ДЕМОКРАТИК ЎЗБЕКИСТОН КОНГРЕССИ

 

“ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМОКРАТИЯ ДЎСТЛАРИ” ва

 

”ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМОКРАТИЯ ДУШМАНЛАРИ”

 

китобларини ташкил этиш ҳақида

 

Ўтмишимиз давомида халққа қарши жиноятлар қилган одамлар қаҳрамон сифатида олқишлаб келингани, зулм ва зуғумнинг излари ёпиб юборилгани, ҳар қандай тузумда фақат саройга хизмат қилганлар улуғланиб, халқ томонида турганлар қораланиши тарихимиз юзида қора доғ бўлиб қолмоқда. Шуни назарда тутиб, ДЎК Ўзбекистонда Конститутсия ва қонунларни назарга олмаган, демократияни, сўз эркинлигини бўғиш, сиёсий фаолиятни чеклаб ташлаш, инсон ҳуқуқларини топташ, қийноқларни авж олдириш, инсонларни фикрлари учун таъқиб этиш, халқаро қоидалардан бўйин товлаш, намойишларни қонли йўл билан бостириш ва бу пайтда одамларни отишга  буйруқ бериш ёки отишда иштирок этиш, халқ ва мамлакат манфаатларига қарши очиқ иш тутиш, ана шуларнинг ҳаммасини кўра била туриб бу ҳаракатларни оқлаш туфайли халқни алдаш, инсониятга қарши жиноятлар, халқ бошқарувини қоралаб якка шахс бошқарувини оқлаш каби фаолиятлари учун бундай шахсларнинг номларини “абадиятга муҳрлаш” мақсадида

 

“ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМОКРАТИЯ ДУШМАНЛАРИ”

 

китобини  ташкил этди.

 

Демократияни ёйишга, халқ ҳокимиятини ўрнатишга хизмат қилиб, таъқиб, қувғинларга учраганларнинг номларини тарихга битиш учун эса,

 

”ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМОКРАТИЯ ДЎСТЛАРИ”

 

китоби ташкил этилди.

 

Бу китобларга кимларнинг номлари киришини Конгресс аъзоларининг овозлари, Конгресснинг вилоятларда ўтказган сўрови натижалари, маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг хулосалари, барча қатнашчиларнинг мактублари асосида ўтказиладиган якуний муҳокама ҳал қилади.

 

Бу муҳокама ҳар йили Декабр ойида ўтказилиб, кимларнинг номи бу китобларга кириши Январ ойида дунё жамоатчилигига эълон қилинади. Китобга кирган ҳар бир шахснинг хизматлари ёки қилмишлари ҳақида гувоҳларнинг маълумотлари, кўрсатмалари, ҳужжатлар ва таҳлиллар ҳам илова этилади. Шунингдек, бу шахсларнинг таржимаи ҳоллари, ижтимоий келиб чиқиш тарихлари ҳам китобга киритилади. Агар улар саволларга жавоб беришга рози бўлсалар ўзларининг ҳам қарашларига жой ажратилади.

 

Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йили бўйича бу китобларга кимларнинг номини киритиш эса 2006 йил давомида ўтказиладиган муҳокамалардан сўнг аниқланади.

 

Дастлаб номзодлар рўйхати эълон қилинади ва муҳокама жараёнида кимнинг номи китобга кириши белгиланади.

 

Муҳокама жараёнлари www.uzbekcongress.org да эълон қилиб борилади.

 

ДЎК Матбуот хизмати