ( ҳозир ҳам йўқ ) Тошкўмирдан кўмир олиб келиб арзонроқ нархда сотар эди.

 

Шундоқ улкан одам мен билан қандайдир ҳазилкаш эди.У мени кўрганда ихчамлигимга ҳавас қилибми ё бошқами билмадим:"сенга қачон эт битади , овқат-повқат ейсанми ўзи" каби гап ташлар эди.

 

Исмон аканинг бу гапларини ёшини ҳурмат қилиб кўпда ҳазилга олиб кетар эдимку , лекин бир гал қишлоқдаги акамнинг дўкони олдида бир неча киши турган эдик , Исмон аканинг одатдаги гаплари нафсониятимга тегиб кетди ва унга:сиз овқат еб семирганмисиз , дедим.У:"ҳада", дея жавоб берди.

 

Шу пайт дўконга янги тухум олиб келиб туширишаётган эди.Мен унга ким кўп тухум ютишдан гаров боғлашайлик , ким кўп ютса тухумниинг пулини ва яна уч юз сўм бериши шартини айтдим.

 

Исмон ака анчайин кўмир сотиб пулдор эди-ю , аммо пул деса ўзини осмондан ташлайдиганлар тоифасидан бўлгани учун ва гавдасига ишондими ҳарқалай шартга дарров кўна қолди.Яна икки-уч ишқибоз ҳам бу "мусобақага" қўшилишди.

 

Менинг ишонч билан бундай шарт қўйишим боиси ўша пайтларда спорт билан шуғулланар ва кунига уч-тўрт дона хом тухумни эрталабдан ютар эдим.Уни ютганда кўнгил айнимаслик учун тухумнинг икки бошидан игна билан тешиб сўрилса томоғингиздан худди ип ўтгандай осон ютилади.Бу менинг тажрибамда бор эди.

 

-Бошланг - дедим унга.

У эса: "тенг бошлаймиз", деди.Ва келишдик , пештахта устига ҳар биримизнинг олдимизга бир қутидан ҳар бирида ўттизтадан тухумни қўйишди.Кейин қўшилганлар ҳам бир қутидан тухум олиб юта бошлашди.Исмон ака тухумни олиб шартта иккига ажратиб томоғи тўрига ташларди.Мен эса одатим бўйича игна билан икки томони тешилган тухумни ип каби сўриб юта бошладим.

Шериклардан бири 16 дона , яна бири 22 дона ютдида кўнгли беҳузур бўлиб кетиб юборишди.Исмон ака эса 18 та тухум ютолди холос.Мен 26 тухумни ютганимда Исмон ака:"бўлди-е , сенинг тухум ютаётганингни кўриб менинг кўнглим беҳузур бўляпти", деди.Мен бир қутидаги 30 тухумни тугатиб , унинг қутисидагидан яна олти донани ютиб қўйдим.

 

Эҳтимол бу ёзаётганим кимларгадир лоф туюлар , лекин полвонни шу йўл билан оғзини юмиб , ҳар кўрганда: "ҳа , полвон тухум ютамизми", десам бас қочадиган қилганман.

 

Исмон ака нафақага чиқди-ю, оламдан ўтди.

 

Қишлоғимизда ана шунақа ажабтовур одамлар яшайди.

 

12.Комсомолга кирмадим

 

Мактабимизга район комсомол комитетининг кўчма бюроси йиғилиш ўтказгани ўз аъзолари билан келди.

 

Совет даври шунақа эди.Еттинчи синфда ўқиётганларни ленинчи пионерлардан комсомоллар сафига қабул қилишар эди.

 

Мен жойларда бўлиб , комсомол ташкилотлари фаолияти ва уларнинг қилаётган ишларидан хабардор эдим.Уларнинг кўпчилиги калондимоғ , гўёки тоғ қўлларида , ўзларини эса осмонда кўришар эди.Аслида компартиянинг қўғирчоқлари эдилар.Улар менинг назаримда жамиятга кўпроқ манфаат етказишни эмас, балки комсомолдан компартия сафларига ўтиб ,бирор бир амалга миниш учун трамплин сифатида фойдалинишарди.

 

Хуллас комсомоллар етакчилари янги улғаяётган амалпарастлар , деган тўхтамга келган эдим.

 

Синфдошларим бирин-кетин бюро аъзолари қабулига кириб кетиб икки-уч минут ичида комсомол бўлиб чиқа бошлашди.

 

Мен китоб-дафтарларимни йиғиштирдимда уйга жўнадим.Чунки комсомолга аъзо бўлгим йўқ эди.

 

Орадан бирмунча вақт ўтиб,синф раҳбаримиз ҳаллослаб келиб қолди.

 

-Ҳой , бу нима қилганинг, у ёқда сени район комсомол комитетининг биринчи котиби Малика Жўрабоева шахсан сўраяпти."Қани Обидов, кирмайдими, бир ўзи қолди, билишимча у район газетаси жамоатчи мухбири, у албатта бизнинг сафларимизда бўлиши керак, деяпти"-деди домла.

 

-Мен комсомолга кирмайман.

 

-Нега - сўради домла.

 

-Ҳоҳламайман, бориб айтинг ўша Жўрабоевага.

 

-Э, йўқ - деди домла - бу гапни мен унга айтолмайман.Мени балога қўйма бола , ўзинг бориб айт унга бу гапингни.

 

-Яхши - дедим мен - сиз бу гапни айтишдан қўрқсангиз ҳозир ўзим бориб айтаман - дея домла билан мактабга бирга-бирга қайтиб бордик.

 

Малика Жўрабоева ўтирган хонага кириб боришим билан у ўдағайлай кетди:

-Бу нима , сиз комсомол комитети бюросига беписандлик қилиб қаерларда юрибсиз - деди.

 

Мен у гапини тугатгунча жим туриб эшитдим.У жим турганимни ўзини айбдор ҳис қиляпти , деб ўйлади чамаси ,"мана бу ерга имзо чекинг", дея қалин картон қоғозни стол устига қўйди.Мен эса:"йўқ , қўл қўймайман,чунки комсомолга киргим йўқ", дедим.

 

Жўрабоева менинг бу сўзларимни эшитиб ҳайратдан қотиб қолди.Бироз ўтиб:"униб-ўсишингизни ўйланг, ахир районимиздаги энг обрўли одамнинг фарзандисиз" ва яна ҳакозо анча насиҳатомуз, айни чоғда дағдаға аралаш сўзлар айтди.Лекин мен комсомолга кирмасликка қатъий қарор қилганим боис бу қароримни ўзгартиримаслигимни айтдим.

 

Мен учун комсомоллар ташкилоти ёт эди ва шу боис уларнинг сафига кирмадим.

 

13.Мактабдан зерикдим

 

Саккизинчи синфни битираётганимизда мактабдаги дарслар мени анча зериктирган эди.Сабаби тайёр китобдаги мавзуларни аллақачон юқори синфдаги опамнинг дарсликларидан ўқиб ўрганганман.Лекин мактабда қадрдон бўлиб қолган синфдошларимдан ажралиб қолишни ҳам истамас эдим.Шу боис ҳам мактабдаги ўқишимни давом эттиравердим.

 

Шуни айтиш керакки ёз ойларидаги таътиллар мен учун ғоят мароқли ва турли саргузаштларга бой бўлар эди.

 

Кўпчилик ўқувчилар бу даврни пионерлар лагерида дам олиш билан ўтказишар эди.Мен ҳам бир гал тенгқурларим билан шундай дам олиш масканига бордим , лекин уч кунда зерикдим.Уйга қайтиб келиб юбордим.

 

Ҳовлимиз катта.Унинг боғида мевали дарахтларнинг ҳамма туридан бор эди.Айниқса бобом эккан олмурут жуда серҳосил бўлиб ёз ойлари меваси кўплигидан остига тўкилиб ётарди.Маҳалламиздагина эмас қишлоғимиздаги кўпчилик бу ноксимон олмурутни хуш кўришганидан танаввулга бизникига келишар эди.

 

Мен эса ҳафтада бир увол бўлиб ётган олмурутдан қоғоз қопга энг сараларини жойлаб Наманган бозорига олиб борардим.

 

Дастлаб бозорга бориб , пештахтага қўйиб савдога киришган пайтда ўша бозорда ишловчи паттачи амаки келдида ,олмурутнинг шамоллаш ва ҳакозо дардларга шифо эканлиги хусусида сўзлар экан беш-олти донасини мазза қилиб еди-да сўнгра:"килоси неча пулдан", деб сўради.Менинг оғзимга келган нарх негадир эллик тийин бўлди.Паттачи инсофли одам экан:"еганимга рози бўласан , ҳўп десанг килосига 40 тийиндан кўтарасига оламан", деди.

Мен дарров рози бўлдим , чунки ҳовлимизда олмурут шундоқ ҳам тагига тўкилиб беҳуда чириб кетаётгандида.

 

Паттачи амаки:"яна олиб келсанг мен 40 тийиндан олавераман бозорда бекорга вақтинг кетмайди , Абдуллохон паттачи , десанг мени топиб беришади бу ердагилар", деди.

 

Бундан жуда хурсанд бўлдим.Ҳар ҳафта икки мартадан олмурутни олиб Абдуллохон паттачига ўтказиб юрдим.Абдуллохон паттачини  бозорга неча марта келган бўлсам бирор марта бировдан сўраб қидириб қолмадим.Чунки у мен бозорга келадиган кунларни билар ва ўзи кутиб оларди.

 

Чўнтагимда газетадан оладиган қаламҳақларим билан анча-мунча пул жамғарилиб қолди.Шаҳарда катта китоб магазини бўларди.Қалам ҳақимнинг ҳаммасига китоб сотиб ола бошладим.Олмурутнинг пулини эса жамғариб қўявердим.Уйдагилар менинг бу ҳаракатларимдан қувонишар эди.Ёш бола ўзини ўзи мустақил бошқарса нимаси ёмон , сирасини айтганда тагига тўкилиб ётган олмурутни увол бўлишидан кўра бошқалар баҳраманд бўлгани яхшику.

 

Шундай қилиб , ҳафтада тўрт кун қишлоқма-қишлоқ , колхозма-колхоз дала-боғларни пиёда кезиб газетага хабарлар ёзаман , икки кунида эса шаҳарга- бозорга қатнайман.

 

Гоҳо совға-саломлар олиб онажонимнинг шаҳарга кўчиб кетишган сингиллари Сорахон холаникига бориб хабар ҳам оламан.

Онажонимни мен келтирадиган Сорахон холам ҳақидаги хабарлар қувонтирар эди.

Сорахон холамнинг Носир исмли мендан уч-тўрт ёш кичик ўғли бўлиб у билан ака-укадаек эди.У мен келадиган куннни билар ва ҳар гал борганимда дарвозалари олдида кутиб ўтирган бўлар эди.

 

Узоқдан кўриши билан мен билан сўрашиб- кўришишдан аввал уйларига қараб югурарди:"Ризо акам келдилар", деб онасига етказгач, дарвозага етиб борганимда яна ортига қайтиб чиқишга улгурар эди.

 

Ҳозир айтаётганларим эҳтимол кимларгадир арзимагандай туюлар , лекин бу борди-келди ва ўзаро қариндош-уруғчиликдаги самимий муносабатлар бугунга келиб Ўзбекистонда анчайин совиган.Чунки тирикчилик ташвиши бу каби муносабатларга ғоят кам эътибор берилишига табиий тарзда ўз таъсирини кўрсатмоқда.

 

Ҳа, дарвоқе мактабдан анчайин кўнглим қолди.Тўққизинчи синфни бошлаганимизда тарих фанидан Тошкентдаги Низомий номли педагогика институтига сиртдан ўқишга эндигина кирган Абдурасул Аббосов, деган киши ўқитувчи бўлиб келди.

 

Умуман мактабимизда бошқа ҳамма фанлардан ҳам ўқитувчилар етишмаслигидан у ё бу томонлардан муаллимлар келиб, бир нари борса икки йил ишлаб кетиб қолишар эди.Аббосов эса мактабимиз директори бошлаб кириб таништирганда айтгандай "ўзимизнинг маҳаллий кадр" эди.

Аммо озгина вақтдаёқ "маҳаллий кадр"нинг билими ўта саёзлиги билиниб қолди.Чунки доскага ўтган дарс мавзусини қийшайтириб ёзишидан ташқари тўртта сўзда камида тўрт хато бўлар эди.

 

Дарс мавзусини аранг ҳикоя қилаётганда аввалдан мавзу таниш бўлгани учун эътибор қилсам , масалан: "фалон урушдаги фалон тўқнашувда минг аскар ҳалок бўлди", деб айтганда рақамларни қиёсласам тафовут катта чиқарди.Аввалига индамадим , лекин бир куни:"домла айтаётганингиз китобдагига тўғри келмайдику", дедим.

 

Муаллим бироз каловланиб турдида кейин:"тўғрисини сен айтиб бер бўлмаса", деди.Мен дарров "ҳўп", дедимда доска ёнига чиқиб мавзуни ҳикоя қила бошладим.Синфдошларим мароқ билан эшитишди.

 

Шундан сўнг тарих фани дарси сабоқлари бошланиши билан ўқитувчи янги мавзу номини айтар экан синфдошларим: "Ризо айтиб берсин", дея бир овоздан сўрашарди.Кейинчалик эса бу одат тусига кириб, муаллим ўқувчилардан ўтган мавзу юзасидан сўраб баҳолагач, менинг галим келар эди ва янги дарсни ўтадиган бўлдим.

 

Географиядан ҳам шундай бўлди.

 

Ҳарқалай мактабдан зерикишимнинг ўрни қопланди.Энди мен ҳар гал янги дарсларга алоҳида масъулият билан тайёргарлик кўрар эдим.Чунки мен норасмий муаллимга айланган эдим.

 

14.Синфдош қизлар

 

Биринчи синфга борганимизда 48 ўқувчи эдик.Турли сабаблар билан тўққизинчи синфга борганимизда ўн тўрт ўғил бола, ўн тўртта қиз бола қолди.

 

Ўрта мактабни ўқиганларнинг ҳаммаси билади.Кўп йил бир синфда ўқиб синфдошлар бир-бирларига ғоят яқин бўлиб кетишади.Уларнинг бир-биридан деярли яширадиган сири ҳам қолмайди.Лекин шундай бўлсада улар орасида 15-16 ёшдан бошлаб айрим синфдошларда илк муҳаббат атоқли "сирли давр" ҳам бошланади.

 

Менинг назаримда қизлар аълочи болаларни кўпроқ ёқтиришади.Болаликдан балоғат ёшига ўтиш давридагиларни "романтик" бўлишади, деб ҳам қўйишади.Яъни кўрган тушларидан ҳам ғоят таъсирланадиган , эрта-индин мустақил ҳаётга қадам қўйсалар кимни ҳамроҳ қилишлари ҳақида кўпроқ ўйлай бошлашади.

 

Лекин нимагадир менда бундай ўй йўқ эди.Чунки мақсадим олийгоҳлардан бирига кириб ўқишни давом эттиришим шарт, деб ўйлар эдим.Аслида олийгоҳда ўқимасдан ҳам бинойидай бир чиройли касбни танланса ҳам яхшилигини ҳеч хаёлимга келтирмас эдим.

 

Ҳалиги айтганимдай балоғат ёшига ўтаётган синфдошлар орасида муҳаббат ғунча ёза бошлаши менга сал эриш , ғалати туюларди.Бундан ташқари улар ёнма-ён партада ўтиришади-ю кўнгилдаги гапларини хат ёзиб баён этишади.Бу юзма-юз туриб айтишдан истиҳола , ибо-ҳаё белгисимидийкан, дейман.

 

Мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган синглим менга бир куни мана буни сизга Мунаввар опа бериб юбордилар, дея қўлимга бир қоғозни берди.Қайси, дея сўрагунимча бўлмай , пилдираб югуриб кетди.

 

Хатни очиб ҳуснихатдан билдимки синфдошим Мунавварнинг хати.Ўқий бошладим.Хуллас ишқ-муҳаббатга тўла шеърлар ва суратлар билан битилган тўрт бетли мактуб.

 

Мунаввар синфимиздаги энг чиройли ва аълочи қизлардан эди.Лекин унинг менга ёқмаган бир томони бор эди.Кўз-қош , соч ва ҳакозо ҳаммаси гўзал эди-ю, лекин яқиндан бир неча бор қараганимда бурнининг учида доимо тер тепчиб турганига кўзим тушганди.Шу бурнининг учи терлаши ёқмас эди.

 

Хатни Мунавварнинг ўзига қайтариб бердим.У:" қара ҳамма қизлар-болалар бир-бирлари билан оқшомлари учрашишар экан ҳар куни мақтанишиб айтиб беришади , кел биз ҳам учрашиб турамиз ва мақтаниб юрамиз", деди.Мен эса:"бунинг нима кераги бор.Эртадан кечгача мактабда биргамиз.Нима гап бўлса шу ерда ҳам гаплашаверамиз", дея унинг таклифини рад этдим.

 

Лекин мактабни битиргунча бундай хатлардан бир нечта олдим.Ўқиб кўриб эгаларига қайтариб бердим.Улар мени тўғри тушунишди.

 

Аммо Мунавварнинг кўнгли бор экан чамаси мактабни тамомлаб институтга ўқишга кирганимдан сўнг онажоним:"синфдошинг Мунавварнинг момоси қуда бўлайлик, дегандай бўлдилар, нима,дейсан", дея сўраб қолдилар.Мен онажонимга ҳали-вери ўйланиш ниятим йўқлигини ётиғи билан тушунтирдим.

 

Онажоним билан шу суҳбатдан сўнг кўп ўтмай Мунавварнинг тўйи бўлиб турмушга чиққанини эшитиб ,чин кўнгилдан хурсанд бўлдим.

 

* * *

15.Хайрлашув

 

Ўнинчи синфга ўтгач навбати билан синфдошларнинг гоҳ унисникида , гоҳ бунисиникида хайрлашув кечалари ўтказа бошладик.

 

Эрта-индин кимдир қаёққадир кетиши ва кимлардир бу ҳаётнинг тақдир сўқмоқларида бир умр ҳамроҳ бўлиб қолиши, кимларнингдир умр сўқмоқлари мутлақо туташмаслиги хаёлимиз кўчасига ҳам кирмас эди.

Ўн йил ўқидик.Мактабни якунлаётганимиздан ҳаммамиз хурсанд эдик.

Ҳар биримиз орзулар кемасида сузардик.Кимдир ўзини космонавт ҳис қилса, кимдир, қонуннинг эгаси, шифокор, муаллим ва ҳакозо касбда кўрар эди.

Лекин ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз ҳар доим, ҳамма вақт ҳам орзулар ушалавермаслигини билмаган болалар эдик.Дунёни фақат яхши томонини кўрар эдик.Биз учун қабоҳат ёт эди.Ҳаммамиз учишга чоғланган том маънодаги қалдирғоч болалари эдик.

 

Аълочи битирувчига бериладиган олтин медал машмашаси ҳар доим ҳам ҳақиқат бўй кўрсатавермаслигидаги илк энг катта ноҳақлик бўлди.

 

Менинг ҳамма баҳоларим аъло бўлсада комсомолга кирмаганим боис бундай тақдирланишга муносиб эмас дейишди.Қиз болаларга эса сирасига ўқишга боришмайди, уларга медалнинг кераги йўқ дейишди.(Бизнинг қишлоқда 1976 йилгача ҳеч қайси бир қиз ўнинчи синфдан кейин ўқишни давом эттирмаган.Ҳазиллашиб уларни:"ҳаммаси қозон университетининг чўмич факултетига боришади, деб қўйишар эди).

 

Буни қарангки кўпчилик фанлардан аъло баҳога тортмайдиган мактабимиз директорининг ўғли Убайдулло олтин медалга муносиб, деб топилибди.Ахир унинг дадаси мактаб директори, демак ўғли шундай тақдирланишга муносиб, дея ҳеч ким бунга норозилик ҳам билдирмади.Майли у олақолсин, дейишди.

 

Убайдуллонинг орзуси Тошкент Давлат Университетининг юридик факултетига ўқишга кириш эди.

Мен ҳам университетнинг журналистика факултетига ҳужжат топширсаммикан, деган ўйим ҳам бор эди , лекин у соҳада ўқимасдан ҳам бу ишни уддаласа бўлади, деган фикрда эдим.Шундай ҳам бўлди.Бошқа соҳада олийгоҳни тамомлаб деярли фақат матбуот соҳасида ишладим.

 

Менинг асосий мақсадим болалигимдан рус тилини мукаммал ўрганиш эди.Бунинг сабаби , аниқ билмайман 3 ё 4 ёш эдим, шаҳардаги холамникига онажоним билан бир гал келганимизда шаҳар айлангани чиқдик.Марказга бориш учун шаҳар автобусига чиқиш керак эди.Автобусда маллагина қизалоқ мен тушунмаган тилда онасига мени кўрсатиб бир нималар,деб инжиқлик қиларди.Унинг онаси ҳам бир нималар, деб "тиш", деб қўярди.Холам боласи нимага инжиқлик қилаётганини автобусдан тушганимиздан сўнг тушунтирдилар.

Қизалоқ:"менга анови қора тирик ўйинчоқни сотиб олиб берасан", деб тихирлик қилаётган экан.Яъни мени тирик ўйинчоқ ҳисоблабди.Ўшанда онажоним ва холажоним кулишиб-кулишиб кетишди-ю, менинг эса хотирамда шу воқеа муҳрланиб қолди.

 

Нега у билган тилни мен билмайман?Шу савол ҳаловат бермасди.Унинг тилини ўрганишга аҳд эмас қасд қилиб қўйгандим.

 

16.Тошкент - қайдасан?

 

Қўлимга ўша ўн йил ўқиганда ҳаммага бериладиган ҳужжат теккач,менинг келгусида нима қилишим кераклиги хусусидаги мавзу оиламизда энг бош мавзу бўлиб қолди.

Уйдагилар бири у деди, бошқаси бу. Ахийри ҳамма бир жойга тўпландик. Дастурхон устида тамаддидан сўнг кечки пайт чой ичиб ўтириб гапни дадам бошладилар.

 

-Ҳар йили - дедилар дадам-колхозимизга пединститутдан ( Наманган Давлат педагогика институтини одамлар қисқа қилиб пединститут, дейишар эди ) талабаларни пахта йиғим-теримига олиб келадиган институт декани Эшондадаев билан гаплашдим.У:"ўғлингизни студент,деб ҳисоблайверинг, фақат тандирда нон ёпиш учун ҳар йили ғўзапоядан икки минг боғ берасиз" деб айтди.То бу ( бу деб мени айтаётган эдилар ) институтни тамомлагунча мен унга ғўзапоя ташишим керак бўлади.

 

Дадамнинг гапларидан сўнг акаларим:"майли, институтга кириб қолса бўлди, ғўзапоя бўлса олиб бориб бераверамизда", дейишди.Шундан сўнг дадам:"сен нима дейсан", дея менга юзландилар.Мен эса:

-Дада, мен Наманганда ўқигим йўқ,Тошкентга бориб ўқимоқчиман.Ундан кейин ҳеч қанақа ғўзапоя олиб бориб беришнинг ҳам кераги йўқ.Агар ўз билимим билан киролсам кирдим, бўлмаса ўқишнинг кераги ҳам йўқ.Ахир мен ўн йил нимага ўқидим битта олийгоҳга киролмасам  - дедим.

 

Дадамнинг кўзларида ўша пайт ўт чақнади.

 

-Агар ўз кучинг билан институтга кира олсанг мен бу йил нафақага чиқишимга машина беришади, шу машинани сенга совға қиламан, дедилар.Дадам билан бунга келишдик.Кира олмасам ҳамма нарса ўрнида қоладиган бўлди.

 

Шундан сўнг оилавий маблағдан менга қанча пул бериш кераклиги хусусида гап кетди.

Бу масала ҳам осонгина ҳал бўлди.

Мен ҳовлидаги мева-чевалардан сотиб ва газетага ёзганларим эвазига олган қаламҳақларимдан беш юз сўм жамғариб қўйганим учун ҳеч қандай пулга эҳтиёжим йўқлигини айтдим.Ўша пайтларда беш юз сўмга бундайроқ енгил машина сотиб олса бўларди.

 

Ҳамма хурсанд.Ҳамма саволлар осонгина ечимини топди-да.Фақат энди гап менда қолган эди.Олийгоҳга кириш.

 

Гарчанд Наманган - Тошкент поезди кечқурун ўндан ўтганда жўнаса ҳам ҳар эҳтимолга қарши қишлоқдан эрталаб ўнда автобусда йўлга чиқдим.Темир йўл бекатидан унча олисда бўлмаган жойда яшовчи Сора холамнинг ўғли, қадрдон укамдай бўлиб қолган Носирхон билан (кейинчалик у ҳам ТошДУни тугаллаб журналист бўлди) кунни ўтказиб, кечки пайт у жомадонимни кўтаришиб чиқиб кузатиб қўйди.

 

Хуллас, хайр Калишо, салом Тошкент, дегандай.

 

*   *   *

17."Вузгородок"ми, "Литературний"...

 

Кечки поездга ўтириб, эрталаб Тошкентга етиб келдик.

Келдик, деганимнинг боиси поездда мендан бошқа пойтахтга келганлар ҳам кўп эди-да.

 

Кўпчилик поезддан тушиб шошиб кетишаётган томонга қараб мен ҳам йўл олдим.Аввал ҳам икки бор Тошкентга келгандик дадам билан, лекин унда дадамнинг танишлари кутиб олиб, машинада кетган эдик.Шу боис қаерга ва нимада боришни билмас ҳам эдим.Менинг хаёлимда акамнинг синфдоши ўқиган Низомий номидаги институт ва ТошДУ бор эди холос Тошкентда.

 

Ўзингиз ўйлаб кўринг қишлоқда туғилиб, қишлоқда ўсган болада қанақа тасаввур бўлиши мумкин.

 

Трамвай бекатига ўтиб кузата бошладим, қайси бири қай манзилга боради.8 ва 26-рақамлиси кўп экан назаримда.Бирининг пешонасига Бешқайрағоч, бошқасига эса Чилонзор ёзилган.Билмадим қанча вақт кузатиб турдим 7 -рақамли трамвай пешонасида "Вузгородок" ёзуви билан келиб қолди.

 

Мен ўзимча шу ёққа боришим керак, деган ўй билан унга ўтирдим.Трамвай ойнасидан шаҳарни томоша қилиб бораётгандим, навбатдаги бекатлардан бирида шундоққина трамвай ёнида ПАЗ русумли пешонасига 35 рақами ёзилган автобус ёнма -ён тўхтади.Унда "пл.Ахунбабаев" ва "Литературний ин-т" ,деган йўналишда қатнаши ёзилганди.

 

Менга керакли институтга бораракан, дедиму шошиб-пишиб трамвайдан тушгунимча автобус кетиб қолди.Кейингисини кутдим.

 

Кейингиси орадан йигирма минутлар чамаси ўтиб келди.

 

Автобусга ўтириб назаримда жуда кўп юргандак бўлдикку, лекин ҳадеганда охирги ўша "Литературний" бекатига етиб боравермадик.

 

Ҳайдовчидан "Литературний" институтига етай, дедикми,сўрасам у:"мен ҳам адашдинг шекилли, деб ўйловдим, ўтиб кетдикку", деди.

 

Автобус ("колцевой") айланма ҳаракатда йўналар экан, мен қаёқдан биламан, демак охирги бекат йўқ, дегани экан бу.

 

Йўқ, нима бўлганда ҳам "Литературний"ни топиб бордим...

 

18.РПИРЯиЛ

 

Институт ҳовлисига кириш учун иккита дарвозаси бор экан.Мен сал узоқроқдагисида тушибман.Кўпчилик кетаётган томонда бўлса керак , деб мен ҳам ўша томонга қараб юравердим.Ҳартугул янглишмабман.

 

Озгина юргандан кейин катта темир дарвоза олдида беш-ўн чоғли ёшлар турган жойга етиб бориб ойнавандли пешлавҳага кўзим тушди.Унга:"РПИРЯиЛ", дея катта ҳарфлар билан, остида эса:"Республиканский педагогический институт русского языка и литературы", деб ёзиб қўйилибди.

 

Пешлавҳа остида эса қабул комиссиясига бориш томонни кўрсатувчи белги.Шу белгига қараб боравердим.

Институт ҳовлиси бошқа кўрганларимдан чиройли, анвойи гуллар ўтқазилган, соя-салқин берувчи чиройли мевали ва манзарали дарахтлар билан сўлим бир гўша экан.

 

Қабул комиссияси жойлашган бинога кираверсаммикан, дея бироз туриб қолдим.Чунки бирорта ҳужжат топшираётган ёки топшириб чиқиб келаётган киши кўринмасди.Ўзимча:"бу олийгоҳни шаҳардан хилватроқ манзилда жойлашгани учун кўпчилик билмаса керак", деб ўйладим.Агар шундай бўлса яхши бўларди.Танловдан ўтиш осон бўлади, деган фикр хаёлимдан ўтди.

 

Мен ҳали ҳужжатларимни топширганим йўқку, лекин хаёлимдан қишлоғимиз тарихида рус тили фани мутахассисислиги бўйича биринчи абитуриент (абитуриент- бу ҳужжатларини топшириб имтиҳонларга тайёрланаётганлар)эканимдан қандайдир бир фахр туйғуси ҳам йўқ эмас эди.Менгача эҳтимол бу фандан яхши ўқиганлар бўлса керак , лекин ўша пайтларда бизнинг қишлоқда рус тилини ўрганиш умуман гуноҳ, деган тушунча ҳам бор эди.

 

Калишо қишлоғида тақводор кишилар кўп эди.Қишлоқдошларимиз ўзларини саид ва хўжа авлодларидан, деб ҳисоблаб, ўзларича тоза қонли кишилар сирасига кирувчилармиз, дейишарди.Мен эса шу тобда қишлоқдошларимиз назарида "гуноҳга" қадам қўяётган эдим.Лекин кейинчалик бу соҳада ўқиганлар кўпайиб кетди.Баъзан "менга қараб туришган эканми", деган ўй билан кулиб ҳам қўяман.

 

Бир неча дақиқа ўй суриб қолибман, ичкаридан ёшгина ўрис қиз чиқиб, албатта рус тилида: "Бизга ҳужжат топширмоқчимисиз", деди.Мен ҳа,дегач ичкарига таклиф этди.

 

19.Абитуриент

 

Аввал айтганимдай институтга кириш учун ҳужжатлар топшириб имтиҳонларга тайёланаётганларни абитуриент, дейишади.

Имтиҳонларни муваффақиятли топширганлар абитуриентдан студент-талабаликка, топшира олмаганлар ҳоҳлаган томонига кетаверади.

 

Хуллас ҳужжатларни топширганлик тўғрисидаги тилхат билан бирга институт ётоқхонасига берилган йўлланмани олиб ўша томонга йўл олдим.Олийгоҳ жуда қулай қурилган экан.Ўқув-машғулот бинолари ва шундоқ ёнида шинам ётоқхоналар.

 

Бу институт Марказий Осиёда ягона махсус олий ўқув юрти ҳам экан.Ўшанда фақат битта факултет бор эди,яъни рус тили ва адабиёти.Фақат бир фарқи бор эдики, бир факултет икки тоифага бўлинарди.Бири миллий, иккинчиси "европейский"(русийзабон мактабни тугаллаганлар) эди.Миллий гуруҳдагилар 5 йил, нариги гуруҳдагилар 4 йил ўқишарди.

 

Кириш имтиҳонларида миллий гуруҳдагиларга анча имтиёз бор эди.Русийзабон мактаб битирувчилари дастлаб иншо ёзишса, миллий гуруҳдагилар тахминан 150-180 сўздан иборат ўқиб берилган матн ёзма ишини (диктант)топширишар эди.

 

Шундай қилиб, асосан абитуриентлар учун ажратилган алоҳида ётоқхонага жойлашиб олдим.

Институтнинг 3-ётоқхонаси 13-хонасида мен билан ўн бир абитуриент эканмиз.Танишдик.

 

Андижондан Муродилла(шоир Муҳаммад Юсуфнинг укаси), Бухородан Ҳолиқ, Навоийдан Ёшузоқ,Қўқондан Шуҳрат, Фарғонадан Тоҳир, Хоразмдан Бахтиёр.Аммо қашқадарёлик боланинг исми ёдимда қолмаган.Чунки у: "отам чўпон, қачонгача пода ҳайдаб юрасан, ҳеч бўлмаса сен ўқиб одам бўл, дедилар.Лекин мен бу катта шаҳарда диққинафас бўлиб кетяпман.Отамнинг раъйини қайтара олмай келдим.Биринчи имтиҳондаёқ икки баҳо олиб қайтиб кетаман", деганди.

 

Ҳамма муккасидан тушиб китоб ўқирди.Бахтиёр билан мен эса абитуриентлар билан ишлаш учун институтда қолган ўшанда иккинчи курсда ўқийдиган фарғоналик Инобат опа хонамизга кириб ёзма иш ёздирсагина ўзимизни синаб кўрар эдик холос.

 

Умуман олганда имтиҳонларга тайёргарлик қаёқда, дейсиз.Шаҳар кезиш бошланди.Тошкент катта шаҳар.Кўчага чиқсанг ҳар қадамда телевизорда кўрганинг машҳур одамларни учратасан.

 

"Ўтган кунлар" филмидаги Кумуш ролини ижро этган актриса Гулчеҳра Жамилованинг мухлиси эдим.

Атайлаб Ҳамза тетарига боргандим, ўшанда Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиевлар Гулчеҳра опа билан таништиришганди.

 

Лекин баъзи ётоқдошларим зарурат бўлмаса остона ҳатлаб хонадан ташқарига чиқишмасди.Уззукун китоб ўқишарди.

 

Уларга қараб ҳайрон қолардим.Булар мактабда ўқишмаганмикан, деган ўй кечарди.Лекин Баҳтиёр жуда қувноқ эди.Ёз ойлари бўлгани учун диққинафас бўлган кезларимиз қўлига торни олиб шунақанги куйлар эдики, анча-бунча артист унинг олдида ип эшолмасди.Билими ҳам зўр эди.

 

Масалан Баҳтиёрдан:"фалон йили фалон масала қандай ҳал қилинганди", деб сўрасангиз:"тўққизинчи синфнинг тарих китобини олиб фалон бетини очиб пастдан 15, юқоридан 27-қаторини ўқисанг жавоби ёзиб қўйилган", дерди.Ўша бетни очиб қарасангиз ҳақиқатан жавобни топардингиз.Болалар Баҳтиёрни синаш учун китобни очиб олиб бири у, бири бу бетдан савол сўрашса, ҳеч ўйланиб ўтирмай юқорида айтганимдай тўппа-тўғри жавобни айтар эди.

У Урганчдаги Ленин номли 1-ўрта мактабни тамомлаганини эслаб қолганман.

 

 

20.Қизлар ёқмади

 

Ётоқхонамизнинг иккинчи қаватида ўғил болалар, учинчи қаватида эса қизлар жойлашишганди.

 

Кун бўйи эшик-деразалар очиқ, хоналардан баланд овозда муси